Машҳур немис файласуфи Фридрих Нитше умр бўйи ўлмас мавзу — Инсоннинг заминдаги ўрни хусусида ўйлади ва айтди. Унинг битикларини илғаш учун эса ўқувчи муайян тайёргарликка эга бўлиши лозим. Инкорона ва исёнкорлик руҳи билан тўлиб-тошган, ҳаёт фалсафасининг ўзанларидан бири — «Зардўшт таваллоси» асарининг адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров томонидан таржима қилиниши адабиётда ўзига хос воқеа бўлди.
Қуйида таржимон билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
— Исаак Нютон яратган қонунлардан бирини физиклар учта сўзда жамлашади: таъсир — акс таъсир. Яъни бир жисм иккинчи жисмга урилар экан, бир-бирини қувватлантиради, ўзаро таъсирлашади. Шундан келиб чиққан ҳолда, жамият онги ва ижодкор онгини ҳам шунга муқояса қилса бўладими? Зотан, Фридрих Нитше ўз замонаси тафаккуридан анча илгарилаб кетган эди…
— Одам — одамнинг сайқали. Балиқ океан билан тирик. Одам учун ҳам жамият шундай. Жамиятда бир одам иккинчи одамнинг мисоли ойнаси. Жамият ва инсон, ижтимоий онг, унинг турлари ва ижодкор онги ўртасидаги муносабатларда худди мана шу дўлвор ва доно қоида ҳамиша истисносиз тарзда амалда бўлади.
Нитшенинг Зардўшти бир ўринда: «Ким қони билан ривоятлар ёзаркан, у ўзини шунчаки ўқишларини эмас, ёдлаб олишларини истайди», деб айтади. Нитше дастлаб Европанинг энг тушкун ва мусиқий файласуфи Шопенгауэрга, унинг ғаройиб «Дунё: ирода ва тасаввур сифатида» асарига ошиқ ва мафтун бўлиб қолди. Сўнг шу мажнунона ошиқлиги даражасида туриб, уни гўёки қалбаки тангалар — сохта ғоялар ясаган ва ўйлаб чиқарган кимса каби бошдан-оёқ инкор этди. Ўзининг фаол нигилизми — рад ва инкорга — тан олмасликка асосланган фалсафасини қурди. Нитше йигирма беш ёшида буюк композитор ва донишманд Рихард Вагнер билан кўришди. Вагнер ўшанда Европанинг мусиқа ва тафаккур тимсолларидан эди. Нитшеда Вагнернинг асарларига нисбатан буюк бир муҳаббат уйғонди. Аммо кўп вақт ўтмай у Вагнернинг ғояларини шундай шиддат ва жўшқинлик билан инкор этиб, «Нитше Вагнерга қарши» деган руҳда асарлар ёздики, Европа бундай инкор ва раддиядан туғиладиган оригинал қарашлар ва ғояларга илгари сира дуч келмаган эди. Нитше фавқулодда эҳтирос ва ақлий қудрат билан Шекспир, Волтер, Платон, Вагнер, Шопенгауэр, қадим юнон трагедиялари, Достоевский асарлари ичига кириб борди. Уларда баён қилинган таълимотларни ўзлаштирди. У том маънода Платон, Вагнер, Шопенгауэр, Зардўшт ва ҳаттто илоҳий китобларга, ҳаворийларнинг мактубларига эврилди. Улар қобиғига киргач, Платонни — Платон, Вагнерни Вагнер бўлиб инкор этди. Мана шу инкор — буюк фаолликдаги нигилизм довулларида унинг ҳаёт ва инсон мезонлари тўғрисидаги ҳукмронлик иродаси, қайта яралиш, бошдан-оёқ қайта баҳолаш, ало одам (таржимон русча сверхчеловекни шу ибора билан ифодалайди — У.Ў.) тўғрисидаги янги қарашлари ва ғоялар системалари дунёга келди.
Ўз даврида Нитшенинг асарлари жуда кам нусхаларда чиқди. Уларни жуда оз, лекин Европанинг асил зиёлилари, фикр эгалари ўқиди. Унинг тўрт минг йиллик инсоният фалсафаси, ахлоқи, ақидалари билан ростмана жангга киришганлиги ва бу ало одам — энг олий камолотга юксалган инсонни кўриш, яратиш орзусида олиб борилган фавқулодда мубориза эканлигини ўшанда кам одамларгина тушундилар.
