Илк бора “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвонига сазовор бўлган адиб, Шўролар тузуми томонидан олқишланиб, кейинчалик бир қадар хижолатомузлик билан эсга олинган ё, аксинча, ҳадеганда ёдга олинмай қўйган сиймо – Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг шахсияти аслида қандай бўлган? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон халқ артисти, атоқли режиссёр Баҳодир Йўлдошевни мулоқотга чорладик.
Машҳур санъат арбоби билан муайян мавзу доирасидагина суҳбат қуриб бўлмаслиги тайин. Мубоҳасада бугунги кун театри, драматургияси ва санъаткорлари хусусида ҳам жиддий фикр-мулоҳазалар айтилди. Мулоҳазаларки, кишини мушоҳада юритишга чорлайди. Шу боис, мавзудаги баъзи чекинишларга қарамай, суҳбатни борича эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
“ҲАМЗА – ИШҚ ОДАМИ!”
– Баҳодир ака, ХХ асрда ўзбек мумтоз адабиёти анъаналари давомчиси ва айни пайтда янги давр адабиёти намояндаси сифатида танилган Ҳамзанинг ҳаётий қарашлари борасида орадан қарийб юз йил ўтгач, қандай янги фикрлар айтиш мумкин?
– Ўзбек драматургияси ҳақида кўп ёзилган, бундан кейин ҳам турли мулоҳазалар билдирилади. Гапни ибтидодан бошласак – ўзбек драматургияси асосчиси ким? Бир пайтлар бу саволга жуда тўғри жавоб айтилган: Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий! Рост, бундоқ ўйлаб қарасангиз, ўзбек драматургияси тарихида Ҳамзадан кучлироқ драматург йўқдек… Менга қолса-ку, биринчи драматургимиз деб Ҳазрат Алишер Навоийни айтган бўлардим. Унинг “Фарход ва Ширин” достонида драматургиянинг илк учқунларини кўриш мумкин.
Ҳамзага қайтсак. Ҳамма бало шундаки, Ҳамза ижодини шўро мафкурасига мослаштириш мақсадида унинг кўп пьесалари ўзгартириб юборилган. Ғоялари бузилиб, кенг омма, оддий томошабинга ҳам мослаштиришга уринилган. Ваҳолонки, унинг драматургияси кўпчиликнинг дуёқарашидан баланд. Бундан англашиладики, асарлари ўзгартирилибдими, демак, Ҳамзанинг ўзи ҳам ўзгартириб юборилган. Мана, бир мисол: “Бой ила хизматчи” пьесаси саҳналаштирилганда Ғофир шундай дейди: “Қози домла, хотиним Жамила эрга тегмоқчи экан, тегаверади, мендан нима истайсиз?!” Ўйлаб кўринг, қайси ўзбек йигити “Хотиним эрга тегаверсин, мени тинч қўйинглар!” деб айтади?! Аслида Ҳамзанинг қаҳрамони “Хотинимнинг инон-ихтиёри ўзида”, дейди. Бу билан у шарқ аёлининг эрки, ҳақ-ҳуқуқларини кўрсатган. Аслида шарқ аёли ҳеч қачон қул бўлмаган. Шарқ аёлидай озод аёл бўлмаган ҳеч қаерда. Бибихонимдан тортиб, бошқа ўзбек аёлларигача… Оилада хотин эр билан баробар рўзғорни бошқарган, айни пайтда ҳеч қачон эридан рухсатсиз бирор иш қилмаган. Яна бир мисол: Солиҳбой, Ҳамзанинг ёзишича, бақувват, чиройли, устига-устак ёшроқ эркак бўлган. Ғофирнинг эса юзи чўтир, ҳусни ўзига яраша, ёши ўтинқираган. Пьесадаги Жамила ниҳоятда муҳим образ! У бой-бадавлат одамни назар-писанд қилмайди, шу чўтир, камбағал эрини унга алишмайди. Бизда эса шу пайтгача Солиҳбой хунукроқ, кексароқ образ сифатида тасвирланади-да, Ғофурни кўркам йигитлар ўйнайди. Қайси хотин чиройли, ёшгина эрини ташлаб, бой бўлса-да, чолга тегаркан?! Кўряпсизми, Ҳамза ҳар бир образини пухта ўйлаб ёзган.
