Мен Аҳад Андижон билан Ўзбекистонга илк дафъа келганида кўришгандим. Аммо дилдан суҳбат қуриш «Ишбилармонларнинг Тошкент учрашуви» иш бошлаган кунларга тўғри келди. У эндигина қирқ ёшга кирганлигига қарамай, бутун туркий оламда машҳур: Туркиядаги «Туркистон» жамияти президенти, «Туркистон» журнали — дарғисининг бош муҳаррири, Истанбул университети профессори, — тиб илми билимдони, бир қанча илмий асарлар муаллифи, айни пайтда кенг қамровли, серфаолият сиёсат кишиси, самимий инсон.
Бу қизғин суҳбатимиз биргина стол атрофида эмас, кўпгина жойларда: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, «Халқ сўзи», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» даргоҳларида, Ўзбекистон зиёлилари билан бўлган ўзаро учрашувларда, ҳатто тўйларда, йўлларда кечди. Ҳар бир лаҳза Аҳад Андижон учун қимматли: кўриш, билиш, танишиш, чоғиштириш, ўрганишга кунлар етмайди.
Энг аввало рўзномамиз мухлисларининг қизиқишларини ҳисобга олиб, Аҳад Андижоннинг таржимаи ҳолини, насл-насабини, умуман, ўзи ҳақида сўзлаб беришини илтимос қилдим. Зеро, мингнинг отини билгунча, бирнинг зотини бил, дейди халқимиз.
Аҳад Андижон: — Ўзбек туркиман. 1951 йил Афғонистонда туғилганман. Бир яшарлигимда Туркияга кўчиб борганмиз. Оқшаҳарда бошланғич — ўрта таълимни олиб, 1968 йилда Истанбул университетида тиб (медицина) таҳсилини бошладим. 1974 йилда уни тугатиб, икки йиллик аскарликка кетдим. Қайтиб Истанбул университетига ишга кирдим. Уй бекамиз ерли турк қизи. Ойбек ва Элбек деган ўғилларимиз бор.
Бобомиз Ғойиб Ҳожи замона зайли билан қулоқ қилиниб отилган. Отам Ҳожи Йўлдош 1933 йилда Афғонистонга ўтган, у ерда менинг онам Биби Ҳожида хонимга (асли фарғоналик) уйланган, (аввалги хотини, яъни кўп йиллар Амриқода, ҳозир Туркияда яшаётган Абдураҳим акамнинг онаси Андижонда вафот этган экан).
Биби Ҳожида хонимдан мен ва Зубайдахон дунёга келганмиз. Отам ҳам, онам ҳам ватан дардини юракларига жо қилиб абадул абад бақога риҳлат қилдилар.
Азим Суюн: — Жойлари жаннатда бўлсин. Аҳаджон, «Ишбилармонларнинг Тошкент учрашуви»га сизнинг келишингиздан мақсадингиз нима? Билишимча, сиз ҳозир бирор истак ёки таклифни ўртага ташламаяпсиз?
Аҳад Андижон: — Жуда тўғри. Мен ғоятда муҳим бу учрашувни фақат ўз кўзларим билан кўрмоқ учун келдим! Таассуротларим ёмон эмас, аммо ҳамма гап келишувларнинг самарасида! Шубҳаланаяпман, ўйланаяпман, умид қилаяпман! Ахир, Совет Иттифоқининг иқтисодий, сиёсий қурилмаси республикаларни бирбирига қаттиқ боғлаган. Уларни бирдан айрим-айрим қилиб юбориш осон эмас. Қолаверса, етмиш йилдирки, шаклланган бюрократиянинг ҳам таъсирини бир-икки кунда йўққа чиқариш хаёлий чўпчак. Хуллас, қаттиқ амалий фаолият кўрсатиш керак бўлади.
Азим Суюн: — Ўзбекистон иқтисодий бўҳрондан қандай йўллар билан чиқиб кетиши мумкин, деб ўйлайсиз?
Аҳад Андижон: — Ўзбекистон ўз келажагини ёлғиз бошигагина ўйласа, нотўғри бўлур эди. Ахир дунёда бир миллиарддан ошиқ нуфузга эга бўлган Чин (Хитой) давлати бор. Тахминан икки юз миллионлик Ўрусия федерацияси бор. Шундай экан, Ўрта Осиё ва Қозоғистон (Туркистон) республикалари айро-айро катга куч-қудратга эга бўлишлари мумкин эмас.