— Нитше одамзотни мукаммал кўришни улуғ орзу ҳисоблаганлиги асаридан англашилиб турибди. Аммо «Зардўшт таваллоси»да инсон ҳақида қизиққонлик билан ҳукм айтиш ҳоллари ҳам мавжуд: «Бир замонлар сиз маймун эдингиз ва ҳатто ҳозир ҳам аксар маймунлардан кўра кўпроқ маймундирсиз».
Инсонни улуғлаган даҳо ижодкорнинг бу сўзларини «ҳазм» қилиб бўлармикан?
— Албатта, бу ва бунга ўхшаш Нитше асарларида сочилиб ётган юзлаб, минглаб фикрларни унинг асарлари ҳамда файласуфнинг яхлит, бутун системасидан ажратиб олиб қарасангиз, ростдан ҳам «ҳазм» қилиб бўлмайдигандек туюлади. Нитше бирор ўринда «йиқилаётган кимсани итариб юбор» ёки «Кант — тентак» деган иборани қўллаган бўлса, буни матндан юлиб олиб таҳлил ва талқин этиш биринчидан жуда нотўғри, иккинчидан эса, жоҳиллик билан Нитшени бузиб кўрсатишдан бошқа нарса эмас. Гаутама Будда: «У юзингга урсалар, бунисини тутиб бер», деган ахлоқий фикрни айтган бўлса, буни яланғоч — қандай бўлса, шундай талқин қилиш — фалсафани англамаслик, билмаслик, тушунмаслик, кўп ҳолларда тушунишни истамасликдан ўзга нарса эмас.
Йиқилаётганни — йиқит. Бу ғайриинсоний фалсафа эмас. Нитшедан келиб чиқсак, бу инсон йиқилиб, йиқилиш азобини бошидан кечирсин, оқибатда чиниқсин, тажриба орттирсин ва ҳеч қачон қайта йиқилмайдиган бўлсин деганидир. Нитшенинг ало одами тобланган, чиниққан, буюк инсоний тажрибалар орттириб камолот чўққисига кўтарилган инсон. «Зардўшт таваллоси» ало одамнинг буюк риёзат йўли ҳақидаги асардир. Бошқа бир ёқдан қарасангиз, одамзот бир хил эмас. Ахир инсон жамиятларида ўзини маймун каби тутувчилар йўқми? Агар махлуқот йўсини билан айтиладиган бўлса, тўнғизлар, чумолилар, тўтилар, капалаклар, бургутлар, туялар, арслонлар, қўйлар-чи?! Инсониятнинг тўрт минг йиллик ижоди, мифологияси бундай ранг-баранг тимсоллар билан тўлиб-тошиб ётибди-ку! Нитше сиз айтган ўринда бутун инсоният ҳақида эмас, муайян маймунлик даражасидан чиқмаган, ало одам бўлишга интилмаганларни назарда тутаётир. Нитше инсонни ожиз бўлиб қолмасликка чақирганда, ирода ҳукмронлиги тўғрисидаги қарашларини кенг ёйганда ҳеч кимга ўхшамаган тоза ва улуғвор инсонпарварликни назарда тутади. Фақат бунга у кескин, шиддаткор, ўта жўшқин инкор, рад қилиш — фаол нигилизм йўлидан боради. Шундай йўлдан бориб, бунга эришишни таклиф этади. Амир Низомиддин Алишер Навоий буюк «Хамса» яратиб, Низомий, Деҳлавийни инкор қилди, деб айтсак, бу оз деганда шаккокликдай