Муҳаммад Али: “Умид кўнглимизни ёритиб турсин” (2011)

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али билан суҳбат

Муқаддас нарсалар ҳамиша муҳофазага, ҳимояга муҳтож бўлади. Чунки эзгуликнинг душ­­мани кўп. Ғанимнинг кўплиги, хавфнинг кў­лами эса ЭЗГУЛИКнинг баҳосини белгилайди. Шу маънода Ватан ва унинг ҳуррияти ҳамиша ҳимояга муҳтождир.

Сиз ижодингизда, хусусан, тарихий эссела­рингизда, шеърий роман ва достонларингизда, тарихий романларингизда Ватан тушунчасининг нақадар улуғлиги, ҳуррият эса инсон учун нафас янглиғ эҳтиёж экани ҳақида ёзгансиз.

Эҳтимол, сизни қалам олишга ундаган ижтимоийтарихий шартшароитлар бугун ўзгаргандир, бироқ бу тушунчаларни шарҳ этмоқ, ёзмоқ ва етказмоқ эҳтиёжи ҳамон долзарблигини йўқотгани йўқ. Айниқса, бугунги тезкор, шу билан бирга ғаразли ахборотлар оқими тиним билмаётган замонда миллат ойдинлари зиммасидаги юк янада ваз­минлашмоқда. Сизнингча, зиёлиларимиз бу ма­съу­лиятни қанчалик ҳис этаяптилар?

– Албатта, мени қаламга олишга ундаган ижти­моий-тарихий шароитлар бугун ўзгарган. Аввал мус­тамлакада эдик, бугун, Худога шукур, мустақилмиз. Мазкур тушунчаларни шарҳ этмоқ долзарблиги ҳам ҳақиқат. Лекин ҳақиқий ижодкор қайси замонда ва шароитда бўлмасин, унинг Ватанга, халққа, замонга, тарихга, ижодга ўзига хос ёндошиш йўли бўлади. Бу – ўзгармайдиган мезон. Буни шарҳ этсам, мисолни ўзимдан ола қолай. Биз мустамлака замонда яшадик, кўнглимиздаги ниятларни, орзуларни, мақсадларни очиқ-ошкора айтиш имконлари бўлмади. Натижада фикр ва ғояларни имо-ишора воситалари, маъноларни сатрлар орасига жойлаш, сўзлар орқасига яшириш йўллари билан ижод қилиб келдик. Ўқувчиларимиз ақлли, ўқиб, мағзини чақарлар, биз яширган фикр­ларни уқиб оларлар деган умид кўнглимизни ёритиб турган. Ижод, хусусан, адабиётнинг ажойиб усуллари кўп, уқув билан ишлатилса, қаловини топса қор ҳам ёнади, деганларидек, жуда кўп гапларни айта олиш, ўқувчига етказиб бериш мумкин. Ўзим шундай бир мезонга амал қилишга ва ундан чекинмасликка тиришиб келаман.

Мустамлака Ватан – халқ, миллат – унинг тарихи – шу халқ фарзанди бўлган, шундай шароитга муте ижодкор… Шундай вазиятда ижодкорнинг вазифаси қандай бўлиши керак? Очиқ курашиш хатарли. Ижод­кор ўз ижодида Ватан тарихини ёритиши, улуғ ва фидойи қаҳрамонлар сиймосини чизишга ҳаракат қи­­лиши, бу билан ўз ўқувчиларини тарихга муҳаббат руҳида тарбиялаши, уларни руҳан қўллаб-қувватлаши, мустақиллик, ҳуррият (шахсан ўзим ўшанда шўролар томонидан бўғма илондай ўраб, бўғиб ташланган, нафас олишга ҳам қийналаётган Ватанимнинг озод бўлишини кўз олдимга келтиролмас эдим) мавзуларида қалам тебратиши лозим, деб ҳисобладим. Бунга им­конни тарихдан изладим. Шу сабабли Спитамен, Му­қанна, сарбадорлар, ўша пайтлар баҳсли бўлган Амир Темур, Бобораҳим Машраб, Дукчи эшон каби тарихий сиймоларимиз ҳақида қалам сурдим. “Қадимги қўшиқ­лар” шеърий туркумини ёздим…

