МУХБИР: Собиқ муфтийнинг истеъфога чиқишининг талаб этилиши ва янги муфтий сайланиши мусулмонларни Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармаси ходимлари ишидан норози эканликларини кўрсатди. Сиздек тадбиркор йўлбошчининг иш бошлашидан улар кўпгина ўзгаришларни кутишмоқда. Ҳозир Ўрта Осиё ва Қозоғистон Диний бошқармасида нималар ўзгарди ва қандай ишлар режалаштирилмоқда?
МУФТИЙ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бугун нафақат Ўрта Осиё ва Қозоғистон Диний бошқармасида, балки кўпчилик жамоатчилик ташкилотлари билан бўлган ўзаро муносабатларимизда ҳам сезиларли ўзгаришлар бўляпти.
Келинг, дастлаб ички ҳолатга тўхталайлик. Биз албатта ҳозир биринчи навбатда масжидларга малакали имом, хатиблар тайёрлаб беришга бутун эътиборни қаратмоқдамиз. Биринчидан, улар халқ орасида ишлашади. Кўпчилик талабига жавоб бериш осон эмас. Иккинчидан, Ўрта Осиё ва Қозоғистон жумҳуриятларида кўплаб масжидлар очилмоқда. Уларга малакали имомлар жуда-жуда зарур. Бу ишни ижобий ҳал этиш учун бутун имконият билан ҳаракат қиляпмиз.
Бугун биз учун асосий-қийинчиликлардан яна бири мусулмон жамоаларини диний адабиётлар билан тўлиқ таъминлаш. Хорижий эллардан китоблар келтириш борасида баъзи саъй-ҳаракатларни бошлаб қўйганмиз. Иншооллоҳ тез кунларда уларнинг бир қисми қўлимизга тегади. Шунингдек «Совет шарқи мусулмонлари» журнали нусхасини кўпайтириш, бошқа баъзи бир китоблар чоп этиш режамиз бор.
Диний бошқармамиз вакилларини жамият ҳаётига чуқурроқ ёндошишига келсак, бу борада шу пайтгача сезиларли ҳаракатлар кам эди. Албатта бунга сизлардаги турғунлик даври бўлганидек диний бошқарма раҳбарияти айбдор. Биз ҳар бир соҳада жумҳурият ҳаётига фаол иштирок этишга тайёрмиз. Чунки Ислом – нафақат дин, балки ҳаётнинг ажралмас бир бўлагидир. Дарвоқе, ҳозир жамиятимизда ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммолар юзага келмоқда. Буларни ҳал қилишда албатта ҳамжиҳатлик зарур.
Ана шундай муаммолардан бири бу – миллатлараро муносабатдир. У бугун ҳамма-ҳаммани ташвишга солмоқда. Миллат ажратиш ёки бошқа миллат вакилларини камситиш тушунчалари Исломга ёт. Бy таълимот бизнинг муқаддас Қуръони Каримда ёзиб қўйилган. Менимча, мусулмонларга яна бир бор эслатиб ўтишнинг ҳожати бўлмаса керак.
Ҳали юқорида айтганимдек, жамият ҳаётини тўғри изга солишда ҳамжиҳатлик жуда-жуда зарур. Шунга кўра диний жамоа вакилларига радио, телевидение ҳамда газеталардан кенгроқ ва эркинроқ ўрин ажратиш зарур. Албатта бу борада ҳозир имкониятлар яратиляпти.
Бошқа дин вакиллари билан ҳам яқин алоқалар ўрнатилмоқда. Миллатлараро муносабатларни яхшилаш, социал адолатни қарор топтириш борасида, Болалар фондига яқиндан ёрдам уюштиришда рус проваслав черковининг Тошкент ва Ўрта Осиё нозири Лев билан ҳамкорлигимиз яхши натижа беряпти. Бу бизга ниҳоятда зарур. Ўйлайманки, бундай ҳамкорликлар янада мустаҳкамланади.
МУХБИР: Кўплаб ғайри мусулмонлар Исломга бошқа диний эътиқодга эга бўлган кишилар билан Ислом ҳуқуқи учун муқаддас уруш олиб борувчи дин деб ғазабга келишган. Замонлар ўзгариши билан биз бугун кўплаб сабр-тоқат, тинч-тотувлик тўғрисида гапиряпмиз. Аллоҳ учун жиҳод қилиш (уруш) тушунчаси ҳам замонга қараб ўзгарадими?
