Фахриддин Низомов – сирли одам. Чунки аслида у икки киши.
Биринчисининг исми – Фахриддин ака. У 1963 йили ҳозирги Навоий вилоятидаги Сангижумон қишлоғида туғилган, Самарқанд давлат университетида филологликка ўқиган, кейин Ҳиндистон оммавий коммуникация институтига бориб, журналист ихтисосини олган; ватанга қайтиб, хизмат пиллапояларидан КАТТА амалдорлик даражасигача кўтарилган.
Иккинчининг исми – Фахриёр. У – шоир, нозикфаҳм лирик, файласуф ва полиглот, сценарийнавис ва таржимон. «Дарднинг шакли» (1997), «Аёлғу» (2000), «Геометрик баҳор» (2004), «Излам» (2017), Францияда чоп этилган «L’Ombre des Larmes» («Кўзёш сояси», 2016) тўпламлари муаллифи…
Фахриддин ака билан Фахриёр таржимонликка қўл урганда бир одамга айланади. Шу тариқа ўзбек тилига америкалик таниқли сиёсатчи Ҳиллари Клинтоннинг «Бир болага етти маҳалла ота-она» (It Takes a Village to Raise a Child, 1997), инглиз каломшунос олими Тимоти Уинтернинг «XXI асрда ислом: постмодерн дунёда қиблани топиш” (Islam 2001: Finding the Qibla in a Postmodern World, 2005) ва «Америка ҳикоялари» (American Short Stories, 2011) (бошқа таржимонлар билан бирга) китоблари таржима қилинди. Яна қанчадан-қанча кинокартиналар, бадиий ва ҳужжатли сериаллардан тортиб, «Чўқинтирган ота» ва «Янги «Парадизо» кинотеатри»га ўхшаш жаҳоннинг дурдона фильмларигача…
Бугун Санжар Янишев Ўзбекистонда «собиқ амалдор», тиниб тинчимас «фрилансер» Фахриддин ака қандай яшаётгани, шоир Фахриёрнинг аҳволи, руҳияси ҳақида у билан суҳбатлашади.
– Фахри, сен туғилиб ўсган қишлоқ номининг маъноси нима?
– «Қимирлоқ тош».
– Қизиқ экан! Мен туғилиб ўсган кўчанинг номи «Танкистлар» эди. Болалик чоғларимда тийнатимда етишмаган қатъиятни шу сўздан олган бўлсам керак. Номи «Ўрикзор»га ўзгартирилгани ғалати бўлган эди, чунки у ерда ўрик эмас, фақат олча ўсганини биламан. Тўғри, кўча номи ўзгартирилишидан олдин мен у ердан кетган эдим… Феълингда «Сангижумон» сўзи билан боғлиқликни сезасанми?
– Мезон буржига мансуб кишилар кўп иккиланади, деган гап-сўз юради. Балки шунинг учун ҳамма нарсага шубҳаланиб қарасам керак.
– Юлдузларга ишонасанми?
– Тўғрисини айтсам, на буржларга ва на юлдузларга ишонаман.
– Ҳар бир православ руҳонийси астрология – мунажжимлик ва ҳар хил хиромантия – қўлдаги чизиқларга қараб фол очиш – шайтоннинг иши: Худодан бошқа олий куч йўқ ва ҳк. дейди. Бу масалага ислом дини қандай қарайди?
– Имонли киши фақат Аллоҳга ишониши керак. Лекин инсон табиати ғалати. Ҳерберт Уэльс бекорга «ҳар бир кишининг, ҳатто энг маърифатли кишининг кўнглида ҳам хурофотнинг тутқич бермас қолдиқлари ин қуриб олган бўлади», демаган.
– Ономастикага қайтадиган бўлсак, ҳар ҳолда ўша «тош»ни «тош шаҳар»га (Тошкент) алмаштириш мантиқан тўғрига ўхшайди. Ота-онанг кимлар?
