Увоққина қалби қайғуга тўлиб,
Не ажаб, бир қатра ёш пардасидан
Олам кўринади ёшга ғарқ бўлиб… Бир қушча қувнайди бўғот тагида,
Увоққина қалби қувончга тўлиб,
Не ажаб, бир зарра нур пардасидак
Олам кўринади нурга ғарқ бўлиб…
Ҳа, ҳамма гап дунёни қайси нуқтадан туриб, қайси кўз билан кузатишда — юксакликка кўтарилибми ёки тубанликка тушибми… Дунё «янги тафаккур» палласига қадам қўйди. «Умумевропа уйи», «Умумосиё уйи», «Умумафрика уйи», «Умумамерика уйи» бирикиб, бир кун одамзотнинг «Умумдунё қўрғони»га айланса, ажабмас. Биз, ўзбеклар машъум шахсга сиғиниш ва турғунлик йилларидан мерос қолган чўнқирлик — зўравонликнинг сассиқ ўрасидан чиқиб, дунёга кўз солишимиз, дунёни ўзимизга, ўзимизни дунёга қиёслаб боқишимиз, шу йўсинда ўзимизни ҳам, дунёни ҳам янгича баҳолашимиз лозим ва лобид. Бошқача айтганда, ўзимизни ҳам, қадриятимизни ҳам, орзу-армонларимизни ҳам бир йўла дунё тарозусига қўйиш пайти келди. Нега? Негаки, биз ҳам шу дунёнинг бир бўлаги, башариятнинг бир парчасимиз. Бировлардан камлик еримиз йўқ. Янгича тафаккур миллатлараро остинлик, устунликни рад этади. Инчунин, тенглар сафида тенгмиз. Биласиз, тенглик ва озодлик — тарихнинг, асрларнинг ўтли фарёди. Тенглик ва озодлик — дунё тафаккурининг авж нуқтаси. Тенглик ва озодлик — жаҳон тарозусининг икки палласи. Тенглик йўқ жойда озодлик, озодлик йўқ жойда тенглик йўқ… Мана, бугун жаҳонга жорий этилган тарозу. Бошқача мезон энди кетмайди…
Шоир Жамол Камол билан суҳбатимиз ана шундай қизғин пардаларда бошланди. Биз бир неча саволлар билан унга мурожаат этдик.
— Жамол ака, суҳбатни ҳозирги мулоқотларда анъанавий тусга кирган мавзу — қайта қуриш ва ошкораликка бўлган муносабатингиздан бошласак. Айтингчи, республикамизда қайта қуришни тезроқ амалга ошириш учун нималарга кўпроқ эътибор бериш керак?
— Неча бор кузатганман: «қайта қуриш» деса, бировлар жонланиб, «ёниб» кетади, бировлар мийиғида кулиб, қўл силтайди, бировлар маъюс тортиб, ўй-хаёлга ботади… Лекин қайта қуриш — ҳаёт-мамот масаласи эканлигини ҳамма ҳам етарли даражада тушунармикан? Ёлғиз биз учунмас, дунё учун ҳам. Бизда қайта қуришнинг қанчалар амалга оширилиши дунё тақдирини белгилайди. Дунёнинг тонглари келажакда ёруғ бўладими, қоронғу — бизнинг қайта қуришимизга боғлиқ. Шу туфайли ҳам буткул дунё нафасини ичига ютиб, бутун жисму жони кўз ва қулоқ бўлиб, бизни кузатиб турибди: «Уддасидан чиқишармикин? Ҳориб-чарчаб аро йўлда қолишмасмикин? Унда нима бўлади?» ва ҳоказолар…
Сиз Республикада қайта қуришни сўрадингиз. Нега умумиттифоқ миқёсида эмас? Ахир, Ўзбекистон — Совет Иттифоқининг бир бўлаги, то Иттифоқда қайта қуриш амалга оширилмас экан, бизда қайта қуриш қилиб бўлмайди. Биз, ўзбеклар баъзан керагидан ортиқ даражада андишали ва камтаринмиз. Нуқул республика миқёсида ўйлаймиз, умумиттифоқ доирасида гапириш гўё ноқулай. Келинг, шу сафар ана шу анъанани бузамиз. Хўш, нима қилса, қайта қуриш умумиттифоқ доирасида тезроқ оёққа қалқади? Мен шу ҳақда кўп ўйлайман.
