Миллион-миллион шамнинг шуъласи (Озод Шарафиддинов билан суҳбат) (1999)

Атоқли олим, йирик жамоат арбоби, моҳир таржимон, оташин публицист, “Жаҳон адабиёти” журналининг ташкилотчиларидан ва биринчи бош муҳаррири Озод Шарафиддинов ҳаёт бўлганларида 85 ёшни қаршилаган бўлардилар. Суҳбат домланинг 70 йиллик юбилейлари арафасида ёзиб олинган, мазкур мақола бир адабий журнал учун тайёрланган эди. Бу орада домла яна касалхонага ётдилар. Касалхонага бориб суҳбат матни берилган журнал корректурасини ўқитиб олишнинг мавриди эмасди. Шунинг учун суҳбатдаги “Миллион-миллион шамнинг шуъласи” жумласини танлаб сарлавҳага чиқардик.
Домла касалхонадан чиқишлари билан уйларига қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўрашгандан кейин, домла, суҳбатни тайёрладик, яқин ойларда чиқиб қолса керак, дедим.
– Яхши, яхши, – дедилар.
– Домла, бир узримиз бор, вақт тиғиз эди. Сизни касалхонада безовта қилмасдан суҳбатга матннинг ўзидан бир сарлавҳа танладик, – дедим.
– Ҳа майли, нима деб номладинглар, – деб сўрадилар.
– Миллион-миллион шамнинг шуъласи, – деб айтдим.
Бу домлага ҳам маъқул тушди.
Бироқ суҳбат журналда нашр қилинмади. Уни бошқа бирор журналга бериш ҳақида сўз очганимда, домла ҳозирчалик ўзингизда турсин, дедилар. Шу билан ҳалигача қўлимизда турибди.
Суҳбатда айтилган фикрлар, айниқса, китобнинг инсон шахсини шакллантиришдаги ўрни, ўтмиш меросга муносабат, зиёлилар масъулияти каби масалалар, бизнингча, бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Шу сабабли уни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

Суҳбатдошдан

– Домла, Сиз элу юртнинг ҳурматига сазовор бўлган жасоратли зиёлилардан бирисиз.

Ижозатингиз билан, суҳбатимизни бевосита ёшлик йилларингиздан, дастлабки бадиий китобдан олган таассуротларингиздан бошласак.

– Менинг болаликдан бери энг яхши кўрган асарим Марк Твеннинг “Том Сойернинг бошидан кечирганлари” деган романидир. Бу асар фақат мени эмас, бутун жаҳон болаларининг севимли асари, уни ўқиб, ундан завқланмаган одамни учратиш қийин. Шунинг учун уни адабиётнинг мангу асарлари қаторига қўшишади. Мен биринчи марта бу китобни ўқиганимда 11-12 ёшларда эдим. Ундаги воқеалар худди менинг ҳаётимдан олингандек эди. Том Сойернинг ёши ҳам меникидай, қилган шўхликларию шумликлари ҳам айнан меникига ўхшарди. Қўйинг-чи, кўп ўтмай мен ҳар қадамида саришта ва озода, батартиб ва рисоладан чиқмайдиган Полли холани куйдирадиган, ҳар куни бирор янги ҳангома ўйлаб топадиган, топқир, довюрак ва мард Томни жонимдан ортиқ яхши кўриб қолдим. Ҳар қадамимда унинг маслаҳатларига амал қиладиган, хатти-ҳаракатларимда унга тақлид қиладиган бўлиб қолдим. Масалан, у Беккини “яхши кўриб” қолгач, “яхши кўрган одам, албатта, қизни бир марта ўпмоғи керак” дейди. Мен унга амал қилиб, 4-синфда ёнимда ўтирган синфдош қизнинг бетидан бир ўпиб, бир тарсаки еганман.

