Ҳомиджон қори Ишматбеков 1970 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1991-1997 йилда Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини, 1992-1996 йилда Мадина Ислом университетини тамомлаган. 1996-1999 йиллари Тошкент Халқаро исломий тадқиқотлар марказида илмий ходим вазифасида ишлаган. 1999-2008 йилларда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида оддий ходим даражасидан бўлим бошлиғи лавозимига қадар меҳнат қилган. “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири (2008-2015) лавозимида ишлаган. 1998 йилдан Юнусобод тумани “Муҳаммад Носир ҳожи” жомеъ масжиди имом-хатиби. “Имоми Аъзам васиятлари” (Абдурашид қори Баҳромов билан ҳаммуаллифликда), “Ислом маърифати” (Абулҳасан Нурииймон билан ҳаммуаллифликда), “Аёлни эъзозланг” китоблари чоп этилган, “Ҳидоя”нинг “Никоҳ китоб”ни таржима қилган. 2003-2007 йиллар давомида “Жума мавъизалари” тўпламини тузган ва нашрдан чиқарган.
2007 йилдан бери Республика қорилар мусобақаси бошқарувчи ҳаками сифатида фаолият кўрсатаётган Ҳомиджон қори Ишматбеков билан суҳбатимиз Қуръони карим қироати ва қорилар мавзусида бўлди.
— Маълумки Қуръони каримнинг машҳур етти хил қироати мавжуд бўлиб, бизнинг диёрларда Имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат машҳурдир. Умуман қироатлар орасида қандай фарқлар бор?
— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамдулиллаҳ. Ассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Амма баъд. Дарҳақиқат, Қуръони каримнинг етти хил қироати мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардир:
1. Абдуллоҳ ибн Касир ад-Дорий ал-Маккий қироати. (120 ҳ.в.) Ундан Ал-Баззий ва Қунбул ривоят қилган.
2. Абдуллоҳ ибн Омир ал-Яҳсабий аш-Шомий қироати. (118 ҳ.в.) Ундан Ҳишом ва Ибн Заквон ривоят қилган.
3. Осим ибн Абу ан-Нужуд ал-Куфий қироати. (127 ҳ.в.) Ундан Шуъба ва Ҳафс ривоят қилган.
4. Абу Амр ибн Забон ибн ал-Ало ал-Басрий қироати. (154 ҳ.в.) Ундан Ад-Дурий ва Ас-Сусий ривоят қилган.
5. Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Заййот ал-Куфий қироати. (127 ҳ.в.) Ундан Халаф ва Холлад ривоят қилган.
6. Нофеъ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Нуъайм ал-Маданий қироати. (169 ҳ.в.) Ундан Қолун ва Варш ривоят қилган.
7. Абулҳасан Али ибн Ҳамза ал-Кисоий ал-Куфий қироати. (189 ҳ.в.) Ундан Абулҳорис ва Ҳафс ад-Дурий ривоят қилган.
Ҳозирги вақтда ушбу етти хил қироатдан асосан икки хили кенг тарқалган. Биринчиси, имом Нофеънинг қироати бўлиб, бу қироатни асосан Қолун ва Варш ривоят қилганлар. Нофеъдан Қолуннинг қилган ривояти бўйича Тунис, Мисрнинг баъзи жойлари, Ливияда, Варшнинг ривояти бўйича Туниснинг баъзи жойлари, Жазоир, Марокаш, Суданда қироат қилинади. Иккинчиси, Ҳафснинг Осимдан ривоят қилган қироати Яқин Шарқ мамлакатлари, Мисрнинг асосий қисмида, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон ва Марказий Осиё ва унинг атрофидаги мамлакатларда машҳурдир.
Ушбу қироатлар орасида асосан тажвид қоидаларида фарқ бор. Масалан, идғом, изҳор, ихфо, имола, тасҳил ва шунга ўхшаш қоидаларда бир-биридан фарқ қилади.
Мисол учун, “Фотиҳа” сурасидаги “Маалики явмид-дийн” оятини Нофеъ қироатида “Малики явмид-дийн” дея мад қилмасдан, қаср билан ўқилади. Биз Ҳафс қироатида “Ваддуҳа. Валлайли иза сажа” деб ўқисак, Нофеъ қироатида “Ваддуҳе. Валлайли иза саже” дея қироат қилинади. Биз “Вал арди”да алифни зоҳир қилиб ўқисак, Нофеъ қироатида “Валард” дея алифни васл қилинади. Бунда маъно бузилмайди, балки ўзига хос қироат ва тажвид усулида ўқилади.