– Ҳар қандай буюк одам, айниқса ижодкорнинг ўзгача руҳий қудрати бўлади. Бу қудрат салбий таъсирга эгами ёки ижобийми, яратувчими ё вайрон қилувчи – бошқа масала. Шубҳасиз, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳам кучли шахс бўлган. Шўролар даврида нафақат унинг қаҳрамонлари, балки ўзи ҳам тўғри талқин этилмагани ҳақида гапиряпсиз. Ким эди аслида Ҳамза? Зўрма-зўраки “қизил” ниқоб тақилган, ботинан эса лирик, ҳиссиётларга берилувчан инсонми ёки…
– Бу гап нафақат Ҳамзага тааллуқли. Константин Станиславский деган режиссёр ўтган, биласиз. Унинг ҳозирда ҳаммага маълум театр санъатига оид системаси кундалик дафтар шаклида, муҳими, шахсан ўзи учун ёзилган. Лекин шўроларга ҳар жабҳада бўлгани каби, санъатда ҳам “байроқ” керак эди. Улар Станиславскийни ҳам “байроқ”, унинг ёзганларини шиор-қўлланма қилишди. “Бугун Станиславский системаси бўйича ўйнаймиз”, дейиларди театрларда. Станиславский каби, Ҳамзадан ҳам тузум қурол, намуна сифатида фойдаланган. “Шоирмисан? Ҳамзадай ёзасан! Акс ҳолда, бизлардан эмассан!” қабилидаги қараш бўлган. Ҳамза ўзига хос эталон, андоза вазифасини ўтаган. Бошқача айтадиган бўлсак, ундан ўша замон учун керакли “трафарет”ни ясаб қўйишган.
– Ҳамзанинг ана шу ясама “трафарет”дан фарқли томонлари нимада эди? Биз кўрмаган, билмаган, шу пайтгача очилмаётган қандай қирралари бор бу ижодкорнинг?
– Ҳамзанинг шахсиятини у ёзган пьесаларда кўришингиз мумкин. “Паранжи сирлари”даги Норбойвачча образини олинг. Бундоқ қарасангиз, у ўта салбий қаҳрамонга ўхшайди, аслида ундай эмас. У шунчаки, ишқибоз. Дейлик, пичоқнинг ишқибози бор, отнинг ишқибози бор, гулнинг ишқибози бор. У эса гўзалликнинг ишқибози, шайдоси эди. Норбойвачча Мастурага: “Биз ҳусн гадосимиз, тан гадоси эмас. Шу қизнинг қўлидан бир пиёла чой ичсам бўлди, қирқ кунлик шолипоямни бераман”, дейди. Ҳамза сиймоси мана шу сўзларда, қолаверса, Мулладўст, Майсара образларида ҳам сочилиб турибди. Хуллас, Ҳамза – ишқ шайдоси, ишқибоз одам!
Яна бир гап. Мана шу қаҳрамонларнинг ўзи, уларнинг ҳаёти – Исён! Исёнкор бўлиш учун албатта байроқ кўтариб чиқиш, томоқни йиртгудек бақириб-чақириш, инқилоб кўтариш шарт эмас. Ҳақиқий инсон исён билан яшайди. Лекин бу исён биринчи навбатда одамнинг ўзига қаратилган, ўзига қарши бўлади. Навоийнинг “Эл нетиб топғай мениким, мен ўзимни топмасам” мисралари айнан шу – ўзликни топиш, англаш, ўзликка исён қилиш, дард чекишни билдиради. Бу мисраларни шон-шуҳрат қозониш маъносида эмас, аксинча элга қўшилиш, унинг бир бўлагига айланиш маъносида тушуниш керак. “Мен”ини топган одамгина элга қўшила олади.
– Бир пайтлар “Ўзбек театрини Ҳамза қутқаради”, деган фикрни айтгандингиз. Орадан анча йил ўтди. Замон ўзгаргандан кейин қарашлар ўзгаради, томошабиннинг, ўқувчининг диди ўзгаради. Одам ўзгаради! Жумладан, Баҳодир Йўлдошев… Ҳозир ҳам ўша фикрдамисиз?
– Йўқ! Йўқ, ҳеч нарса ўзгармайди! Ҳамма гап шунда! Ҳаёт тарзи ўзгариши мумкин. Аммо одам ўзгармайди. Томошабин ўзгармайди. Унинг диди пасайиши ёки таъби нозиклашиши мумкин. Бир замон келиб, диди баланд томошабинлар кўпаяди ё аксинча… Лекин моҳиятан одам ўзгармайди!