Мен мисисипилик бу ажойиб боланинг ҳаётда борлигига сира шубҳа қилмасдим. Шунинг учун Америкага қочиб кетмоқчи, у ерда Томни топиб, “Шунақа-шунақа, мен Тошкентдан келдим, сен билан бирга қароқчилик қилиб юрмоқчиман” демоқчи бўлдим. Бироқ бу ниятим фош бўлиб қолди, уйдагилар йўлга атаб йиғиб юрган қотган нонларни мусодара қилишди, ўзим эса боплаб калтакландим. Бироқ булар менинг “Том Сойер”га муҳаббатимни сусайтиргани йўқ. Ҳозирга қадар бу китобни камида 10 марта ўқигандирман. Унинг мазмунини, ундаги ҳар бир воқеани ёд биламан, ҳозир ҳам романни бошидан охиригача айтиб беришим мумкин, лекин бирор муносабат билан китобни қўлимга олиб қолсам, яна ҳамма нарсани унутаман-у, уни ўқишга тушаман. Эҳтимолки, менинг адабиётшунос бўлишимга, бир умрга китобга меҳр қўйишимга шу асар ҳам сабабчи бўлган бўлса ажаб эмас. “Том Сойернинг бошидан кечирганлари” ҳамма замонларда, ҳамма қитъаларда, ҳамма болалар ўртасида севилиб ўқиладиган умрбоқий асарлардандир.

– Китоб ўқишнинг инсон шахси шаклланишидаги ўрни тўғрисида ҳам тўхталсангиз.

– Дунёда бошқа ҳеч нарса инсон шахсини шакллантириш ва улғайтиришда китобчалик катта рол ўйнамайди. Ўтган донишмандлар, мутафаккирлар, адиблар, шоирларнинг бирортаси йўқки, китобнинг ролига юксак таърифлар бермаган бўлсин. Уларнинг ҳаммаси китобни инсоният кашфиётлари ичидаги энг улуғ неъмат деб ҳисоблашади. Австрия ёзувчиси Стефан Цвейгнинг бошдан-оёқ китобга бағишланган “Китоб – турфа дунё­нинг очқичи” деган жуда зўр мақоласи бор. Унда китоб ҳақидаги теран ва батафсил мулоҳазалардан ташқари саводсиз, умрида бирорта китоб ўқимаган, умуман, хат танимайдиган одамнинг қиёфасини чизиб беради. Адиб ўзининг ҳайратини бундай ифодалайди:

“… қандай қилиб китоблардан эсувчи дунё шабадаларидан бебаҳра нафас олмоқ мумкин? Мен… китоб ўқишни билмайдиган ва шу важдан маънавият оламидан ажралган одамнинг аҳволини тасаввур қилишга уриндим… Аммо бунақа одамнинг миясини тасаввур қилолмадим, гаранг одам биров гапириб берганига қараб, мусиқанинг сеҳрли кучини англамаганидек, мен ҳам бутун умр давомида биронта китоб ўқимаган инсоннинг фикрлаш тарзини англай олмадим”. Мен 70 ёшлик умримда ўзим учун кашф этган энг муҳим ҳақиқатлардан бири шуки, китоб ўқимайдиган одам ўзини дунёдаги энг катта бойликдан маҳрум қилади.

Хўш, китоб одамга нима беради?

Биринчидан, китоб билим беради, дунё ҳақида, турли мамлакатларнинг яшаш тарзи тўғрисида, уларнинг тарихи, жўғрофияси, иқтисоди, халқларнинг расм-русумлари тўғрисида бир умр хотирангиздан ўчмайдиган тасаввурлар беради.

Иккинчидан, “инсон” деган ғоятда мураккаб, ғоятда зиддиятли, ғоятда тилсимли бир мавжудотнинг психологияси, ички дардлари, оламни идрок этиш, яшаш учун кураши, улуғлиги ва забунлиги, зўрлиги ва ожизлиги ҳақида тасаввур беради. Буларнинг бари сизни теран фикрлашга ўргатади.

Учинчидан, китоб сизнинг туйғуларингизни тарбиялайди, эстетик дидингизни шакллантиради, табиатингизда дағаллик, шафқатсизлик бўлса, уларни юмшатади, қалбингизда эзгулик, олижаноблик япроқларининг ёзилишига йўл очади. Кўп китоб ўқиган одам китоб ўқимаганга қараганда дунёни бутунлай бошқача қимматда ва бошқача рангларда, бошқача нисбатларда қабул қилади.

– Ўзбек халқи қандай маданиятнинг, улуғ тарихнинг меросхўри эканлигини ёшларга англатиш борасида қилинаётган ишлардан кўнглингиз тўладими? Бу борада яна нималар қилиш лозим деб ўйлайсиз?

