Мотуридий пандномаси

БИРИНЧИ БОБ

— Худога такя қилмоқ керак. Нимани хоҳласанг У беради.
— Уни асра, У ҳам сени асрайди.
— У берганни ҳеч ким тортиб ололмайди.
— Унга ким итоат этса, ҳамма унга фармонбардор бўлади.
— Кимдаким Ундан қўрқса, бошқалар сендан қўрқишади.

Шайх Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий тахминан 870 йили ҳозирги Самарқанд вилоятининг Мотурид қишлоғида туғилиб, 975 йили вафот этган. У Самарқанднинг Чокардиза қабристонига дафн этилган. Мотуридий хусусий муаллимларда, сўнгра эса Самар¬қанд мадрасаларида таҳсил кўрган. Олим умр бўйи Самарқанд мадрасаларида мударрислик қилган. Мотуридий “Китоб – ат тавҳид”, “Китоб ал-усул”, “Таъвилот ал Қуръон” (Қуръон тафсири) сингари ўнлаб илмий-назарий асарлар, “Панднома” асарининг муаллифидир. Буюк олимнинг ислом таълимоти софлигини асрашда хизмати катта. Навоий “Насойим-ул-муҳаббат”да Мотуридийнинг руҳий-илоҳий қудрати ҳақида алоҳида ҳикоят келтирган. Унинг “Панднома”си Х аср пандномасининг энг яхши намуналаридан бўлиб, китобхонни илм ўрганишга, касб эгаллашга, яхши хулқ эгаси, инсонпарвар, ширинсухан, саховатпеша бўлишга ундайди.
Қуйида ушбу асардан таржимани эътиборингизга ҳавола этамиз.

— Тавҳидни умринг сармояси деб бил.
— Дунёпараст бўлма, Худонинг душманини севган бўласан.
— Чин эътиқод безавол ганждир.
— Мартабани сабрдан изла.
— Қуролингни илмдан яса.
— Саховатпеша бўл.
— Фақирликни фахр бил.
— Охират йўл озуқасини тақводон кўзла.
— Охират йўлини тақводан қур.
— Ибодатдан шодлик иста.
— Ростгўйликда камол изла.
— Ўлимни асло унутма.
— Шодликни ибодатдан кўзла.
— Ҳақ ҳукмига рози бўл.
— Фаришталар, Расули акрам ва Аллоҳ китобини ҳурмат қил.
— Ҳақ сўзини имон бил.
— Яхшилар билан дўстлаш.
— Ўзингдан қочиб Ҳаққа етгин.
— Ҳалолни-ҳалол, ҳаромни-ҳаром билишга ўрган.
— Душманга озор берма, аммо қўлингдан келса маҳв эт.
— Хорлик истасанг хиёнатчи бўл.
— Беъманилардан ҳазар қил.
— Нодонни тирик санама.
— Сабрли бўл, муродингга етасан.
— Ҳар бир ишда ҳамкор изла.
— Ўзликни англашни буюк хислат бил.
— Донишингни хор қилма.
— Кам гапир, оз егину кам ухла.
— Хилофкорликдан қоч, Аллоҳдан ноумид бўлма.

ИККИНЧИ БОБ

— Тақвони қўрқмас аскар бил.
— Доно кўринган нодондан ҳазар қил.
— Илмда ҳаммадан камтар бўл.
— Ўрган ва ўзгаларга ўргатгин.
— Эшитмаган нарсанг ҳақида гапирма.
— Бировга ҳаддан ташқари танбеҳ ҳам берма, беҳудага мақтама ҳам.
— Қулоғинг билан эшитганингни маҳкам тут.
— Рост гапиру ўзгаларнинг айбини ковлама.
— Сўрамасалар жавоб берма, айтмаган жойга борма.
— Харид қилинмайдиган нарсани сотма.
— Олинмайдиган нарсани сотма.
— Калтак емайин десанг, бегуноҳга қўл кўтарма.
— Яхшиликни жондан изла.
— Ўзгалар қалбини овламоқчи бўлсанг, яхшилик қилишга одатлан.
— Балони такобирлик натижаси бил.
— Қалбингни ҳасад ўти билан куйдирма.
— Балодан ибрат ол.
— Ҳамиша сир асровчи бўл.
— Жафопеша бўлма.
— Меъёри билан егин, низоми билан гапиргин.
— Хушхулқ ва беозор бўл.
— Тавфиқни Худонинг фазилати бил.
— Кишиларга қаттиқ гапирувчи бўлма.
— Бойликни иқбол бил, уни харж этмасликни эса бадбахтлик бил.

УЧИНЧИ БОБ

— Ҳар кимнинг нонини ея берма, аммо ҳаммага нон едир.
— Молу давлат орқасидан югурувчи бўлма.
— Ҳақ хикматини илмингдан афзал бил.
— Илмингни эҳтиёт қил.
— Аллоҳ ҳикматини ўз билимингдан юксак бил.
— Ўзингни таъриф этишдан сақлан.
— Ҳамиша Аллоҳ шукронасида бўл.
— Жонни омонат бил.
— Аллоҳни ҳамиша бергувчи, деб бил.
— Умрингни иноят бил.
— Тадбирни тақдир билан боғла.
— Соғликни ғанимат бил.
— Охири зиён келтирадиган фойданинг атрофида ўралашма.
— Ажални ҳеч қачон фаромуш қилма.
— Илм ўрганишдан асло тинчима.
— Калондаҳанлик қилма.
— Насияни мол деб билма.
— Мартабаю иззатни илмдан изла.
— Шаҳват асири бўлма.
— Афв этмоқни ҳеч кимдан дариғ тутма.
— Рост йўлда енгилтаклик қилма.
— Сулҳнинг иложи бўлмаса, жанг¬дан қочма.
— Душманни ҳақир билма.
— Дўстинг минг бўлса ҳам кам.
— Ҳар қандай душмандан эҳтиёт бўл.
— Сендан қўрққандан сен ҳам қўрқ.
— Душманингнинг душмани билан дўст тутин.
— Дўстларингнинг дўстлари орасида бўл.
— Дўстингнинг душманидан ғофил бўлма.
— Раҳмсизга шафқат қилма.
— Нокасдан қарз олма.
— Аждодларинг қадрини эъзозла.
— Жоҳил зоҳидга инонма.
— Омонатга хиёнат қилгувчи бўлма.
— Синамаган одам билан сафарга чиқма.
— Ҳирсу хусуматни нажосат бил.
— Ўз мисқолингни ўзгалар ботмонидан афзал бил.
— Одамларнинг олдида нима десанг, орқасидан ҳам ўшани гапир.
— Бировнинг молига муҳтож экансан, билгилки, унинг қулисан.

ТЎРТИНЧИ БОБ

— Беҳудаликни офатларнинг боши бил.
— Бировнинг миннатини кўтару, миннат қилгувчи бўлма.
— Тилингни ҳамиша дашномдан тийгил.
— Ҳожат чиқаришни буюк иш деб бил.
— Яхшилик қилганингни айтиб юргувчи бўлма.
— Ёмонликни офатларнинг боши, деб бил.
— Ёмонларга ёрдамлашма.
— Дўстларингни ёмонлагувчи бўлма.
— Ёмонларни ўзингга йўлатма.
— Душманинг билан иноқлашган дўстдан қўрқ.
— Ўзгалар ғамидан хурсанд бўлма.
— Сенга иши тушган одамни ранжитма.
— Туҳмат бор жойдан қоч.
— Ота хатоси учун танбеҳ берма.
— Султонга густоҳлик қилма.
— Дарвеш қардошингни шод тут.
— Ғамгусор бўладигангагина дардингни айт.
— Шаробу таомни кам е, кўпини ўзгага бер—эсин.
— Халқ билан шундай яшаки, улар ҳамиша сен билан бўлишсин.
— Шуҳратмандликда ўзингдан кетма.
— Бировларнинг ғамидан шодланувчи бўлма.

