– Абдулла ака, аввало қутлуғ 70 ёшингиз билан самимий табриклаймиз. Шу ёшда тўла илҳом билан ижод қилаётганингиз шогирдларингизга ҳам юқсин. Сиз 50 ёшга кирганингизда ўша вақтдаги Ёзувчилар уюшмасининг раиси, атоқли адиб О. Ёқубов адабиёт газетамизда каттакон бир мақола (балки эсседир) билан чиққан эди. Мақола “Тавба, Абдулла ҳам элликка кириб қўйибди–я!” деб бошлангани ҳануз эсимда. Отахон адиблар наздида ўша вақтларда ҳам Сиз тенги шоирлар ҳамон “ёш шоир” дея эътироф этилишини биз ҳам кузатганмиз.
Одам элликка кирса ҳам “ёш” бўлиб юриши… ғалати. Ҳолбуки, А.Қаҳҳор, Ойбек, Ғ.Ғулом каби ўзбек адабиётининг юксак қояларига ақалли 65 ёш ҳам насиб этмаган эди. Ўша йили 31 августда Президентимиз И.Каримовнинг беқиёс жасорати билан миллий мустақиллигимиз эълон қилинди. Жамият тубдан ўзгара бошлади. Кўп ўтмай давлатимиз мадҳияси яратилди ва Сиз унинг матни муаллифи бўлдингиз.
Ҳозир ўйлаб қарасам, мен мактабни тугатган 1981 йилда Сиз қирқ ёшга тўлгандингиз ва китобларингиздаги қисқа маълумотларни ўқиб билардикки, довруғингиз аллақачон Ўзбекистондан тошиб чиққан эди.
Бугун етмишга кирдингиз. Ортга, залворли даврларга қараганингизда нималар хаёлингизга келади?
– Одамнинг ёши нечага борса ҳам демак, унга Худо шу ёшни насиб кўрибди, бунга ҳеч шак-шубҳа йўқ. Лекин қизиқасан-да: қайси ёш ўзи кўркам? Бунга жавобан айтаманки, қайси ёш устида турган бўлсанг, ўша ёш кўркам. Чунки миниб юрган отга ўхшайди-да бу. Хоҳ олтмиш, хоҳ етмишга, хоҳ саксонга кир – шу гап. Одил ака, Пиримқул ака, Жуманиёз акалар саксондан ошиб яшадилар. Қайси ёш яхши экан деб сўрамаганмиз. Қандоқ ҳам сўрайсан – одам боласи узоқроқ умр кўрсам, деб яшайди-ку.
Устоз Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, Шайхзодалар пайғамбар ёшига ҳам етиб-етмадилар. Абдулла ака умрининг охирларида жуда заифлашиб қолган эди.
Балки замон, сиёсий алғов-далғовлар уларнинг ичини тўкиб ташлаганмикан? Шундайлиги-ку аниқ. Замон асабингни тинимсиз эговлаб тургандан кейин соғлиқ қолармиди. Ҳозир, тўқсонга ҳам чиққан адибларимиз бор. Лекин Ойбек, Қаҳҳорлар қисқароқ умр кўрган бўлсалар ҳам иқтидорлари ниҳоятда кучли эди. Балки бунинг яна бир сабаби уларнинг ўтган аср бошларидаги жадидчиликнинг шиддатли тўлқинидан сузиб чиқишганидадир.
Рус адабиётида “олтин давр” деб аталадиган XIX асрни олайлик. Пушкин, Лермонтов, Толстой, Достоевский – қанча яшаганидан қатъий назар кетма-кет гуркираб ижод қилишди. Барчалари даҳо эди. Бизда ҳам худди фасллар сингари адабий авлодлар алмашиб турди. Ўрта авлоддан сўнг пайдо бўлган Одил Ёқубов, Пиримқул Қодировларни эслайлик – улар бизнинг авлод карвонбошилари эдилар. Одил аканинг “Муқаддас” қиссаси Айтматовнинг “Жамила”сидек, янги бир қўшиқдек пайдо бўлди. Бу қўшиқнинг садоси баланд эди. Унгача адабиётда бунақа асар йўқ эди. Ёки Пиримқул аканинг “Уч илдиз” романини олайлик. Асарда талабаликнинг олтин даври баробарида ҳаётий зиддиятлар дадиллик билан таҳлил этилган эдики, бу асар ҳам қўлма-қўл бўлиб кетди.
Эллигинчи йилларнинг охири, олтмишинчи йилларнинг бошига келиб шеъриятимиз ҳам ўзгара бошлади.
Бадиий асарга нисбатан айтиладиган етук, ўртача каби баҳолар бор. Бу тўғри, албатта. Ажабо, мазкур сифатлар адибларнинг ўзларига ҳам мутлақо тааллуқлидир. Майли, уларнинг ҳаёт йўллари қанчалик зиддиятли бўлмасин, барчасига хос умумий жиҳатлар ҳам мавжуд.