Ўзбек драматурглари орасида Ҳамзага етадигани бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ. Албатта, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор каби адибларнинг драматургиясини ҳам эътироф этамиз. Лекин барибир, улар ҳам Ҳамзага етолмайди. Биз ҳали-ҳануз Ҳамза асарларини муносиб даражада саҳналаштира олмаганмиз. У сўзнинг қадрини билган ҳолда пьесларини ёзган. Ҳамзани охиригача тушуниб етадиган режиссура ҳали шаклланмаган бизда.
– Унда ўзингиз саҳналаштирган спектакллар ҳақида нима дейиш мумкин?
– Албатта, иложи борича Ҳамзанинг ўзини сақлаб қолишга ҳаракат қилганман. Пьесаларини синчиклаб, ҳатто, авайлаб ўрганганман, матннинг ҳар бир сўзини англаб етишга уринганман. Умуман, ҳеч қайси образга бу – салбий, буниси – ижобий, деб қараб бўлмайди. Ҳаммаям тирик одам. Ҳар биримизнинг иккинчи “мен”имиз бўлади. Хусусан, сизга интервью бераётган каминанинг ҳам, мени саволга тутаётган “Жаҳон адабиёти” журнали мухбирининг ҳам атрофдагиларга кўз-кўз қиладиган жиҳатлари бўлганидек, ҳаммадан бекитадиган, фош қилишни истамайдиган қирралари ҳам топилади. Муҳими, ҳар қандай вазиятда, исталган даврада одам самимийлигини, ҳақиқий қиёфасини йўқотмаслиги керак. Режиссёрдан эса қаҳрамонларнинг аслини, ҳақиқий қиёфасини кўра билиш талаб этилади.
“ТЕАТР НИМАГА КЕРАК?”
– Четдан қараганда, замондош драматургларнинг пьесасини қўйишдан кўра, бу дунёдан ўтган муаллифлар асарларини саҳналаштириш осондек туюлиши мумкин. Сабаби, замондош муаллифингиз жараёнга аралашади, фикрини айтади, талабини илгари суради… Тарихий шахслар билан эса бундай муаммо йўқ. Балки, бу вазиятда аксинча, масъулият кўпроқдир?
– Тўғри, режиссёрлар орасида худди шундай гап юради: “Иложи бўлса, ўтиб кетган муаллифнинг пьесасига қўл ур. Қариндош-уруғлариям ўтиб кетган бўлса, яна яхши, бемалол ижод қилишинг мумкин”.
Биласизми, гап бунда эмас. Кўпчилик мақсадни тўғри белгилай олмайди. Пьеса қўйишдан мақсад нима ўзи? Мақсад анкетага “бу режиссёр фалон-фалон асарларни саҳналаштирган”, деган қайдларни киритишгина бўлмаслиги керак. Санъатда ишқ бўлиши лозим! Талабалик пайтларимизда “Пьесани қўлга олганингда уни тушунишга ҳаракат қил, у билан дўстлаш, мақсадини тушун, дардини ҳис қил!”, дея уқтиришган бизга. Театр нимага керак? Унинг мақсади нима? Томошабин театрга завқ олгани, ҳордиқ чиқаргани келади. Лекин биз уни қаҳрамонга ҳамдард қилишга тиришамиз. Яъни, қаҳрамон кулса –кулиши, йиғласа – йиғлаши, ҳатто унинг севгилисини ҳам севиши керак! Агар режиссёрнинг ўзи муаллифга ҳамдард бўла олмаса, актёрларни ортидан эргаштиришни уддалармиди?! Томошабинни-чи?! Ўзбекларда “дардингни олай”, деган ибора бор. Ҳақиқий санъаткор бировнинг дардини ола билади ва шу дард билан яшайди ҳам.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Жаҳонга машҳур қайси драматург ҳаётига назар солманг, ҳар бири бевосита театрга алоқадор бўлган. Масалан, Ҳамза. У ўзи саҳнага чиққан, артистлар танлаган, уларни ўқитган, ўргатган, борингки, гримгача ўзи қилган. Ҳамзани яхши таниган, бирга ишлаган одамлар, масалан, Замира Ҳидоятова, Холида Хўжаеваларнинг айтишича, у унниқиб кетган дўпписини бостирганча залнинг бир чеккасида ўтириб, куни билан репетицияларни томоша қиларкан. Ҳамза вафотидан кейин унинг пьесаларини қидириб қолишганда, Маннон Уйғур: “Тугунда аллақандай қоғозлар кўтариб келгандай бўлганди”, деб эслайди. Шунда чордоқдан белбоққа тугилган қўлёзмалар топилган экан. Улар орасидан “Майсаранинг иши”, “Паранжи сирлари” пьесалари чиққан…
Буғдой унини кафтида сиқиб, сифатини аниқлай олмаган одамдан новвой чиқмаганидек, театр, артистлар ҳаётини билмаган қаламкаш ҳақиқий драматург бўлялмайди. Драма – диалог ёзиш дегани эмас.