– Ота-онам – оддий кишилар: отам умр бўйи тракторчи бўлиб ишлаган, онам эса уй бекаси бўлган. Ҳозир иккаласи ҳам пенсияда, ҳалиям Сангижумонда яшайди. Мен анчадан бери уларни Тошкентга келиб, уйимда, бир оз бўлса-да, яшашга кўндирмоқчи бўламан, лекин унашмайди. Ўз уйим – ўлан тўшагим, деган гап бор-ку. Улар мен билан ука-сингилларим кўнглида мўъжаз Ватан – қишлоқ ва қадрдон уйга меҳр уйғотган. 12 фарзанд эдик. Мен тўнғичиман. 5 йил олдин бир синглим қазо қилди…
– Аллоҳ раҳмат қилсин… Ука-сингилларингнинг ҳаммаси ижодкор кишиларми?
– Йўқ, фақат бир укам Ислом институтини, кейинчалик, ТошДунинг журналистика факультетини битирган. Ўзи ҳам мақолалар ёзиб, араб тилидан у-бу нарсаларни таржима қилиб туради… Афсуски, ота уйда тез-тез йиғилиб туриш имкони йўқ. Яқинда бир укам қизини узатувди, шунда ака-ука, опа-сингиллар уникида кўришдик.
– Ака-ука, опа-сингиллар билан муносабатларинг қандай? Ака уйланмагунча ука бўйдоқ юраверадими?
– Ҳа, шунақа удум бор. Лекин истисноли ҳолатлар ҳам учраб туради. Агар, ака университетда ўқиётган ва укага маълум сабабларга кўра уйланиш зарур бўлиб қолса, ота-она тўнғичидан кичик ўғлига уйланишга рухсат беришини сўраши мумкин.
– Сен ҳам шундай қилганмисан?
– Йўқ, мен биринчи бўлиб уйланганман. (Кулади.)
– Дарвоқе, уйланаётганда ота-онангнинг розилигини олганмисан? Ёки биздагига ўхшаб, вақти-соати етгач, уйлантириб қўйишганми?
– Ҳа, келинни ота-онам топган, бунинг учун уларга мингдан-минг раҳмат. Бўлғуси умр йўлдошим билан тўй олдидан танишганмиз, бир кўришдаёқ менга ёқиб қолган. Ўттиз йилдан бери биргамиз, фарзандлар ўстирдик, уч йил олдин қиз неварамиз туғилди…
Умуман олганда, шарқликлар ғарбликларга нисбатан оилага кўпроқ меҳр қўяди. Улар кейинги ўн йилликларда инқирозга юз тутаётган қадриятларни сақлаб қолишга интилмоқда.
Бир мисол келтираман. Уч йилча олдин хизмат тақозосига кўра, Ҳиндистон жанубидаги Тамил-Наду штатига боришимга тўғри келган, делегациямизга Свати исмли бир истарали хоним йўлбошловчилик қилган эди. Оиласи ҳақида гапириб берган қизиқ ҳикояси ҳамон ёдимда: Свати умр йўлдоши ва икки фарзанди билан АҚШнинг Калифорния штатида яшаган, маоши тузук ишда ҳам ишлаган экан. Лекин эри билан ажрашиб, фарзандларини Ҳиндистонга қайтариб олиб келишга мажбур бўлибди. Айтишича, Америкада бизнинг тушунчамиздаги оилалар қолмаётган эмиш. Шунинг учун фарзандларим анъанавий: бувиси билан бувасининг тарбиясини олсин, балоғат ёшига етгандан сўнг қаерда ва қандай яшашни ўзлари ҳал қилади, дейди. Қизиғи, у муслима эмас, ҳиндуизмга эътиқод қилади.
– Ота-онангиз мактабдан кейин қайси касбга ўқишингиз тўғрисидаги мойилликларингизга қандай қараган? 12 фарзанддан бири ота-онага қарашиш учун қишлоқда қолиши керакмиди?
– Оиламизда ҳамма касбини ўзи танлаган. Менга архитекторликка ўқишни тавсия этишган, чунки қўшнимиз архитектура институтида ўқитувчи эди. Лекин «йўқ» деб туриб олдим. Мактабда ўқиб юрган пайтимдан филолог бўлишимни билар эдим…
Ҳа, бугун бир укам ота-онам билан туради. Лекин қолганларимиз ҳам уларга қўлдан келганча ёрдам бериб турибмиз.