Шундоқ ён қўшнимиз Қозоғистоннинг Семипалатинск шаҳри яқинида атом синов полигони бор: бир йилда ўн саккизта бомба портлатилади. Бундай полигонлар Иттифоқда битта эмас. Кетадиган сарфу харажатларни чамалаб кўринг: миллиард-миллиард пул. Халқнинг пешона теридан йиғилган маблағ. «Мудофаа учун» деб ўтказилаётган ана шу синовларни вақтинча тўхтатиб турса, нима қилади? Ахир, шусиз ҳам қиёмат қойимни бир қадам қилиб қўйибмиз-ку…
Бойқўнғирдан космик кемалар фазога кетма-кет парвоз қилиб турибди. Бир учиш — бир республиканинг йиллик бюджетига тенг, дейишади. Шуларнинг шарофати билан баҳорда қор, ёзда ёмғир ёғади. Экин-текин, боғ-роғларга қанча зиён, қанча зарар… Хўш, шу учишларни икки-уч йилга тўхтатиб қўйса, осмон узилиб ерга тушадими? СССР халқ депутатларининг биринчи съездида академик А. Сахаров ғалати бир гапни айтиб қолди. Америка Қўшма Штатлари, ГФР ва Хитой Халқ Республикаси қуролли кучларини қўшиб ҳисоблаганда ҳам бизнинг армиямиз уларникидан кўпроқ экан. Эшитиб қулоқларимга ишонмадим. Наҳоткн, ахир бу қанча куч, қанча харажат дегани. Демак, миллион-миллион инсонлар умри ҳарбий машқларга сарфланиб, зое кетяпти. Россиянинг марказий районларида қарийб бир миллион ҳовли-жой кимсасиз, қаровсиз, ҳувиллаб ётибди. Улар агрофидаги экилмай ётган беҳад-беҳисоб далалар-чи… Ана шу майдонларда дехқончилик қилиб, ризқ-рўз ундирадиган йигитлар отишни машқ қилиб, ер тепиб юришибди. Хўш, инсофданми шу? Хуллас, армияни кескин қисқартириш керак. Тўғри, ҳозир қисқартиришяпти, лекин бу кифоя эмас… Ҳа, ривожланаётган мамлакатларга бераётган ёрдамларимиз-чи? Бир йилда — олтмиш миллиард сўм! Уларнинг баъзиларида турмуш даражаси бизникидан баланд. Бизда аҳолининг 86,5 фоизи — камбағал. Қирқ миллион киши камбағалликдан ҳам тубанда яшайди…
Шу аҳволда ҳотамтойлик қилиш ақлга сиғадими? Мамлакатда ҳукм сураётган вазиятни ҳисобга олиб, четга моддий ёрдам кўрсатишларни дарҳол тўхтатиш керак… Лоақал ана шу тадбирлар амалга оширилса ҳам, мамлакатнинг томирига қон югурар, кескинлик, таранглик йўқолар, одамлар эркин нафас оларди.
Энди Ўзбекистонга қайтайлик. Болтиқбўйи республикаларини бекорга «қайта қуриш байроқдорлари» дейишмайди. Улардан ибрат олиш даркор. Тасаввур қилинг: бир отанинг ўн беш ўғли бор. Ўн беш ўғилда ўн беш оила: хотин-халаж, бола-чақа дегандек… Қозон битта, битта дастурхон атрофида ўлтириб овқатланишади. Ҳамма ёқ қий-чув, аралаш-қуралаш, тартиб-интизом йўқ, роҳат-фароғат оз, қут-барака ҳам ҳалигидек… Шунда табиийки, ақлли ота охир-оқибат ўғилларини чақириб: «Болаларим, мана, кўпайишиб қолдингиз, энди ҳадеб бир-бирингиз билан туртишиб-суртишмай, ҳар ким ўз уйида тартиб ўрнатсин, ўз қозонини ўзи қайнатсин. Ҳа, мени ҳам унутманглар, ҳолимдан хабар олиб туринглар», — дейди. Чамамда бизда ҳам шундай бўляпти. Бу — яхши. Ўн беш республикада тартиб ва фаровонлик яратилса, бутун мамлакатда тартиб ва тўкинлик ҳукм суради. Хуллас, пайсалга солмай, республикани хўжалик ҳисобига ўтказиш, иқтисодий мустақилликка эришиш лозим. Халқимиз етиштираётган пахта, пилла, қоракўл тери, гўшт, сут, мева ва сабзавот маҳсулотлари ҳамда қазиб олинаётган газ, нефть, тилла каби ер ости бойликларига жаҳон бозори харид нархлари талабларидан келиб чиқиб, нарх қўйиш — бирламчи вазифа. Пахтанинг сув текинлиги маълум. Бир килограмм пилла жаҳон бозорида 136 сўм туради. Бундан кўз юмиб, бор-йўғи олти сўм тўлаб, ўзбек пиллакори қўлидан уни қоқиб олиш — инсофдан эмас. Биздан фақат пахта, пилла каби қимматбаҳо хом ашёлар эмас, ҳаттоки озуқабоп кунжара, маккажўхори каби маҳсулотлар ҳам қириб-қиртишлаб ташиб кетилар экан. Мен буни нима деб аташни ҳам билмайман… Табиийки, бу турмуш машаққатини ошириб, турли норозиликларга сабаб бўлмоқда. Ҳар бир халқ, ҳар бир миллатнинг сиёсий-иқтисодий ҳақ-ҳуқуқлари тўла таъмин этилмас экан, қайта қуришда илгари силжиш бўлмайди.