– Ҳамза ўзбекнинг ҳаётини саҳнага олиб чиққан. У ўзбек халқининг фарзанди. Жаҳон театрида қандай ўрни бор бу ижодкорнинг? Биз уни жаҳон санъат майдонига олиб чиқа оляпмизми?
– Биз уни олиб чиқишимиз шартмас. У аллақачон дунёга танилиб бўлган. Ҳамза Шекспир билан бир сафда турган драматурглардан. Фақат биз бундан бехабармиз. Интернетдан бир қидириб кўринг, чет элда уни биз ўйлаганимиздан-да, биздан-да кўпроқ билишларига амин бўласиз. Унинг Майсараси ҳам, Солиҳбою Мулладўст, бошқа қаҳрамонлари ҳам хорижий томошабинга яхши таниш. Бундай шахсларга бир миллат даражасида қараб бўлмайди, уларга умуминсоний мезонлардан туриб ёндашмоқ керак. Алишер Навоий, Шекспир, Чеховлар каби Ҳамза ҳам умумбашарий ижодкор. Фақат уларнинг ижодини талқин қилишни ўрганиш керак. Дейлик, Ҳамза асарларини тўғри талқин қилиш учун бутун ўзбек миллатини, унинг ҳаётини ўрганиш керак. Шундагина сатрларда битилган ёзувларга жон киради, тасвир ўқувчининг кўз олдига келади. Мана, биз ўзимиз, урф-одатларимизни била туриб, Ҳамзани тушунмаймиз. Ҳамзани англамоқчи бўлган одам ўзбек шеъриятини, мусиқасини билиши керак. Ҳам мусиқачи, ҳам композитор бўлган-ку у! “Тановар”ни билмасдан туриб, Ҳамза асарларини саҳналаштириб бўлмайди, Майсарани, Мулладўстни ўйнаб бўлмайди.
“ПИРСИЗ ЮРМА…”
– Ҳамза ўзининг яшаган даври жиҳатидан бизга нисбатан яқин. Унинг асарларини ўқиш учун луғатга мурожаат қилмаймиз, замонасида рўй берган воқеалар, умуман олганда, бизга таниш. Лекин шунда ҳам бу муаллифни охиригача тушуна олмасак, узоқ ўтмиш ҳақида нима дейиш мумкин? Айтайлик, Навоийни қай даражада тушунамиз? Унинг саҳнада талқин этилган ижодини-чи?
– “Узоқ ўтмиш” деган тушунчанинг ўзи йўқ, назаримда. Инсоният ҳаётига бу тарзда қарашнинг ўзи нотўғри. Фараз қилайлик, бу дунё, мавжуд тамаддун тугаб, янги дунё пайдо бўлсагина, “Навоий яшаган даврда…”, деб гапириш ўринли бўларди. Башарият учун 500-600 йил нима деган гап?!
Бир ҳолатга эътиборингизни қаратсам. Мана, ҳар биримизнинг ота-онамиз, яқинларимиз бўлади. Биз уларнинг ҳузурига борамиз, йўқлаймиз, дардлашамиз, кулишамиз, йиғлаймиз. Хуллас, ҳаётимизда уларнинг ўз ўрни, қадри бор. Аммо қадрдонларимизни майдонда турган бир ҳайкал сифатида қабул қилмаймиз-ку! Уларни жонсиз ҳайкал сифатида кўра бошладикми, ҳар қанча ардоқламайлик, узоқлашиб кетаверамиз. Демак, Навоийга ҳам, Шекспирга ҳам Одам сифатида, яқинимиз деб қарашимиз керак. Улар билан тиллашиш лозим. Маслаҳат сўраш, суяниш керак уларга, ҳатто ўрни келганда урушиб-талашиб, эътирозларимизни ҳам билдирсак бўлади. Ўшандагина улар сизга кўнглини очади. Бўлмаса ғўдайиб тураверади, тош ҳайкалга ўхшаб, сиз эса маҳлиё бўлаверасиз, асарларини минг ўқинг, ҳеч нима ололмайсиз. Биз буюклар билан гаплашишни билмаймиз…
– Сиз, шахсан Сиз гаплаша оласизми улар билан? Мана, Навоийни олайлик. Валий даражасида эътироф қозонган бу шахс қандай роль ўйнайди ҳаётингизда?
– Саъдийнинг “Бе пир марав, ки дар амоне,
Ҳарчанд Искандари замоне”,
яъни “Гарчи Искандарнинг замони бўлса ҳам, омонликда бўлай десанг, пирсиз юрма”, деган байти бор, эшитганмисиз? Ҳар биримиз Навоийни энг оқил маслаҳатчи сифатида қабул қилишимиз керак. Унинг бир байтини ўқисангиз, ҳаётингиздаги бир муаммонинг ечимини топасиз.
Парим бўлса, учиб қочсам улусдин, то қанотим бор,
Қанотим куйса учмоқдин, югурсам, то ҳаётим бор –
дейди Ҳазрат. Одамларнинг дардидан қочиб қаёқларга кетай, деб нола қилган буюк шоир аслида бошқаларнинг дардига малҳамдир. Мен деярли ҳар куни Навоийга мурожаат қиламан, китобларини варақлаб, саволларимга жавоб излайман. Ўзингизни топмоқчи, англамоқчи бўлсангиз, бу улуғ инсоннинг албатта сизга айтадиган гапи бор! Афсуски, биз бу буюк сиймоларга ҳайкалга қарагандек қараймиз…
“САНЪАТНИНГ ЎЗИ МИСТИКА!”
– Театрда, ҳатто кинода ҳам буюк адиблар асарларига мурожаат қилинганда, баъзан қандайдир мистик ҳолатлар юз бериши қулоққа чалинган. Сиз ҳам бундай вазиятларга тўқнаш келганмисиз? Ёки бу шунчаки миш-мишми?
– Бунақа вазиятлар чиндан ҳам учраб туради. Шекспирнинг “Макбет”и, Гоголнинг “Уйланиш”и бунга мисол. Шекспир, Гоголь ва яна бир қатор бошқа муаллифларнинг асарларини саҳналаштириб бўлмайди ўзи.
– Нега, сабаби борми?
– Гоголнинг Кочкарёви аслида шайтон. Шекспир асарида эса алвастиларнинг сиймолари бор. Булгаковнинг “Уста ва Маргарита”си билан ҳам худди шундай, албатта бирор нохуш ҳодиса рўй беради. Аксарият режиссёрлар бунга жиддий қарайди. Тўғри, асарга мурожаат қилиш мумкин, лекин уни обдон ўрганмагунча қўл уриб бўлмайди. Ўзимизда ҳам шундай муаллифлар бор. Масалан, Машраб, Увайсий асарларига тегиб бўлмайди. Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарига жуда эҳтиёткорлик билан муомала қилиш лозим. Унда дунёнинг фонийлиги, одамнинг нафси, оламнинг комиллиги ҳақида сўз боради. Бошқа асарлари ҳақида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Бундай асарларни шон-шуҳрат, манфаат ё нафс учун саҳналаштириб бўлмайди! Бу гап умуман санъат оламига тааллуқли. Санъатнинг ўзи мистика. Унда ҳар бир қадам эҳтиёткорлик билан қўйилиши керак, ҳар бир ижод маҳсулининг ўз ўрни, ҳурмати бор. Буни доим эсда тутиш, шунга қараб муносабатда бўлиш зарур.
Мана, театр либосларини олайлик. Не-не буюк санъаткорларга хизмат қилмаган улар! Буни қадрламаган, эҳтиётламаган театр ходими албатта муносиб жавобини олади. “Мана бу театрнинг файзи бор, бунисиники эса йўқ” ёки “Манави жойнинг файзи кетибди”, деган гаплар замирида аввало буюк аждодлар, уларнинг хотираси, қолдирган меросига бўлган муносабат ётади. Файз кетдими, омад, барака кетдими, айбни ўзингиздан, қадриятларнинг ва қадрланиши лозим бўлган инсонларнинг ҳурматини бажо келтира олмаганингиздан қидиринг…
“ПРЕМЬЕРА КУНИ СПЕКТАКЛЬ… ЎЛАДИ!”
