Чексиз осмон остида ҳеч бир нарса абадий эмас. Демакки, ижодкор учун саҳна ҳаёти ҳам бетакрор оний лаҳза, холос. Ҳар бир авлод ўз издошларига ўрнини бўшатади. Бу — вақтнинг ҳукми. Шунинг учун ҳам саҳна ҳамиша навқирон. Шоир:
Юзни кўрмоқ қийин боқиб яқиндан
Ҳар нарса йироқдан кўринар аён,
деганидек, биз ҳам ҳақиқий актёрнинг саҳна ҳаётидан кейинги ўйлари, иқрорларини англаш мақсадида, биргина овозию нигоҳи орқали ботинидаги қудратнинг кучини кўрсатолган санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Ҳожиакбар НУРМАТОВ дунёсига назар ташлаймиз.
— Актёр тақдирини ўзидан кучли режиссёрнинг қўлига топширишни хоҳлайди. Агар режиссёр кучли бўлмаса, актёр уни менсимай қўяди. Мен билан бирга ишлаган режиссёрлар саҳна илмини мендан нозик тушунганлари учун бутун ихтиёримни ҳеч иккиланмасдан уларга ишониб топширардим. Чунки улар мен ҳали кўра олмаган нарсани аллақачон англаб етгандилар. Ўйлайманки, бугун бизнинг энг заиф, кемтик томонимиз яхши режиссуранинг йўқлигида. Тан олиш керакки, бизнинг авлод учун энг кучли режиссёр — Баҳодир бўлиб қолди. Тажрибамдан келиб чиқиб айтаман — режиссёр талантдан бошқа ҳеч нарсани тан олмайдиган диктатор бўлиши шарт. У наинки актёрларга, керак бўлса муаллифларга ва ўзига ҳам “шафқатсиз” бўлиши лозим. Уни на оғайнилари, на пул, на актрисанинг қадди-қоматию қош-кўзи чалғита олмасин. Ўшандагина у нималаргадир қодир бўлади.
Ўз режиссёрини топган актёр омадли актёр. Агар мен Баҳодирни топдим десам, унга ишонч билдирган бўламан, у менга ишонади. Мен унинг гапларини ярим соат тинглаб ўтиришим шарт эмас. Кўзиданоқ нима демоқчилигини, уришса нимага эътироз билдираётганини, мақтаса нима учун ва қай даражада мақтаётганини биламан. Режиссёр ва актёрнинг бир-бирини тушуниши ниҳоятда кам бўлади. Вақт ўтган сари мослашиб ҳам кетасан. Лекин сен унда ижод қилмайсан. “Робот”га айланасан. Унда образнинг жони бўлмайди. Ҳарқанча уринма, юрак сезилмайди.
Бир қути сигаретни столга қўйиб, гапни футболдан бошлардик-да суҳбатимиз мавзуси ўз-ўзидан театрга кўчарди. Баҳодир кўзимга тикилиб туриб “Ҳожи, Протасов — бу, сенсан!”— дерди.
— Қанақасига, ахир бошқа актёр ўйнаяпти-ку.
— Йўқ, гапни эшитгин, тасаввур қил, эски плашчингга ўраниб келяпсан, бечораҳол. Илгари Россияда Толстойнинг “Тирик мурда” асари қўйилганда, театрга фақат эркаклар киритилган. Аёлларни киритиш қатъиян ман этилган. Чунки эркаклар йиғлаб-йиғлаб чиқиб кетишган. Уларнинг кўзёшини аёллар кўрмаслиги керак эди. Ҳамма эркакнинг ўзига яраша сири, бахтсиз муҳаббати бор. Тушунгин, бу поймол бўлаётган аянчли муҳаббат тарихи.
Шу гапнинг ўзидаёқ менга жон кирарди. Режиссёр юрагимга Протасовнинг ўтини ёқди. Унинг маҳорати шундаки, актёрини ўз ролига ишонтира бошлади. Афсус, актёр юрагининг қаловини топадиган бундай режиссёрлар жудаям кам. Бу биз актёрларнинг бахтсизлигимиз.
Сценарий устида ишланяптими, эртанги кунни ҳам ўйлаш керак. У эрта учун ҳам яраши зарур. Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирган “Ғариблар”да Европа ҳаёти орқали ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муаммо акс этган. Асар саҳна юзини кўрганида, бу мавзу ўзбек оилалари учун деярли ёт эди. Афсуски, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги зиддият бугун бизнинг ҳам ҳаётимизга кириб келяпти. Шунинг учун ҳам “Ғариблар” ҳар бир авлод эҳтиёж сезадиган классик спектакл ҳисобланади.
— Театрнинг оқсашида драматургияни айблашларига қандай қарайсиз?
— Ҳеч қайси даврда тайёр драматург бўлмаган. Театрда бир қоида бор: драматург йўқми, классикага мурожаат қилинг. Классикага ҳам ўйлаб, ундан бугунни излаб, актёрларнинг кучини ҳисобга олиб мурожаат қилиш шарт. Нима учун бу спектакл шу бугун саҳна юзини кўряпти? Сиртдан қарасанг, театр репертуари ранг-баранг, турли тоифадаги томошабинлар учун мўлжаллангандек. Комедия деб қўйилаётган бачкана томошалар кескин танқидга учраётган бир паллада, “Фалончини қўйяпмиз” деб репертуарни зўрма-зўраки бойитиш илинжида жаҳон классикасига қўл урилишини ҳазм қилолмайман. Негаки, классиканинг ўз ўлчови, мезони, меъёрлари бор. Театрнинг нуфузини сақлайман деб Шекспир ёки Шиллерни қурбон қилиш, уни томошабин кўз ўнгида майдалаштириб юбориш керак эмас. Қадди-қомати келишган, ташқи қиёфаси Гамлетга ўхшаб кетадиган актёр, унинг сўзларини равон ёдлаб олса-да, саҳнада 15 дақиқа юргандан кейин унинг Гамлет эмаслиги аниқ бўлади. Чунки актёрнинг ўзи қаҳрамонининг ҳақиқатларига ишонмайди. Унда Гамлетникидек исёнкор юрак, уйғоқ руҳдан асар ҳам йўқ. Актёрдан талаб қилинаётган нарса юрак, ўйнаётган ролига ҳалол муносабатда бўлиш, мунофиқлик қилмаслик, партнёрини тинглай билиш, ўйлаб-фикрлаб бажариш…
Гап классик асарларни қандай ва қай вақтда қўя билишда. Мисол учун, “Отелло”ни уруш йилларида қўйишнинг нима кераги бор эди? Шунинг учунки, бу асарда хиёнат ҳақида гап кетади. Ҳар қандай кучли, жасур эркакни жанглар эмас, аёлнинг хиёнати қулатади. Фронт ортида қолган ёлғиз аёллар, урушга кетган эркакларнинг шаъни. Пиесани ўқиб, тушуниш, сўнгра уни ўзингники қилиб олгандан кейингина талқин қилиш керак. Нима учун “Гамлет”ни драматургиянинг тожи деймиз. Бадиияти, фалсафаси жиҳатидан у билан беллаша оладиган асарлар ўзимизнинг Шарқда йўқми? Бунинг ягона сабаби шуки, Шекспир спектаклнинг қанақа қўйилиши ва қандай ижро этилиши ҳақида асари орқали ёзиб қўйган.
Гамлетнинг биринчи саҳнада айтадиган шундай гаплари бор:
Эй юрак, сен тинч тур,
ақлга эътибор бермоқ керак,
Ақл, сен тезроқ ишла,
Ва нима бўлаётганини ҳал қил.
Демак, “воҳ-воҳ” қилиб бўм-бўш ҳавони ларзага келтириб, оғзидан кўпик чиққунча бақириш, йўқ жойдан сохта ҳаяжон ясаш шарт эмас. У актёрни ўйлашга, фикр юритишга ундаяпти.
Саҳна ва экранларни синчиклаб кузатсангиз қизиқ ҳолатга гувоҳ бўласиз. Оллоҳ томонидан берилган нуқсонларимизни сотамиз, хомсемиз бўлсак қорнимизни атайин қимирлатамиз. Чунки томошабин қийқириб чапак чаляпти.