Александр Блок бир шеърида шундай дейди: эй, шоир, эртадан кечгача қовоқхонага кириб бўккунча ичасан, сўкишасан, бўғишасан, чиқиб черковга бориб ибодат ҳам қиласан, қайтаётиб йўлнинг бир четида юмалаб қоласан. Лекин мен ачинсам-да, нафратлансам-да, барибир сенинг қавмингданман, сени шу ҳолингдаям яхши кўраман…
Майдакашлик, тарафкашлик нафақат адабиётни, балки миллатни ҳам емиради. Чамаси қирқ йиллар бўлди, Фарғонада хизмат сафарида юрибмиз. Эрталаб турсак бир шеригимиз айюҳаннос солиб бақиряпти, Тошкентга, ҳозирги адабиёт газетамизга телефон қилиб ўшқиряпти: нега менинг номим газетада фалончидан кейин ёзилибди, ундан менинг кам жойим борми?..
Шунда ўз-ўзимга: ё фалак, шуларга ўхшашдан Худонинг ўзи асрасин, деганман. Буям бир ибрат.
Лекин ҳаётимда жуда мард, танти устозларни ҳам кўрдим. Уларни қўмсайман. Улар аввало Шахс эдилар. Назаримда Шахс бўлиш учун инсон 70-80 га кириши шарт эмас. У 20 ёшда бўлиши ҳам мумкин. Юраги катта, олижаноб, бағри кенг инсон Шахс бўлишга ҳақли. Ойбек, Қаҳҳор, Шайхзода, Миртемирлар Шахслар эдилар. Улар қалбларига одамийликни, ранг-баранг, катта адабиётни жо қила олган эдилар.
Яқинда ёзувчи укамиз Л.Бўрихоннинг янги романи қўлёзмасини ўқидим. Унинг қаҳрамони жуда йирик Шахс. Ўйлайманки, бундай асарлар китобхонни ҳам юксалтиради.
– Сизни Худо юксак истеъдод билан қанчалик сийлаган бўлса, истеъдодда тенгсиз устозлар билан ҳам шунчалик сийлагандир. А.Қаҳҳор “Муножотни тинглаб” шеърингиздан тўрт мисра эпиграф олгани ва бунинг сабабини ҳам билгандаймиз. Аввало, бу кенг миқёсдаги эътироф эканини ҳам тушунамиз. Ойбек, Ғ.Ғулом, М.Шайхзода, Миртемир ҳақидаги мароқли хотираларингиздан воқиф бўлганлар бор. Назаримда, буларни бир тизма қилса, яъни қоғозга туширилса нақадар ажойиб ва қимматли китоб бўлар эди.
Айтинг-чи, Сиз устоз ёки замондош сифатида улардан нималарни ўзингизга ибрат қилиб олган эдингиз?
– Ўзим ҳам бу ҳақда кўп ўйлайман. Ёрқин истеъдодлар, йирик шахслар ҳақида ёзиш яхши, албатта. Лекин камина баъзан улуғ устозлар ҳаётига оид баъзи хотираларни варақлаб кўриб, негадир кўнглим тўлмайди. Масалан, А.Қаҳҳор ланж, чучмал, эзма одамларни мутлақо ёқтирмас эди. Бироқ Қаҳҳор хотирланган баъзи асарларда у узундан-узоқ нутқ ирод этади, маърузалар ўқиб юборади. Ғафур аканинг ҳам ўз феъли бор эди. Албатта, аллақачон марҳум бўлиб кетган одам ҳақидаги гапнинг тўғри эканини ҳеч ким исботлай олмайди. Шунинг учун бўлса керак, баъзилар бу ўринда ўзларидан бемалол қўшиб ҳам юбораверадилар. Биз уларни билмасак экан… Ахир тутилиб гапирганнинг ҳар бири Ойбек, ёки “бўтам” деганлар Миртемир бўлавермайди-ку. Устозлар ҳақида сўз юритганда аввало улар ҳақида ибрат бўлгулик нарсалар битиш керак, деб ўйлайман. Авваламбор, у зотларнинг мен учун ибрати меҳнатсеварлиги ва бағрикенгликларидир.
Умуман, хотира ёзмоқчи бўлганда киши турли андишага боради: яъни, улар билан ош-қатиқ бўлган эдим, базму жамшидларда бирга эдим, мени отига мингаштириб юрар эди, деганга ўхшаш иддаолар пайдо бўлмасмикан, деб ўйлаб қоласан. Ҳолбуки, менинг Ч.Айтматов, Р.Ҳамзатов, Қ.Қулиевлар тўғрисида ҳам хотираларим кўп.
