Бу одам билан шунчаки гаплашиб бўлмасди. Чунки унинг кўнгил денгизига қайиқ ташлаш учун Эрнест Хемингуэйнинг Сантьягосиники сингари журъат керак эди. Бунинг устига кишида маънавий ҳақ бўлиши лозимлигидан одам истеҳола қиларди. Шу учун узоқ тайёргарлик кўргандайман. Орадан йиллар ўтса-да, ҳозир ҳам бунга тайёр бўлдимми-йўқми, билмадим-у, лекин билганим ёзувчи билан гурунглашиш жудаям мароқли эди. Суҳбатимизда унинг юрагига қай қадар кириб бордик, бу ташлаган қармоғимизнинг емиши – тўмтоқ саволларимизнинг даражасига боқлиқ бўлди.
Мусоҳабамиз камчилигини ўз гарданимга олган ҳолда Эркин Аъзамнинг кўнгил денгизидан қармоғимизга илинганларни сизларга ҳам илиндик.
– Бойсундан Тошкентга келганингизга ҳам ярим асрча вақт бўлай дебди. Ортга қарасангиз нималарни кўрасиз?
– Асосан хатолар эсга тушади… Инжиқлигим оламга машҳур: унча-мунча марраларга ҳам етилгандир-у, лекин нуқул эришилмаганлари, ношудликми, беҳуда ғурурми орқасида йўл қўйилган камчиликлар пушаймонлиги ўртайди одамни. Энди фойдаси йўқ, албатта. Йўлнинг асосий қисми ўтиб бўлинган. Ҳадеб орқага қарайверишдан иш чиқмайди. Устоз Асқад Мухторнинг “Собирман” деган шеъри худди мен ҳақимда ёзилгандек. Начора, нимаики топган бўлсак, бари кеч келди, кечикиб келди, ақл ҳам кеч кирди… Дарвоқе, ақл кирдими ўзи? Унда нега кечагина қилинган ишлар, гапирилган гаплар бугун ножўядек, хатодек туюлади? Бугунгилари-чи?.. Худо билади. Бу ҳол қачонгача давом этаркан? Қачон бизга ақл энади? “Век живи – век учись” дейди-ку руслар. Умр дегани шудир-да. Берганига шукр, пешонада бори экан деймиз-да, ошна!
– Соч-соқолингизга оқ оралаганига қарамай, сизни кекса дейишга тил бормайди. Толстой элликдан ўтганда “Иқрорнома”сини ёзган экан. Таққос қиладиган бўлсак, “Иқрорнома”нгиз ёзиладиган вақт аллақачон келиб бўлган. Гарчи шу пайтгача бундай асар қораламаган бўлсангиз-да, бу шу ёшгача нималаргадир иқрор бўлганингизни инкор этолмайди. Малол келмаса, ҳаётий хулосаларингиз ҳақида ҳам айтсангиз…
– “Толстойлик”ка-ку даъво йўқ, биласиз. Аммо бу дегани иқрор-тазарру этгулик ҳеч қандай айбу гуноҳсиз бир мусича эканимизни англатмас – айб ҳам кўп, гуноҳлар ҳам етарли, хижолату пушаймонликлардан қоврилиб юришларни-ку айтманг. Шулар алоҳида китоб қилиб ёзилмагани энди бошқа масала. Айтганд ай, синчиклаброқ қаралса, ёзган нарсаларимиздан унча-мунчасининг изини топса бўлар.
Эгам биз бандаларини гуноҳга ботиб яшасин деб яратмагандир-у, синов дунёсидан сип-силлиқ, яккаш зафарлар ила ўтишнинг ҳам иложи йўқ-да. Маҳоват туюлмасин, мен умр йўлини гоҳо миналаштирилган хатар майдонига қиёслагим келади. Одам Ато ҳам бу дунёга илк қадамини нимадан бошлагани маълум…
Гапни ҳазрат Толстойдан бошлаган эдик, Толстой билан давом эттирсак, шундайин авлиёсифат зот ҳам кўзюмар чоғи “бу дунёнинг тагига етолмадим-а” қабилида “Не понял” дея армон билан ўтган экан. Одам қанчалик авомфаҳм бўлса, ҳаёт ҳақидаги фикр-тасаввурлари шу қадар аниқ, яъни жўн, саёз бўлади. Эҳтимол, каминанинг қарашлари ҳам шу тоифадандир. Инчунин, унинг бугунги хулосалари дейсизми, ҳаётий тутумлари дейсизми, бундай: ўзингга, фақат ўзингга ишон, ўзингга суянгил, бошқаси бекор! Бошингга келган балони-да ўзингдан кўр, мард бўл! Қолгани – Яратган эгамнинг қаламига боғлиқ.