Бир нарсага ҳайронман, ўртамиёна спектаклларга содда томошабинларнинг тушишини, уларнинг олқишларини қай бир маънода тушуниш мумкиндир. Лекин кўра-била туриб ёмон спектаклни зўр деб мақтаётган, санъатнинг орқасидан нон ейдиганларни умуман кечиролмайман. Хўп, агар тўғрисини айтишдан андиша қилса, ҳеч бўлмаса сукут сақлаб, ёлғон гапиришдан ўзини тийсин.
Санъатни чучмаллик ўлдиради. На аччиқ, на ширин. “Кўрса бўлади, ёмонмас” дегани, спектаклнинг ўлганидан дарак беради. Бунақа спектаклларга умуман тушмаслик керак. Томошабинни ҳайратлантиролмаган, унинг еттинчи туйғусини уйғатолмаган спектаклнинг яшашга ҳаққи йўқ!
Бугунги кун актёрининг мақсади қандай қилиб бўлмасин, тўйлар орқали бўлса-да, тез танилиш, пул топиш. Афсуски, ўша базмларда ҳам Миллий театрнинг номи рол ўйнайди.
Ҳозир ижоддан ҳам кўра “эл хизматида юриш” биринчи ўринга чиққан. Агар тўй билан спектакл бир вақтга тўғри келса, ролнинг оёғини осмондан қилиб тезроқ ўйнашга ҳаракат қилишади. Энг ёмони шуки, тўйлар актёрнинг сирини ўғирлайди. Санъаткор сифатида унда одамлар кашф этиши мумкин бўлган ҳеч қанақа сир қолмайди. Негаки, ширакайф одамлар билан юзма-юз туриб гапирасиз. Улардан пул чиқиши учун бетингизни сидириб бор маҳоратингизни ишга соласиз. Имкониятларингизни яланғочлашга тўғри келади. Агар актёрнинг табиати заифроқ бўлса, кийиниши, диди, умуман фаросатига шикаст етади. Бу санъаткор учун кичкина йўқотиш эмас. Артистни оддий халқдан ажратиб турадиган ўз ҳаёси, оҳанрабоси бўлиши керак. Яллачиларнинг нуқси уриб кетган қиёфа билан тарихий шахсларни, уларнинг оналари ёки ёрини саҳна ва экранда гавдалантириш гуноҳ.
Актёрнинг қай даражада маданиятли эканлиги кўзга ялт этиб ташланадиган ҳашамат ва башангликдан узоқ бўлгандагина кўринади. Мен шу маънода ўзим билан замондош актрисаларни ҳурмат қиламан. Улардаги савия, дид кийимларидаёқ билинарди. Уларни “ана, артист келяпти” деб қўлингни бигиз қилиб кўрсатолмасдинг. Кўчада улар шу қадар сипо кийинардики, кейин уларни саҳнада малика ёки қиролича қиёфасида кўрсанг… Энди бундаги виқорни, гўзалликни кўринг. Актёр ўз қиёфаси ҳақида ўйлаши, китоб мутолаа қилиб туриши шарт. Эртага Навоий ёки Бобур, Нодира қиёфасини яратаётганингда, ҳар қанча уринма савиянг пастлиги, фикрларингнинг саёзлиги барибир кўзларингдан кўриниб туради. Кўзлар томошабинни алдолмайди.
— Баъзи бир театрларга тушганимизда, ҳатто тез-тез чет эл сафарларига чиқиб турадиган “Илҳом” театрида ҳам актёрлар асарнинг юкини кўтара олмаётгандек, айтаётган сўзларининг маъносини ҳис қилмаётгандек туюлади. Натижада асарнинг ғояси, қаҳрамоннинг дардлари, кайфияти томошабинники бўлиб қололмайди. Бу ҳолат ўзимизнинг саҳна ва экранларда қайта яратилган Навоий, Бобур, Чўлпон, Амир Темур, Улуғбек… сиймоларида ҳам сезилади.