– Сенинг оила андозанг ўзинг туғилиб ўсган оила андозасига қанчалик мос келади?
– Албатта, фарқи жуда катта. Вақт ўтиши билан ҳамма нарса ўзгариб боради. Муҳит ҳаммамизни ўзгартиради. Масалан, мен кўп фарзандли оилада ўсганман, лекин ўзимнинг икки фарзандим бор. Ҳатто қишлоқларда ҳам туғилиш камайиб кетяпти. Энди «қаҳрамон оналар» йўқ. Ўша совет даврида берилган унвон ёдингда бўлса керак?
– Бу нима билан боғлиқ?
– Бу нафақат иқтисодий қийинчиликлар, қолаверса, уй хўжалигида қўл меҳнатига талабнинг камайиб бориши билан боғлиқ. Аста-секин ҳамма нарса механизациялашмоқда. Илгари битта оилага ҳам овчи, ҳам деҳқон, ҳамма ошпаз, ҳам новвой керак бўлса, бугун уларнинг ўрнини дўконлар, ошхоналар, новвойхоналар эгаллаб бораётир. Шунинг учун анъанавий оила модели кескин ўзгаришларга юз тутмоқда. Бугунги болалар бувисининг эртакларини тинглаб эмас, мульт-, теле- ва кинофильмларни кўриб, попса – алай-балай қўшиқларини тинглаб катта бўлмоқда.
– Қизларингга айфон олиб берасанми?
– Қизларимга смартфонни катта бўлишганидан сўнг олиб берганман. Улар болалигида интернет деган гаплар йўқ эди. Лекин телевизор кўришларини тақиқламаганман – қаттиққўллик қилгим келмаган. Улар ҳам тенгдошлари қатори телеэртаклар тинглаб ўсди. Афсуски, бувилари улардан узоқда эди.
…Йўқ, бувим менга ҳам ётар олдидан эртак айтиб бермаган. Лекин эрталаб намоз ўқиб бўлгандан сўнг пайғамбарлар, девона Машраб ҳақидаги китобларни овоз чиқариб ўқир эди… Балки айнан ўша китоблар адабиётга қизиқишимни уйғотгандир. У киши ўша китобларни жуда берилиб, жозибали оҳанг билан ўқир эдики, бехосдан девонайи Машраб билан гоҳ Намангану Қошғарда кезар, гоҳ Балхда унинг ортидан дор остига борар эдим.
– Сен ўзбек филологияси факультетида ўқигансан. Рус тилини қаерда ўргангансан?
– Армияда! Узоқ Шарқда, Приморье ўлкасида хизмат қилганман.
– Қўшин туринг қанақа эди? Шу ҳақда батафсилроқ гапириб берсанг. Ҳозир қанақалигини билмайман, аммо ўша йиллари армияда «бобойчилик» авж олган эди. Рус тилини билмаган ўзбекнинг хизмат қилиши осон бўлмагандир?
– Артиллерия қўшинидаги хизматим ёмон бўлмаган. Қўшинимиз турини «каземат», ўзимизни эса «ўлимга ҳукм қилинган аскарлар» деб атар эдик, чунки қуролларимиз танкнинг Хитой билан чегара яқинидаги истеҳқом ҳудудига ўрнатилган бош қисмидан иборат эди…
Ҳа, бобойчилик бўлган ва у байналмилал бўлиб, ўзбекларни «бобой» ўзбеклари ҳам аяб ўтирмас эди. Руснинг рус, озарийнинг эса озарий «бобой» бемалол пўстагини қоқиши мумкин эди… Энг эсда қолган киши катта лейтенант Витка Патратий бўлган. У командир бўлиб келишидан олдин исталган киши бизни эрмак қилиши, устимиздан кулиши мумкин эди, чунки батареямиз полкнинг «ўгай ўғли» эди. Лекин у командир этиб тайинлангандан сўнг дуч келган жойда бизни мақтаб, бошқаларга намуна қилиб кўрсата бошлади; биздан эса «бўйинни қисиб юрмаслик»ни талаб этадиган бўлди. Бу ўша вақтда менга қадр-қимматни сақлашга ўргатган бир умрлик сабоқ бўлди!