– Бир домламиз бор. Нуқул шу гапни такрорлагани такрорлаган: ҳамма буюкларнинг шахсий ҳаёти, яъни оиласи буюклиги эвазига барбод бўлган. Тарихга назар ташласак, домла кўпинча ҳақ бўлиб чиқади. Румийнинг “Ҳар қандай муяссарият маҳрумиятдир, ҳар қандай маҳрумият муяссариятдир” деган гапи ҳам ўша фикрни қўллайди. Сомерсет Моэмнинг “Ой ва сариқ чақа” романи қаҳрамонининг тақдири ҳам шу гапга исбот. Аммо яна бир масала бор. Балки устозимиз ўзи буюк бўла олмагани учун ҳам шундай таскин қидираётгандир. Лекин ундай десак, бир файласуф акамизнинг “Оила – инсоннинг ўзидан ҳам муқаддас” деган ҳукми одамни яна ўйлантириб қўяди ва шахсияти “ғариб” буюкларга раҳмингиз кела бошлайди. Айтинг-чи, тақдир сизга бу икки йўлдан бирини танлаш имкониятини берганда қандай йўл тутардингиз? Умуман, буюк бўлиш учун оила қурмаслик ёки оилани барбод қилиш шартмикан?
– Шарт эмасдир… Йўқ, зинҳор шарт эмас. Умуман, буюклик деганда сиз нимани, кимни назарда тутяпсиз? Буюк ёзувчи бўлмоқними? Ёзувчи деганлари ҳам аввало одам-ку. Инсоннинг ўзидан, табиат унга туҳфа этган муқаддас аъмолдан (бурчу масъулият ҳам шунинг ичида) юксакроқ яна нима бор экан?! Ёзувчиларни назарда тутаётган бўлсангиз, ижод йўлида оилавий турмушдан беҳад наф ва фароғат кўрган Достоевский ёки Бунину Булгаковларни, ўзимиздан Ойбегу Абдулла Қаҳҳорларни олинг. Мудом биқинида ҳамкор туриб, асарларини чидам билан ўн марталаб қайта кўчириб берган оилапарвар Софья Андреевнадек аёлдан умрининг сўнгги йилларида норози яшаган Лев Толстой (дунё тартиботидан кўнгли тўлмай ўтган талабчан зот!) Достоевскийнинг рафиқасини кўрганда нима дейди, биларсиз: “Сиз ёзувчининг буюк умр йўлдошисиз!” Қаранг, буюк ёзувчининг эмас, ёзувчининг буюк аёлисиз мазмунида айтилаётир! Гап шундаки, машҳур инсонлар ҳамма замонда ҳам нуфус жиҳатдан саноқлироқ келади, уларнинг тақдиру аъмоли барчанинг кўзи ўнгида, барчанинг оғзида бўлади. Ваҳоланки, ҳаётда бирон бир ном қозонмай ўтаётган аҳли авом орасида оила қурмасдан ёки бор оиласини барбод этиб юрганлар сон мингта! Буларни ҳисобга олмаймиз, чунки улар жамият назарига тушмаган-да.