Иқтисодий жиҳатдан бир миллатнинг оёққа туриши учун нуфузи 50 миллионга борган бир ички бозорга эга бўлиши керак. Ана шундай ички бозорга эга бўлган миллат тез орада иқтисодий томондан ўзини тиклаб олади ва жаҳон бозорига чиқиши мумкин бўлади. Бу ҳозирда жорий бўлган иқтисодий қоидадир. Шу жиҳатдан қараганда, Туркистон республикаларининг иқтисодий жиҳатдан бир федерация ҳолига келиш мажбурияти ўз-ўзидан ўртада кўндаланг бўлади. Шу шаклда бажариладиган бир иқтисодий қурилма ёлғиз Ўзбекистон Республикасини эмас, бутун Туркистон республикаларини иқтисодий тарафдан кучайтириши мумкин. Олмаотада бўлиб ўтган анжуманга Туркистон республикаларининг раҳбарлари ҳам шу ўйлар билан йиғилишган бўлса ажаб эмас.
Иккинчи бир амалий иш — Туркистон республикаларининг ёлғиз иқтисодий томондан эмас, сиёсий томондан ҳам чет эл мамлакатлар билан қаттиқ алоқа ўрнатишлари кераклигидир. Зеро, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар чамбарчас — бирга олиб борилмаса, оқибати яхши бўлмайди. Жуда кўп нарса ҳукумат раҳбарларига боғлиқ.
Азим Суюн: — Халқнинг мақсад-муродларига, интилишларига таржимон бўла олмаган раҳбар раҳбар эмас!
Аҳад Андижон: — Жуда тўғри. Ўзбекистон Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов тарих тақозоси билан юксак лавозимга келди. У киши фаолиятига биз катта умидлар билан қараяпмиз. Сиз айтмоқчи, халқнинг дилига «таржимон» бўлишига ва орзуларини юзага чиқаришда қаттиқ курашишни орзу қиламиз.
Очиқ бозор услубига ўтиш пайтида Туркияга ўхшаган охирги ўн йиллар давомида кўп катта ютуқларга эришган мамлакатлар билан алоқа қилиш бутун Туркистон республикалари, айниқса, Ўзбекистон учун бағоят аҳамиятлидир. Туркия ички сиёсати билан шуғулланган бир инсон бўлганим учун у ердаги ҳукуматнинг Туркистон республикаларига нисбатан кўп яхши ниятлари борлигини биламан. Ўтган йил ичида Озарбойжон ва Қозоғистон республикалари билан бирга ўртоқлик ишлари амалга оширилди. Туркия бу республикаларга моддий-маданий ва технология томонидан ҳамкорликлар кўрсатмоқда. Ўзбекистон раҳбарияти ҳам Туркия томонидан ҳамкорлик тўғрисида даъват қилинган. Келажакда таклифлар амалга оширилса, Туркия-Ўзбекистон ҳамкорликлари кўп яхши натижаларга олиб боради.
Азим Суюн: — «Туркистон» жамияти ҳақида кўп эшитганмиз. Туркияга борган-келган ўртоқлар сўзлаб беришган. Аммо унинг президентидан эшитиш бошқа гап…
Аҳад Андижон: — Маълумки, Туркияда «Туркистон» жамияти 1954 йил ташкил қилинган. Баъзи сабабларга кўра 1975 йилда ёпиб қўйилган эди. Бу жамият 1982 йилда қайтадан тикланди. Мени президент қилиб сайладилар.
«Туркистон» жамиятига Туркияда яшаётган ўзбек, қозоқ, тожик, туркманлар уюшган. Қисқаси, уларни бир иттифоққа бирлаштириб турувчи жамият бу. Улар тақдирига дахлдор масалалар ана шу жамиятда ўз ечимини топиши мумкин. Бундан ташқари, бу жамият бутун жаҳон туркий халқлари ҳаётига ҳам бефарқ қарамайди… Дунё воқеаларига доимо ўз муносабатларини билдириб туради.
Жамият «Туркистон» деб аталувчи ўз дарғисига эга. У 1987 йилдан буён ҳар уч ойда бир нашр этиб келинади. Қадимги ва ҳозирдаги илмий, иқтисодий ва сиёсий ҳаракатларни тадқиқ этиб, жаҳон жамоатчилигига билдирамиз. Амалиётимизнинг янада кенгроқ ёйилиши учун 1989 йил «Туркистон илмий тадқиқотлари вақфи»ни ташкил этдик. Унинг ҳам президенти этиб мени сайладилар.