1967 йилда (бутун дунёда Октябрнинг 50 йиллиги, Лениннинг 100 йиллигига тайёргарлик саналари эди, ҳар бир ёзилган асарда, ҳар босган қадамда, нафасда бу сўзлар жаранглаб турарди) ёзилган “Гумбаздаги нур” достонимда халқимизнинг меҳнатини, унинг бунёдкор, қурувчи эканини кўрсатмоқчи бўлдим. Восита қилиб Самарқанддаги Амир Темур мақбараси қурилиши та­рихи олинди. Ёритиш асносида достонга Амир Темур образи ҳам табиий равишда кириб келди ва тўсиққа учрамади. Шу билан қаҳрамонимиз тақдирини ҳам кўр­сатиш имкони яратилди. “Тарих тилга киради бир кун, Бугунча мен айтай билганим” сатр­лари кўп такрорланган эди дос­тонда. “Яна келдим, эй Тарих бобо, Яна сенга даъво қилурман. Ўз ҳаққимни қилмоқни даъво, Ҳақиқатнинг йўли билурман!” сатрлари достоннинг лейтмотивини яққол кўрсатиб турарди. Лекин ўз ҳақимизни даъво қилишга қўймасдилар. Бу пайтлар тарихий асар ёзган адиб “ўтмишни идеал­лаштиряпти” деб айбланадиган, тарихни бадиий ёри­тиш очиқдан-очиқ қораланадиган замонлар эди. Ойбекнинг “Навоий”, кейинроқ Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” тарихий романлари тақдирлари бунга мисолдир. Академик Иброҳим Мўминовнинг “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида ўрни ва роли” рисоласини ҳам эслаб ўтиш жоиздир.

Шуниси ғаройибки, “Шарқ Юлдузи” журналининг 1968 йил 11-сонида эълон қилинган “Гумбаздаги нур” достонида Октябрнинг “о”, Лениннинг “л” ҳарфи ҳам йўқ экан! Менимча, достоннинг мазмун-моҳияти, бадиий ҳақиқат буни талаб этмаган, мезонга сиғдиролмаган кўринади. Мустақилликка эришганимиздан кейин дос­тон ҳеч бир ўзгаришсиз 7-синф мактаб дарслигига киритилди.

Ана шу мезонга содиқликни маҳкам тутишга ҳа­ракат қиламан.

Ҳамма замонларда ҳам ҳақиқий маърифат­пар­­­­­­варлар ҳисобланадиган миллат зиёлилари зим­ма­сидаги юк енгил бўлмаган. Лекин биров бу юкни бутун вужуди билан ҳис қилган, биров эса елкасини майиштириб ўлтиришни истамаган, биров эса Худо берган истеъдодини – у халқ мулки! – қадрига етмаган ёки англаб ета олмаган. Ҳозир ҳам шундай. Абдулла Қаҳҳор бир пайтлар иккита ана шундай талантнинг ўз истеъдодларини ичиб совурганидан ёзғириб га­пирганини эшитгандик. Зиёлиларимиз, – адиблар улар энг илғор қисмига киради, деб ҳисоблайман, – зиммасида катта масъулият бор. Бу – миллат тақ­дири. Миллатнинг келажаги, ёш авлод тарбияси ҳа­миша ёдимизда турмоғи керак. Жамиятимизда бунга интилиш бор, лекин бу интилишларда бизнинг иштирокимиз фақат китоб чиқариш – уни биров ўқийдими йўқми, бу билан қизиқишимиз кам, – ва уни сотиш, гоҳ-гоҳ учрашувларда қатнашишдангина иборат бўлиб қолмоқда. Адабиёт инсонни тарбиялайдиган восита, имкон, жуда катта қурол. Мустақиллик ша­роитида ундан фойдаланиш йўлларини ҳали бил­маяпмиз шекилли. Яқинда Истиқлол саройида назм ва наво кечасини томоша қилдим. Бўлар экан-ку! Кейинги пайтларда овози сус­тлашган шеъриятимиз яна миллионлар саҳнасига қайтмоқда! Ойнаи жаҳонда шеърият кечалари, адабий учрашувлар миллион-миллион томошабинларга намойиш этилмоғи керак. Маърифат ёйишнинг энг зўр усулларидан бири бу.