қабул қилинади. Лекин аслида у ўта фаол ва жўшқинлик билан инкор этмаса, ҳеч қачон янги йўналишдаги туркий «Хамса»ни яратолмасди. Навоийнинг ғазалиётидаги, ахлоқ фалсафасидаги, хамсачиликдаги кашфиётлари — ҳаммаси, унинг жанговар инкор руҳига эга бўлгани учунгина туғилди. Европа устозлар қанчалар улуғ бўлмасинлар, уларни инкор қилишни тараққиётнинг маҳсулдор йўли, усули, деб билади. Шарқ эса устозларни улуғлаш ва риоя этиш йўлини тутади. Лекин ҳақиқий инкор бўлмаса — ўсиш бўлмайди. Табиат қонуни шундай. Уруғнинг замирига инкор жойлашган. Уруғ ўзини инкор қилиб куртак ёзади ва янгидан ҳосилга киради. Инкор — мангу. Адабий баҳсларда Толстойнинг Шекспирни бутунлай инкор этганлиги, Достоевский Толстойни «ҳазм» қилолмаганлиги ҳақида баҳслар бўлиб туради. Бу жуда табиий ҳол. Ҳазрат Навоий ўз «Хамса»сини яратиш жараёнларини ўта жанговар сўзлар билан тавсифлайди. Эсингиздами? Ганжавий қадим Румни олди, Хисрав тиғи забон чекиб Ҳиндустонни фатҳ этди, Жомий Ажамда навбат урди (руслар буни «набат» дейишади, Навоий эса, қарангки, «навбат урди» деб гўзал тарзда қўллайди…) ва бутун Араб мулкларида кўси шавкат чалди, Навоий бўлса черик чекмай бутун турк улусларини ўз тахти фармонига бўйсундирди, мулкларни забт этиш учун шеърий девонлар юборди. Навоийнинг нима учун «Хамса»га қўл урганлигини изоҳлаб келтираётган шиддатли, жанговар ибораларига — майдон тилига — жанг майдони тилига эътибор бераяпсизми? Мана шундай забткорлик ва унинг замирида инкор бўлмаса, албатта, улуғ инсоний ишлар рўёбга чиқмас эди.
Навоийнинг ажойиб-ғаройиб жанговарлиги, доим майдонларни чоғлаб туриши билан Нитшенинг тўрт минг йиллик фалсафага жанг очиши ўртасида фавқулодда ўхшашликлар кўзга ташланади. Ибтидоси Пифагор ва Фалесдан бошланадиган фалсафа Суқрот, Афлотун, Арасту, Форобий, Беруний, Ибн Сино тимсолида ҳеч қачон эҳтиросларга берилмас эди. Фалсафанинг тили вазминлик, холислик, жиддийлик, сокинликни танлаган эди. Тўрт минг йиллик фалсафа шундай либосни киярди. Фалсафа Нитше қиёфасига кириб, тамомила эҳтиросга чулғанди. У шиддаткор куч ва шиддаткор руҳ касб этди.
— «Суратсиз асарлар эмас, ғоясиз асарлар китобхонни ухлатиб қўяди», — деган эди ижодкорларимиздан бири. «Зардўшт таваллоси» эса ўзи озчилик ўзбек китобхонларини ухлатиб қўймоқда. Буни фақат ўрганиб қолганимиз — асар воқеалари албатта тадрижий ривожланиши лозим деган ақидага мос келмаганлиги билан изоҳлаш керакми?