– Бир француз санъаткори интервью бераркан, бошидан ўтган шундай воқеани ҳикоя қилиб берганди: “Хитойга сафаримиз чоғида ёши улуғ бир қарияга дуч келдим. “Сен кимсан?” деб сўради у мендан. Касб-коримни айтдим. Хитойлик саволини такрорлади. Ўзимни исм-шарифим билан таништирдим. “Йўқ, СЕН кимсан?” яна сўради отахон. Мен бу саволга жавоб беришга ожиз эканман…” Баҳодир ака, СИЗ кимсиз?
– Сиз кимсиз… Яна Навоийга қайтаман. “Эл нетиб топғай мениким, мен ўзимни топмасам…” деган саволни ҳар куни ўзига бериб, ҳануз шу саволнинг жавобини тополмай юрган одамман.
Бу саволингизга жавоб бериш… Одамлар билан муомалада кўринади бизнинг кимлигимиз. Дейлик, мен мухбирларни ёқтирмайман. Спектакль охирида саҳнага чиқишни ёмон кўраман. Тақризларда қайта-қайта номим келтирилса, ғашим келади. Фарзандаларимни ҳадеб менинг номим билан боғлашса, жаҳлим чиқади. Уларнинг ўз йўли, ўз тақдири, ўз ютуқлари бор. Масалан, онам бирор марта спектаклларимни келиб кўрмаган. Ўғлим фалон спектаклни қўйибди ё фалон ишни қойиллатибди, деган гаплар бўлмаган оиламизда. Аксинча, санъаткорлар оиласидан чиққанлигим учун мендан талаб ҳам, масъулият ҳам анча катта бўлиши таъкидланарди. Одам ўзини касбига бағишлаши керак, тамом! Бошқа барча соҳа эгаларига ҳам тааллуқли бу гап. Мен завқ билан ишлашни ёқтираман. Энг ёмон кўрганим эса – спектакль премьераси. Яхши кўрган одамингиз билан хайрлашгандек бўласиз. Премьера куни спектакль ўлади!
– Спектаклни кейин яна ишласа, мукаммаллаштирса, тўлдирса бўлади-ку, ахир! Театрнинг кинодан фарқи ҳам шунда…
– Спектакль саҳнага чиққандан кейин унинг катта қисми йўқликка кетади. Умуман, натижанинг ўзидан кўра, унга қандай эришилгани муҳимроқ! Эътибор берган бўлсангиз, ош тайёрлаган одам “ҳидига тўйиб қолдим”, дейди. Театрнинг ҳам шундай тарафлари бор. Энг яхши спектакль намойиш қилингандаям унинг йигирма фоизигина томошабингача етиб боради, холос. Қолгани репетиция жараёнида қолиб кетади. Илгари, Мейерхольд, Станиславскийлар даврида театрдаги репетицияларга ҳам чипта сотилган. Одамлар бу жараённи томоша қилган. Артистлар ҳам, режиссёр ҳам залда ўтирганларга аҳамият бермасдан ишини қилаверган. Саҳна маромига етмагунча такрор ўйналаверган. Маъқул бўлган жойларида томошабинлар қарсак чалиб турган.
– Бизда ҳам буни жорий қилишга уриниб кўрмаганмисиз? Томошабинларимиз қабул қилармикин?
– Томошабин-ку қабул қилар, аммо актёрларимиз – йўқ. Улар репетицияларда ишламай қўяди, ўйнай бошлайди, ўзини кўз-кўз қилишга тушади. Бунда бирор натижага эришиш қийин. Шундоқ ҳам репетиция вақти 2,5 – 3 соат бўлса, ҳақиқий жараён атиги 30-40 дақиқа давом этади. Қолган вақт актёрни ҳолатга олиб киришга кетади. Чунки актёрнинг хаёли кундалик ташвишлар, оила, бола-чақа, рўзғорига оид муаммолар билан банд. Бундай ҳолатда санъаткор ўзини саҳнага тўлақонли бағишлаши қийин.