Эсимда бор, бир қишлоқда меҳмонда эдик, кеч­қурун соат ўнлар чамаси эди. Уй эгасига, мактабда ўқийдиган ўғли кўчада ким биландир уришиб-жан­жаллашгани, милициянинг ҳам етиб келгани ҳақида хабар қилдилар. Ҳамма бесаранжом бўлди. Мен, ота дарҳол ўрнидан туриб, ўғлини қутқаргани ўша ёққа отланса керак, агар таклиф этса, йўқ демай боришим лозим, деб ўйладим. Аммо лоқайд ота меҳмонлардан ҳам хижолат чекмади, ўрнидан қўзғалиб ҳам қўймади. Бамайлихотир ўтиришда давом этаркан, гапирган гапи ҳаммасидан ошиб тушди: “Керак бўлса, ўзлари тарбиялаб олсин-да!..” Ота мактаб ўқитувчиларини, маҳалла-кўй, ҳукумат одамларини назарда тутмоқда эди шекилли. Асли ким тарбиялаши керак ўзи?.. Маърифатпарварлар саналадиган кўпчилик адибла­римизда ўша масъулиятсиз ота кайфиятига мойиллик, лоқайдлик борлиги ачинарли.

Тарих – вақтнинг қўлида сайқалланган су­рат. Бу “сурат” шундоқки, ундан ибрат олиш, ўрганиш, тинглаш ва хулоса чиқариш мумкин. Тарихнинг қиммати ҳам ана шунда!

Асрлар кечмишида аждодларимиз қандай му­ваффақиятларга эришган бўлсалар, бир-би­ри­га таянч бўлган, ҳаётларига илму маърифат­ни шиор этган замонларда бўлди. Аксинча, кўн­гиллардан оқибату офият кўтарилган, маърифатдан узоқ­­­лашган ва энг асосийси, миллий бирдамлик йўқолган вақтларда паришон ҳолатга тушиб қолдилар. Дину диёнатдан, илмдан, миллий ҳис-туйғулардан узоқлашиш буюк Амир Темурдек зот марказлаштирган салтанатни ҳам аста-секин емира борди. Йиллар ўтиши билан тахт талашишлар, фитналар, ўзаро уруш-жанжаллар юртни парокандаликка олиб келди. Жоҳиллик шу даражага етдики, қаршисида беомон душманни кўриб ҳам улар бир-бирларига терс ўгирилиб туравердилар. Бу ҳолат ғаним учун айни муддао бўлди. Парокандалик бизга сал кам 130 йиллик қулликни тақдим этди.

Эндиликда бу маҳзун тарихга – аччиқ ҳа­қи­қатга – тик боқиб хулоса чиқаришимиз лозим бўлади. Назаримда тарихни ўрганишнинг энг яхши усулларидан бири бадиий адабиётдир. Чунки тарихнинг бадиийлаштирилиши ёхуд ада­­биётнинг тарихийлик касб этиши ҳар икки санъатнинг ҳам таъсирчанлигини оширади. Шун­дай эмасми?

– Жуда тўғри, тарихни ўрганишнинг энг яхши усул­ларидан бири бадиий адабиёт. Бадиий адабиёт ҳамиша ўқувчига мактаб вазифасини ўтаб келган. Айниқса, тарихий мавзуларда ёзилган асарлар ҳамиша ўқувчилар томонидан севиб ўқилган. Салоҳиятли ва инсофли адиб тарихни синчиклаб ўқиб-ўрганиб, ўтган давр ҳақида асар яратади, бир киши ёзган асарни ўқиб миллионларда ана шу тарихимиз ҳақида ёрқин тасаввур уйғонади. Адабиёт инсонни ўзига танитади. Тарихий бадиий адабиёт эса, инсонга ҳам ўзини, ҳам ўзлигини танитади. Олис тарих. Боболар қисмати. Ватан тақдири. Миллат изтироби. Асрлар ўткинчилиги. Йиллар бевафолиги. Замоннинг беоқибатлиги… Бари, бари – адабиёт насибаси… Бадиий тарихий китобларни ўқиш инсонда ғурур ҳиссини уйғотади, фахру ифтихор туйғуларини тарбиялайди. Мустақиллик учун курашган боболаримиз ҳаёти бизларга юксак ибратдир, ёзувчи ана шуни ўз асарида кўрсатиб бермоғи лозим.