Бирор шахсий сабабга кўра ҳаётда тоқ ўтишни лозим кўрганларга эса истисно назари билан қараган маъқул. Буюклик рутбасига бевосита боғлиқ зарур шарт эмасдир бу. Ҳали айтганимиздек, буюклар ҳам тўрт мучаси бут, аммо улар ҳам хом сут эмган бандалар…
Каминага келсак, унча-мунча даъволаримиз бордир, эл қатори дегандай. Лекин шундан ортиқ эмас, ишонинг. Шукр, эс-ҳуш жойида, ҳаддимизни биламиз. Бироқ сиз айтаётган танлов шарти кўндаланг бўлганида ҳам оиладан воз кечиш масаласи хаёлга келмасди-ёв. Тарбиямиз шундай. (Балки шунинг учун буюклик насиб этмагандир?..) Яна қўшсак, русларнинг таъбирини қўллаганда, муайян мақсадга етишув шарти шунга кетган сарфу харажатни қопламоғи даркор. Жайдарироғи эса – эшагидан тушови қиммат бўлмаслиги керак.
Таассуфки, чорраҳа бошида турган одамнинг ҳар доим ҳам мақбул йўлни танламоғи душвор. Қисмат чорраҳаси – “англаб бўлмас сир”.
– Қўпол бўлса ҳам айтай: аввалги суҳбатларингизнинг бирида бир аёл сиздан фарзанд кўриш ниятида олдингизга келганини, бироқ сиз уни инкор қилганингизни айтгандингиз. Аммо бошқа баъзи ёзувчилар кўплаб яхши асарларнинг битилишига аёллар сабаб бўлганини ва улар бундан миннатдор эканини яширмайди. “Забаржад”у “Паризод” сингари ўзбек киносини юксак даражага олиб чиққан асарларни “қизларга қарамасдан” ҳам ёзса бўлар экан-ку?
– Қайси суҳбатда экан шу гап? Эслаёлмаяпман, рости. Одамни бундай хурсанд қилманг-да…
– Ўзаро суҳбатларнинг бирида. Анча йиллар бурун бир сабаб билан бошим айланиб ҳузурингизга борганимда.
– Жиддиятга кўчсак, агар сиз айтаётган гап чиндан-да бўлганида ҳам мен уни жориялаб элга ёймасдим, ишонинг. Асло. Эркакликдан эмас бу иш. Тилга олинган асарлар учун кимлардандир миннатдордирман, аммо уларнинг номини ҳеч қачон кимсага айтмайман. Қолаверса, “Анна аслида ўзимман” деган Толстой бобо ўша телбавор аёлга қўшилиб ўзини поезднинг тагига ташламайди-ку! Тасаввур, таассурот каби туйғулар бекорга берилмагандир ёзадиган мардумга!
– Олимлар адабиёт ва санъатга “Ҳаётдан бир поғона юқори бўлиши керак” деган талаб қўйишади. Толстой бобо эса асарлари билан ҳаётдан юқорилаган Достоевский ва Шекспирнинг “ақлли” қаҳрамонларини аямай “калтаклаган”. Лекин шунга қарамай на “Телба”, на “Ҳамлет” тарих саҳнасидан тушиб қолди. Қизиғи, учала буюк ҳам ўз ўрнини ҳеч кимга бермай яшаб келмоқда.
Энди пастроққа тушсак, сизнинг асарларингизни ўқиган ёки улар асосида ишланган фильмларни кўрганлар орасида ҳам “ҳаётда бунақаси бўлмайди” деган гапларни эшитиб қоламан. Ҳатто бир институтнинг профессор домласи маърузаларининг бирида талабаларига “Паризод” фильми бош қаҳрамонини “ким етакласа, шунга қўшилиб кетаверади, бу ўзбек миллатига хос хусусият эмас, ҳаётийликдан узоқ” деб уқтирибди.
Бу каби баҳслар шу пайтгача яшаган, яшаяпти, яшайверади. Аммо адабиёту санъатни мезону қолипларга сиғдириб бўлармикан?