– Истисно актёрлар бордир?
– Актёрнинг ўзи кам дунёда.
– Бугунги кунда, демоқчимисиз?
– Йўқ, умуман. Мисол учун, Ўзбек Миллий театрининг 60 йиллик тарихига назар ташланг: бу вақт мобайнида қанчадан-қанча одам келиб-кетмади. Аммо беш-олти нафар санъаткоргина ўзидан муносиб из қолдирган, холос. Қолганлари – ҳаваскор. Ҳамма соҳада ҳам ҳақиқий мутахассислар кам бўлади. Яхши ёзувчи дейсизми, яхши шифокор дейсизми… кам бўлади, жуда кам. Ана ўшалар кўпчиликни тортиб кетади, ўз ортидан эргаштиради. Аслида дунёда қобилиятсиз одамнинг ўзи йўқ. Лекин ана шу қобилиятни ўзимиз, маиший муаммоларга – машина олай, данғиллама уй солай, фарзандимнинг тўйини ўтказай каби ўткинчи ташвишларга ўралашиб, йўқотиб қўямиз. Одам ўзлигидан кечмагунича эзгу мақсадларга эришолмайди. Пиёлани майда-чуйдага тўлдириб қўйсангиз, унга аччиққина чой ҳам, булоқ суви ҳам қуйиб ичолмайсиз-ку!
“СЕНГА НИМА ЕТИШМАЙДИ, ОДАМЗОТ?”
– Жаҳон театрлари учун одатий ҳол: одамлар ойлаб қайсидир спектаклни кутади, ҳафталаб чипта ололмаслиги мумкин, қай бир актёрни саҳнада кўриш учун атайин олислардан йўл босиб келади. Бизнинг театрларда эса бундай вазиятни учратиш мушкулроқ. Ўзбек театри ҳам шунчалик қадрли бўлиши учун нима қилиш керак? Томошабин ўзгариши керакми ёки режиссёр, актёрларми? Дарвоқе, машҳур хонандалар концертига чипта топиш – амримаҳол, одамлар эринмай узоқ вилоятлардан келади…
– Нон бўлмаса одам етти кунда ўлади, сув бўлмаса – уч кунда, деган гап бор. Инсон булардан ҳам кўпроқ таассуротга муҳтож. Биз ҳар куни қандайдир таассурот олишимиз керак. Самарқанд ё Бухорони томоша қиламан деб келган сайёҳларга қаранг. Телевизорда кўрса ҳам бўлади-ку шу обидаларни. Ўша шаҳар, ўша минора… Фақат таассурот бошқа! Бу туйғу сувдан ҳам, нондан ҳам кучли. Маънавий озуқа моддийдан устун туради. Сиз айтган концертларга тушаётганларнинг кўпчилиги санъаткорнинг ашаддий мухлиси бўлгани учун эмас, азбаройи таассурот олиш учун, кўпчиликдан қолмаслик учун боради.
Бутун ҳаёти давомида театрда Гамлет ролини ижро этган бир актёр ўтган. “Гамлет”ни ўзисиз, ўзини “Гамлет”сиз тасаввур қилолмаган санъаткор умри ниҳоясида ғаройиб васият қолдиради. Васиятга кўра, актёр вафотидан сўнг шу спектаклда гўрковлар билан боғлиқ саҳнага унинг бош чаноғи(!) чиқарилади. Ва ҳали ҳам театрнинг реквизитлар хонасида унинг бош чаноғи тураркан. Ақлга сиғдира оласизми бунақа нарсани?! Мана бу – зўр иштиёқ! Мана бу – ҳақиқий ишқ!
Энди… бозор талабга қараб бўлади-да. Балки, ҳозир театрга эҳтиёж, талаб камдир?! Одамларнинг хаёли бошқа нарсалар билан банддир. Бизнинг мамлакат, шукурки, тинч. Аммо ён-атрофга бир қаранг. Бир тарафда гиёҳвандлик, бошқа ёқда турли касалликлар, тало-тўпларни айтмайсизми… Мамлакатни булардан муҳофаза қилиб, қалқон бўлиб туришнинг, шу тинчликни сақлашнинг ўзи бўлмайди-ку! Бунинг учун қанча куч, қанча ҳаракат сарфланаётганини кўпчилигимиз билмаймиз.