Бундан анча йиллар муқаддам, 1970 йилда “Шарқ Юлдузи” журнали саволига берган жавобимда, халқимизнинг бадиий тарихини яратишимиз керак, деган эдим. Ҳозир ҳам шу фикрдаман – халқимизнинг бадиий тарихини яратиш лозим! Бу ёзувчиларимиз зиммасидаги масъулиятли юклардан бири. Тарих ҳа­қида ҳамма ёзиши керак, деб ҳисоблайман. Аммо бир шарт бор: билиб, ўрганиб ёзиш керак. Чунки тарихий мавзуда ёзаётган адиб, шуни унутмасинки, халқ ичида, ўқувчилар ичида ундан кўра чандон-чандон билимли инсонлар бор, уларнинг олдида уялиб қолмаслик керак. Улар расмий тарихни яхши ўрганишган.

Тарихий мавзуда қалам тебратмоқ учун ижодкор икки карра ёзувчи бўлмоғи лозим! Ёзувчиликдан таш­қари унга олимлик, илмий мушоҳада, тарихий фактларни топа билиш, улардан асар бош ғояси талаб этганларини умумлаштириб хулоса чиқара олиш ва барини бадиий ҳақиқатга бўйсундириш қобилияти зарур бўлади. Нотўғри бир тушунча ҳукмронки, тарихий асарда тарихий воқеалар ёритилиши керак деган. Йўқ, тарихий асарда ҳам, ҳақиқий романлардагидек, Инсон ва унинг қалби очиб берилиши керак. Соддароқ таърифласак, тиббиёт Инсон соғлиги-сиҳҳати ҳақидаги фан, анатомия-физиология Инсон вужуди тўғрисидаги фан бўлса, адабиёт – Инсон қалби ҳақидаги фан, де­мак бадиий адабиёт – инсон қалбининг ифодаси бўлиши лозим.

Муҳаммад Али ака, энди шеърият ҳақида гаплашсак. Зеро, ўтган йиллар давомида ўнлаб шеърий китобларингиз нашр этилди. Шеър – бе­ҳаловат кечинмалар тўлқини. Тўғрироғи, ҳа­қиқий шеър бедорликка даъват, беҳаловат руҳ иншосидир. Ундаги “бедорлик” – инсон қалбидаги кечинмалар пўртанаси, ўз даври руҳидаги оғ­риқ­лар, аччиқ ҳақиқатлар… Шеъриятнинг жозибаси – шу! Ана шу мезонлардан келиб чиқсак, бугунги замонавий ўзбек шеърияти ҳақида нималар де­йиш мумкин?

– Шеъриятимизда яхши изланишлар жараёни кетмоқда. Ҳар бир шеър гўзалликнинг намунасига айланса, унинг заминида албатта катта ижтимоий, инсоний юк ётган бўлади. “Модерн” деган тушунчалар кириб келди, ҳам шеъриятда, ҳам насрда уларнинг яхши намуналари яратилмоқда. “Модерн” керакми, йўқми, деган баҳсларни ортиқча ҳисоблаган ҳолда, айтмоқчиманки, бизга изланишлар керак, модерн эса изланишлар маҳсулидир. Ўқувчи кўпинча қофияси бўл­майдиган, оқ шеърда ёзилган модерн шеърларни ўқиб, завқланиб, мақтаниб бировга ўқиб бериш учун кўтариб юрмаса ҳам, ҳарқалай, улардаги ғалатиликка, ғайритабиийликка, “шеърият” деб ўрганган тушунчага унча тўғри келмайдиган ёндошувларга, кутилмаган тасвирларга, кўз кўрмаган янгича ташбеҳларга боқиб ҳайратланади. Баъзан, шеър айни ўша “ғалати” туюлиш учунгина ёзилганга ўхшаб кетади. Устига устак, уларни тушуниш ҳам мураккаброқ кечади. Ўзимнинг ҳам бир-иккита оқ шеърдаги машқларимни эслайман. Умуман олганда, оқ шеърнинг ўзига хос оҳанрабоси бор.