– Қачон шеър ёза бошлаганингни эслайсанми?
– Илк шеърларимни бешинчи синфда ўқиб юрган пайтларим ёзганман. Уларни олиб келиб, ўша пайтлар бемалол гаплаша оладиганимиз рус тили ўқитувчимизга кўрсатганман. У менга, қофияси қани? туроғи қани? вазни қани? деган эди. Ўша пайтлар шеърда бунақа нарсалар бўлиши кераклигига ақлим етмаган. Демак, қанчалик ибтидоий бўлмасин, «эркин шеър» ёзган эканман-да. Қизиғи, кейинчалик барибир шунга қайтдим. Лекин энди анойилик қилмай, бармоқ вазнининг пасту баландини яхши ўзлаштириб ва таниб олган эдим.
– Адабий «томорқанг» ҳақида ҳам гапириб берсанг.
– Шеърни кам ёзаман. Асосан, таржима, техник таржима билан шуғулланишимга тўғри келади. Шеърдан кўра, улардан халққа фойда кўпроқ бўлса не ажаб! (Кулади.) Европа ва Лотин Америкаси адабиёти билан «оғриган» пайтларим бўлган. Устозим Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» романи қаҳрамони гапини ўзгартириб айтганда, саксонинчи йиллар авлоди бизга соҳир реализмнинг «чангалзору» «сильвалари»ни кашф қилиб берди. Унгача ўзбек адабий интеллигенцияси дунёга Чеховнинг пенснеси орқали қарар, яъниким, асосан, рус адабиётидан улги олар эди.
Бугун бир оз инжиқман, «минтақалар»га қизиқишим сусайган – муайян муаллифларнинг муайян асарларини ўқишни хуш кўраман.
Ўзбек ёзувчиларидан Назар Эшонқул ва Шодиқул Ҳамроев, шоирларидан Абдували Қутбиддин, Ҳалима Аҳмедова, Фароғат Камол, Баҳром Рўзимуҳаммад, Хосият Рустамова ва бошқаларнинг ижодини кузатиб боряпман. Афсуски, рус ўқувчиси уларни танимайди. Асарлари таржимонларини кутиб турибди; уларнинг ҳар бири Ўзбекистонни дунёга кутилмаган ракурсдан кашф қилиб беришига ишонаман.
– Ушбу муаллифлар асарларининг мавзу кўлами қандай? Улар поэтикасини – ўзбек тилини ҳисобга олмаганда – бирлаштириб турадиган умумий жиҳатлар борми?
– Мавзулар кўлами ҳар хил: кимдир ўз ҳиссиётлари, кечинмалари ҳақида ёзса, кимдир, дейлик, европача бароккони ўзбекча бармоқ вазни билан чоғиштириб эксперимент қилади. Фароғат Камол билан Хосият Рустамова аёллар шеъриятини интеллектуаллаштириш йўлидан бормоқда. Ҳалима Аҳмедова лирикани алоҳида оҳангдорлик ва кутилмаган ташбиҳлар эвазига янги босқичга кўтарди…
Бу ижодкорларнинг барчасини ҳамманинг энсасини қотирадиган метаҳикоялар, яъни жамиятда устувор ва универсал ғоялардан четланиш бирлаштириб туради. Энди уларнинг асарлари мафкура қуроли эмас, жўнликдан теранликни афзал билади. Ушбу жараён ўтган асрнинг етмишинчи-саксонинчи йилларида бошланган бўлиб, ҳамон давом этмоқда. Теранлашув ва қуруқ баёнчиликдан қочиш эвазига ўзбек шеърияти ҳам ўқувчисини йўқотмоқда. Лекин бу – кўпга келган тўй, дунёдаги тамойил шунақа.
– «Бозингар», «Кетиш» сингари шеърларингда тез-тез атрофингдаги воқеа-ҳодисаларга киноя ва кесатиқли муносабат билдириб турасан. Шеър, сенингча, воқеаларнинг табиий йўсинини (масалан, чинорларнинг ноқонуний кесилишини) акс эттириш билан бирор нарсани ҳал этиши мумкинми? Бугунги Ўзбекистонда поэтик сўзнинг кучи нимага етади?