Одамлар театрга шунчаки боряпти, интеллектини ўстириш учун эмас, шунчаки… Бугун кўпчиликни маиший турмуш масалалари кўпроқ қизиқтиряпти. Қачонки инсонни “Мен кимман?” деган масала ўйлантира бошласа, шунда театр ўзгаради!
Ҳозир дунёда спорт жуда ривожланган. Машҳур футболчиларни номма-ном биламиз. Қаранг, жаҳон стадионлари қишин-ёзин лиқ тўла. Буни одамлар шунчалик футболга қизиққанидан деб бўлмайди. Гап спортда ҳам эмас. Бу – енгил, осон томоша, ўйлашга мажбур қилмайдиган томоша. Стадионга борган одам бақириб-чақириб ховуридан тушади, ҳиссиётларига эрк беради. Шунинг ўзи инсониятнинг қанчалик бесаранжом, зиддиятли дунёда яшаётганлигидан далолат беради. Одамзот ана шу тарзда эҳтиросларини ташқарига чиқариб юбормаса, бу қудрат йиғилиб-йиғилиб, коинотни ҳам портлатиб юбориши мумкин.
Дарвоқе, футболда жамоа икки марта ўйинни бой берса, мураббий ўзгартирилади, қаердан бўлмасин, маҳоратлироқ мутахассис жалб қилинади. Лекин мен ҳали бирор маротаба театр режиссёрларининг ўзгартирилганини эшитганим йўқ. Актёрларнинг: “Фалон мамлакатда мана шундай режиссёр бор экан, чақиртирайлик, келсин шу одам, мен ҳам муносиб образ яратиб, нимадир қолдирай ўзимдан”, деганини билмайман. Санъаткор саҳнага чиқиб нимани қойил қилдим, нега келдим ўзи бу даргоҳга, нима ўйнаяпман, қандай матнни ёд оляпман, деган саволларни бериши керак ўзига. Лекин бермайди! Чунки эҳтиёж йўқ бунга. Дорбоз юқорига чиққанда битта хатога йўл қўйса, йиқилиб ўлади. Актёрлар эса ҳар спектаклда ўнлаб хатога йўл қўйяпти. На ўзи сезади хатосини, на томошабин. Савия деярли бир хил, дид бир хил…
Энг даҳшатлиси биласизми, нима? Актёрнинг сири қолмаган. Кеча томошабин уни тўйда кўрган, битта даврада ўтирган. Бугун битта дўкондан харид қилади… Чет элда актёр бирор театр билан шартнома имзоласа, қайсидир маънода ўша даргоҳнинг мулкига айланади. Ҳар жойга боришга, кўнгли тусаган ишни қилишга ҳаққи йўқ. Илгари ўзбек театрларида санъаткор билан томошабин ўртасидаги масофа сақланарди. Актёрлар бозорга бориб, тўрва кўтариб юрмасди, ҳатто. Фақат тор давраларда ўтиришарди. Мухлислар уларни кўриш учун театр атрофида айланиб, йўлини пойларди. Шукур ака, Олим ака, Наби акаларни кўришга муштоқ эди одамлар…
Актёрлик – ниҳоятда осон ва шу билан бирга ўта машаққатли касб. Фақат бу соҳага қадам қўйган одам ТЕАТР ўзи нима эканлигини англаб олиши керак. Афсуски, бунинг уддасидан чиқадиганлар кам…
– Баҳодир ака, аслида суҳбатимиз Ҳамза драматургияси ҳақида бўлиши кўзда тутилганди. Гап айланиб, бошқа мавзуларга оид қизиқ, фойдадан холи бўлмаган мулоҳазаларингиздан ҳам баҳраманд бўлдик. Мавзуимизга оид биз сўрамаган, Сиз айтолмай қолган фикрларингиз?
– Ҳеч нимани айтолмадим ҳисоби. Зеро, бундай буюк инсонлар ҳақида ҳар қанча гапирсак ҳам, гапимиз адоғига етмайди. Хуллас, ҳозирча шунисига ҳам қаноат қиламиз. Дарвоқе, қаноат ҳақида яхши бир фикр борки, уни доим ёдимда сақлашга ҳаракат қиламан: “Мана шундай катта коинот фалакдаги биттагина оловли кулча билан тўйиниб юради. Сенга нима етишмайди, одамзот?..”
Юлдуз Ҳошимова суҳбатлашди
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 3-сон