— Китобхоннинг «ухлаб қолиши»нинг сабаблари кўп. Китобхоннинг ўзи асли ухлаб қолишга, уйқуга мойил бўлса уни «ухлатиб қўядиган» ёки ухлатиб қўйишга уринадиган ҳодисалар оз эмас. Одатда, зерикарли ёзилган, ўта салоҳиятсиз асарлар, маъноси эски гиламдек қоқиб ташланган, маъносизлик маънодорликка айланган, ҳатто муаллифнинг ўзи амал қилмайдиган насиҳатлар, «кавш қайтаришлар» одамни безори жон қилиб юборади. Китобхон бундай беъманиликларнинг заҳаридан ўзини сақлаш учун уйқуни афзал кўради. Мия ва руҳият бемаъниликлардан сақланиш учун шундай йўл тутади. Бу бемаъниликка қарши туришнинг энг пассив, энг ожиз ва энг талофотсиз йўлидир. Лекин «Зардўшт таваллоси» ўзи озчилик ўзбек китобхонларини ухлатиб қўймоқда, деб айтиш қанчалик тўғри бўларкан? Буни Нитшенинг мазкур шоирона фалсафий асари китобхонларни гипноз қилмоқда, оҳанграбосига солиб аллаламоқда, деб тушуниш ҳам мумкин-ку! «Ухлатиб қўймоқда» дегани бездирмоқда, ихлосини қайтармоқда дегани эмасдир? Ахир Будда ҳикматлари, «Дҳаммапада», Конфуций, Лао Цзе, Яссавий, Боқирғон, Нарекацининг «Мусибатнома»си, Абу Аъло ал-Мааррий китобхонни ухлатиб қўядими? Улар ва уларнинг дохилий сўровларсиз сўзлари инсониятни коинот қаърларида тутиб турувчи ўзак эмасми? Набийлар, валийлар, ҳаворийлар, файласуфлар, алломаларнинг фикрлари гарчи суратсиз бўлса-да, мангу уйғоқ ва улар мангу инсонпарварликка чорлаб туради. Нитше ҳам шундай уйғоқлар сирасига киради. Дунёда Нитше асарлари каби фикр ва тафаккур океан мисол ҳайқириб ётган китоблар бармоқ билан санарли. Зардўшт қиёфасига кириб, Зардўшт тимсолида қайта тирилгандай бўлиб, ўз бошидан инсониятнинг туя, бургут, арслон, илон ва гўдак ҳолатларини ҳам кечириб, инсоннинг маданий тарихигача бўлган ҳолатларини ҳам бошидан ўтказиб, тарихгача бўлган ўтмиш билан ХХ аср оралиғида ҳайқириб ётган Зардўшт — Нитше, тоғу тош саҳроларида соф ва тоза, асил ҳақиқатларни излаб нола-фарёдлар кўтарган Нитше Яссавий, Боқирғон, Ибн Сино, Навоий, Машрабга қанчалар яқин. Улар коинотда мангу ҳукмрон зулматнинг қора ўпқонларидан чиққан, инсониятга файз йўлини соғинган юлдузлар…
Навоийда биласиз:«гетинамо» деган сўз бор. Бу сўз Зардўштдан қолган. «Май ўлур гетинамою Жамшид ани ичган гадо». Жамшид кўп ҳунарларни ихтиро этган, 700 йил подшоҳлик қилган фаровон зот. Синган сопол парчасига солинган май бутун оламни унинг сирлари билан бирга кўрсатадиган гетинамога айланиши мумкин экан. Гетинамо дегани бу ерда бутун оламни кўрсатувчи, намойиш қилувчи дегани. Жамшиддек оламгирнинг шу гетинамодан маст бўлиб гадога айланиши фавқулодда маънога эга ҳолат. Бу май сўфиёна бўлганда, унинг мастоналиги ҳам сўфиёнадир ва бу икки сўфиёналикдан яна ўз навбатида сўфиёна гетинамолик ҳосил бўлади. Европанинг сўфийси Нитше худди мана шу майдан ичган, мана шу гетинамони кўрган ва мана шундай хаёл гадосига айланган. Жамшид ва Нитшенинг шу ҳолатларини тасаввуримизга сиғдиролсак, табиийки, биз ўзи ҳали нимани ўрганибмиз? — деган савол туғилади. Зардўшт, бу — коинот. У тасаввуримизга сиғмайди. Нитше ҳам коинот. Балки, тасаввуримизга сиғмаган нарсалар бари бизни ухлатиб қўяр. Тинимсиз ҳайқириб ётган тафаккур дунёларида биз ўзимизни қандай тутамиз? Бу зулматнинг оловли селларига юрагимиз дош берадими? Тоқатимиз етами? Дарров зерикиб қолмаймизми? Бошимиз оғриб кетаётганидан шикоят қилиб юрмаймизми?
— Иброҳим ака, нима деб ўйлайсиз, Нитше вафот этгач, «Зардўшт таваллоси»нинг таҳрирчилари бўлганмикан?
