Мавзу мавзуга йўл очади. Яқинда нишонланган тил байрами сабаб хорижий тилларни ўрганиш ва ўргатиш, ўзбек тили ва хорижий тилларнинг муносабатлари, ўзбек тилининг келажаги ҳақида фикрлашиш ниятида Республика тил ўқитиш маркази директори, Республикада хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Жаҳон тиллар университети инглиз тилини интерактив услубда ўрганиш кафедраси мудири, профессор Муҳаммадаббос Ирисқуловга мурожаат этдик.
— Собиқ шўро тузуми даврида вояга етган тил мутахассислари энг оммавий ғарб тилларидан бўлган инглиз тилини рус тили воситасида ўрганганлар. Бегона тилни бошқа бир тил орқали ўзлаштириш кенг урф бўлган эди, ҳаттоки, инглиз тили рус тили орқали осон ўрганилади, деган тушунча ҳам мавжуд бўлган. Хорижий тилларни билиш давр талаби бўлган бир замонда бугунги авлод хорижий тилларни қандай эгаллаяптилар?
— Биз шунча пайтдан бери инглиз тилини грамматика-таржима ёки бошқача таърифда “ўқи-таржима қил” методи орқали ўрганиб ва ўргатиб келдик. Бу усулнинг афзал томонларидан бири — тил ўргатишда қўлланилаётган восита тилда чет тилидаги грамматика қурилмаларини мукаммал ўрганиш имкониятини берар эди. Лекин бу методнинг қатор ноқис томонлари мавжудки, улар чет тилини яхши билиш йўлидаги тўсиқлардир. Инглиз тилини фақат грамматика-таржима методи орқали ва ҳаёт билан боғланмаган матнлар асосида ўргангани сабаб жонли мулоқот пайтида қатор хатоликларга йўл қўяди. Ҳозирги кунда халқаро инглиз тили деган тушунча кенг тарқаляпти. Дунёда ҳозир Бирлашган қироллик ёки Америка инглиз тилиси соф ҳолда эмас, аралаш ишлатилмоқда. Мана бир йилча бўлди, инглиз тилида янги сўз — Japlish , яъни Japanese English — Япониянинг инглиз тили варианти пайдо бўлди. Бу ҳолат тил ўрганувчига яна бир масъулиятни юклайди — инглиз тилида қайси миллат вакили билан гаплашаётганини ҳам назарда тутиши муҳимлигини таъкидлайди.
Бугун бу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Жаҳон тиллари университетида экспериментал гуруҳлар ташкил этилган. Биз инглиз тилини ўргатишда интерактив, коммуникатив, интегралланган ёндашув йўли билан тил ўргатиш методларидан фойдаланяпмиз. Бу ёндашувларнинг ижобий хусусияти шундан иборатки, дарслар бошқа тиллар воситасисиз фақат бевосита инглиз тилида олиб борилади, дарснинг биринчи кунидаёқ инглиз тили грамматика қонун-қоидалари талабаларга оғзаки нутқ кўникмасини ривожлантиришга қаратилган ҳолда ўргатилади, яъни интеграллаштирилиб, тил аспектлари қўшиб сабоқ берилади. Замонавий ёндашувда алоҳида фонетика, алоҳида грамматика дарси йўқ. Бу ёндашувлар дунё миқёсида тил ўргатишдаги асосий усуллар бўлиб қолди, қайта-қайта тажрибадан ўтди. Европа Иттифоқининг хорижий тилларни ўрганиш борасидаги хулосалари ҳам шу методларнинг энг ишончли ва ҳаётийлигини тасдиқлаяпти. Бутун Европа мамлакатларида дарслар шу методлар асосида олиб борилади.
— Гёте “Хорижий тилни билмаган ўз она тилини ҳам билмайди” деган экан… Қўлланилаётган методлар тил ўрганувчига инглиз тилини ўз она тилимиз — ўзбек тили билан қиёслаб ўрганиш малакасини бермас экан, деган фикр пайдо бўляпти. Тил инсоннинг маънавиятини шакллантиришдаги энг асосий қурол деб қарайдиган бўлсак, янги методлар хорижий тил таъсирида тил ўрганувчиларнинг ўзга маданият асири бўлиб қолиши хавфини туғдирмайдими?
— Тўғри, хорижий тилни ўрганиш асносида инсон ўз она тили қонуниятларини янада яхши идрок қила бошлайди. Лекин бу фикрнинг акси, яъни ўз она тилини билмаган одам хорижий тилни ҳам ўргана олмайди, деб айтиш мумкин. Ўзиникини билмаган, тан олмаган одам бошқанинг тили, урф-одати, қадриятини ҳам тушунмайди. Демак, тушунмадими, тилда гапира олмайди. Тилда гапириш учун асос, мазмун керак. Ёдлаб олиш мумкин, лекин тилни амалий қўллай билиш инсондан жуда кўп кўникмаларни, кенг қамровли билимни талаб қилади.