– Йўқ, кўнглим тўлмайди, албатта. Аввалига бир воқеани айтиб берай: бундан 30 йиллар муқаддам Татаристонда бўлган эдим. Бир куни Абдулла Тўқай қабрини зиёрат қилгани бордик. Унинг мозорига жуда ёш оламдан ўтган буюк шоирнинг ҳайкали ўрнатилган экан. Сукунат. Енгил шабада, толлар баргининг шивир-шивиригина эшитилади. Дунёнинг бебақолигини, умрнинг бевафолигини ўйлаб, беихтиёр маъюс тортасиз. Шу чоқ аллақаёқдандир бир кампир пайдо бўлиб қолди. Унинг букик қадди-қомати, ажин босган юзлари, бўйи баравар келадиган ҳассасини тўқиллатиб, имиллаб юришига қараганда анча ёшга бориб қолганга ўхшайди. Кампир олдимизга келиб биз билан сўрашди, қаердан эканлигимизни билди, кейин бамисоли бир профессордай Абдулла Тўқайнинг кимлиги-ю, буюклиги нимада эканлигини бизга гапира кетди. Унинг “маъруза”си Тўқай ҳаётининг биз билмаган тафсилотларига тўла эди. Биз кампирнинг ҳикоясини жон қулоғимиз билан тингладик. У, албатта, ёзувчи ё шоир эмас, ҳатто ўқитувчи ҳам бўлмаган экан. Бутун умри уй бекаси бўлган экан. Лекин Абдулла Тўқайни, татар адабиётини ва умуман адабиётни жон-дилдан яхши кўрар экан. Табиийки, биз кампирнинг иқтидорига, дидига, хотирасига қойил бўлиб, унга тасаннолар ўқидик. Лекин, сирасини айтганда, бу унчалик фавқулодда ҳодиса эмас эди. Ҳаётда бундай иқтидорли одамлар кўп учрайди. Лекин мени қойил қолдирган нарса – бошқа нарса бўлди. Ўшанда мен бир ой давомида Татаристонни бошдан-оёқ кезиб чиқдим, ҳамма йирик шаҳарларида, ўнлаб қишлоқларида бўлдим, корхоналар ва колхозларига бордим, хонадонларда меҳмон бўлдим. Буни қарангки, ҳар бир қишлоқ ёнида узоқдан кўриниб турадиган озода ва саришта жой бўлар экан – татарлар уни “зиёрат” деб аташар экан. Бу ўзимизнинг тилда “қабристон” дегани экан. Қишлоқ аҳли қабристонда ётган авлод-аждодларини жуда қадрлар, уларнинг ҳаётда қолдирган изларини батафсил билишар эканлар. Ҳар бир қишлоқ, ҳар бир хонадонда одамлар Абдулла Тўқайни жуда-жуда қадрлар, унинг шеърларини, ҳикматларини ёд билишар, бошидан кечган воқеаларни хотирлаб юришаркан. Фақат ёши ўтганлар эмас, мактаб болалари ҳам, ўспиринлар ҳам, эндигина оила қурган ёш-яланглар ҳам. Ҳар бир қишлоқда Абдулла Тўқайнинг кичкина бир ҳайкали, унинг тубида – гуллар … Шунда бутун халқнинг ўз шоирига, ўз адабиётига, ўз меросига, ўз тарихига муҳаббатини кўриб қойил қолгандим.

Қани энди бизда ҳам бутун халқ қалбида шундай ялпи муҳаббат ниш урса, унинг онгида ўзининг ўзбеклиги учун ифтихор туйғулари тўлқин урса. Бу борада ҳозир кўп ишлар қилиняпти. Менимча, миллий ғурурни, миллий қадриятларга муҳаббатни қон-қонимизгача сингдирмагунча, уни тафаккуримизнинг таркибий қисмига айлантирмагунча, мақсадга эришиб бўлмайди.

– “Жаҳон адабиёти” журналининг ташкилотчиси, бош муҳарририсиз. Журналда турли тиллардаги нодир асарларнинг таржима қилиб босилаётганлиги Ўзбекистон маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. Сизнингча, бу келгусида қандай мевалар бериши мумкин?