— Нитшенинг ўлимидан сўнг унинг поёнсиз қўлёзма, ёзишмаларини нашр этиш синглиси Элизабет Фёрстер-Нитшега қолди. У немис миллатчиси бўлган эрининг таъсирида Нитшенинг кўп қўлёзмаларини, талай ғояларини, қарашларини сохталаштиришга уринди. Унинг ва нацизм мафкураси таълимотчиларининг таъсирида Нитшени ирода ҳукмронлиги куйчиси, файласуфи сифатида талқин ва тақдим қилишга, Нитшени мафкура қолипига солишга кўп разил уринишлар бўлди. ХХ асрнинг 50-йилларидан кейин Нитшени, унинг асарлари ва ғояларини сохталаштиришларга бутунлай барҳам берилди. Нитшени инсон камолоти тўғрисида қайғурган даҳо файласуф ва шоир каби англаш, тушуниш, қабул қилиш туфайли у бугун, ХХI асрнинг чинакам файласуфи ва шоири каби гавдаланмоқда. Нитшедан олтитагина ҳикмат ўқиб, бунинг мағзини чаққан одам умр бўйи унга эргашиши табиийдир.
— Нитше ало одамга бориш йўлида инсон руҳининг камолотини уч босқичда кўради: туя, арслон ва бола руҳи. Асар бутунлигича шу формулага асосланади. Яъни Зардўштнинг руҳи дастлаб туя бўлиб («Денгизимнинг қаърлари сокин; унинг тубларида тасқара махлуқларнинг яшириниб ётиши кимнинг ҳам хаёлига келибди!») ўз-ўзини енгади. Сўнгра унинг руҳида арслонга хос ҳукмдорлик ва кибр («Сиз кўтарилмоқчи бўлганингизда тепага қарайсиз. Мен эса пастга қарайман, зеро, мен кўтарилиб бўлганман») акс этади. Кейин эса руҳнинг бола мисол («Олам нақадар теран, ўй ўйлаб етмас ёрон») ҳайрати. Шундан келиб чиққанда, инсон руҳини формулага бўйсундириш мумкинми?
— Нитше «Яхшилик ва ёмонликнинг нариги ёнида» деб номланган асарида: «Одамда махлуқ ва холиқ бирлашиб кетган… одам бу — гил, маъносизлик, хаос… шу билан бирга, одам, бу — яратувчи, меъмор, илоҳий томошабин, чўқмордек шиддат…» деб ёзади. Руҳ махлуқ ва холиқни бирлаштириб туради. Худо одамни Ақл ва Руҳнинг шакли сифатида яратган. У — ҳамма нарсанинг мезони. Руҳ шаклга буйсунмайди, лекин шаклсиз яшолмайди.
— Асарда Зардўшт кўнглидаги гапларини рамзлар воситасида зикр тушиб айтади. Бургутнинг бўйнига чирмашиб олган кўйи қулоғига неларнидир шивирлаётган илон, кавш қайтараётган сигир, тинимсиз тўр тўқийдиган бий ёки «рақс қўшиғи». Ундан ташқари, мифологик образлар.
Фридрих Нитшенинг «Зардўшт таваллоси» асари ўзбек адабиётида ҳам замонни чеклаган рамзий адабиётга «йўлак» очармикан?
— Одамнинг ичида махлуқ ва холиқ доим курашиб туради. Бу кураш бир зум ҳам тўхтамайди. Махлуқ ва холиқнинг кураши, айниқса, тушда жуда рангин ҳамда ўта ибтидоий, ўта сирли шакллар касб этади. Одам мана шу курашда ўзини қайтадан яратади. Мен ўзгардим. У ўзгарди. Одамлар ўзгариб кетди. Бундай гапларни кундалик ҳаётимизда бот-бот такрорлаймиз. Бу ўзгаришлар уларнинг мазмунидан қатъи назар махлуқ ва холиқ ўртасида тўхтовсиз бораётган курашнинг натижаси. Инсон ўзини холиқ каби бунёд этоладими, ало одам даражасига кўтарила оладими? — ҳамма гап шунда. Нитше: «Мени яхши ўқишни ўрганинг!» — дейди. Нитшени яхши ўқиган киши Инсон муаммоси борасида буюк тасаввурга эга бўлади. Махлуқ ва холиқ курашида ўзига ғолиб бир йўлни танлаш қурбатини қозонади.
Умид Ёқубов суҳбатлашди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 13-сонидан олинди.