Грамматика-таржима методининг тажрибасидан келиб чиқиб, бу методларда она тили қўлланилмайди. Интегралланган методда ўзбек тили амалий қўлланилмаса-да, у тил ўрганувчидан юқори савияни талаб қилади, ўз асосини — миллий тилини, урф-одатларини, тарихини мукаммал билишни тақозо этади. Чунки қиёслаш жараёни билвосита тил ўрганувчининг тафаккурида юз беради. Айтилган салбий оқибатларнинг олдини олиш учун интегралланган методда дарсликлар миллий манфаатларни ҳам кўзлаб тузилиши керак. 2002 — 2003 йиллар кафедрамиз ўқитувчи-профессорлари ҳамжиҳатликда 1-4 курс бакалавариат талабалари учун тўрт китобдан иборат “Get in touch” (“Мулоқотга кир”), “Keep in touch” (“Мулоқотда бўл”), “Stay in touch” (“Мулоқотда қол”) ва “Touch the future” (“Келажакка ошно бўл” — И.Н.) китобларини яратдик. Айни дамда бу дарсликлар мазмунан яна қайта кўриб чиқиляпти. Чет тили орқали қадриятларимизни сингдиришга алоҳида эътибор беряпмиз. Магистратура талабалари учун ҳам инглиз тилини ўқитиш бўйича дарсликлар яратиш устида ишлаяпмиз. Биз дарсликлар ёзиш жараёнида Халқаро инглиз тили қонун-қоидаларига амал қилган ҳолда, мазмунни инглизча таъбир билан айтганда authentic (асл нусха билан тенг, ҳақиқий — И.Н.) акс эттиришимиз керак. Шунда замон талабига жавоб берадиган инглиз тилини тарғиб қилган ва ўргатган бўламиз. Шу билан бирга хорижий тилни яхши билган ватанпарварларни етиштирган бўламиз. Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги ҳам яқинлашяпти, биз ҳар томонлама мукаммал дарсликлар ёзишимиз, луғатлар тузишимиз керак.
— Домла, Макмиллан нашриёт уйи билан инглиз тили бўйича “English matters”, Оксфорд университети билан “Fly high” мактаб дарсликлари яратилди. Бу лойиҳалар ўзбек-инглиз мутахассисларининг ҳамкориги мевасидир. Лекин шунга қарамай, Россияда нашр этилаётган Н.Бонк, И.Верещагина, О.Афанасьева муаллифлигидаги китоблар ҳануз бизнинг “тил” бозоримизни ишғол этишда давом этяпти. Мазмунан замонавий, миллий манфаатлар ҳам назарда тутилган бу дарсликларнинг исталгандек оммалашмаётгани сабаби нимада?
— Рус тилида “леность ума” —“ақл, тафаккур танбаллиги” деган тушунча бор. Инсоннинг ўзи ўрганган, йиллар давомида ёд бўлиб кетган нарсалардан воз кечиши — қийин масала. Янги нарсага ўтиш инсондан биринчи навбатда фикрлашни, изланишни, ўз устида ишлашни талаб қилади. Ўзини ҳурмат қилган мутахассис ўз касбига сидқидилдан ёндашиши, замоннинг талабларини онгли идрок этиши фуқаролик бурчи ҳамдир. Бундай муносабат соҳанинг, жамиятнинг ривожига ҳисса қўшади.
— Сир эмас, мамлакатимизга ўзбек тилини ўрганиш мақсадида ташриф буюраётган чет элликларнинг сони йил сайин ошиб бормоқда. Улар бир неча ой давомида бизнинг миллий тилимизни муваффақиятли ўзлаштиряптилар. Лекин минг афсуски, Ўзбекистон фуқаролари бўлган русийзабон ҳамюртларимиз Давлат тилини кўнгилдагидек билмайдилар.
— Назаримда, бунинг сабаби етарли назоратнинг йўқлигида. Назорат бўлмагандан кейин, эҳтиёж ҳам йўқ.
— 1947 йил ташкил топган Educational Testing Service (ETS) —Ўқув-таълимий Тестлаш Хизмати таълим соҳасида катта тадқиқотлар олиб борувчи, TOEIC, TOEFL (она тилиси инглиз тили бўлмаган хорижликлар учун инглиз тили тестлари — И.Н.) каби пуллик тестларни ўтказувчи дунёдаги энг йирик хусусий ташкилотдир. ETS ижтимоий масъулият, адолат, имконият, ҳамда сифатни ўз қадриятлари деб билади. Унинг фаолияти туфайли инглиз тили — сертификатланган тил сифатида дунёда обрўли тиллардан бирига айланган.
— Тўғри. Айтиш керакки, роман-герман тил гуруҳига кирувчи немис, француз тиллари ҳам инглиз тили каби сертификатланган. ETS 181 мамлакат билан ҳамкорлик қилади. Америка, Канада ва қатор Европа мамлакатларида таҳсил олишни истовчилар, албатта, TOEFL тестларини топширгани ҳақида сертификатга эга бўлиши керак. Бу сертификат инсонга дунё миқёсида кенг имкониятлар эшигини очади.
— Сертификатнинг ҳақиқийлик муддати икки йил деб белгилангани ҳам бежиз эмас… Бу тилни ёйишнинг тазйиқсиз, маданий шаклидир. Балки ўзбек тилининг нуфузини барқарорлаштириш мақсадида бизга ҳам шундай ташкилот, ўзбек тили бўйича сертификат керакдир…
— Мен бу фикрни тўла қувватлайман. Бу каби ишлар нафақат ўзбек тилини танитишга, балки ўзбек тилида саводхонлик масалалари, муаммоларини ҳам ҳал қилишга ёрдам беради, ўзбек тили сертификатланса, унга табиий эҳтиёж туғилади.
— Домла, раҳмат.
Фикр, ният моддий асосга эга. Шунинг учун Ўзбек тилини сертификатлашни амалга ошириш мумкинлигига, бу истиқболли лойиҳа эканига умид ва ишонч бор. Ўзбек тилини сертификатлаш учун, назаримизда, яна бир муҳим жиҳат — ўзбек тилшунослари хорижий тилларни мукаммал билишлари зарур. Бу ўз навбатида мутахассисларни тайёрловчи олий ўқув юртларида аниқ мақсадли ишларни амалга оширишни, ўқув дастурларини ислоҳ қилишни талаб қилади. Гётенинг сўзларини яна такрор келтирамиз: “Хорижий тилни билмаган ўз она тилини ҳам билмайди”.
Ирода Наримонова суҳбатлашди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 44-сонидан олинди.