– Шоир ўзи яшаб турган муҳитдан ташқарида бўла олмайди. У жамоатчиликни жунбушга келтираётган воқеаларга муносабат билдиришга мажбур. Мен ҳам ўзимни ўйлантираётган нарсалар ҳақида ёзаман. Шеъриятнинг тарихий таъсири ҳақидаги чўпчакларга ишонмайман. Ўзим учун ёзаман. Шунинг учун учун ҳалиям «ёш шоир», яна «ҳаммабоп» бўлмай қолаётган бўлсам керак. (Кулади.) Лекин «ҳаммабоплик»ка интилмайман. Кимга керак бўлса, шеърларимни топиб олади. Топиб олаётганлар ҳам бор.
– Сўнгги икки йил ичида сени ўраб турган «муҳит»да, ижтимоий ҳаётда бирор нарса ўзгардими?
– Мен учун ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. «Муҳитим» − нони қаттиқ фрилансерлик. Мен «эркин найзачиман» («free lance”нинг сўзма-сўз таржимаси “эркин найза” дегани – “Фергана.ру” изоҳи). Ҳеч кимга боғлиқ, бўйсунадиган жойим йўқ, ишим – дунёларни бир-бирига яқинлаштириш. Бир тилдан бошқасига таржима қиламан. Баъзан эса – бунинг тескариси. (Кулади.)
– Бирор марта аёлларга шеър бағишлаганмисан?
– Деярли ҳеч қачон шеър бағишламайман. Лекин умр йўлдошимга бир марта бағишлаганим бор. Бунга ҳам аллазамон бўлди.
– Шарқ мамлакатларида шоирнинг анъанавий ўрни, худди Орипов Каримов даврида қилганидек, подшоҳга маслаҳатчи бўлишдир. Баъзан подшоҳнинг ўзи ҳам шеър ёзишдай «гуноҳ»дан холи эмас (Туркманистоннинг биринчи президенти достонлар ҳам тўқиган). Шеърият билан давлатнинг бугунги Ўзбекистондаги муносабатлар андозаси Совет даврини эслатади: «Халқ шоири» унвони, давлат мукофотлари бор; Ёзувчилар уюшмаси таркибида, Россиядаги ёзувчилар уюшмаларидан фарқли ўлароқ, қандайдир жамғарма мавжуд… Лекин менга кейинги 15-20 йил ичида расмий адабиётга қарши мухолифат пайдо бўлгандай туюлади: сени ҳам мансуб деб билганим модернист шоирларни айтяпман.
– Сен ишонмаслигинг мумкин, лекин мен ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзосиман, ҳатто баъзан унинг поликлиникаси хизматидан фойдаланиб тураман. (Кулади.) Тўғриси, уюшмага онда-сонда бораман, қанақадир имтиёзлар борлиги ёки сақланиб қолганини, тўғриси, билмайман. Бунинг менга қизиғи йўқ, чунки анчадан бери моддий муаммоларимни ўзим ҳал қилишга ўрганганман.
– Модернист шоир учун анъана нимани англатади?
– Баъзан шеърларимнинг русча ва инглизча тагламаларини ўзим қилиб беришимга тўғри келади; бир қизиқ ҳолни кузатганман: «модернлиги»га қарамай, бошқа тилларга таржима қилиш учун ноқулай. Бу улар ўзбек шеър поэтикаси, анъанаси, фольклор ва мумтоз адабиёт билан қаттиқ боғланганини кўрсатади. Шу билан бирга, қанчалик парадоксал бўлмасин, уларни ўзбек шеърхони учун ҳам тушуниши қийин. Биз ёзаётган шеърлар анъанавий поэтик тафаккурдан четга чиқмоқда. Бу кўпинча адабий танқидчиларни чалғитмоқда ва улар бизни Ғарбга тақлид қилаётганликда айблашига сабаб бўляпти. (Яқинда бир ҳурматли навоийшунос 80-йилардан сўнг адабиётга кирган ёзувчи ва шоирларнинг асарларини макулатура деб атади). Лекин улар уқувсизлик билан ёзилган анъанавий шеър қофияю вазнлари билан ҳам ўқувчининг энсасини қотираётганини ва шу сабаб шеърхонлар йилдан-йилга камайиб бораётганини ҳисобга олмайди.