Аммо айрим оқ шеърларни ўқиб, “оқ” қилинган шеърлар, дегинг келади. Уларда қофия, мусиқа, ритм йўқлигидан ташқари фикр ҳам кўринмайди, қуп-қуруқ сўз тизмаси холос. Асли оқ шеър драматургияда қўлланган, ундан Вильям Шекспир ўз фожеаларида маромига етказиб фойдаланган. Чунки оқ шеър сўз­лашув, саҳна тилига мос, диалогларда қўл келади. Рус шеъриятида М.Ю.Лермонтовнинг “Подшо Иван Васильевич ва навжувон жасур савдогар Калашников ҳақида қисса” асари оқ шеърнинг юксак намунаси даражасига кўтарилган. Ўзбек адабиётида Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” трагедияси бунга мисол бўла олади. Уолт Уитменнинг шеърлари чинакам “мо­дерн” намунаси, аммо уларни тушуниш қийин эмас. Улар ҳам қофиясиз, бироқ бунга эҳтиёж ҳам йўқ, аксинча, қофия халал берган бўларди. Уитменда кучли эҳтирос, завқ, олмосдай фавқулодда фикрлар шеърни тутиб туради, шуурни нурлантиради. Айни пайтда йигирманчи асрнинг энг модерн шоирларидан бири Владимир Маяковский ўз ижодида қофияга алоҳида урғу берар, унинг хилма-хил, мураккаб (масалан, “до ста расти, нам без старости”) шаклларини излаб топарди.

Шеърият – нафосат, нафислик, мусиқа, равон оҳанглар деганини унутмаслик керак. Модерн шеър­ларни ёзиш истаги шоирларда, баъзан Абдул­ҳамид Чўлпон айтмоқчи “бир хиллик”дан қочиш истагидан ҳам туғилади, дейиш мумкин. Лекин қандай бўлганда ҳам, ижодкор ўз асарини ўзи учун эмас, биринчи галда ўқувчи учун ёзади, сўзи, фикри унинг қалб-қалбига етиб боришини истайди. Қўлга қалам олар экан, асари ўқувчига етиб борсин, жавонда қолиб кетмасин.

Табиийки, шеър ёзгувчилар кўп, мустақил за­монамиз барчага ҳам қалам тутқазиб, илҳомлар бе­риб, ўз кўнгил хоҳишу майлларини қоғозга тушириш имконларини яратди. Лекин, ҳозир адабиётимизда не­гадир ўтган асрнинг ўттизинчи, олтмишинчи, ет­мишинчи йилларига ўхшаган кучли талантларнинг гулдаста бўлиб отилиб чиқиши кузатилмайди, ёшларда дадиллик етишмайли. Назаримда, озодликка эришган юртнинг ижодкорлари, бу бемисл неъматдан ҳайратга тушдилар, ҳеч қачон амалга ошмайдиган бўлиб туюлган озодлик нашидаси нашу намоси уларни лол қилиб қўйди… Бу жаъми ижодкорларни чуқур ўйлашга даъват этмоқда. Озодлик, ҳур мамлакат, буюк тарих, қутлуғ келажак, миллатимиз тарихида юз бераётган учинчи ренессанс – буларнинг бари ҳақида адабиётимизни бойитадиган ўтли шеърлар, достонлар, романлар бошқа бадиий асарлар ёзилишига шубҳа йўқ.

Бизлар, бизнинг авлодимиз қандай шароитларда ижод қилган эди? Юқорида айтиб ўтдим, бизларга озодлик, мустақиллик узоқ хаёл бўлиб кўринарди. Шу сабабдан, ўз асарларимизда кўнгилдаги пинҳон қутлуғ ниятларни акс эттиришга тиришардик. Лекин бизларда ҳам шеърни англашда мураккабликлар бор эди. Яна мисолни ўзимдан олсам. “Баҳор келганда” номли шеърим бор, 1968 йилда ёзилган. Шеър бир қарашда, табиат ҳақида. Баҳор, тоғлар, лолага бўялган далалар, юзларни сийпалаб ўтаётган шамол ва ҳоказо. Гўё шеър умумий баҳор манзараси тасвирига бағишлангандек. Шеърда осмонни таърифлаган шундай сатрлар бор:

 

Мен баҳор келганда
 
Осмонга боқаман.
 
Осмоннинг кўксига
 
Юлдузлар тақаман.
 
Гарчи кенг, гарчи соф
 
Ул осмон, ул фалак,
 
Лекин ул остида
 
Ер ётар жонҳалак.
 
Майсалар ўсадир,
 
Суюмли майсалар,
 
Баргларин, бўйларин
 
Оламга ёйсалар…
 
Майсалар нияти
 
Улуғдир, эй Осмон!
 
Сен улар тупроғин
 
Ҳибс этдинг бегумон!
 
Майсалар ўсадир
 
Сени-да йиқай деб!
 
Мовий юксакларга
 
Мен ҳам бир чиқай, деб!

 

Чўлпон шеърияти оҳанглари шундоққина сезилиб турибди. Курсивга олинган сўзларни ўқиб мулоҳаза қилинса, шундай манзара намоён бўлади (шоир на­зарида): осмон сингари бепоён бўлган Россия ис­канжасида Ер (Ўзбекистон) ўзини жонҳалак ҳис этади. Бунда майсалар (ёш ўғлонлар) ўсаётир. Уларнинг нияти улуғ: сен улар тупроғи(Ватани)ни босиб олдинг. Улар сени йиқитаман, деб вояга етмоқда, юксакларга чиқиб, мен ҳам озодлик ҳавосидан нафас олсам демоқда…

Шеъриятни нозик тушунадиган дўстим, зукко олим Бегали Қосимов бу шеърни ўқиб, ҳазиллашиб: “Агар бошқа тузум бўлганда, сиз жуда катта шоир бўлар эдингиз. Қандай фикрлар айтилган! Буни ошкора шарҳлаш қийин-да!..” деганди.

Сўнгги йилларда адабиётшуносларимиз ислоҳида “Мустақиллик даври ўзбек адабиёти” деган атама тез-тез такрорланадиган бўлиб қолди. Айтинг-чи, бу адабиёт принциплари қандай мезонларга асосланмоқда? Умуман, ҳар қандай мафкурадан, таъбир жоиз бўлса, таъмадан холи мустақил адабиёт ярата олдикми ёки бу йўлдаги уринишларимизни қандай баҳолаш мумкин?

– Эҳтимол адабиётни ўрганиш учун шундай атама керак бўлар. Аммо адабиётни маълум бир даврга боғ­лаб ўрганиш, синфийликка бўлиш, ижобий-салбий қаҳ­рамонлар масаласи, конфликтсизлик назарияси ва ҳо­казолар барчаси шўролар мафкурасидан келиб чиққан тушунчалардир. Худога шукур, ҳозир булар йўқ.

Адабиёт – узлуксиз жараён. Юсуф Хос Ҳожиб, ундан олдинроқ “Олтин ёруғ” ёдгорлигидан бошлаб то бугунгача адабиёт инсонни, эзгулик билан ёвузлик, оқ билан қора ўртасидаги аёвсиз мангулик курашини ўрганиб, акс этдириб келди, келмоқда. Мезонлар ҳам ўша – чинакам адабиёт мезонлари. Агар мустақил Ватан фуқаросининг қалбини очиб берадиган, жа­ҳоний андозаларга мос, майли, анъанавий ёки модерн усулида бўлсин, етук бадиий асарлар яратсак, мустақил адабиёт дегани шу бўлади, менимча. Бу йўлда катта интилишлар борлиги қувончлидир.

Бир вақтлар рус адабиёти классикларидан бири Ф.М.Достоевский шоир Пушкин даҳосига баҳо бериб: “Рус бўлатуриб, Пушкинни англамаган одам рус аталишига нолойиқдир”, деган экан. Эҳтимол, бу таъриф Достоевскийнинг Пушкинга бўлган муҳаббати сифатида жаранглар, аммо ҳақиқати шуки, ҳар бир миллат миллий адабиёти ва санъатини ўрганиши, жиллақурса севиши ва ҳурмат қилиши лозимдир. Шу маънода айтиш мумкинки, инсоният бадиий тафаккурининг энг юксак чўққиларини забт этган мумтоз ада­биётимиз вакилларининг ижодини ўрганиш, тад­­қиқ этиш ва улғайиб келаётган авлодларга етказиш заруратини ҳам унутмаслигимиз ке­рак. Биз бугун ана шу заруратни қанчалик ҳис этяпмиз?

– Жуда ҳам ўринли савол бердингиз. Адабиётни ўрганиш масаласини ўртага қўяётирсиз. Яна ҳам аниқлаштирсак – мутолаа масаласи сизни безовта қилмоқда. Улуғ аждодларимиз ижодларини тадқиқ-у тарғиб этиш, авлодларга етказиш ҳақида сўз юрит­моқдасиз.

Айрим қаламкашлар, мен ўқувчимасман, ёзув­чиман, деган чукча латифаси қаҳрамонига ўхшаб ке­тадилар. Ҳа, ҳамма ёзмоқда, ўқувчи йўқ. Афсуски, ёзувчиларнинг кўпи ўқимайди. Бу жуда ачинарли ҳол. Ёзувчи бирон мавзуда қалам тебратар экан, лоақал шу мавзуда битилган асарларни ўқиб қўйиши жоиз. Токи маълум нарсаларни такрорлаб ўтирмасин. Ҳатто ўқимаганлик оқибатида Ёзувчилар уюшмасидаги му­ҳокамалардан бирида қайсидир бир асардаги тўқима образ иккинчи бир асарга тарихий шахс(!) бўлиб кириб кетгани маълум бўлди. Буни қандай изоҳлашга ҳам ҳайронсан киши.

Ҳали ичимизда, кам ўқиганимиздан албатта, ўз­бек адабиётининг бутун бўй-басти билан тасаввур эта олмайдиганлар ҳам бор. Бир пайт Ғафур Ғулом но­мидаги Адабиёт ва санъат нашриётида ўттиз жилд­дан иборат “Ўзбек адабиёти бўстони” серияси нашри бошланган эди. Афсуски, объектив сабабларга кўра нашр охирига етказилмади. Ҳозир шундай нашр­ни амалга ошириш фурсати келди. Ўзбекистон теле­видениеси ва радиосида доимий равишда мумтоз шоирларимиз ижодига бағишлаб туркум кўрсатувлар, эшиттиришлар ташкил этиш жоиз.

Мутолаа ҳақида гапирганда, Лев Толстойни эс­лагим келади. Дунё адабиётининг буюк заҳмат­каш­ларидан бири Лев Толстой вақтдан унумли фой­даланган, ёзган-чизган, мутолаалар қилган. Етмиш беш ёшли адиб 1903 йилда бетоб бўлиб ётиб қолади. Ижодий иш қилиш имкони бўлмаганидан тўшакда ётар экан, ҳар куни улуғ мутафаккирларнинг китобларидан ўқиб, эринмай таъсирланган фикрларни йиғиб боради. Натижада “Донишманд кишиларнинг фикрлари” ки­тоби дунёга келади ва у 1903 йилда босилиб чиқади. Унда Диоген, Марк Аврелий, Суқрот, Конфуций, Буд­да, Аристотель, Руссо, Кант, Шиллер, Вольтер, Дос­тоевский ва бошқаларнинг доно фикрлари бор. Ҳар кунги саҳифада бир ё икки шундай фикр берилган. “Ўзимдан биламан, – деб ёзган эди у хатларидан би­рида, – Суқрот, Эпиктет… лар каби сиймолар билан ҳамсуҳбат бўлиш кишига қанчалар куч, осойишталик бахш этади, бу толе сийловидир…” Лев Толстойдай улуғ ёзувчи мутолаадан ана шундай роҳатланар эди.

Мутолаа фикрни чархлаб, ишлашга мажбур этади. Ижодкорда фикр ҳамиша ўсмоғи, ҳаракатда бўлмоғи керак. Усмон Носир бир шеърида: “Фикр – бола, бола ўсувчан” деган сўзларни бежиз ишлатган эмас.

Ўтган аср тонгида буюк Чўлпон мақо­ла­ларидан бирида замон одамларига хитоб қилган эди: “Оврўпонинг мўдаси, шишаси ва бузуқ ахлоқи сизларни хонавайрон, беватан, асир, қул қиладур”. Минг ваҳки, бу “мўда”дан қочиб қутулолмадик, “ши­шаси” ҳам қадаҳлари билан жаранглаб кириб келди. “Бузуқ ахлоқи” эса тунги ошхоналар, жин кўчалару сокин хиёбонларни ўзиники қилиб олди.

Дарҳақиқат, ялтироқ шиорлар ва ўзига хос демократия ниқоби билан кириб келётган бу “маданият”ларга қарши курашишнинг ягона йў­ли илм ва маърифат. Менимча, курашиш, қарши туриш зарурати бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб масалага айланди…

– Илк марта бундан ўн тўққиз йил аввал Америка Қўшма Штатларига борганимда, таажжубланадиган нарсалар кўп экан, шулардан бири – қизларнинг кўк­ракдан паст – бели-қорнини очиб юрганларини кўриб ҳайрон қолгандим. Ичимда, хайрият, бизда бундай эмас, деб қувонгандим. Афсуски, беш йилдан кейин ўзимизнинг Тошкентда ҳам қизларнинг ўшандоқ ки­йинганлари гувоҳи бўлдим. Бу фақат биргинаси. Қиз­лар орасида чекиш, ичиш урф бўлиб боряпти, кўплари “тунги капалаклар”га айланиб кетяпти. Жуда хунук нарсалар…