— Гапингиз ўз-ўзидан миллий масалага келиб тақалаяпти. Айни кунларда миллий масала мамлакатимиздаги энг долзарб, энг оғир муаммолардан бири. Миллий келишмовчиликлар, норозиликларнинг туб илдизи нимада, деб ўйлайсиз?
— Одамзод дунёга келибдики, дунёни англашга, дунё кўзгусига солиб ўзини танишга интилади. Шуни ўйлаб, тўхтовсиз йўл босади. Йўл бошида у ёлғиз эди, кейин уруғ қабила-бўлди, қабилалар элатга уюшди, элатлар қовушиб— халқ, халқлар бирикиб, миллатга айланди. Миллат — инсоният ривожининг олий чўққиси, одамзод камолининг тимсоли мужассами. Ленинизм байроғи остида иш кўрган сталинча бюрократия ана шу олий ҳақиқатни бир йўла рад этмоқчи бўлди. Ҳамма жойда миллатга човут солди, миллий қадриятларга ўт очди, миллатнинг қонуний ҳақ ва ҳуқуқларини тупроққа қориштирди. «Миллатчи» (ўз халқининг равнақинн кўзлаган киши) сўзининг асл маъносини бузиб, уни «душман» сўзига тенглади. Миллатларни нари уриб, бери сурди. Уларнинг азалий отларини ўчириб, янгидан ном қўйди. Мана, эшитинг:
Иосиф Сталин — азиз отамиз,Ўзингиз бердингиз халқимизга ном.
Шунинг-чун ўзбеклар ҳар қутлуғ ишда
Азиз номингиздан олади илҳом…
Ғафур Ғулом қаламига тегиш бу мисралар замирида халқимиз тарихининг неча бир фожиали саҳифалари яшириниб ётибди… Сталинча бюрократия миллатларни истаса бор, истаса йўқ қилди. Қарор чиқариб «совет халқи» деган янги бир миллат жорий этмоқчи бўлди. Аммо декрет билан миллат яратиб бўлмаслигини хаёлига ҳам келтирмади. Энди мулоҳаза қилиб қаранг: жамиятимизнинг аввал асосини советлар ҳокимияти ташкил этади. «Совет жамияти», «Совет мамлакати», «Совет халқи» деган тушунчалар шундан келиб чиқади. Шундоқ эмасми? Бугун маълум бўлишича, орадан етмиш йил ўтса ҳамки советларга ҳали ҳокимият берилмаган экан… Шу пайтгача «Совет ҳокимияти» деб юрганимиз нисбий бир гап экан. Унда юқорида саналган тушунчаларнинг аҳволи нима кечади? Демак, улар ҳам нисбий, ясама гаплар экан-да…
Ўша уқубатли йиллар СССР Конституцияси «эркин, тенг ҳуқуқли, суверен» деб аталадиган, республикаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари амалда назар-писанд этилмади. Бу беписандлик ҳамон давом этяпти. Атроф-муҳитни омонсиз заҳарлаётган Навоий саноат комплексининг марказга бўйсунувчи заводлари, раҳбарлари республика матбуоти вакилларини қабул қилишмаяпти. Уларнинг иддаоси маълум: «Биз Ўзбекистонда яшаймиз, унинг суви, ҳавоси, бойликларидан баҳраманд бўламиз, лекин Ўзбекистоннинг ўзини тан олмаймиз!» Бу — сталинча, брежневча сиёсатнинг оқавалари. Дарвоқе, марказий министрликлар томонидан миллий республикаларга гўёки мустамлака деб қараш майллари СССР халқ депутатлари биринчи съездида кескин танқид қилинди.
— Мазкур съезд совет кишиларининг сиёсий мафкурасида бутунлай тўнтариш ясади, десак, янглишмаймиз. Лекин редакциямизга «Съездда шунча гаплар айтилди, бироқ амалда ҳеч қандай ўзгариш сезилмаяпти» деган маънода кўплаб хатлар келмоқда. Сизнингча, анжуман халқ ҳаётини яхшилашга бирор туртки берадими?