Имом Нофеънинг қироати машҳур бўлган диёрларда чиқарилган мусҳафларда Қуръони карим ҳарф ва белгилари бошқа мусҳафлар билан бир хил бўлса-да, ўзларига хос тажвид белгилари ва хат турлари ҳам қўлланилади.
Қуръони каримни бошқа қироатда ўқиш учун аввало ўша қироат илмини пухта ўрганиш талаб қилинади.
— Қуръони каримни қироат қилиш мақомлари ҳақида маълумот берсангиз.
— Қуръони карим уч хил мақом, яъни тартибда қироат қилинади:
1. Таҳқиқ. Бунда қироат шошмасдан, оҳиста, барча тажвид қоидаларига риоя қилинган ҳолда, ҳар бир ҳарфни махражидан аниқ чиқариб, энг асосийси тадаббур билан ўқилади.
2. Ҳадр. Бунда қироат бир оз тезроқ, албатта тажвид қоидасига риоя қилинган ҳолда ўқилади.
3. Тадвир. Бу таҳқиқ ва ҳадрнинг оралиғидаги қироат саналади. Мана шу учала мартаба ёки мақомда ўқиш жоиз бўлиб, буларнинг барчаси Қуръони каримда буюрилган тартил билан ўқиш ҳисобланади.
— Кўпинча қорилар машҳур қироат имомларига тақлид қилишади. Масалан, Имом Судайс, Имом Абдулбосит, Имом Ғомидий, Имом ал-Афасийга тақлид қилувчилар кўп. Бизнинг диёрда ҳам ўзига хос, бошқаларга ўхшамаган қироат мақомига эга устозлар борми?
— Ҳозирги вақтда дунёда Миср қорилари (Абдулбосит, Миншавий, Маҳмуд Халил Хузарий) ва Ҳижоз қориларининг қироат усуллари оммалашган. Айниқса, сиз зикр қилиб ўтган қориларнинг қироатига қизиқувчи, ҳаттоки тақлид қилиб ўқувчилар кўпайиб бормоқда. Аммо, шуни билиш лозимки, тақлид бошқа, қироат қилиш бошқа. Тажвид ва қироат қоидаларига кўра, Қуръони карим маъноларини бузмасдан, вақф ўринларига эътибор берган ҳолда тақлид қилиш жоиз. Қуръони карим маънолари, қироат илмларини билмай туриб, фақатгина оҳангга тақлид қилиш маъқул эмас.
Бизнинг диёримизда қадимдан қориларнинг ўзига хос қироат усуллари мавжуд бўлган. Ана шу анъанага содиқ қолган ҳолда қироат қилувчи устозлардан Яҳё қори Турдиев, Раҳматуллоҳ қори Обидов, Зойитжон қориларни айтиш мумкин.
— Ўзбек қориларининг етишиб чиқишига катта ҳисса қўшган ва қўшаётган устозлардан кимларни таъкидлаган бўлардингиз?
— Алҳамдулиллаҳ, юртимизда қорилар силсиласи ҳеч қачон узилмаган. Тошкентлик марҳум Абдулазиз қоридода, бизнинг устозимиз, бувамиз марҳум Исмоил қоридода бир қанча қориларга узтозлик қилганлар. Марҳум муфтий Зиёвуддин қориака ҳам машҳур қориларнинг мактабида таълим олганлар. Водий қориларининг мактаби ҳам ўзига хос. Собиқ шўролар даврида ҳам ўзбек қориларининг мактаблари тўхтаб қолмаган. Марҳум муфтий Абдурашид қори Баҳромов ҳам нафаси ўткир қорилардан бўлганлар. Жаҳон миқёсида ўтказилган қорилар мусобақаларида ҳакам сифатида ҳам қатнашганлар.