– Аввало бир масалага тўхтаб ўтай: сўнгги пайтларда айрим одамлар “бизга ғарб адабиётининг нима ҳожати бор? Унинг кўп жиҳатлари бизнинг миллий анъаналаримиз ва миллий қиёфамизга тўғри келмайди, ёшларимизнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатади” деган даъволарни олдинга суришяпти. Бу мутлақо қўшилиб бўлмайдиган даъводир. Ҳеч кимга сир эмаски, бизнинг юртимиз ёхуд кенгроқ олсак, бутун Марказий Осиё сўнгги уч-тўрт аср мобайнида бутун жаҳондаги ижтимоий ривожланишдан орқада қолиб кетди. Бунинг турли сабаблари бор, албатта. Аммо энг катта сабаблардан бири – жаҳондан ажралиб қолганимиз, уч хонлик шаклида ўз қобиғимизга ўралиб олганимиз, ўзимизга ўзимиз маҳлиё бўлиб бошқаларни писанд қилмаганимиз эмасми? Бу яккалик иллатидан, мақтанчоқлик касалидан эндигина қутула бошламоқдамиз. Нима, яна ўз қобиғимизга ўралиб олайликми? Яна ҳозирги замон учқичларини йиғиштириб қўйиб, туямизга миниб, эски карвон йўлларидан секин имиллаб кетаверайликми? Бугунги дунё шитоб билан бир томонга йўналаётган бир пайтда биз бугунгача тескари томонга йўл олайликми? Йўқ, бу йўл фақат ҳалокатга олиб боради. Бирдан бир тўғри йўл жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари билан ҳамдўстликлар йўлидир, уларнинг маънавий бойликларидан баҳраманд бўлмоқ, тажрибаларидан фойдаланмоқ керак. Чиллаки чиллакини кўриб чумак уради, деган гап бор. Худди шунга ўхшаб, фикр ҳам фикрдан озиқ олади.

“Жаҳон адабиёти” журнали шу йўлда қўйилган дадил қадамлардан биридир. Журнал чиқа бошлаганига эндигина икки йил бўлди. Таҳририят унда энг яхши, энг теран асарларни эълон қилишга ҳаракат қиляпти. Китобхонларнинг муносабатига қараганда, аллақачон тилга тушган ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган айрим асарларга қараганда таҳририят бу бобда баъзи муваффақиятларга эришди ҳам. Лекин ҳозирча эълон қилинган асарлар ҳар қанча маъқул бўлмасин, жаҳон адабиёти деб аталган буюк бир уммондан бир томчи, холос. Жаҳон адабиёти битмас-туганмас бир хазинадир, унинг дурдоналаридан ҳали кўп йиллар давомида баҳраманд бўлишда давом этасиз. Ҳозирча эса бизни икки нарса қийнаяпти – энг яхши асарларни топиш ва танлаш, иккинчидан чинакамига истеъдодли ёрқин таржимонларнинг етишмаслиги. Яна бир нарса – журнал ўзининг муайян миқдордаги ўқувчиларига эга бўлса ҳам, улар кам. Биз ёшларимизнинг лоақал тўртдан бир қисми журналнинг доимий ўқувчилари бўлишини истар эдик.

– Аср бошларида Беҳбудий, Фитрат ва Чўлпон сингари ўнлаб зиёлилар миллатнинг савиясини кўтариб, мустабид тузумга қарши курашмоқчи бўлдилар. Шу мақсадда ўз ҳаётларини ҳам аямадилар. Сиз шундай ижодкорларнинг, хусусан, Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганишнинг ташаббускорларидан бўлдингиз. Сизнинг хизматларингиз билан “навоийшунослик”, “қодирийшунослик” қаторида “чўлпоншунослик” деган тушунча пайдо бўлди. Шу йўналишда яна қандай ишлар қилиш лозим?

– Менинг назаримда, “чўлпоншунослик” ҳам халқимиз доим шуғулланадиган боқий соҳалардан бири бўлмоғи керак. Мен “адабиётшунослар” деяётганим йўқ, “халқимиз” деяпман. Бу билан мен, албатта, ҳар битта одамни адабиётшунс бўлишга ундаётганим йўқ. Одамлар “чўлпоншунослик” билан шуғулланар эканлар, бундан “иккинчи Чўлпон” бўлишга интилиш керак деб хулоса чиқармасликлари керак. Ҳеч кимдан “иккинчи Чўлпон” чиқмайди, лекин ҳар битта одам Чўлпон билан танишиб, ўз юртини чўлпончасига севмоқни, унинг озодлиги, бахт-саодати йўлида чўлпончасига фидокор бўлмоқни, чўлпонча ғурурга эга бўлмоқни, зулмга, кишанларга, адолатсизликка чўлпонча нафрат билан қарамоқни ўрганиши керак. Қани энди Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси жонажон ватанимизнинг истиқболи йўлида, майли, катта машъала бўлмасин, лоақал битта шам ёқса … Миллион-миллион шамнинг шуъласи ҳамма ёқни мунаввар қилиб юборар эди … Бунинг учун Чўлпонни билиш керак, уни англаш керак.

“Чўлпоншунослик”, менимча, ўз зиммасидаги вазифани бажара олади.

– Ҳозирги ўзбек зиёлилари зиммасида қандай масъулиятли вазифа турибди?

– Ҳозирги пайтда “зиёли” деган сўзнинг баҳоси бироз тушиб кетгандек кўринади. Биз, умуман, ўқиган, маълумотли одамнинг ҳаммасини “зиёли” деб атайдиган бўлиб қолдик. Бу – тўғри эмас. Менимча, “зиёли” деган сўз ўқитувчи, инженер, шифокор ва ҳоказо каби касб эгаларинигина билдирмайди. Фақат ўқиган эмас, ўқимаган одамлар ўртасида ҳам зиёлилар учраб туради. “Зиёли” деган сўз “нур” сўзидан олинган бўлиб, ўзи нурли, фикри нурли одам атрофини қуршаб олган зулматни, одамларнинг фикр­ларидаги зулматни ёритмоқлари керак. Зиёли одамнинг энг муқаддас вазифаси кўр кўзларни очиш, кар қулоқларни эшитадиган бўлишига ёрдамлашишдир. Одамлар ҳаммалари бирдай соғлом ва бардам кўринсалар-да, уларнинг маънавиятида, руҳиятида катта-катта кемтиклар бор. Зиёли ана шу кемтикларни йўқотишга хизмат қилмоғи керак. Тўғриси, эҳтимол, битта зиёли бутун зулматни ёритишга кучи етмаслиги мумкин. Майли, у кучи етадиган ишни қилсин, лоақал битта шам ёқсин, у ҳеч бўлмаганда зулматнинг бир чеккасини ёритади-ку! Мендан хафа бўлишмасин-у, ҳозир кўпгина зиёлиларимиз ўз қадрларини анча тушириб юборгандай кўринади. Менинг назаримда, зиёлилик ҳамиша фидойилик тушунчаси билан боғлиқ бўлиб келган. Халққа, юртга хизмат қилиш йўлида, зиёли одам зинҳор-базинҳор ўз манфаатини, ўз фароғатини ўйламайди, ўзига имтиёзлар, мукофотлар талаб қилмайди, аксинча, ўзи қийналса-да, оч қолса-да, дакки эшитса-да, зиммасидаги муқаддас вазифани ўташга ҳаракат қилади. Қачон шу масалалар ҳақида ёзсам ё гапирсам, кўз ўнгимга Собит Комилов деган мактабдаги ўқитувчимиз келади. Яхши дарс берар, бирор соат дарс қолдирмас эди, болаларни ўз фарзандидай яхши кўрарди. Аёлманд одам эди. Уруш даври бўлгани учун жуда қийналиб кетганди. Ҳатто дарсдан кейин Тошкент теварагидаги ҳовлиларга бориб, ҳосили йиғиштириб олинган далалардан қолган-қутган турпми, шолғомми, лавлагими олиб келиб, шу билан болаларини боққан кунларини биламан. Бироқ бу одам бирон марта ҳам синфдаги ўқувчиларнинг қўлига таъма билан қараган эмас, буни хаёлига ҳам келтирган эмас, тиланчиликни, порахўрликни сира-сира ўзига муносиб кўрган эмас. Афсуски ҳозирги зиёлиларимизда бошқача ҳолни кўрамиз – улар ўзларининг қусурларини замоннинг оғирлиги билан изоҳлайдилар. Йўқ, бу масалада замонга айб юкламаслик керак. Ҳамма гап виждоннинг сусайиши-ю, ҳакалак отиб кетган нафсда. Зиёлилар даставвал йўқолган обрў-эътиборларини қайта тикламоқлари даркор.

– Қизиқарли ва мазмундор суҳбатингиз учун катта раҳмат!

Суҳбатдош: Жўра Худойбердиев

1999 йил

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 3-сон