– Ишонинг-ишонманг, шундай гаплар мени хурсанд қилади. Демак, мурод ҳосил: ёзганларимиз лоқайд қолдирмабди, кимнингдир қитиқ-патига тегибди, ғашини қўзғабди, кимдир уларни ўзи кўрган-билган (фақат ўзигина!) ҳаётий манзараларга таққосламоққа интилибди, номувофиқликлар ҳам топишга улгурибди. Демак, одатдаги қолипларга тўғри келмас экан, ўзгача экан – яхши-да! Демак, эски схемалар ёриб чиқилибди, камина бундан бахтиёр – аслида муддао ҳам шу эди. Негаки, соцреализм чизиб берган андозалар ҳамон адабиётимиз йўлига тўғаноқ бўлиб тургани сир эмас. Ёзилган ҳар бир асарни ўша тоғорага солиб баҳоламоққа ўрганиб қолганмиз: сиғадими, йўқми? Яъни – ҳаётда бўлганми, йўқми? Бадиий асарнинг вазифаси воқеликни айнан акс эттириш, нусхакашлик эмаслиги, ҳаётни, демакки, жумбоқдан-жумбоқ инсон кўнглини тадқиқ этиш, инсон ҳақиқатини кўрсатиб бериш, мухтасар ифодалаганда, у муаллифнинг ҳаёт ҳақидаги қарашлари, фалсафаси, нуқтаи назарининг мажозий инъикоси эканига иқрор бўлмоққа бўйнимиз ёр бермай келаётир. Жаҳон адабиётига бир назар ташлаб кўринг, сизу биз билган ҳаёт мантиғига тушавермайдиган воқеа-ҳодисалару ҳолатлар тасвири қанчадан-қанча! Адабиёт жўн, кундалик воқелик тасвири эмаслиги маълум гап-ку!
Ўша ҳурматли профессоримизнинг қўлларида ўзбек миллатига хос хусусиятлар рўйхати бўлса бордир, аммо бизда йўқ ва шунисидан мамнунмиз. Чунки биз ўзимиз мансуб миллатнинг бир талай хос қирралари, фазилатларидан хабардор эканимиз ҳолда, уни дунёдаги ҳеч кимдан кам ҳам, зиёд ҳам бўлмаган инсонлар жамияти деб биламиз ва шу жамиятнинг ҳар бир аъзосига аввало тирик инсон, мавжуд эзгу жиҳатлари билан бир қаторда нуқсонлари билан-да жонли, жозибали, мураккаб зот сифатида қараймиз. Ёзмаларимиздаги айрим ғайритабиий ҳолатлар илдизи ана шундан қидирилса, бизнингча, ҳалигидек бирёқлама талқинларга ҳожат қолмасди.
“Паризод” масаласида шуни айтиш керакки, ундаги келинчак образи – рамз, тимсол, борингки, эстетик идеалдир, бадиий адабиёт шуларсиз кун кўролмайди-ку. Образлар билан иш тутадиган ёзувчининг бунга ҳаққи боргина эмас, бу унинг бурчи, вазифаси. Ўзингиз таъкидлаб турибсиз-ку, “адабиёту санъатни мезону қолипларга сиғдириб бўлармикан?” Шуларга мосланган куни у ўсишдан тўхтайди, ҳалигидек нусхакашликка ўтади. Машҳур классик фиғон ила айтган сўзларни эсланг: “Бу дунёси нақадар диққинафас-а, афандилар!”
– Бугунги ёзувчи “Анна Каренина”ю “Уруш ва тинчлик”ка сиғдирилган мазмунни икки ё уч юз, нари борса, беш юз бетлик китобга сиғдиради деган тасаввурим бор. Тан олиш керак, бугунги замон ҳар жиҳатдан, ҳар соҳадан ихчамликни талаб этмоқда. Бу адабиётга ҳам таъсир қилмай қолгани йўқ. Сўнгги пайтларда жаҳон адабиётида, ундан таъсирланган ҳолда ўзбек адабиётида ҳам “модерн” отлиғ жажжи ҳикоялар, ихчам қиссалар, мухтасар романлар ёзиш урфга кирди. Эпик кўламдорликни асар ҳажми билан белгилаш мумкинмикан, умуман, янгиланаётган адабий жараённинг етакчи хусусиятлари қайсилар деб ўйлайсиз? Эҳтимол, шакл замонга мослашган ҳолда қисқариб, мазмун кучайиб бораётгандир, а?
