Зикир Муҳаммаджонов: «Замонавий асар саҳнада яралади» (2010)

Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджонов замонавий ўзбек миллий театр санъатининг йирик намояндаларидан бири. Тўқсон ёшни қарши олаётган таниқли санъаткоримиз ҳамон саҳнада. Етмиш йилдирки, турфа хил қаҳрамонлар ҳаётини яшаб келаётган актёр ўзбек театр санъатининг жонли солномасига айланган, десак, асло муболаға бўлмайди. Халқаро театр байрами арафасида табаррук ёшдаги санъаткоримиз билан ёш актёрлар, режиссёрлар ва драматурглар ижоди, умуман, театр ва театр ходимларининг бурч ва вазифалари тўғрисида суҳбат қурдик.

— Зикир ака, атоқли устоз санъаткор, кўпни кўрган инсон сифатида ўзбек театри бугунги ижодий баркамоллик даврига қандай етиб келди, деб ўйлайсиз?

— Театрнинг бир ажиб хусусияти бор: у вақти-вақти билан янгиланиб ва тозаланиб туради. Шунинг учун биз хоҳлаймизми-йўқми, у ўз вазифасини унутмасдан, жамиятга эзгулик ва ёруғлик бахш этишга интилаверади. Театр шуниси билан ҳодиса.

Жуда кўп давлатларда бўлдим. Уларнинг театр санъатини кузатдим. Шуни билиб қўйиш керакки, хорижий давлатларнинг аксариятида театр театр учун хизмат қилади. Лекин ўзбек театри бошқача. Бизнинг театр, авваламбор, маънавият учун хизмат қилади. У инсонни улуғлайди ва унинг тақдири ҳақида қайғуради. Қаҳрамонларимиз умр бўйи ўзининг кимлигини билиш учун изланади.

Ёдимда, ўтган асрнинг охирида Ўзбекистонга меҳмон бўлиб келган машҳур инглиз режиссёри Питер Брук шундай деган эди: “Ўзбек театри ва унинг актёрларидан кўп нарсани ўрганса бўлар экан. Театр доимо булоқдек тоза бўлиб, инсоннинг қалбини ўзбек саҳнасидек ёритиб туриши керак экан”.

Театр санъатимизни шу эътирофга Етим Бобожонов, Тошхўжа Хўжаев, Александр Гинзбург каби машҳур саҳна юлдузлари тажрибаларини қадрлаган, улар билан ёнма-ён, ҳамнафас ижод қилган, устозларнинг шижоати, саҳна ижодига бўлган муҳаббатини унутмаган актёр ва режиссёрларимиз олиб чиққан.

— Театр санъаткордан доимий равишда изланиб, фидойилик кўрсатиб, ҳаёт талабини, одамлар кайфиятини сезиб яшашни талаб қилади, деган гап бор. Сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай?

— Тўғри айтасиз. Афсуски, айрим актёрларнинг бирор эсда қоларли рол ўйнай олмай саҳнани тарк этган ҳоллари ҳам бўлади. Лекин шуни ҳам унутмайликки, театр тарихида из қолдирган кўплаб актёрлар у ёки бу спектаклда фақат қаҳрамонларни ижро этганлари учун санъаткор бўлиб қолмаганлар. Улар ўзларига берилган ушоққина, эпизодик ролларга ҳам ижодий тақдирларини ҳал қилувчи бир имкон сифатида ёндашганлар. Истеъдодли актёр эпизодик ролда ҳам бош рол ижрочисини сояда қолдириб кетади. Шу ўринда мен устоз Миршоҳид Мироқиловни айтишим мумкин. Бу актёр саҳна тарихида айнан шу кичик роллари билан муҳрланиб қолди. Яъни, гап ролнинг катта-кичигида эмас.

— Санъаткор ҳамиша эл эътиборида. Тўйлар, устма-уст реклама роликларида қатнашишлар, аввало, унинг савияси, қолаверса, обрўйини пасайтираётгандек бўлиб туюлади. Сиз бунга нима дейсиз?

Бунга ўзимиз айбдормиз. Биласизми, айрим ёш ҳамкасбларимга қараб гоҳида жуда ачинаман. 10-12 соатлик иш вақтида шошганча радио-телевидениега югуришади, кетма-кет тўйга боришади. Очиғи, шу тўйлар театр ижодкорларининг обрўсини тушириб қўйди. Буни тан олиш керак. Тўйда аксарият актёрлар ўзларини назорат қилолмаганлари туфайли театрда эришилган ҳурмат ва эътибор бир зумда ювилиб кетяпти. Бизнинг ишимиз нозик. Таниқли актёрларнинг реклама роликларида экранда пайдо бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотларини ва ичимликларни тарғиб қилишлари ҳам тўйга югуриш билан баробар. Шуни ёдда тутиш лозимки, юксак санъат бачканаликни ёқтирмайди.