БEШИНЧИ БОБ

— Орзу-умид фарзанди бўл.
— Оила аъзолари ҳаққини унутма.
— Қалбингни дин билан доно қил.
— Одамлар сендан умидвор бўлиб яшасин.
— Мартаба, бойликка эришгач, ўзлигинг унутма.
— Давлат пайтида баландҳиммат бўл.
— Оғир кунларда сабр-бардошли бўл.
— Оз дардни кўп бил.
— Бойликка эришгач, ҳимматбаланд бўл.
— Саховатда ваъдахилоф бўлма.
— Диёнатда бардам ва мустаҳкам бўл.
— Ўзингни орзулар дарёсига ғарқ этма.
— Нодондан йироқ юришга интилгин.
— Бахиллик билан мартаба қозонолмайсан.
— Тўғри йўлни очгувчи илмдир.
— Ғамғусорингга ғамингни айт.
— Ҳеч кимга ҳақорат кўзи билан боқма.
— Халқ билан бир тан, бир жон бўл.
— Нокас ва бединга нон берма.
— Меҳмонга сертакаллуф бўлма.
— Аҳду паймонда собит бўл.
— Ёмон танишингни уйга йўлатма.
— Молингни ноўрин ва бекорга сарфлама.
— Ҳаёт тажрибасидан ризқ изла.

ОЛТИНЧИ БОБ

— Доно суҳбати ҳар икки жаҳон учун фойдалидир.
— Ҳақ ризолиги билан кун кечир.
— Пайғамбарларни ҳамиша тирик бил.
— Ваъдага вафони саховат бил.
— Умринг лаззатини яхшилар суҳбатидан кўзла.
— Умид риштасини ҳаргиз узма.
— Бахилдан яхшилик кутма.
— Тўғри йўлнинг калитини илм деб бил.
— Умрингни саҳрода ўтказма.
— Қалблар дўстлигини хомушликдан изла.
— Ҳамма билан ошно бўлишга интил.
— Жанжаллашган қариндошларни яраштиришга интил.
— Ўғирлик молдан улуш олма.
— Ҳеч кимга ҳақорат кўзи билан боқма.
— Аёллардан устун бўлишга интилма.
— Гўдакларга насиҳат қилма.
— Нодон беморни даволама.
— Маст йигитга насиҳат қилма.
— Дўстлар айбини ўз вақтида айт.
— Сирингни дўстдан ҳам, душмандан ҳам пинҳон тут.
— Доно суҳбатини ҳар икки жаҳон учун фойда деб бил.
— Ҳар ишни маслаҳат билан қил.

ЕТТИНЧИ БОБ

— Ўтганга, тўкилганга ва кетганга афсусланма.
— Ўзингга ҳамжинс ва ҳаммаслак дўст танла.
— Ҳамма билан ярашиб яшашга интил.
— Бераҳм одамларни дўст қаторига киритма.
— Соғлиқни ҳаёт гарови бил.
— Тошбағирлар билан ҳамсуҳбат бўлма.
— Иккиюзламачидан вафо кутма.
— Ўз юкингни ўзгаларга оширадиган бўлма,
аммо ўзгалар юкини кўтаргувчи бўл.
— Манфаатсиз тириклик ўлим билан баробар.
— Кўп гапирмоқни гуноҳ бил.
— Ҳожатингни Аллоҳдан тила ва иста.
— Дўстларинг хатосини айтиб тургин.
— Ўзгалар молига меҳр қўйма.
— Дўстингни ҳамиша эсда тут.
— Хизматкорни урушга юборма.
— Айтилмаган жойга борма.
— Нодон дўстга ишонма, чунки сувга суянсанг ғарқ бўласан.
— Яхшиларнинг тиригини ҳам, ўлигини ҳам зиёрат қил.
— Қўрқоқликни ўлимдан оғир бил.
— Ўзингдан кексаларни улуғ бил.
— Тириклик ҳақиқатини соғликда, деб бил.
— Ҳеч кимнинг сиртига қараб баҳо берма, алданасан.
— Мақсадсиз ҳаёт билан ўлимни бирдай бил.
— Тилингга эҳтиёт бўл.
— Ҳаммадан яхши сўз ўрганишга интил.
— Ҳасадгўй дўстдан парҳез қил.
— Душман билан сулҳ тузишга интил.
— Сабрни мақсадга етиш воситаси бил.
— Низомсиз лашкар лашкар эмас.
— Қуролсиз жасурни нодон бил.
— Юрт ободлигини тиласанг, очиққўл бўл.
— Қалбинг покиза бўлса, муродга етасан.
— Нифоқ илмсизлик белгисидир.
— Ранжни осойишталик воситаси бил.
— Шариатни тан деб ўйла,
— Тариқатни қалб, деб англа,
Ҳақиқатни эса, жон деб танигин.

САККИЗИНЧИ БОБ

— Яхшилигингни эл билсин десанг, ёмонларга таъна қилма.
— Ёмон сўзга қулоқ тутма.
— Ўзингдан ёши катталарни улуғ сана.
— Тил сақлашни умр саломатлиги бил.
— Яхши сўзни ҳаммадан тинглашга одатлан.
— Бу жаҳон манфаати учун жаҳонни сотма.
— Ўзингга нимани хоҳласанг, Ҳақ бандаларига ҳам ўшани иста.
— Дорини соғ пайтингда ич.
— Узоқдан бўлса ҳам илм ўрганиш пайида бўл.
— Ҳасадчи дўстдан парҳез қил.
— Ўтмиш ҳаётингни ўз имоминг бил.
— Жоҳил амирдан ҳазар қил. Ундан келадиган оз сийловни кўп бил.

ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ

— Мақсадга етиш йўлини сабрда бил.
— Насиҳатга қулоқ тутмайдиган лашкар — лашкар эмас.
— Итоатсиз раият — раият эмас.
— Қуролсиз шижоат нодонликдир.
— Юртинг ободлигини истасанг, халқингни ҳимоя қил.
— Мулкнинг низомли ривожланган бўлишини истасанг, холиқ ва халқнинг хурсандлигини кўзла.
— Буюкларнинг кичикларга хизматини кичик бил,
Кичикларнинг буюкларга хизматини буюк бил.
— Енгилтакликни хорлик ва девоналик бил.
— Ҳашамдорлик, бахиллик ва ҳасадни тананг, молинг, мартабанг учун заҳар бил.
— Ғофил амирни амир санама.
— Ҳирадманд(донишманд)лар суҳбатини кўзла.
— Жаҳон кўрган кишиларни надим қил.
— Олам ободлигини караму адолатда бил.
— Қалбингни пок тутсанг, муродга етасан.
— Мақтанчоқлик қилма, биров сени мақтаса, ундан фахр¬ланма.
— Нифоқни илмсизлик оқибати, деб бил.
— Ўз айбингни кўргувчи бўл.
— Ўзингни таъмадан йироқ тут.
— Ранжни осойишталик натижаси бил.
— Заҳмат оқибатини шодлик, деб бил.

ЎНИНЧИ БОБ

— Ҳамиша азиз бўлай десанг, хорлик билан ҳунар ўрган.
— Балони садақа билан даф эт.
— Ҳурматни бойликдан афзал бил.
— Такаббурларни дев сана.
— Доно дўст насиҳатини қабул эт.
— Ножинс суҳбатидан парҳез қил.
— Ҳою ҳавас оташини ўлдир.
— Жангда баландовоз бўл.
— Яхши сўзни азиз тут.
— Ҳамманинг ўзингга душман бўлишини истасанг, такаббур бўл.
— Ёмон кўздан қўрқ.
— Динни илм билан асра.
— Агар халқнинг дўст бўлишини истасанг, бойликни душман бил.
— Тинчлик истасанг, ҳеч кимга ёмонлик қилма.
— Улуғлик истасанг, ифтихордан қоч.
— Дуони қуролдан афзал бил.
— Умидни ганждан ортиқ бил.
— Шунга интилгинки, ўлимдан сўнг ҳам тирик юргин.
— Аллоҳ хоҳламаган ҳамма нарсани ботил сана.
— Озорнинг йўлини эҳсон билан тўс.

Форсийдан Ҳамиджон Ҳомидий таржимаси.