– Саволларингизга зимдан ўзингиз жавоб бериб қўяркансиз-а! Кузатишларингиз ўринли, дўстим. Кечаётган тезкор давр руҳига мос адабиётда ҳам экспресслашув, тиғизлашув, ана шунинг ҳисобига ихчамлашув жараёни юз бераётгани бор гап. Эпиклик тушунчаси ҳажмдан мазмуннинг теранлигига кўчаётирки, бу ҳолни фақат олқишламоқ керак. Воқеликнинг сиртқи тасвирига эмас, моҳиятига, ифода усулларию бевосита матнга эътибор кучайгани қувонарли хусусиятлардан десак бўлади. Тўғри-да, юз бетда ифодалаш мумкин бўлган мазмунни икки юз саҳифа қилиб чўзишнинг нима ҳожати бор?! Бу ҳол кечаги замонда – китобнинг ҳажмига қараб қалам ҳақи тўланган шароитда қўл келгандир; ўша даврнинг ёзармонлари ёстиқдек-ёстиқдек “полотно”лар яратишга зўр бердиларки, бугун уларни ўқийдиган сербардош мард қани денг! Бир ёзувчи дўстимнинг ўқиганда киши ичига кириб яшайдиган романлар йўқ, деб қайғургани эсга тушади; беҳисоб воқеа-ҳодисаларни қамрайдиган серқатлам асарларни назарда тутган эди у. Шундай асарни ёзишга вақт қани, уни ўқишга тоқат қани дейман мен.
Нафсиламри, асар ростакамига қизиқарли, сермазмун бўлса, ўқиётганда унинг ҳажми, неча саҳифадан иборатлиги ҳам кўзингизга кўринмайди. Ҳадеб бир гапни чайнайверадиган, узундан-узоқ, аҳамиятсиз тафсилотлар баёнига қурилган “полотно”лардан худо асрасин! Устоз Абдулла Қаҳҳор айтганидек, унақа нарсаларни дўппингизни ҳидлаб-ҳидлаб ўқимоқдан ўзга чорангиз йўқ. Бугунги куннинг бесабр китобхони эса “дўпписиз” – ўқимайди-қўяқолади, шуники тўғри. Кечаги замондаги кўплаб “полотно”лар ана шундай қисматга лойиқ топилгани бугунги адибларимизга сабоқ бўлиши керак.
– Бир пайтлар Садриддин Айнийнинг “Ўткан кунлар”ни ёзаётган Абдулла Қодирийга берган маслаҳати, Абдулла Қаҳҳорнинг Шукур Холмирзаев ва Ўткир Ҳошимовга ёзган мактублари машҳур бўлган экан. Бугун устоз ижодкорлар билан ёш насрчи-қаламкашлар ўртасида қандайдир узилиш бордай. Баҳс-мунозарага бой адабий давралар ҳам кам ўтказилаётир, ёш ёзувчи-ижодкорларнинг шаклланишида, уларга тўғри йўл кўрсатишда, саволларига жавоб беришда устоз ёзувчиларнинг рағбати камдай. Ҳамма ўз кунини ўзи кўраётгани учунми, катталардан хафа бўлиш ўринсиздай туюлади баъзан. Айтинг-чи, ўзингиз ёшларни ўқиб турасизми, умуман, келажак адабиётидан умидингиз қандай?
– Абдуқаюм Йўлдош, Зулфия Қуролбой қизи, Исажон Султон, Наби Жалолиддин ва яна бошқа нисбатан ёш дўстларимнинг китоблари қўлимга тушса, албатта ўқийман. Яқинда “Жаҳон адабиёти” мажалласида Муҳаммад Шарифнинг бир туркум ҳикояларини ўқиб, ўзим ёзгандек хурсанд бўлдим. Ҳар кўчада, кўринган одамга шуни таърифлаб юрибман ҳозир. (Муаллифига мактуб ёзиш керак эди-я!) “Жаҳонга бўйлашиб” деган рукнда эълон қилинибди. Менимча, рукн тўғри танланган, ҳикоялар шунга муносиб!
– Тўғриси, сиз билан суҳбатлашишни уч йил аввал режа қилгандим. Бироқ ана-мана дегунча орадан шунча вақт ўтиб кетибди. Энди ўша маҳалларда сизга бермоқчи бўлган саволларимнинг ичида: “Ўша гўзал асарларингиз – “Анойининг жайдари олмаси”, “Отойининг туғилган йили” ҳали-ҳали севиб ўқилади. Бироқ бугун ўқувчилар “Ўткан кунлар”, “Отамдан қолган далалар”, “Лолазор” каби романларнинг шайдоси ва гадоси. Шундай романларни ёзишга қодир бўлган ёзувчимиз шу кунларда кинога ўралашиб қолди…”, дегани ҳам бор экан. Бугун ўша фикрим ўзгарибди. Негаки, санъатни нозик тушунадиган кўпчиликнинг назарида, сизнинг асарларингиз асосида ишланган киноларнинг бирортаси ёмон чиққани йўқ. Кимнинг қўлига тушса ҳам манаман деган фильм бўляпти. Бир билгич дўстимизнинг айтганидек, бу фильмлар ўзбек киносини янги бир юксакликка олиб чиқди, бошқа ўзанга буриб юборди. Фестивалу танловлардан сизга ва бу фильмларга оқиб келаётган мукофотлар ҳам буни тасдиқлайди.
– Бўлди, бўлди, саволингизга ўтаверинг.
– Шунга қарамай, романга ҳам қўл урдингиз. Балки тишим яхши ўтмагани учунми ё бошқа бирор сабабми, “Шовқин” мени “Дилхирож”у “Забаржад”, “Қарздор”у “Паризод”чалик ҳайратлантирмади. Минг бора узр сўраган ҳолда шуни айтмоқчиманки, бу асар менга гўё “Эркин Аъзам роман ёзмади” деган гапдан қутулиш учун қоралангандек туюлаверади…
– Узр сўраб овора бўлманг, дўстим, очиқ иқрорингиз учун яна раҳмат сизга. Ҳар кимнинг таъби-да, “кимгадир ёқар лола, ким – атиргул шайдоси”. Диду таъб бобида ҳакам йўқ, инсоннинг энг олижаноб ҳуқуқларидан бири ҳам шу.
Аммо “Шовқин” роман ёзиш учунгина битилмагандир. Каминангиз, шукрки, унақа орзу-ҳаваслар палласидан ўтиб бўлган, асарнинг қадру баҳоси унинг пешонасига босилган тамға – жанрига қараб белгиланмаслигига ақли етади, қолаверса, илгари ҳам бу ишга уриниб кўрган. Андак катта кетилса рухсатми? Шу китобни – шундай китобни мен ёзмасам бошқа одам ёзмас эди! Негаки, унда акс этган манзараларга шахсан гувоҳ бўлганман, улар мени кўп замон безовта қилиб, ўйлантириб юрган, ёзилмаса уволдек туюлди. Романнинг қандай чиққани эса бошқа масала. Назаримда, кечаги кунларимиздан нақл этган бу асар воқелик талқини ва персонажларга ёндашув жиҳатидан бирмунча илгарилаб кетиб ёзилган бўлса керак. Бу ҳол яхшиликками ё бошқами, унисини айтолмайман. Нотаниш нарса бир қарашда кишига эриш туюлади, ғашини ҳам келтириши мумкин. Фаҳмимча, сиз мендан яна-тағин “Забаржад”у “Паризод”ларни кутган чиқарсиз. Бир кирилган сувга қайтиб кирмоқ беҳудалигини, хусусан, адабиётда бу ҳол фазилат саналмаслигини унутмаслигимиз даркор.
Яна ҳам ким билади дейсиз…
– Охирги киноқиссангиз фильм қилинганига ҳам, мана, бир йилдан ошибди. Фикримча, ўшандан бери ўзбек киносида жимжитлик. Андишасиз гапирадиган бўлсак, режиссёрлару хос мухлислар сизнинг “оғзингиз”ни пойлаб қолишгандек. Энди уларни ва бизларни қачон хурсанд қиласиз?
– Осмонга кўтарвордингиз-ов. Бировни “хурсанд қила олади”ми, йўқми, айтай: шу яқин кунларда “Хонадон эгаси” номли фильм экранга чиқса керак. “Танҳо қайиқ” дегани эса келгуси йил суратга олиниши мўлжалланган. Ҳозирча шу.
Фозил ФАРҲОД ўғли суҳбатлашди.