Биз қилаётган экспериментлар Ғарб, Шарқ, Жануб ва Шимолда синовдан ўтган шаклларни ўзбек анъанавий шеърияти билан синтез қилиш орқали бирор янги нарса топишга қаратилган. Шунинг учун умримнинг кўп қисми ўтаётган Тошкент ўзига хос “melting-pot”, яъни кўп нарса: эскилик билан янгилик, анъана билан янги замон ўзаро қоришиб кетган жойга айланди. Киплингга зид ўлароқ, улар бир-бири билан топишяпти ҳам!
Ўзбек адабиёти деганда, нафақат ўзбекча, қолаверса, бошқа мамлакатларда ва бошқа тилларда ижод қилаётган ватандошларимизни, жумладан, Фарғона ва Тошкент шеърият мактаблари вакилларини ҳам назарда тутяпман. Майли, улар ўзини рус шоирлари деб атайверсин, лекин бу билан моҳият ўзгариб қолмайди.
– Ҳа, эсимда бор, бир сафарги суҳбатимизда биздай рус тилида ёзувчи ижодкорларни «ўзбек шоирлари» деб атаган эдинг.
– Сиз ўзингизни нима деб аташингиз – ўз йўлига, лекин бизнинг тасаввуримиз, сизларни, юридик тил билан айтганда, “қон ҳуқуқига кўра” ўзимизники деб аташимиз бутунлай бошқа нарса. Бу рус тилида ижод қилган, камида иккита маданиятга тегишли бўлган Чингиз Айтматов, Геннадий Айги ва бошқа кўплаб ёзувчи ва шоирларга ҳам тегишли.
Самарқанд давлат университетида ўқиб юрган кезларим Садриддин Айнийнинг қайси миллатга мансублиги тўғрисида қаттиқ баҳс бўлган эди. Айрим тожик ва ўзбек олимлари асарларини икки тилда ёзган ижодкор қайси миллатга мансублиги тўғрисида талабалар кўз ўнгида тортишгани эсимда. Бунақа тортишувларнинг кимга кераги бор? Тожиклар ҳам, ўзбеклар ҳам уни ўзиники деявермайдими? Бунақа калтабинлик ҳеч кимга обрў келтирмайди. Олимлар халқларни бир-биридан ажратмаслиги, аксинча, бирлаштириши керак. Буюк Айнийнинг асарлари айнан мана шундай эзгу ва улуғ мақсадга хизмат қилади.
…Яна рус тилида ёзадиган Темир Пўлатов. Ҳам ўзбек, ҳам рус тилларида ижод қиладиган Ҳамид Исмоилов. Бугунги кунда Ҳамид ака Айтматовдан кейин Марказий Осиёдан чиққан ва асарлари дунёда энг кўп ўқилаётган ёзувчига айланди. Унинг романлари жаҳоннинг ўнлаб мамлакатлари тилларига таржима қилинмоқда, чоп этилмоқда ва севиб ўқилмоқда.
Янгиликка интилмаган ҳар қандай фикрловчи киши ўзининг кўланкасига айланиб қолади. Ҳеч бир адабиёт, ҳатто энг зўр анъаналари бўлса ҳам, бошқа мамлакатлар адабиётидан ўқиб-ўрганмай ривожлана олмайди. Шунинг учун мамлакатимиз, ҳаммамиз ҳар қандай янгиликка очиқ бўлишимиз керак
– Кузатишимча, адабий ҳамжамиятдаги верлибрга (эркин шеърга) муносабат бутун бошли жамиятнинг нечоғлиқ эркин экани ва унинг фикрлаш суръати билан чамбарчас боғлиқ…
– Ҳа, фикринггга тўлиқ қўшиламан. Бунга Ўзбекистонни мисол қилиб келтириш мумкин. Мен ҳар доим нима учун верлибр шеър шакли сифатида 70-йилларнинг охири ва 80-йилларнинг боши, яъни улкан ағдар-тўнтарлар арафасида кенг тарқала бошлади, деб ўз-ўзимга савол бераман. Балки шоирлар эса бошлаган ўзгаришлар эпкинини «эскизенциалистлар» сифатида бошқалардан кўра олдинроқ сезгандир (Вознесенский кашф янги сўз «эскизенциализм»дан олинган).