Туркияда ҳар йили уюштириладиган 40—45 анжуманда сўзга чиқаман. Ўн йилдан буён конфранцлар, суҳбатлар, турли-туман мулоқотлар уюштирамиз. Хориждан ҳам кўплаб меҳмонларни таклиф қиламиз. Ва айни пайтда ўзим ҳам бутун жаҳон илмий анжуманларида (Амриқо, Олмония, Фарангистон, Швейцария ва бошқалар) иштирок этаман. Халқларимиз ҳақидаги ҳеч бир гап менинг назаримдан четда қолмайди.
Азим Суюн: — «Туркистон» жамиятини аввал кимлар бошқаришган?
Аҳад Андижон: — Туркияда ҳам кўп фидойи одамлар бўлган ва ҳозирда ҳам кўп. Аҳмад Наим Ўктам, Соли Эркинқўл, Ҳакимжон Қайнар каби докторлар шулар жумласидандир. Ана шу зиёлилар бир пайтлар жамиятимизни бошқариб келишган.
Азим Суюн: — Туркияда, умуман, хорижий мамлакатларда яшаб келаётган миллатдошларимизнинг Ватан олдидаги қилган хизматларини нимада деб биласиз?
Аҳад Андижон: — Ота-онанг туркистонлик бўлиши тасодиф, аммо Ватанга хизмат қилишинг шарт, бу ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайдиган буюк бурч! Албагга, ҳар бир миллатдошимиз ҳам шундай ўйлайвермайди. Ватан йўлида хизмат қилиш учун ҳар бир киши маънавий ва моддий бой бўлиши керак! Фақат қуруқ гап билан ҳамма вақт ҳам мақсадга эришолмайсан. Сизлар кўп йиллар «босмачи» деб атаб келган миллатдошларимиз ҳаёт-мамот ҳарбларида имони йўқлигидан эмас, балки моддий дунёси бўлмаганлигидан енгилганлар!
Туркистонликларнинг етмиш йил мобайнида олиб борган энг муҳим ишлари, ютуқлари — Туркистон (Ўрта Осиё ва Қозоғистон) республикаларининг чет эллар билан алоқалари кесиб ташланган йигирманчи йиллардан то қайта қуриш даврига довур Ватанга тегишли барча муаммоларни ташқи мамлакатлардан илмий, сиёсий ва ижтимоий томонлардан хориж миллатларга билдиришларидир. Хусусан, шахсга сиғиниш ва турғунлик деб аталаётган йилларда Сизнинг зиёлиларинтиз овозлари бутун жаҳон бўйлаб баралла эшитилмагани бизга билинди. Имконлари торлиги маълум эди. Ана шундай вазиятда Мустафо Чўқай, Боймирза Ҳайит сингари кўплаб Туркистон фарзандлари ўз асл ватанлари ҳаётларини жаҳонга танитишга, муаммоларини билдиришга катта куч-ғайрат сарфладилар. Ҳали улар хизматларини тарих, Ватан муносиб баҳолашларига ишонаман!
Азим Суюн: — Четдан кузатган кўзларга ҳамма нарса очиқ-ойдин кўринади. Бизлардаги нималар маъқулу нималар…
Аҳад Андижон: — Нималар хунук демоқчисиз? Миллат учун яхши иш қилаётганда тезроқ бажараверинг, аммо ёмон иш қилаётганда ўйлаб кўринг деган гап бор. Яхши ишлар сон-саноқсиз, айтсам тугамайди. Лекин бир ёмон иллат бор экан, яъни ароқхўрлик. Кўпчилик ичади, шекилли. Миллатнинг, наслнинг айнишига, менимча, иккита нарса сабабчи бўлади. Биринчиси суюқоёқ аёллар, иккинчиси, айтганимдек, ароқхўрлик-майхўрлик. Гўзал тўйларни ҳам ароқсиз ўтказмас экансизлар…
Азим Суюн: — Охирги савол. Ўзбек вақтли нашрларини оласизларми?
Аҳад Андижон: — Жамиятимиз «Шарқ юлдузи» дарғисига, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигига обуна бўлишган. Бундан ташқари, «Қозоқ адабиёти», «Қирғиз адабиёти», «Совет Туркманистони», «Адабиёт ва санъат» (Тожикистон) каби рўзномалар ҳам оламизу, лекин Олмониядаги бир «Кубонсогнар» фирмаси орқали олишимизга тўғри келади. Истагимиз: уларни тўппа-тўғри Туркия ўзи олса. Бу масала икки давлат раҳбарлари ўртасида ўз ечимини топиши керак. Агар шундай истаклар туғилса биз ёрдам беришимиз мумкин.
Азим Суюн: — «Халқ сўзи»ни олмаяпсизларми?
Аҳад Андижон: — Жон-жон деб олар эдик…
«Халқ сўзи», 1991 йил 28 июнь.