Бундай ҳолларга ружу қўйиш мешчанликка олиб келади, мешчанлик эса савиясизликка етаклайди. Бундан эҳтиёт бўлиш керак.

Биз театр санъаткорларига ноёб бир вазифа инъом этилган, у ҳам бўлса томошабинлар қалбига кириб бориб, уларнинг руҳиятига таъсир ўтказиш. Бу иш фақат ҳақиқий санъаткор ва катта мўъжизавий кучга эга бўлган театрнинг қўлидан келади. Театрда яхши асар томошабинни ўйлантиради, уни ҳаяжонга солади, руҳий оламини янгилайди. Айнан шу нарса ҳақиқий саҳна санъатининг вазифаси.

Агар эътиборга лойиқ замонавий драма асарлари режиссёрни қониқтирмаса, унда ўзбек ва жаҳон классик асарларига мурожаат этган маъқул. Классикада гап кўп. Аслида театрни театр қилиб ушлаб турган нарса классик асарлар бўлади.

Айни вақтда истеъдодли драматурглар билан бирга замонавий мавзулар устида ҳам тинимсиз иш олиб бориш лозим. Театрни театр қиладиган бу — замонавий мавзу. Бизнинг бугунги ҳаётимизда эса бунинг учун қанча-қанча мавзулар мавжуд.

Яъни, замонамиз қаҳрамонлари образини яратиш олдимизда турган долзарб масаладир. Ватан мустақиллиги, равнақи йўлида умрини бахшида этаётган қаҳрамонларимиз саҳнада ўз ўринларини топишлари керак. Бунда кўп нарса драматургнинг маҳоратига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ҳақиқий замонавий асар театрнинг ўзида яратилади. Ўзига жуда ишониб юборган драматургларни кўрганимда, бир воқеа ёдимга тушади. Жаҳон драматургиясининг отаси Уилям Шекспир дўсти, актёр ва драматург Бен Жонсонга вафоти олдидан шундай гапларни айтган экан: “Ҳар бир асаримни театрга тақдим этар эканман, мени чуқур ҳаяжон ва қўрқув босади. Яратган асаримда бирор-бир нуқсон ёки камчилик йўқмикан, драматургия қонун-қоидаларига, саҳна талабларига жавоб берармикан, муқаддас саҳнага менинг асарим лойиқмикан, деган шубҳа мени қийнайверади. Бу шубҳа ва ҳаяжон сўнгги нафасимгача тарк этмади, шундан бахтиёрман”. Қаранг, Шекспирни Шекспир қилган мана шу ўзидан ҳеч қониқмаслик ҳисси эмасми?

— Ўзбек театрининг эртанги куни, унинг келажаги албатта, кўп жиҳатдан ёш актёрлар ва режиссёрларнинг истеъдод ва изланишларига боғлиқ. Уларга қандай тилакларингиз бор?

— Салкам ўн йил бурун, Миллий театримиз янги биносининг очилиш маросимида муҳтарам Президентимиз ёш театр ижодкорларига: “Сизлар ўзбек театр санъатимизнинг энг яхши анъаналарини асраб-авайлаб, ривожлантириб, келажак авлодларга етказасиз. Миллий ва умумбашарий қадриятларни тараннум этувчи етук асарларингиз билан халқимиз маданиятини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшасиз”, деган эдилар. Энди бундан ортиқ гапни айтиш қийин. Мана, бугун республикамизда ёш режиссёрларнинг “Дебют — 2010” фестивали ўз ишини бошлаяпти. Бундай фестиваллар аввалги йилларда ҳам жуда самарали бўлганди. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбектеатр” бирлашмаси бундай тадбирларни уюштириб, ёш режиссёрларга катта ғамхўрлик кўрсатмоқда. Ўтган фестивалларда ўзини намоён этган режиссёрлар бугун театр санъатини ҳаракатга келтирувчи кучларга айланяпти. Ўйлайманки, бу гал ҳам ушбу фестивал ёш ва истеъдодли режиссёрларни кашф этиб, миллий режиссура мактабини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади. Ёш режиссёрларга омад ёр бўлсин, дейман. Барча ҳамкасбларимни Халқаро театр куни билан чин қалбимдан табриклайман.

Аҳмаджон Раҳимов,

санъатшунос

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 13-сонидан олинди.