Сарез кўли: хавфни бартараф этиш мумкинми?

Помирнинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳудудидаги юксак тоғлар бағрида жойлашган собиқ Усой қишлоғида 1911 йил 19 дан 20 февралга ўтар кечаси бўлган кучли зилзила туфайли Мурғоб водийси ёнбағирларида тарихда мисли кўрилмаган тоғ ўпирилиб, кўчиш рўй берди. Кўчки Мурғоб дарёсини бутунлай тўсиб қўйди ва жаҳонда энг йирик сунъий тоғ кўли ҳосил бўла бошлади.
Помирнинг марказий қисмида жойлашган бу кўлни шимолдан Олой орти, жанубдан Ҳиндикуш, шарқдан Кошғар, ғарбдан эса Лолатоғ ўраб туради. Ҳозирги пайтда Сарез кўлида 17 куб километр сув йиғилган.
— Кўлнинг дарё, сел сувларига тўлиши ва улкан миқдордаги обиҳаёт кўчки ҳосил қилган тош-тупроқ тўғоннинг у ер-бу еридан сизиб чиқиши натижасида атрофда бошқа кўллар ҳам ҳосил бўлаётир, — дейди 1998 йили Ўзбекистон томонидан юборилган махсус экаспедиция аъзоси Николай Горелкин. — Ана шу сафаримиз давомида биз тўғон ва унинг атрофларида бир неча жойда махсус ускуналар ўрнатиб лаборатория тадқиқотлари олиб бордик. Тўғонда ҳосил бўлаётган хавфли ёриқларни кузатдик.
Ўзбекистон бош гидрометеорология хизматининг илмий ходими Николай Горелкин сув омборлари хавфсизлиги бўйича гидрогеолог. Унинг айтишича, тоғларда шу сингари турли табиий жараёнлар, зилзилалар туфайли ҳосил бўлган катта-кичик кўллар беҳисоб. Уларнинг очилиб кетиш ҳоллари ҳам рўй бериб туради. Бундан бир неча йил муқаддам Шоҳимардонсойда ҳосил бўлган шундай кичик кўлчанинг очилиб кетиши қандай фожиаларга олиб келгани ҳамманинг ёдида. Сарез эса йиғилган сув миқдорига кўра бир неча бор катта бўлиб, у Амударёнинг қуйи қисмида жойлашган шаҳарлар ва 5 миллиондан ортиқ аҳоли учун жуда катта хавф туғдиради. Чунки муттасил текшириб борилаётган кўлнинг ҳолатида кўп йиллардан бери барқарорлик сезилгани йўқ. Унинг гидромелиоратив аҳволи турғунлашмаяпти.
Шу соҳа бўйича яна бир мутахассис — “Гидролойиҳа” муассасаси директори, “Планета” халқаро нодавлат ва нотижорат ташкилотининг Сарез кўли табиий тўғони очилиб кетишига таҳдид солувчи хавфни камайтириш бўйича ташаббус гуруҳи тайёрлаган лойиҳа раҳбари Сергей Жигарев берган маълумотларга кўра, Сарез кўлининг очилиб кетиш хавфини бартараф этиш учун шу бугунданоқ саъй-ҳаракатга киришмоқ зарур. Ҳар бир зое кетган кун кеч қолиш сари қўйилган қадам бўлиши мумкин. Ҳозирча, хавфни бартараф этишнинг тезкор лойиҳаларини яратишга доир иккита ғоя илгари сурилмоқда. Уларнинг биттаси сув юзасида сузиб юриб ишловчи насос станциялари қуриб, кўлдаги сувни улкан қувурлар орқали тўғон ортидаги дарёга оқизишдир. Бу усулнинг қулайлиги шундаки, агар улкан қувурлардан сув чиқаётган жойда кичик гидроэнергетика ускуналари ўрнатилса, насосларнинг ишлаши учун зарур электр қувватини шунинг ўзидан олиш мумкин. Бунда узоқ жойлардан электр симлари тортиб келишга ҳожат қолмайди. Фақат бир муаммо бўлиши мумкин, у ҳам бўлса насосларни ишлатиб юбориш учун зарур бўлган дастлабки электр қуввати. Уни шу жойда дизел двигателларини ўрнатиб олиш мумкин. Шундай қилинса, кўлдаги сув сатҳини хавф туғдирмайдиган даражагача пасайтириш имконияти бор.
Иккинчи таклиф Сарез кўли ён-атрофидан туннел қуриб унинг сувини оқизиш. Бу режанинг мураккаб жиҳати шундаки, туннел қазиш учун баъзи тоғ жинсларини портлатишга тўғри келади. Бу эса ниҳоятда хавфли, ҳозирги мавжуд табиий тўғоннинг ўз-ўзидан очилиб ёки силжиб кетишига олиб келиши мумкин.
Сарез кўли хавфини бартараф этиш, аввало, беш миллион аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудларни тошқин балосидан халос этса, иккинчидан, кейинги йилларда сув танқислиги бот-бот юз бериб турган Марказий Осиёнинг собиқ чўл жойларида янгидан ўзлаштирилган зироатчилик майдонларини обиҳаётга сероб этиш имконини беради. Бундан ташқари, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ экологик фожиа ҳудудларидаги санитария аҳволи бирмунча мўътадиллашади. Чунки Сарез кўли сувини аста-секинлик билан босқичма-босқич Бартанг дарёсига оқизиш ва у орқали Амударё ҳавзасини мўл-кўл обиҳаёт билан таъминлаш охир-оқибатда кўҳна Жайхуннинг қуйи қисмида ҳозир янгидан тикланаётган эски кўлларни тезроқ сувга тўлдириш имкониятини яратади.