— Актёрки ўз қаҳрамонининг фикрларини ҳазм қилолмаганидан кейин қандай қилиб томошабин уни ҳазм қилиши мумкин? Театр ташкил бўлганидан бери баҳс кетади. Актёр ўқимишли, юқори даражада фикрлайдиган бўлиши шартми ё йўқми? Шахсан мен бу саволга жавоб тополганим йўқ. Улкан санъаткор Шукур Бурҳонов ҳеч қаерда ўқимаган, ўз ихтиёри билан Шекспир, Софоклларнинг асарларини варақламаган. Лекин у киши Эдипни ўйнаганда зал ларзага келарди.
— Шукур Бурҳоновнинг санъатига эътироз билдиришга ожизмиз. Кўпгина тарихий шахсларни ижро этган. Лекин халқ у кишини Улуғбекдан кўра Юсуф ялангтўш, Сулаймон ота, Эдип қиёфасида кўпроқ эслайди. Эдип тақдирга исён қилаётган, ўзининг фожеасига тик қарай оладиган жўмард шахс! Қанчалик аччиқ бўлмасин, ҳақиқатнинг кўзига тик қарашга чоғланган инсон. Тушунишимча, бунда актёр табиатидаги чапанилик, бағри кенглик ва унинг зилдай оғир юраги ёрдам берган. Улуғбекдаям олим Улуғбекнинг фожиасидан кўра, тождор отанинг фожиаси устунлик қилади…
— Ҳақиқатан ҳам фожиавий саҳналарда Шукур аканинг Худо берган юраги ёрдам берар эди. У киши кўнглига нима келса ўшандай ўйнар эди. Нима бўлган тақдирдаям, кино ва театр санъатида фақат Шукур ака ижросидаги Улуғбекнинггина ўз ўрни бор.
Актёрнинг савияси асосан олиму шоирларнинг образини яратаётганда сезилади. Масалан, ҳазрат Навоийни ўйнаш учун мумтоз шеъриятимизни нозик ҳис қилиш, юқори даражадаги дидга, умуман Ижодкор деган сўзга лойиқ бўлиш шарт. Тарихий шахсларга, айниқса миллат тимсолларига эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур.
— Аксарият санъаткорлар “Ҳаётим ҳам, мамотим ҳам шу ерда” дея сўнгги нафасигача саҳнада хизмат қилишни қисмат деб билишади. Ёшлиги, оловли йиллари, бахтли лаҳзалари ўтган, уни санъаткор сифатида элга танитган даргоҳни ўз ихтиёри билан эрта тарк этиш бу Санъаткорнинг журъатими ё ожизлиги?
— Нимани назарда тутганингизни тушундим… Бир вақтлар МХАТнинг бош режиссёри бўлиб ишлаган Ефремов бир асар устида ишлаётганида, бош ролга кекса актриса Соколовани уйидан чақиради. Актриса ўзининг ҳалиям театрга керак бўлганлигидан, суюнганидан йиғлаб юборади. Пиесани театрнинг ўзидаёқ ўқиб икки соатча бинони айланиб чиқади-да, бош режиссёрнинг кабинетига киради.
— Мени чақирганингиз учун раҳмат. Асар ниҳоятда зўр. Бу спектаклнинг муваффақиятли чиқишига ишонаман. Сизнинг талантингизга шубҳа йўқ. Лекин мен ўйнай олмайман.
— Нега? Мен бу асарни сиз учун олдим-ку! Шуми менга бўлган ишончингиз. Ахир ўзингизнинг театрингиз…
— … Афсус, бу театр энди менинг театрим эмас! — деб жавоб беради актриса.
Соколова пиесанинг таассуроти остида театр залларини, пардозхоналарни айланиб юрганида, гўзаллигини, соғлигини сарфлаган, юрагини бағишлаган театр учун бегона инсонга айланиб бўлганлигини, бу ерда энди унинг ҳеч қандай ўрни йўқлигини тушуниб етади. Кимдир уни танийди, яна кимдир йўқ. Янги авлод келган. Муҳит тамомила бошқача. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Инсоннинг инсонга муносабати ўзгариб кетган.
Шу маънода мен учун ҳам актрисанинг дарди бегона эмас. Айниқса, энди уни кўпроқ тушунгандекман. Негаки, бугунги саҳна мен табаррук деб билган саҳна эмас. Бу бошқаларнинг саҳнаси. Бир вақтлар саҳнадан тўппа тўғри томошабинлар залига сакраб тушганим учун Тошхўжа Хўжаев “Бу ер илоҳий жой, сен бу шоҳсупада қанчадан-қанча улуғ зотларнинг қиёфасини яратасан, томоша залида эса турфа одамлар ўтиради. Саҳна билан томошабинларни бир-бирига қориштириб ташлама”, деб дакки бергандилар.
Саҳна муқаддаслилигича қолиши учун ҳар бир санъаткор ўз шаънини ҳурмат қилиши, томошабинлар билан қоришиб кетмаслиги, саҳна ва саҳна ортининг ўзига яраша одоб қоидаларига амал қилиб, сирларини асраб қолиши керак.
Ўзим севган театрни ўз ихтиёрим билан тарк этишим, яъни юрагимни ўз қўлларим билан суғуриб олишим — бу менинг кучлилигимдан далолат бермайди. Ва ўзимга бегона бўлган муҳитга сингиб кетолмаганим ожизлигим ҳам эмас. Шунчаки ишхонага айланиб қолмаслиги учун у ердан кетишим кераклигини ақлан тушуниб етдим.
Нимаси биландир санъаткорнинг бу иқрори “Ўзимга хат ёзаманми?”— дея Лайлига ёзган мактубларига ўт қўйган ошиқ Мажнуннинг ҳолатини эслатади. Менимча, “театрни тарк этдим” деб айтиш, “Мен Ватандан кетдим” дегандек оғриқли… Мен шу биргина “кетиш…” сўзида ҳам ўз жавобини тополмаган оташин муҳаббатнинг жароҳатини кўраман. Балки театр йиллар давомида унинг юрагига, ўзлигига айланиб бўлганлиги учун ҳамдир, бора-бора унинг биноси фақат суратга айланиб қолгандир. Табиийки, ҳақиқий санъаткор ижод завқини ҳеч нарса билан баҳоламайди.
— Ўйлашимча, сизнинг ҳаётингиз ва ижодингиздаги зиддиятлар кескин қатъиятингизда бўлса керак. Лекин гоҳида ҳар қанча оғир, катта йўқотиш бўлмасин инсоннинг ўз принципларидан ҳам чекинишига тўғри келади, дейишади.
— Шахсан ўзимнинг манфаатим учун принципимдан чекинмаганман. Лекин менинг ҳаётимдан ва мен қадрият деб билган нарсалардан-да қадрли, азиз инсонлар онам ва боламнинг азият чекмаслиги учун қайсидир маънода чекинганман. Менинг тушунчаларим шу одамлардан азизми? Менимча, инсон ўзи учун номаъқул бўлган, ўзининг табиатидан йироқ нарсани принцип қилиб олмайди. Сиз бирор бир ҳақиқатни ўзингизга қонун қилиб олишингиз учун ҳамма жараёнларни ўзингиздан, шуурингиздан ўтказиб, ақлан мукаммал даражага етказасиз. Қани қанча вақт шу ҳақиқат билан яшай оласиз? Ўлгунингга қадар шу юкни кўтара оласанми? Шундагина сенинг кимлигинг, асл қиёфанг кўринади. Биламан, принципларим билан кўп нарсани ютқазишим мумкин. Ютқазганларим шу принципимни ушлаб туришимга арзийдими? Арзисаям мен ҳақиқатимни, агар жигарларим озор чекмаса ушлаб тураман. Иродамни шу орқали тоблайман, қачонгача дош беришини синайман. Бунинг ёмон жойи йўқ. Кўп йиллар давомида сенга ҳамроҳ бўлган принципдан юз ўгириш, бу ўзингдан воз кечиш.
— Танлаган йўлингиздан афсус чеккан вақтларингиз бўлгандир…
— Агар бирор бир актёр мен мана шу касбни танлаганимга ҳеч қачон афсус чекмаганман деса, у ёлғон гапирган бўлади. Демак, у ижод қилмаган, касбнинг оғриқларини юрагидан ўтказмаган, ҳеч қанақа тўсиқларга дуч келмаган. Ҳар қандай актёрнинг ҳам йиллар ўтган сари имкониятлари тораяди. Айтайлик, менинг ақлим, имкониятларим чархланган, вужудим ёняпти. Менинг ўз қаҳрамоним, талқин этишим керак бўлган шоҳ ролим бор. Ҳамиша унинг хаёли билан юраман. Лекин энди бу ёшимга, тўғри келмайди. Хўп, майли Лирни ўйнарман, ўйнай оламан деб ўзимни овутиб юрган вақтим менга “Сизга раҳмат, шунча йил фидойилик билан ишладингиз. Театримизнинг ифтихорисиз. Энди дам олсангиз ҳам бўлади” деб тантанали равишда кузатиб қўйишади. Мана сизга актёрнинг саҳнадаги оддий қисмати.
— Шундай бўлса-да, саҳнани соғинсангиз керак…
— Эҳ-ҳе… секин айтасизми! Биласизми, туш кўрсам ҳам фақат театрни туш кўраман, ўтган кунларни қўмсайман, ўша пайтдаги ижодий жараёнларни соғинаман… Тушларимда либосларни киймоқчи бўламан, лекин улар менга тўғри келмайди. Ёки рол оламан, аммо сўзларини билмайман. Ҳатто, тушларимда ҳам хўрсиниб қўяман. Негадир кейинги вақтлар кўпроқ тушкун хаёлларга бериляпман. …Эй воҳ, ҳаммаси тушдагидек кўз очиб юмгунча ўтди-кетди-я! Бу шамолли йиллар, жазирама йўллар ўзининг оташи билан бизни тез қаритди, кучимизни жуда эрта тортиб олди.
Армон… изҳор қилинмаган муҳаббат… етолмаган манзиллар, ўйналмай қолган роллар… Унинг иккинчи номи Вақт… Мен умр бўйи вақтнинг орқасидан қувдим, уни ўзимга бўйсундирмоқчи бўлдим… Лекин у мени ютиб юборди, мағлуб этди, оқибатда янчди… Умримнинг ўлчови менинг измимда бўлганида эди… баъзи бир лаҳзаларни қанчалик кўп чўзсам, бошқа дамларни кўзимни чирт юмиб, қулоқларимни беркитганча ўшанчалик тез яшаб ўтардим.
Онам армон бўлиб қолмаслиги учун, у кишининг олдида кўпроқ бўлишим керак эди. Аёлимга кўнглимни ёриб, менинг ҳаётимга у қанчалик керак эканлигини айтолмаганим армон… Раънонинг сўнгги кунлари эди. Кўчага чиқолмасди. Ишга кетаётганимда у музқаймоқ егиси келаётганини айтди. Қайтаётганда албатта олиб келаман, деб ваъда бердим. Куним дубляж ва суратга тушиш майдончасида ўтди. Қоронғу тушганда толиқиб уйга қайтдим. Эшикдан кириб келганимда у менинг қўлларимда ҳеч нарса йўқлигини кўрди… Вақт ўтган сари бу яра юрагимни кемириб ташлаяпти. Сизга бу оддий ҳолдек туюлар, лекин ҳаёт ўзининг шафқатсиз қиёфасини мана шу изтиробларда ҳам кўрсатаркан…
Одамзот ўзининг ҳаётий дастурига амал қилиб келаётгани учун ҳам башариятнинг бу кўҳна араваси ўз йўлида давом этяпти. Зеро, ҳар бир инсон ўзича бир олам. Ҳар бир давлатнинг ўз дастуриламаллари бўлганидек, ҳар бир инсоннинг ҳам бир-бирини такрорламаган ўз ички қонунлари бор. Улғайганинг сари сенинг ҳақиқатларинг ҳаётнинг темир қонунларига тўқнаш келади, ёлғонлари билан кесишади. Менимча, шахсни Шахс қиладиган изтироб мана шу тўқнашувнинг меваси бўлса керак. Шу изтироб сизни улғайтиради, ҳаммалашиб кетишингизга йўл қўймайди.
Ҳамма гап мана шунда!
Иқбол Қўшшаева суҳбатлашди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 31-сонидан олинди.