– Бу «эскиз»дан ясалган янги сўзми?
– Ҳа. Шоирлар шеърлари билан келажак эскизларини чизади, деган маънони англатади.
Балки рус ўқувчиси учун эркин шеър четдан келган нотаниш шакл бўлиши мумкин, аммо ўзбек фольклорида у азалдан қофияли «қора сўз», саъж шаклида мавжуд бўлган. Саъжнинг, бугунги насрдан фарқли ўлароқ, нафақат қофияси, қолаверса, аниқ оҳанги (ритмикаси) бор. Ўзбек халқ эпоси «Алпомиш»дан олинган қуйидаги мисол бунинг ёрқин далилидир:
Бийларнинг кўнглини хушламади, отини ушламади, остига либос ташламади; ош тортди, сузган товоқни чошламади; ош тортганда, ошнинг кетини-бетини тортди.
Ушбу қофияли проза шеър каби ўқилади. Бунақа мисоллар жуда кўп. Шунинг учун эркин шеърнинг қайта туғилишини сарчашмага қайтиш деб қараш тўғрироқ бўлади. Яна бир устозим Аҳмад Аъзам ибораси билан айтганда, «биз шаклни ўзгартириш орқали шеър мазмунини янгилашга ҳаракат қилдик». Бошқалари қаторида верлибр ҳам ана шундай ўзгартирувчи шакл бўлиб хизмат қилмоқда.
– Рус тилида «интеллигенция» деган ажойиб атама бор. Бошқа ҳалқларда бунақа сўз йўқ ёки бўлса ҳам Россиядаги сингари кенг қамровли эмас. Балки Ўзбекистонда рус интеллигенциясининг маънодоши жадидчиликдир (Файзулла Хўжаев, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, сен эслаб ўтган Айний ва ҳк.). Балки сен ҳам 150 йил олдин туғилганингда жадид бўлармидинг?
– Қўйсанг-чи, собиқ амалдордан жадид чиқармиди! (Кулади.)
– Лекин жадидлардан яхши амалдорлар чиқди, лекин ҳаммасининг ҳаёти фожиа билан тугади.
– Аллоҳга шукр, ҳозир замон бошқа, лекин маърифат билан боғлиқ муаммолар бошдан ошиб ётибди… «Интеллигент» сўзи ўзбекчага «зиёли» деб таржима қилинади, лекин ўша сўзнинг тўлиқ маъносини бермайди – гапингга қўшиламан.
– Академик Дмитрий Сергеевич Лихачёв (рус интеллигентининг ёрқин тимсоли) бир сафар, интеллигент киши қарашини ҳатто бутунлай тескарисига ҳам ўзгартириши мумкин, унинг фикрлаш тарзи ҳаракатчан, қотиб қолмаган, деган эди. Сен ҳам ҳаётингда қарашларингни тафтиш қилган, ўзгартирган пайтларинг бўлганми?
– Албатта, бунақа пайтлар бўлган. Вақт ўтиши билан ҳаётга бўлган қарашлар ўзгариб боради. Бир пайтлар ўзгармайдигандай кўринган нарсалар маънисини йўқотади ёки аксинча бўлиши мумкин… Анча йиллар давлат тузилмаларида ишладим, ўша пайтда бадиий ижод қандайдир… арзимаган иш бўлиб туюлар эди. Шу такаббурлик сабаб кўп нарса йўқотдим, анча-мунча шеърлар ёзилмасдан қолиб кетди. Ёшлик қуввати арзимас нарсаларга сарф бўлиб кетди. Мана шундан кўп афсус қиламан.
Санжар Янишев суҳбатлашди
“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги