Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид: “Юртимизда халқаро Қуръони карим илмий марказлари ҳам очилиши керак” (2017)

%image_alt%

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид 1981 йил 12 январда Андижон шаҳрида таваллуд топган. 13 ёшида Қуръони Каримни тўла ёд олган.

Ҳусайнхон қори 2001 йил Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан ўтказилган 11-Қуръон мусобақасининг Республика босқичида иккинчи ўринни олган. 2005 йил Эронда ўтказилган халқаро Қуръон мусобақасида қатнашган. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан ўтказилган 19-Қуръон мусобақасининг Республика босқичида биринчи ўринни олган (2009).

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини тамомлаган (2008-2012).

Ҳусайнхон қори “Навоийдан чу топқайлар навое” (Ҳасанхон қори билан ҳаммуаллифликда) китоби муаллифи. “Олтин силсила” мажмуаси таржимонларидан ва муҳаррирларидан бири. 30 жузлик Қуръони карим қироати аудио диски чиқарилган.

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид ҳозирда Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жомеъ масжиди имом-хатиб ноиби.

— Қори ака, ўтган йили акангиз Ҳасанхон қори билан суҳбатлашганимизда болаларни ёшликдан Қуръони каримга муҳаббатли қилиб тарбиялаш ҳақида фикрлар, шунингдек, фарзандини қори қилмоқчи бўлганларга қандай тавсиялар берган эдилар. Бу борада ота-онангиз қўллаган, айни пайтда сиз ҳам фарзандларингизга қўллаётган усуллар ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Ҳа, сиз зикр қилган суҳбат кўпчиликка фойдали бўлган. Албатта, ўша суҳбатда зикр қилинган тавсиялар айнан ота-онамизнинг бизларга берган тарбиялари ҳамда ўзимиз фарзандларда қўллаётган тажрибалар асосида айтилган. Мен ҳам такрордан қочиш маъносида ўша тавсияларни тасдиқлаган ҳолда айрим нуқталарни қўшимча қилишим мумкин. Саволда сўралганидек, ўз оиламиздан, атрофимиздан мисол келтиришимга тўғри келади.

Фарзанд тарбиясида қисқа қилиб айтганда қуйидаги асосий нуқталарни зикр қилишимиз мумкин:

Биринчидан, инсон ўз фарзандига она ёки ота танлаётганда номзоднинг салоҳиятига қараши, фарздандидан олдин ўзини тарбиялаши лозим.

Отамиз гўзал тарбияли ва тарбияси гўзал инсон эдилар. Фарзандларга катта эҳтимом билан муносабат қилардилар. Онамиз ҳам олийжаноб шахсиятга эга эдилар. Иккалалари ҳам илм-маърифатга, Қуръони Каримга муҳаббатлари чексиз эди. Бу гапларни айтишдан мақсад шуки, ота-онадаги руҳият, ихлос-муҳаббат фарзандларга ўтар экан. Фарзанди тарбияли бўлишини истаган инсон тарбияни аввало ўзидан бошлаши керак. Фарзанд дунёни ота-она даргоҳида танийди. У кўз очиб кўрган нарса илм билан шуғулланиш, китоб ўқиш, Қуръон тиловати, эзгулик бўлса, фарзандлар ҳам илмга чанқоқ, мухлис бўлиб тарбия топади. Фарзанди қори бўлишини истаган инсоннинг кундалик Қуръон вазифаси бўлиши, болалар уни эшитишлари керак. Хусусан, бу борада онанинг ўрни катта. Бола онасида тиловат, мутолаа, илм такрорини кўрса, у ўз-ўзидан илмга, Қуръонга муҳаббатли, қобилиятли бўлиб шаклланади. Акс ҳолда, боланинг кўз очиб кўрган олами турли беҳуда нарсалар, мазмунсиз кўрсатувлар ёки гуноҳ ишлар бўлса, албатта, у шунга яраша тарбия олади.

Иккинчидан, фарзанд тарбиясида гўзал услубларни қўллаш лозим.

Отамиз, гўдак бўлишимизга қарамай, биз билан катта инсон билан мулоқот қилгандек гаплашардилар. Ўқишимизга жиддий эътибор берардилар. Бездирадиган таҳдид қилмас, танбеҳлари ҳам лутфли бўлар эди. Шу қадарки, енгил пўписа қилсалар, биз учун катта мусибат, унутилмас зажр бўларди.

Ҳамма ишда бўлганидек, тарбияда ҳам мўътадиллик муҳим. Фарзанд қийналмасин ҳам, талтайиб ҳам кетмасин. Ўйин-кулгу ва маишатга эмас, ўқиш, илм олишга шароит яратиш муҳим. Баъзилар: “Фарзандимга ҳамма нарсани қилиб бердим, барча айтганини муҳайё қилдим, лекин ўқимаяпти”, дейди. Барча истаклари қийинчиликсиз ҳозир бўлган бола бекордан қийналишни албатта истамайди.

Отамиз дастурхонимизни жуда ҳам тўкин тутганлар. Шунга қарамай, баъзан бир маҳалги овқатланишимиз қайноқ сувга ивитилган қаттиқ нон бўларди. У киши бу ишни атай қилардилар ва “Қаноатни ўрганасизлар-да”, деб қўярдилар. Ҳатто чой ёки шакар ҳам қўштирмасдилар. Яна: “Зеҳнни ўткир қилади бу”, деб қизиқтириб ҳам қўяр эдилар.

Учинчидан, Аллоҳ таолодан бу борада тинимсиз ёрдам сўраши, илтижо қилиши даркор.

Мисрда эканимда ҳозирда интернетда машҳур бўлиб кетган тожик бола Айёмиддин қори ва отаси билан кўришдим. Бола 15 ёшда. Қуръони Каримни тўла ёд олган. Ҳар бир оятнинг қайси сура, қайси саҳифада, нечанчи рақамда келганини айтиб бера олади. Мисрдаги халқаро мусобақада иккинчи ўринни олди. Айёмиддиннинг отаси фарзанди учун ҳар куни соатлаб вақт ажратар экан. Шу билан бирга, ҳар куни таҳажжудда дуо қиларкан. У киши айнан таҳажжуддаги дуоларининг самарасини кўрганини алоҳида таъкидлади.

Тўртинчидан, дуогўй инсонлардан фарзанд ҳақига дуо олмоқ лозим. Олимлар, кексалар, қийналган кишиларга ёрдам кўрсатиб, бирор ҳожатини раво қилиб дуо олинса, янада афзал. Бу энг кўп тажрибадан ўтган самарали иш.

Падари бузрукворимизнинг катта оталари Абдулмажид қози домла деган буюк аллома бўлганлар. Ўз даврида мисли кўрилмаган, Марказий Осиёда саноқли олимлардан бўлганлар. Ёшлигидан беназир қобилият эгаси сифатида танилиб, ўз замондошлари орасида “ладуний илм соҳиби” дея эътироф этилганлар. У кишининг шундай етук даража топишида отаси Абдуллоҳ қорининг хизмати катта бўлган. У киши ўзи аҳли илм ва аҳли Қуръон бўлиши билан бирга деҳқончилик билан шуғулланган. Ўғли Абдулмажид ўқийдиган мадрасага ҳар ҳафта турли озиқ-овқат ва харажатлар қилиб келар, устозу талабаларга ҳадялар тарқатаркан. Аммо ҳаммага ҳадя, тилла тангалар улашиб, фақат ўғлига бермас экан. Ёш Абдулмажид: “Отажон, менга ҳам бир оз пул беринг, ҳаммага бердингиз-ку”, деса, у киши: “Ўғлим, мана шу тарқатаётганларимнинг ҳаммасини сизга беряпман. Мен сочиб қўйяпман, сиз йиғиб оласиз”, дер экан. Топган бор будини шу фарзанднинг олим бўлиши учун сарф қилар экан. Ҳақиқатда Абдулмажид қози домла 97 ёшгача айтганимиздек беназир аллома бўлиб етишганлар, илм ва дин хизматида, эл ардоғида, маърифат аҳлининг тўрида яшаб ўтганлар.

Яна ҳам яқин бир мисол. Миллат устози Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қиблагоҳлари Муҳаммад Юсуф ҳожи дада ҳам фарзандларига кўп дуо олганлар. Устозларининг, илм аҳлининг хизматини кўп қилганлар. Биз у киши билан кўп ҳамсуҳбат бўлганмиз. Ўзлари айтиб берган эдилар. Бухорода ўқиб юрган кезлари ҳар куни бомдодга устозларнинг эшиклари олдига обдастада сув иситиб қўйиб қўярканлар. Кечасида шаҳарнинг бир ерига бориб, қопда кесак тайёрлаб келиб, ҳожатхоналарни тозалаб, тозалагичларини янгилаб қўяр эканлар. Ўша пайтда Муҳаммад Содиқ ўғиллари гўдак бўлган экан. Устозлар у кишининг ҳамда фарзандларининг ҳақларига кўп дуо қилишаркан. Ҳожи онамнинг айтишларича, ҳожи дада бир умр фарзандларининг ҳақларига дуо олганлар. Бор-будларини уларни тарбия қилиш ва ҳақларига дуо олиш учун сарфлаб юборганлар.

Баъзилар аҳли фазл кишини кўрганда “менинг ҳам фарзандим шундай бўлсайди” дейдию, унинг ота-онаси қилган ҳиммат ва меҳнатни қилмайди. Бу эса бир вақтнинг ўзида ҳам тирик қолиб, ҳам шаҳид бўлишни орзу қилгандек гап.

%image_alt%

— Оилада ака-укалар доим бир-бирига тақлид қилади. Айниқса иккаласи тенгдош ва сабоқдош бўлса, ўзаро мусобақалашув бўлиши табиий. Ҳасанхон қори билан Қуръони карим ва бошқа илмларни эгаллашда беллашармидингиз?

— Ёшликда бўлган. Отам ёшликларидаги ўз ака-укалари билан қилган мусобақалашувларини бизга айтиб берардилар. Биз ҳам баъзи усулларни қўллардик. Масалан, баъзан кимдир тунда яширинча уйғониб, бошқа хонага кириб дарс қилар, сездирмаслик учун чироқ ёқмай, шамдан фойдаланар эди. Ҳатто ёпинчиқ ичида одам бордек шаклда қолдириларди. Лекин устозга борганимиздан кейин доим бирга қатнаганмиз. Биримизнинг дарсимиз етмаса, иккинчимиз кутиб турарди.

Баъзан ёшлик қилиб ўйинга қизиқиб кетсак, дарс етмай бурун ўртоқлар ўйинга чақирганда улар томон ошиқиб қолсак, опаларимизга айтардик, улар бизни устунга боғлаб қўяр ва сабоқ етганда ечиб қўйишар эди.

— “Токи ўқиётганларига қорининг ўзи амал қилмас экан, унинг жамоатга таъсири бўлмайди” дейишади олимларимиз. Бу қориларга катта масъулият юклайди. Шунингдек, жамоатдагиларнинг ҳолати ҳам қорининг қироатига таъсир қилар экан. Шундайми?

— Албатта. Қорининг руҳияти жамоатга таъсир қилганидек, жамоатнинг руҳияти ҳам қорига таъсир қилади. Ихлосли қалбларга овоз ҳам юракдан келади. Шунингдек, овоз қулоқдан киради, аммо уни руҳ тинглайди. Машҳур Шайх Абдулбосит қоридан бир суҳбатда шу ҳақда сўралганда у киши: “Қироатнинг таъсири тақвога боғлиқ”, деган эди. Шунингдек, қорининг қироат асносидаги кечинмалари ҳам жамоатга ўтади. Шунинг учун ҳам Шайх Абдулбосит қори қироатга чиқишдан олдин ўзи ўқимоқчи бўлган оятларнинг тафсирларини мутолаа қилар, тиловатдан олдин бир неча дақиқа ёлғиз ўтириб зикр қилар, ундан кейин тиловатга чиқар экан. Қуръонни тўғри ўқий олган киши “қори”, уни тўла ёд олган “ҳофиз” ёки “ҳофизи Қуръон”, бу икки сифатга қўшимча равишда Қуръонни ўз ҳаётига сингдирган ва уни ўзидан кейингиларга етказувчи киши “ҳомили Қуръон” дейилади. Ҳомили Қуръон киши Қуръонни ўқиш ва ёдлаш билан бирга уни яшагани учун унинг қироати таъсирли бўлади, у ўқиганда худди оятлар айни дамда нозил бўлаётгандай бўлади. Аллоҳ таоло биз қориларга шундай “ҳомил” бўлишни насиб этсин!

Шу билан бирга, жамоатнинг ихлоси, муҳаббати ва тушунчаси, ҳатто маънавий ҳолати ҳам қорининг қироатига таъсир қилади. Ибн Касир раҳимуҳуллоҳнинг тафсирида бир ҳадис келади. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сафар намозда қироат асносида адашиб қолган эканлар. Шунда намоздан кейин: “Бирортангиз таҳоратни чала қилиб келганми дейман”, деган мазмунда сўз айтган эканлар.

%image_alt%

— Алҳамдулиллоҳ, юртимизда қорилар сони ва сифати йилдан йилга ошиб бормоқда. Янги диний марказлар очилаётгани ҳам қувончли. Юртимиз қорилари Россия, Украина, АҚШдаги таровеҳларда хатмга ўтишмоқда. Бир неча йиллардан бери Республика қорилар мусобақаси ҳам ўтказиб келинади. Ҳар йили қориларимиз халқаро Қуръони карим мусобақаларида иштирок этишади… Лекин халқаро мусобақаларда бирон марта ўрин ололмаганимиз сабаби нимада деб ўйлайсиз?

— Ҳа, минг шукрлар бўлсинки, қориларимиз йиллардан буён турли халқаро мусобақаларда қатнашиб келмоқдалар. Аммо айтганингиздек, ғолиб бўлганларини кўрмадик ҳануз. Бунинг сабаби ­– бизда ўша мусобақаларга тайёргарлик йўқ. Ички мусобақамиз халқаро меъёрга жавоб бера олмайди. Одатда ҳар қандай мусобақа ва беллашувнинг шарт-шароити, қонун-қоидаси бўлади. Иштирокчилар ўша қоида ва шартлар асосида тайёргарлик кўрадилар. Ҳар ким ўз билимича, ўз одатича тайёрланса, албатта, беллашувда ютқазади. Масалан, бокс бизнинг миллий курашдан кескин фарқ қилади. Боксчиларимиз ўша бокс беллашувларида ютиши учун ўз юртларида бокс мактабларига қатнаганлар, йиллар мобайнида шуғулланганлар ва шунинг учун жаҳон миқёсида ўз ўринларига эга бўлганлар. Агар улар халқаро бокс мусобақасига борсаю, “ўзимизнинг миллий курашга нима етсин”, деб рингда курашга тушиб кетса, қандай бўлади? Бинобарин, бизда ҳам қориларни ўша халқаро Қуръон мусобақаларига тайёрлайдиган илмий марказлар очилиши керак. Ўша ерда тайёргарликдан ўтган ва дарсдошлари орасида ғолиб бўлганлари халқаро мусобақаларга чиқарилса, иншоаллоҳ, Ўзбекистон қорилари ҳам жаҳон қориларининг ғолибларига айланадилар. Шахсан ўзимда кечган ҳолатни эслайман. Эронга борганимда қўлимизга мусобақанинг шартлари топширилди. Не ажабки, биз у шартларни, балки у ерда ишлатилган илмий атмаларни илк бор кўриб турган эдик.

Қисқа қилиб айтсак, қироат уч жабҳадан таркиб топади: овоз, оҳанг, талаффуз. Қорилар аввало бизда “вокал” деб аталувчи овозшунос мутахассисларнинг қўлида овозни очиб, шакллантириб, тўғри йўлга қўйиб олишлари керак. Кейин тажвид устозларидан талаффуз ҳамда вақф-ибтидо қоидаларини ўзлаштирадилар. Ундан кейин эса Қуръони карим тиловатида қўлланадиган арабча оҳангларни, илмий тилда айтганда “мақом илми”ни эгаллайдилар. Шулар тўла ўзлаштирилганда қироат мукаммал қироат бўлиши мумкин. Шунингдек, дунё тан олган устоз қориларнинг тиловатларини кўп тинглаш лозим.

Шу ўринда бир масалага эътибор қаратиш керак. Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон боласи қайси бегона тилни 12-13 ёшгача ўзлаштирса, у ўша тилни ўз она тилидек бехато, нуқсонсиз ўзлаштиради ва нутқ қилади. Ёши катта бўлганда ўрганган тилида ҳар қанча билимдон бўлса ҳам, нутқда тил бегоналиги тепчиб туради. Шунинг учун шаҳарларимизда инглиз ва рус тилларига ихтисослашган боғча, мактаблар бўлганидек, араб тилига ихтисослашган боғча, мактаблар ҳам бўлиши даркор. Бу мактабларда ҳамма дарс араб тилида олиб борилади. Бола 12-13 ёшга бормай ҳофизи Қуръон бўлади. Ўзим гувоҳ бўлганим ихтисослашган мактаблардан бирида болалар инглиз тилини соф ўзлаштиришлари учун Америкадан ўқитувчи ёлланган экан. Биз айтган мактабларда ҳам айнан араб қориларини олиб келиб дарс ўтказиш мумкин. Шундагина қориларимизнинг талаффузи тўла арабий, ажамлик аралашмаган соф нутқ бўлиб, қироатлари арабларникидан қолишмайдиган бўлади, балки энг буюк устоз қорилар даражасига чиқади. Бу арабпарастлик эмас. Футболда ҳам, бошқа соҳаларда ҳам ўша соҳанинг энг етакчи мураббийсини ҳар қанча катта маблағ ҳисобига бўлса ҳам ташқаридан олиб келиб, ундан фойдаланиш амалдаги тажрибадир.  Зотан, улуғ аждодларимиз айнан шундай йўл тутганлар. Шундагина авлодларимиздан яна бухорийлар, насафийлар етишиб чиқиши мумкин.

Имом Бухорийнинг замонларида 5 ёшли болалар ёппасига Қуръонни ёзиб, ўқий олиш малакасига эга бўлган. Имом Бухорий, Ибн Сино, Беруний, Навоий каби алломаларимизнинг ҳаммалари 10 ёш атрофида ҳофизи Қуръон бўлишган. Улар ўз асарларини араб тилида ёзганлар. Имом Замахшарийдек бобокалонларимизнинг араб тили ва балоғатида ёзган асарларини ҳозиргача арабу ажам ўқиб, ўрганмоқда.

—  Қори ака, ўзингиз ўзбек қориларидан кимларга мухлислик қиласиз? Қайси қориларнинг қироати сизга маъқул?

— Мен барча қорига мухлисман. Қориларимизнинг қироатлари бир-биридан ажойиб. Ҳар бир қорининг ўз хоссаси бор. Кимнингдир қироатида маъно қалбга чуқурроқ етиб боради, кимнингдир овоздаги маҳорати, кимнингдир талаффуздаги фасоҳати кишини ром қилади. Бирларини бир хоссаси учун, бошқасини яни бошқа хоссаси учун ёқтираман. Қориларимизнинг халқаро Қуръон мусобақаларидаги иштирокларини кузатар эканман, улар ҳам жаҳон миқёсида яхши ўринга эга эканларини кўраман. Агарчи юқори даражада бўлмасалар-да, қуйи ҳам эмаслар.

Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.