Ҳозирда диний таълим муассасаларимизда фаолият олиб бораётган етук малакали қори устозларнинг хизматлари ҳам таҳсинга сазовор. Бугун биргина Тошкент ислом институтининг ўзида Қуръони каримни тўлиқ ёдлаган олтмишга яқин қорилар таҳсил олмоқда. “Таҳфизул қуръон” (Қуръонни ёдлатиш) кафедрасида ёшларга Қироат илмидан таълим бераётган Баҳодир қори, Жаҳонгир қори, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртидан Аюбхон қори, “Мирараб” мадрасасидан Абдулбосит қори, Андижондан Раҳматуллоҳ қори, Намангандан Обидхон қори, Қорақалпоғистондан Баҳром қори устозларнинг барчасини ўз соҳасининг малакали мутахассиси деб биламан.
— Ўзбекистонлик қориларнинг жаҳон миқёсида эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Мана йигирма олти йилдирки, юртимизда Республика миқёсида Қуръони каримни ёддан ва тажвид қоидалари билан тиловат қилиш бўйича диний таълим муассасалари талабалари ўртасида мусобақалар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мазкур мусобақаларда юқори натижага эришган қори ва қориялар турли хорижий давлатларда ўтказиладиган Халқаро Қуръони карим мусобақаларида иштирок этмоқдалар. Масалан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Кувайт, Малайзия, Индонезия, Эрон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси каби давлатларда бўлиб ўтган Қуръони карим мусобақаларида қориларимиз юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келмоқдалар.
2007 йили “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти битирувчиси Абдулқодир қори ва Абулқосим қорилар Россияда бўлиб ўтган қорилар мусобақасида ғолиб бўлган эдилар.
Шу йилнинг 13-20 апрель кунлари Кувайт давлатида бўлиб ўтган VII Халқаро Қуръони карим мусобақасида ҳам юртимизнинг 2 нафар вакили – Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти талабаси Муҳаммадяҳё Маҳмудов ва “Мирараб” ислом билим юрти талабаси Мираббос Мирбобоев иштирок этдилар. Мазкур мусобақада дунёдаги 60 давлатдан келган 100 дан ортиқ кучли Қуръон ҳофизлари иштирок этди. Улар орасида Муҳаммадяҳё Маҳмудов Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш йўналиши бўйича қатнашган бўлса, Мираббос Мирбобоев Қуръони каримни тажвид қоидалари билан тиловат қилиб бериш йўналишида қатнашиб, мусобақадаги муносиб иштироки учун ташаккурнома ёрлиғи билан тақдирландилар.
— 26-Республика қорилар мусобақасини кузатдингиз. Қайси қориларнинг қироатидан мамнун бўлдингиз? Ёш қориларимиз ҳақида фикрларингиз.
— Шуни таъкидлаш лозимки, бу йилги йигирма олтинчи Республика қорилар мусобақаси унда иштирок этган қориларнинг ҳифз ва тажвид бўйича савиялари юқорилиги билан файзли ўтди. Албатта, мусобақа бўлганидан кейин унда ғолиб ва мағлубнинг бўлиши табиий. Аммо, бу нисбий нуқтаи назардир. Менинг назаримда, иштирокчи қориларимизнинг ҳар бири ўзига хос, айни пайтда диёримиздаги қироат услубига мос равишда Қуръони каримни пухта ёд олганлар.
“Кўкалдош” ислом ўрта махсус билим юрти талабаси Абдулбасир қори Камолов, Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси талабаси Аъло қори Нуриддиновнинг ҳаяжонланмасдан, дадил қироат қилишлари менга маъқул келди.
Мухлислар талаби билан танловдан ташқари қироат қилиб берган қорилардан Муҳаммадлойиқ қори Аминов ҳам ҳозирда анча танилиб қолган кучли ҳофизлардандир. Абдуссамад қори укамиз, узтоз Баҳодир қорининг қироатлари ҳам кўпчиликни мамнун этди.
Келажакда бу ёшларимиздан дунёга машҳур қорилар етишиб чиқади ва юртимизни бу соҳада ҳам жаҳонга танилишига ўз хиссаларини қўшадилар деб умид қиламан. Аллоҳ таоло ёш қориларимизга ўзларига ўхшаган кўплаб қориларни етиштириб чиқаришга хизмат қилдирсин! Қуръони каримни ҳифз қилиш билан бир қаторда, унинг маъноларини тафсир этадиган олимлардан бўлишларини Ўзидан сўраб қоламан!
Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.