Негаки, сўнгги қирқ йил мобайнида Орол денгизи ҳавзасида суғоришнинг ниҳоятда самарасиз усуллари қўлланиши ва бу тажрибанинг амалда яроқсизлиги жаҳонда қитъа ичидаги сув ҳавзалари орасида катталиги жиҳатидан тўртинчи ўринда турувчи Орол денгизи майдонининг кескин қисқариб кетишига олиб келди. Бир пайтлар Мўйноқ билан Қозоғистоннинг Орол шаҳарлари ўртасидаги салкам минг километрлик очиқ денгизда йирик кемалар, замонавий теплоходлар қатнаган, неча миллион тонналаб балиқ тутилган денгиз эндиликда сувининг шўрлигидан тирик ҳужайра ҳам яшай олмайдиган сассиқ кўлга айланиб қолгани шўроларнинг тарих олдидаги кечирилмас гуноҳларидан биридир. Неча миллионлаб одамларнинг тирикчилик манбаидан маҳрум бўлиб қолиши ХХ асрда инсоният бошига тушган энг катта фалокатлар билан баробар, десак асло муболаға эмас.
Ҳозир денгизнинг қирқ йил аввалги сувининг бор-йўғи 15 фоизигина қолган, унинг сатҳи эса 23 метрга тушиб кетган. Оқибатда 50 минг квадрат километрлик катта ҳудудда Оролқум деган янги саҳро вужудга келди. Мазкур экологик фожиа денгиз ҳавзасидаги тирикчилик асосини барбод этиб, ичимлик сув танқислигини, нафас йўли ва буйрак-жигар хасталиклари, камқонлик ва ирсий заифлашувни келтириб чиқарди. Оналар ва болалар саломатлигини издан чиқарди. Денгизнинг қуриган тубидан кўтарилаётган тузли қум зарралари наботот оламига қирон солиб, ҳосилдорликни тушириб юборди. Яйловлар маҳсулдорлиги пасайиб, барқарор деҳқончиликка путур етди.
Мустақиллик йилларида Марказий Осиё давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан бу оғир экологик фожиа асоратларини имкон қадар бартараф этиш йўлида муайян тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг денгизга туташ қисмидаги Чучуксув (Судочье), Жилтирбош, Балиқчи, Мўйноқ, Дарёлар оралиғи, Мақпалкўл каби кўпгина табиий кўллар тикланди. Жаҳон банки ҳам бу борада ўз ҳомийлик ёрдамини кўрсатмоқда. Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг GEF (Глобал экологик жамғарма) агентлиги лойиҳалари асосида мазкур кўлларни денгиздан ажратувчи тўғонлар барпо этилгани олтинга тенг обиҳаётнинг бесамара кетиши олдини олмоқда. Бунинг натижасида Амударё ва Сирдарёнинг денгизга қуйиладиган делталарида сунъий кичик денгизлар вужудга келди.
Денгизнинг қуриган тубида ўрмончилар ва халқаро “донор”лар ёрдамида янги бутазор ва саксовулзорлар барпо қилинмоқда. Чучуксув ва Кўкорол (Қозоғистон) кўллари қайта тикланиши, янги сунъий ўрмонзорларнинг барпо этилиши билан балиқчилик ва овчилик аста-секин оёққа турмоқда. Табиат мувозанатининг узилган халқалари тикланаётгани боис қитъалараро учиб юрувчи кўчар қушлар ҳам ўз табиий миграция ҳудудларини адашмай топиб келмоқдалар.
Ана шу жараёнда Помирнинг юксак тоғлари бағридаги хавф солиб турган Сарез кўлининг суви Орол ҳавзасига қисман оқизилиши она табиат мувозанатининг тикланишини бир қадар жадаллатиши ҳам мумкин. Бироқ бу иш жуда катта маблағларни, жуда кўплаб манфаатдор ва ҳомий ташкилотларнинг бир ёқадан бош чиқаришларини тақозо этмоқдаки, бундан уч йил аввал тузилган “Планета” халқаро нодавлат ва нотижорат ташкилоти Марказий Осиёдаги ва планетанинг бошқа ҳудудларидаги барча тараққийпарвар инсонларни ана шу олижаноб ишга даъват этмоқда.
Унинг ташаббуси билан Республика Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати, Фанлар академияси, Гидрометеорология маркази, “Гидролойиҳа” ОАЖ ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида Сарез кўли муаммоларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжумани ҳам мазкур кўлнинг ҳозирги гидрогеологик аҳволидан жамоатчиликни огоҳ этишда муҳим аҳамият касб этди.
— Атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ва фавқулодда техноген вазиятлардан аҳолини огоҳ этиш сингари эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ҳаво ва табиий муҳит тозалигини назорат қилувчи муассасалар, САНИИРИ ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқдамиз, — дейди “Планета” халқаро ташкилоти президенти Исмоил Қаландаров. — Сайёрамизни биргаликда асраш асосий шиоримиз. Сарез кўлининг очилиб кетиш хавфини камайтириш бўйича лойиҳа эса мамлакатимиздаги етакчи муассасалар ҳамкорлигида ишлаб чиқилмоқда.
Ўз олдига атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий бойликлардан тежамли фойдаланиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга доир тадбирларни амалга оширишни мақсад қилиб қўйган мазкур ташкилот одамларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўзига муносиб шароитларда яшашига кўмаклашиш, турли миллатлар орасида ўзаро тотувлик ва дўстликни мустаҳкамлаш борасида ҳам ибратли тадбирларни рўёбга чиқармоқда.
Эндиги асосий вазифа инсониятнинг эзгу мақсадли тараққийпарвар кучларини она сайёра экологиясига хавф солаётган таҳдидларни бартараф этишдек муштарак мақсадларга сафарбар этмоқдан иборатдир.

Мурод Абдуллаев
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 47-сонидан олинди.