— Фалсафа тарихида «Аввал сўз яралганми ёки дунё?» деган масала бор. Одатда аввал сўз яралган, дейишади… Съездда йиллар бўйи одамлар қалбида тош бўлиб чўкиб ётган аччиқ ҳақиқатлар, ҳаққоний сўзлар бирдан тилга келди. Тилга келдию дунёни ларзага солди. Андрей Сахаров, Юрий Власов, Сергей Залигин, Евгений Евтушенко, Чингиз Айтматов, Ўлжас Сулаймонов, Тўлабберган Қаипберганов, Болтиқбўйи республикалари вакилларининг оташин сўзлари ёдингиздами? Бу сўзлар шунчаки сувга отган тошдек изсиз, самарасиз кетармикин? Йўқ, ишонмайман. Хайриятки ўзимиздан борган депутатлар орасида Одил Ёқубов бор экан. Ёзувчининг сўзи билан ўзбек халқининг юзи ёруғ бўлди. У ҳам бошқаларга ўхшаб, оғзига сув солиб, тавозе билан ўлтирса ҳолимиз не кечарди? Яқинда СССР Олий Совети мажлислари яна давом эттирилди. Бирор ўзбек минбарга чиқиб, дардимизни айтармикан, деб соатлаб телевизорга кўз тикамиз. Қани энди чиқа қолса!.. Чиққани ҳам майда-чуйда гапдан нарига ўтолмай, энсани қотиряпти. Ахир бутуниттифоқ минбарида туриб, муҳокама, мунозара юритиш учун билим керак, тафаккур керак. Ёлғиз илғор ишчи, илғор колхозчи бўлишнинг ўзи камлик қилади. Хўш, бизда муносиб номзодлар йўқ эдими? Академик Мирзаали Муҳаммаджоновни нега сайлашмади? Абдураҳим Пўлатовни нега сайлашмади? Сайлашмади эмас, сайлашга қўйишмади. Мана бугун раёсатда кўкракни ғоз кериб, уят ва хижолатпазликни кўриб, ўзимизни кўрмаганга солиб ўтирибмиз. Бу халқимизга сабоқ бўлиши, бошқа такрорланмаслиги керак. Давлатимизнинг олий органларига «фалон қадар ишчи», «фалон нафар колхозчи» эмас, ким бўлишидан қатъи назар, халқ дарди билан яшайдиган, чуқур билимли, кенг тафаккурли, чинакам интеллектуал кишилар сайланмоғи даркор.
Энди ўзгаришлар хусусида. СССР халқ депутатларининг съезди чақирилиб, унда аччиқ ҳақиқатларнинг рўй-рост айтилиши — биринчи ижобий ўзгариш. СССР Олий Совети мажлисида Эстония, Латвия, Литва республикаларини хўжалик ҳисобига ўтказиб, уларга иқтисодий мустақиллик берилиши — иккинчи яхши ўзгариш. Тўғри, бу ўзгаришлар кутилган даражада эмас. Русларда «Тоғ сичқон туғибди» деган нақл бор. Ҳар қалай, сичқон бўлса ҳам — туғибди-ку. Ҳеч вақо туғмаса, нима қилардик?.. Энди қўл қовуштириб ўтирмай, ҳаракат қилиш керак. Хўжалик ҳисобига ўтиш, иқтисодий мустақилликка эришиш — Ўзбекистон учун ҳам ҳаёт-мамот масаласи. Республикамизнинг бойликлари, моддий-иқтисодий имкониятлари Эстонияникидан кам эмас, ортиқ. Бу икки карра икки — тўртдек ҳаммага аён ҳақиқат. Лекин баъзи ваъзхонлар ана шу кўриниб турган ҳақиқатни ҳам бузиб кўрсатмоқчи бўлишди. Ўзбекистонни «текинтомоқ», «боқиманда» дейишгача бориб етишди. Ҳали ҳам аҳён-аҳёнда шу гапни такрорлаб, минғирлаб юришибди. Ҳа-да, пахтанинг харид нархини карам ва картошкадан ҳам кам қилиб қўйгач, бундан бошқача бўлиши мумкинми? Халқ бундай ваъзхонларга энди ишонмайди.
— Дин — жаҳолатдир, деган ақида энди эскириб қолди. Ҳатто Чингиз Айтматов ўзининг «Қиёмат» романида дин вакили Авдий Каллистратовни ҳозирги даврнинг энг пок кишиси сифатида гавдалантиради. Бугунги одамларнинг ваҳшийлашиб кетишига диний эътиқоднинг йўқолиб бораётгани сабабдир, деб талқин этади. Айтматов фикрига қўшиласизми?
— Қўшиламан. Дин — тарих, дин — тажриба, дин —тарихий маърифат ва донишдир. Ёлғиз бугина эмас. Дин — меҳр ва шафқат, инсоф ва диёнатдир, инсоният ўзи устидан ўзи ўрнатган олий назоратдир… Хўш, инсонга ўз-ўзини назорат этиш нега керак? Ҳайвонларга табиат ато этгани — ёлғиз жисмоний куч, холос. Одамзотга ҳам жисмоний куч берилган, ҳам ақл-заковат. Ана шу икки қувватга суянган инсоннинг қудрати нақадар чексиз…. У нималарга қодир эмас!… То инсоф ва диёнат кучи билан тўғри йўлга солиб турилмас экан, инсон ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам мавҳ этиши мумкин. Хулласки, инсонга инсоф ва диёнат керак. Бунга тарихимиз кафил. Биз яқин-яқинларгача буюк файласуф шоир Хўжа Аҳмад Яссавийни художўйликда айблаб, маломатларга кўмиб юрдик. Инсоф билан айтинг: дунёда қайси улуғ ижодкор худога ишонмаган? Пушкин ишонмаганми? Гоголь ёки Толстой ишонмаганми? Данте-чи? Шекспир-чи? Аҳмад Яссавий ҳам ишонган ва ўз ишончига суянган. Биласизми, нега? Тасаввур қилинг: бек жабр қилса, кимга арз қиласиз, султонга борасиз; султон зулм қилса, кимга арз қиласиз? Худога. Аҳмад Яссавий ҳам худони ўртага қўйиб, жаҳон ҳукмдорларини инсофга чақирган. Демак, унинг учун худо — восита, назорат воситаси, мақсад эмас. Мақсад — инсонга шафқат, инсоф ва адолат…
Энди бугунги кунга қайтайлик. Яқинда марказий телевидение орқали хабар қилишди: Семипалатинскда ўтказилган атом синовлари таъсири остида 110 киши касалга чалиниб, ўз-ўзини осиб ўлдирибди. Инсоф-диёнат бўлса, шунгача бориб етармидик? Бизда инсоф бўлса, зарур эҳтиёт чораларини кўрмасдан, Чернобиль атом электр станциясини ишга туширармидик? Бизда инсоф бўлса, америкаликлар Вьетнамда қўллаган даҳшатли заҳар — бутифосни ўн беш йиллаб ўз халқимиз устига сочармидик? Бизда инсоф бўлса… яна қай бирини айтай? Худодан қўрқмагандан қўрқ, деб бекорга айтишмаган. Биз ўн йиллаб, ўзимизга ҳам, ўзгаларга ҳам қўрқинч солиб яшадик. Дунё ҳозир нафасини ичига ютиб, инсоф-диёнат йўлини тутармикин, деб бизни кузатиб туриши бежиз эмас…
Бу — масаланинг бир томони. Масаланинг иккинчи томони шундаки, динни кўр-кўрона рад этиш — инсониятнинг минг йиллиқ маънавий тажрибасини рад этиш, ўзни доно санаб, динга эътиқод этган ва этаётган миллиард-миллиард инсонларни ялписига нодонга чиқариш деган гап. Хўш, ақлга, мантиққа сиғадими шу? Ҳозир дунёнинг кўпгина мамлакатларида пайғамбарлар тарихини ўқиб, ўрганишяпти. Бу — табиий. Чунки, бу «инсоният тафаккури» деб аталган сўнгсиз дарёнинг изма-из ёки ёнма-ён тўлқинлари.
Мендан гоҳо «худо борми?» деб сўрашади. «Художўйга худо бор, худосизга худо йўқ» деб жавоб бераман. «Космонавтларимиз осмони фалакни кезиб, ҳаммаёқни титкилаб чиқишди, лекин худони кўришмади» деб менга эътироз этишади. «Кўзи борлар худони кўради, кўзи йўқлар худони кўрмайди» деб жавоб бераман мен. Ахир, худо етти қават арш устида калтак кўтариб турган, серсоқол, қаҳрли бир қария эмас. Худони атеистларча жўн ва схематик тушуниш бу. Хўш, худо ким? У — Худо. Сўнгсиз қудрат, юксак ҳақиқат, қутлуғ инсоф ва адолат, мислсиз сирри хилқат рамзи. Бутун дунёни тўлдирган эзгуликнинг мўътабар исми. Олий ном. Олий. тимсол. Ҳусни мутлақ… Меҳри мутлақ… Жонсиз ва жонли табиатда унинг жилваси. Қимирлаган ҳар бир жонда унинг нафаси. У — инсоннинг чексиз камолот йўлидаги сўнгсиз порлоқ нуқта. Шуъласи оламга таралган… Унга етишиб бўлмайди, фақат яқинлашиш мумкин… Инсон ҳар гал унинг шуъласига ўзини солиб, ўз-ўзига, баҳо беради. «Худоё, — дейди у — тирик жон ато этганингга, инсон қилиб яратганингга шукур! Лекин мен ана шу ҳимматингни оқлаяпманми? Меҳру мурувватингга муносиб яшаяпманми? Сенга банда, яъни инсон бўлишни эплаяпманми?» Шундай дейдию яна юксакликка, камолотга интилади…
— Инсонни борлиқ оламнинг эгаси, дейишади-ку…
— Бундоқ дейиш жуда катта кетиш бўлади. Бу — ўйламай-нетмай, ғоят манманлик, такаббурлик билан айтилган сўз. Тасаввур қилинг: чексиз-чегарасиз ўрмон. Унда беҳад-беҳисоб дарахтлар ўсади. Шу дарахтларнинг бирида, аниқроғи, унинг битта бутоғида ёлғиз бир уяча бор. Ана шу уячада ёлғиз бир қушча яшайди. Ой ўтиб, йил ўтиб, қушча қанот чиқаради ва бир гал «пирр» этиб учиб, ошиёнини гир айланиб, яна ўрнига қўнади. Атрофга мағрур кўз солиб, дейди: «Шу чексиз — чегарасиз ўрмон меники! Мен унинг танҳо хўжасиман!» Қушчанинг шу айтганига сиз ишонасизми? Ахир, шу чексиз-чегарасиз ўрмоннинг наҳот шу қушчадан бўлак эгаси бўлмаса?..
— Шу кунларда республикамизда «Тиллар тўғрисидаги қонун» муҳокама этилмоқда. Лойиҳага ва матбуотда билдирилаётган фикрларга муносабатингиз…
— Лойиҳанинг яроқсизлиги такрор-такрор айтилди ва айтилмоқда. Аввало унинг айтилиши чатоқ. «Ўзбек тили тўғрисида қонун» бўлиши керак эди, тиллар тўғрисидамас. Нега? Негаки, Совет Иттифоқида ҳар бир тилнинг ўз қонуний эгаси бор. Рус тилининг қонуний эгаси РСФСР, украин тилининг расмий эгаси — Украина ССР, тожик тилининг эгаси — Тожикистон ССР… Биз ўз тилимиз ҳақида қонун чиқара оламиз, бошқа тиллар ҳақида қонун чиқариш кафолати бизга берилмаган. Тўғри, «Ўзбек тили тўғрисидаги қонун»да бошқа тилларни ҳам муҳофаза этиш, асраб авайлаш ҳақида гапириш лозим. Аммо бу уларга қонуний мақом бериш, деган гап эмас. Қонуний мақомни уларга ўз қонуний давлатлари — республикалари беради.
Тил комиссияси тайёрлаган ва Сарвар Азимов тақдим этган («Правда Востока», 22 июль) лойиҳаларда ўзбек тили — Ўзбекистон ССРнинг давлат тили, рус тили — миллатлараро муомала тили, деб кўрсатилибди. Ўқиб, ажабланасан киши. Бу ерда биринчи гап иккинчини, иккинчи гап биринчини рад этиши наҳот муаллифларга аён бўлмаса? Ўзингиз ўйлаб қаранг: ўзбек тилига давлат тили ҳуқуқи берилди, дейлик. Демак, давлат идоралари тили — ўзбек тили. Лекин ўша давлат идораларида турли миллат вакиллари ишлайди. Уларнинг ўзаро муомала тили — рус тили… Хўш, бундан ортиқ мантиқсизлик бўладими? Республика давлат тили шу республика миқёсида миллатлараро муомала тили бўлмас экан, унинг давлат тили эканлиги — ёлғон. Ва аксинча: Республикада миллатлараро муомала тили — давлат тили эмас экан, бу ҳам — кулгули бир гап… Ўзбекистонда давлат тили ҳам, миллатлараро муомала тили ҳам — ўзбек тили. Тўғри, кези келганда рус тили ва бошқа тиллардан ҳам фойдаланиш керак. Лекин бу ўзбек тилининг давлат мақомига дахл этмаслиги, унга соя солмаслиги шарт. Рус тилининг ўз қонуний ўрни бор. У — Россия тили, умумиттифоқ минбарлари тили, халқаро муносабатлар тили. Шунинг ўзи кифоя эмасми?
Ўзбекистон аҳолисининг 72,5 фоизини ўзбеклар ташкил этади. Республикада яшовчи қозоқлар, қирғизлар, тожиклар, туркманлар, қорақалпоқлар, турклар, озарбайжонлар, татарлар, бошқирдлар, чувашлар, қумиқлар, уйғурлар, қрим-татарларни қўшиб ҳисоблаганда ўзбек тилини билувчилар сони 90 фоиздан ошади. Шунинг учун ўзбек тили Ўзбекистонда миллатлараро муомала тили эканлигини ҳам кўрсатмайдими? Аслидаку «Миллатлараро муомала тили» деган модданинг сира ҳожати йўқ. Бу — тўқиб чиқарилган гап. Дунёдаги бирор конституцияда учрамайди. Ҳаттоки давлат тили тўғрисида бундан ўн йиллар олдин қонун қабул қилган Арманистон, Озарбайжон, Грузия, конституцияларида ҳам бу ҳақда бир нима дейилмаган… Одамлар ўзаро қайси тилда гапиришади, қайси тилда муомала қилишади, бу уларнинг инон-ихтиёридаги нарса. Буни қонунга солиш, қонунлаштириб қўйиш — бачканалик, бюрократизм ва ҳаттоки инсонларнинг инсоний ҳақ-ҳуқуқларига дахл этиш билан баравар. Ҳуда-беҳудага ўзбек тили ёнига рус тилини тиқиштира беришга келсак бу — ўзига хос зўравонлик белгиси, монокультура оқибати…
— Тушунмадим…
— Бизнинг жамиятимиз — монокультура жамияти. Биз умр бўйи битта шахс, битта дунёқараш, битта йўл, битта экин, битта тилга сиғиниб яшаймиз. Рус тилини улуғлаб, уни кўкларга кўтариб, нималар деб мақтамадик! Ҳолбуки, мамлакатда кўпчилик кишиларнинг рус тилида гапириши бу тилнинг танҳо гўзаллигию мислсиз улуғлиги туфайли эмас. Бу — тарихнинг ҳукми, замонанинг зайли. Агар тарих буюрсаю замона зайл этса, бошқа тилларни қўя туринг, ўша узоқ шимолдаги чукчалар тили ҳам шундай қудрат ва қамров касб этиши ҳеч гапмас. «Улуғ халқлар бўлмайди, улуғ шахслар бўлади» деган эди Карл Маркс. Бунинг бошқа бир маъноси: «Улуғ тиллар бўлмайди, улуғ шоир ва ёзувчилар бўлади» демакдир. Бир тилда бир киши гапирсин, бошқа тилда — миллиард киши, лекин улар ўз яратувчиси, табиат олдида… теппа-тенг. Ва инсонлар учун бирдек азиз ва мўътабар. Чунки, униси ҳам, буниси ҳам — инсон тили. Айтайлик, бир хил гул юз гектар майдонда ўсади, бошқа гул-кафтдек бир ерда. Лекин бундан уларнинг моҳияти, қиймати ўзгармайди. Униси ҳам, буниси ҳам — гул, табиат фарзанди. Бу — олий ҳақиқат, таъбир жоиз бўлса, илоҳий адолатдир. Биз ана шу ҳақиқат ва адолатдан кўз юмдик.
Бошқа тилларни нари суриб, бутун мамлакатда рус тили монокультурасини жорий этдик. Энди мана шундан воз кечиш қийин бўляпти, худди пахта яккаҳокимлигидан қутилиш оғир кечаётгандек…
Рус тили бепоён Россияда дахлсиз, шериксиз, эркин жаранглайди. Масалан, Эстон халқи ҳам бир парча тупроғида ўз тилининг шундай дахлсиз, шериксиз, эркин жаранглашини орзу қилади. Юрагида эзгулик ҳисси, адолат туйғуси бўлган кишилар буни қўллаб-қувватлашлари, бунга фақат хурсанд бўлишлари керак. Ўзбекистон ҳам худди Россия ёки Эстония каби — мустамлака эмас, тенг ҳуқуқли, суверен республика. Ўзбек халқининг шу ёруғ дунёдаги яккаю ягона қонуний давлати. Бошқа Ўзбекистон йўқ. Қонуний ягона давлатимизнинг қонуний ягона давлат тили ўзбек тили бўлиши — биз учун қуёшдек равшан ҳақидат,
Лойиҳалар муносабати билан баъзан ўйлаб-ўйламай, алмойи-ажмойи гаплар айтиляпти. Бу борада айниқса, «Ташкентская правда» ва «Правда Востока» газеталари «соврин» олишяпти. Яқинда «Правда Востока»да ғалати бир мақола босилди. Эмишки, ўзбек тили давлат тили бўлса, ўзбек йигитлари рус тилига қандай ўрганади?.. Бундан ҳам ортиқроқ тутуриқсиз гап бўлиши мумкинми? Ажобо, арманлар, озарбайжонлар, грузинлар рус тилини биздан ёмон билишадими?. Ахир, улар аллақачон ўз тилларини давлат тили деб эълон этишган-ку… .
Адашмасам, «Ташкентская правда» газетасида бир рус инженери ўзбек тилининг луғат бойлиги 60 минг сўздан иборат, рус тилиники — бир неча юз минг, шунга кўра, ўзбек тили давлат тили бўлолмайди, деб ёзди. Надоматлар бўлсинким, худди шу газетада бу чалкаш ва бетайин гапни Ўлмас Умарбеков ҳам ёзди. Хўш, инженер-ку, инженер экан, ёзувчини нима дейиш мумкин. Ёзувчи деган бир гапни айтишдан олдин бундоқ сўраб-суриштирмайдими? Бу ерда «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»га жамланган 60 минг сўз рус тилининг жамийки сўзлари — бор бисотига қиёс этилибди. Бу — адолатдан эмас, «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» «Рус тилининг изоҳли луғати»га қиёсланмоғи лозим эди. Муаллифи С. И. Ожегов бўлган мазкур луғатда бор-йўғи 57 минг сўз бор, холос. Ўзбек тилининг бор бисоти баҳоланадиган бўлса, ундаги сўзлар нуфузи бир неча юз минг эмас, миллионга етади…
Болага она тили — она сути каби ҳаётбахш. Бу илмий жиҳатдан исбот этилган. Халқаро илмий кузатишлар, айниқса, Скандинавия мамлакатлари олимлари тадқиқотларида шу нарса исбот этилганки, боланинг келажакда етук шахс бўлиб етишувида унинг она тилида гапириши бағоят муҳим. Бола камида ўн бир ёшгача она тили муҳитида шаклланмоғи даркор. Бу ҳақда халқаро ташкилот — ЮНЕСКОнинг махсус тавсиялари бор… Борингки, бу гаплардан маданият министрининг хабари бўлмасин, аммо у Чингиз Айтматовнинг айни шу мавзудаги чиқишларидан ҳам бехабармикин? Бу деганим — рус тилини ўрганмаслик керак, деган гап эмас. Рус тилини ўрганиш керак. Лекин аввал асос — она тили. У — бамисоли суянч тоғи. Инсон ана шу тоққа таяниб туриб, бошқа тоғларга тирмашади…
Хулоса шуки, биз рус, украин, белорус, арман, озарбайжон, грузин ва бошқа тилларнинг ўз республикалари чегараларида, тарихий территорияларида тўлақонли давлат тили бўлишига тарафдормиз. Мабодо ўзбеклар Арманистонга бориб яшайдиган бўлишса, улар арман тилини ўрганишлари мутлақо шарт ва вожиб. Биз ўзимизга қўйган ана шу талабни бошқаларга ҳам қўямиз: биродарлар, Ўзбекистонда яшамоқчи экансиз унинг иззатини ўрнига қўйиб яшанг, тилини ўрганинг, маданиятини қадрланг, турмуш тарзига риоя қилинг… Тупроғи саховатли, суви роҳат, ҳавоси ёқимли, ноз-неъматлари ширин бўлган юртнинг тили аччиқ бўлмайди.
— Жамол ака, энди анъанавий савол. Ҳозирги ижодий ишларингиз…
— Ора-сира шеърлар ёзиб турибман. Умар Хайём, Абу Али Ибн Сино, Адиб Собир Термизий, Шайх Нажмиддин Кубро, Мавлоно Жалолиддин Румий, Мирзо Абдулқодир Бедил, Амир Хусрав Деҳлавий ижодидан саралаб таржима қилиб, «280 рубоий» деган бир китоб тайёрладим. «Маснавийи маънавий» таржимаси давом этяпти. Аммо кўп вақтим ташкилий ишларга кетяпти. Биласиз, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳузурида Республика таржима маркази очилди. Хорижий тиллардан таржима бўлими мудирлигини менга юклашди. Чамалаб кўрдик: инглиз, француз, немис, испан, араб, форс, турк, ҳинд, хитой, япон тилларидан бевосита ўзбек тилига таржима қилувчилар ҳозир — 200 киши. Мақсадимиз — ана шу сафни кенгайтириш, хорижий тиллардан таржима қилиш тўлқинини республика маданий ҳаётининг қудратли бир оқимига айлантиришдир. Илк қадам сифатида чет эл ёзувчиларининг ҳикояларидан иборат «Муҳаббат» тўпламини тайёрлашга киришдик. Чет тиллардан бевосита таржима қилиб босувчи «Ер юзи» журналини тиклаш ниятимиз бор. Хорижий тиллардан таржима қилиш кучимизга куч, идрокимизга идрок қўшади ва бу алал-оқибатда жаҳонаро миллатлар даврасидаги тенглик ва озодлигимизга хизмат қилади.
Суҳбатни Бобур Тўхтабоев олиб борди.
“Ёш ленинчи” газетаси, 1989 йил 19 август