Фикримча, тунги ошхоналар, клублар фаолиятини яхши ўрганиб чиқиб, изга солиш зарур. Яхши сўз билан, қонун талаби билан. Олий Мажлиснинг Қо­нун­чилик палатаси муносиб қонунлар ишлаб чи­қи­ши керак. Юртимизда очилаётган хорижий таш­килотлар бўлимлари фаолияти ҳам назардан четда қолмаслиги шарт. Тан олишга мажбурмиз, хориждан келаётганларнинг ўндан тўққизи мутлақо бошқа, мил­латимизга, бизнинг манфаатларимизга зид ният­лар билан келади, дейиш мумкин. Бу – аксиома. Ўзларида бўлмаган демократияни бизларга олиб келиб тиқиш­тиришга уриниш ҳоллари юз бермоқда. Кейинги пайт­­ларда ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳушёрлиги натижасида ғарб мамлакатларига тегишли ҳар хил демократик баландпарвоз номлар бидан аталадиган анча-мунча идораларнинг эшиклари ёпилиб кетгани бунинг исботидир.

Ўтган аср бошларида улуғ шоиримизнинг қилган башорати нечоғлик ҳақ бўлиб чиқмоқда. Бунга қарши албатта курашиш керак. Лекин бир киши эмас, бутун жамоатчилик бел боғлаши лозим. Кураш давлат сиё­сати даражасида олиб борилиши керак.

Сўнгги йилларда матбуот саҳифаларида кам кўринаётгандайсиз. Бу “жимлик”ни қандай тушунайлик? Ижодий режалар ҳақида сўрасам майлими?

– Тўғри айтасиз, кам кўринаяпман. Балки бу “фақир киши – панада” деган мақолни яхши кўрганимдан бўлса керак. Тез-тез кўриниш шарт эмас, деб ҳисоблайман. Амир Темур мавзуига бағишланган публицистик мақолалар ёзяпман, матбуотда чиқиб турибди.

Хабарингиз бор, “Улуғ салтанат” тетралогияси ус­­тида иш давом этмоқда. Учта китоб нашр қилиниб, ўқувчилар қўлига етиб борди. Худога шукур, яхши кутиб олишяпти, ўқишяпти. Матбуотда тақризлар эъ­лон қилиняпти. Шу кунларда тўртинчи китоб – “Шоҳ­рух Мирзо” романини қоғозга тушириш билан қат­тиқ бандман. “Жимлик” деганда сиз албатта кейин­ги пайтларда шеърлар ёзмаётганимни, аниқроғи, шеър­лар эълон қилмаётганимни назарда тутдингиз шекилли. Албаттаё шеърлар эълон қилиб ўқувчи билан дийдорлашиб туриш керак. Учрашувларда ўқувчилардан ҳам шундай талабларни эшитаман. Бир даста шеърларимнинг чиққанига ҳам сал кам уч йил бўлибди. Бу – камчилигим. Шуниси қизиқки, ёзган шеърларинг тобора ўзингга ёқмай борар экан. Ҳатто бировга ўқиб бергинг ҳам келмай қолади. Таниқли шоирларимиздан бири яқинда бундай деди: “Бизнинг вақтимизда, ажабо, бир жойда шеър эълон қилинса, фалончининг шеъри чиқибди, зўр ёзибди! – деб овозалар тарқаларди. Ўшани қидириб топгунча тинчимасдик. Ҳозир ҳар қандай зўр шеър яратсанг ҳам, биров ўқиб ҳайрон қолмайди…”

Ҳа, шеърларни мўъжизадай фаҳмлаб ҳай­рат­ланиш даврлари ўтди шекилли.

Шеърлар ёзишдан тинганим йўқ. Ёзмай бўладими? Изланганим сари бир фикрга келаман: “Шеър – бу ақл эмас, шеър ҳиссиёт ҳам эмас, шеър – бу, ақл билан ҳис-туйғунинг бирлашувидан иборат тафаккурдир.”

Кўп ишлаш, ўқиш керак.

Суҳбатдош: Алишер НАЗАР

“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 7-сон.