МУФТИЙ: Жиҳод ҳақида бизнинг шарқшуносларимиз бироз мулоҳазасиз фикр юритганлари туфайли шундай тушунча юзага келди. Албатта Қуръони Карим оятларини юзаки таржима қилганда ғайри мусулмонларни қатл қилиш ғояси олға сурилади. Лекин уни шарҳлаш, кенгроқ маънода талқин этмоқ зарур. Ғайри мусулмонларни қатл этиш тўғрисидаги оятлар маълум бир даврга мўлжалланган эди. Кайсики Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварага ғайри динларни қўймаслик учун. У ерларда Исломнинг бу қонуни ҳозир ҳам амал қилади. Лекин шуни унутмаслик керакки, ҳозир дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан Сурияда, Иорданияда, Мисрда мусулмонлар христианлар билан ёнма-ён яшашади.
Жиҳод тушунчасига келсак, бу кенг маънони касб этади. Ўз устида ишлаш, билимини муттасил ошириб бориш бу ҳам Ҳақ йўлидаги жиҳод. Жиҳод – бу нафақат қонли тўқнашув, балки инсон ўзидаги ишончсиз туйғуларни енга олишидир. Шу боис бу ерда жиҳодни тор маънода тушунмаслик керак. Балки уни Ислом бошларидаги талқинда мушоҳада қилмоқ зарур.
МУХБИР: Бундан бир неча йил олдин дин арбоблари билан мухбирларнинг бундай эркин суҳбатлашишига имкон йўқ эди. Агар ёдингизда бўлса, «Московские новости» ҳафтаномасида «Михаил Горбачевнинг уч оламшумул хатоси» сарлавҳали шов-шувли мақола берилганди. Ана шу мақолада инглиз муаллифи мамлакатнинг ҳозирги раҳбарлари йўл қўйган оламшумул хатолардан бири бу Исломни сиёсийлаштириш ва унинг ҳаракат доирасига кенгроқ йўл очиб беришда, деб баҳолади. Ана шу нуқтаи назарга Сизнинг муносабатингиз қандай?
МУФТИЙ: Мусулмонлар билан давлат ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашишида Ғарб ташвиқоти жуда нозик ўрин тутади. Мен буни биламан ва ҳис қиламан. Улар чоп этаётган мақолалар ўз йўналишига эга. Масалан, ғарблик мухбирлар бу ерга келиб, мусулмонлар ҳаёти билан яқиндан танишадилар. Улар билан давлат ўртасидаги муносабатни обдон ўрганишади. У ёққа қайтгач эса бу ердаги таассуротлар белгиланган рамкага солинади. Ана сизга натижа. Шу сабабли ҳам улар совет давлати Исломга қарши, масжидлар ёпилган, ибодат қилиш таъқиқланган иборалари атрофида жумлалар тузилади. Мақсад битта. Шу йўл билан мусулмон давлатларининг бизнинг мамлакатимизга бўлган муносабатини салбий томонга ўзгартириш.
Бизнинг аудиторимиз манфаати учун эса улар бошқа бир гапни айтишади. У ёқда мусулмон давлатлари ўз асосчиларига эга. Улар жиҳодга чақирадилар. Уларнинг сафлари тез ўсиб боради ва қачонлардир келиб бизнинг мамлакатимиз давлати учун ҳавфли кучга айланади. Буларнинг ҳаммаси қарама-қаршиликлар чиқариш учун қилинаётган уринишлардир. Иймоним комилки, оддий ва ҳақиқий мусулмонлар ўзаро тинч-тотув яшаш тарафдоридирлар. Улар ўз мамлакатининг тенг ҳуқуқли фуқаролари сифатида диний эътиқодлари эркинлигини истайдилар.
Ҳозир барчамиз виждон эркинлиги ҳақидаги янги қонунни сабрсизлик билан кутяпмиз. Агар у қабул қилинса, яна бйр бор қайта қуришнинг аниқ моҳияти очилади.
Қайта қуришнинг келажакда янада кенг миқёсли такомиллашуви учун ҳозир бизга фақат тинч-тотув ҳаёт зарур. Шу сабабли ҳам мен барча диндош ва дилдош биродарларимизни тинчликка, ўзаро миллий тотувликка чақираман.
«Комсомолец Узбекистана» рўзномаси, 1990 йил, 8 февраль.