Бироқ нима десангиз денг-у, бугунги кунда хотира ёзиш ҳаддан зиёд мода тусига кирди. Адабий мардикор ёллаш ҳам одатга айланди. Уларни ўқиганда асар қаҳрамони шу қадар покизаю малаксиймо экан-у, биз уларни билмай юрган эканмиз-да, деган хаёлга борасан…
Баъзи олимлар ҳақидаги китобларда эса у ҳақда ким илиқ гапиргани, ким билан суратга тушгани, қайси юртга сафар қилгани – ҳаммаси батафсил ёзилади. Бундай китоб балки унинг ўзига керакдир, борингки, беш-ўнта яқин қариндошига улашар. Бир шоввоз эса кимлардан дастхат олган бўлса, уларни йиғиб китобга айлантирибди. Бир қарасанг, китоб чиқариш ҳам тўйга таклифнома чиқаргандай гап бўлиб қолди. Ҳамма нарса эви билан-да…
Навоий бобомиз ҳақидаги замондошлари хотираларини ўқисангиз, аксар “таъблари нозик эди” деган жумлага дуч келасиз. Хондамир, Бобурлар ҳам шундай деб ёзган. Бу – ҳазратнинг инжиқ феълига ишора. Бобур Навоий турмуши ҳақида ёза туриб, шоирнинг рўзғор тутмаганлигини айтади, сабаби эса бизга маълум эмас дейди. Қанчалар оқилона муносабат!
Агар Бобур Мирзо миш-мишларни ҳам ёзиб юборганида борми, Худо кўрсатмасин, бизнинг вақтимизга келиб улар яна ҳам болалаб кетган бўлармиди? Бу ҳол асло тасаввурга сиғмайди.
Ибн Арабшоҳ соҳибқирон Амир Темур ҳақида салбий гапларни кўп ёзган. Сабаби – 12 ёшли Арабшоҳ Шомдан асир қилиб келтирилган, демак, унинг алами бўлган. Лекин тарихчи олим ўзи билмаган ҳолда ҳам Соҳибқироннинг нақадар олижаноб инсон эканини қайд қилиб ўтади. Амир Темур даҳосини тан олади.
Ёзилган хотира аҳамиятли бўлса яхши, бироқ мақтанчоқлик, гуруҳбозлик, олифтагарчиликка хизмат қилса, у балои азимга айланади.
Ўрни келди, бир гапни эслаб қолдим. Ёзувчилар уюшмасида Шевердин деган зот бўлган. Кўп акаларимизнинг қамалишига шу одам сабабчи бўлган. А.Қаҳҳор қачондир “Ҳаётдан ўтганимда тепамда Шевердин гапиришидан қўрқаман”, деган экан. Надоматлар бўлсинки, Абдулла ака вафот этганда шундай ҳол юз берди…
– Замон шундоқ эдики, надомат, афсус, армон у ёқда турсин, севгида айрилиқ, ҳижрон ҳақидаги шеърий сатрлар ҳам таъқиб этиларди. “Нега?” деган саволни берувчи маҳкама кимларнинг ёстиғини қуритмаган эди ахир? Уларни санаб ўтсак гапимиз чўзилади, албатта. Аммо унутиш ҳам мумкин эмас-да.
Анов куни телевизорга қараб ўтирсам, ёш бўлишига қарамай дунёнинг кўп жойларига бориб келган спортчи йигит ўзбекча талаффузда қийнала-қийнала оламда Ўзбекистондай, балки гўзалроқ жойлар ҳам бор, лекин ҳеч бир жойда биздаги меҳр йўқ, меникидай она йўқ, менинг аёлимдай гўзал йўқ, менинг уйимдагидай хотиржамлик йўқ. Шунинг учун бизнинг чўлларимиз ҳам уларнинг боғу паркидан афзал кўринади, деяпти. Самимийлиги кўзларидан сезилиб турибди.
Шунда беихтиёр қаттол замонларда ҳам Ватанни, она халқимизни алқаб битган кўплаб шеърларингиз бирин-кетин шууримга оқиб кира бошлади. Ва баногоҳ, негадир, ҳар тугул Ватанни севиш таъқиб остига олинмаган экан-ку, деб ўйладим. Аслида ҳам шундаймиди?
– Ватанни севиш оддий гап эмас. Кимдир сўзамоллик билан артистлик қилиб севаман дейиши мумкин, биров оёғига тикан киргани ҳолда шу тиканзорлари бор Ватанини яхши кўришда давом этаверади.
Одам боласи онанинг қорнидан ватанпарвар бўлиб туғилмайди. Ватанни севишга ҳам, иймонли бўлишга ҳам бола ўргатилади, унга шу руҳда тарбия берилади. Бола мурғаклигидан ниманинг таъсирига тушса, шу амални қила бошлайди.
Бир япон аскари русларга асир тушиб Сибир ўрмонларида яшаб юради. Япон императори асирга тушгани учун кечирмаслигини у яхши билади. Юртига қайтгани билан жазоси аниқ – ўлим. Бироқ пайт келиб япон императорининг туғилган кунида сургундагилар ўша ҳукмдорни бўралаб сўка бошлайдилар. Буни кўрган япон асири аламидан шартта пичоғини олади-ю, ўз юрагига санчади…
Дунёда шунақанги ватанпарварлигу ориятлар ҳам бор экан.
Нажмиддин Куброни эсланг. Ёши бир жойга бориб қолган авлиё зот, Чингизхоннинг сиз қалъадан чиқинг, биз жанг қиламиз деган шартига жавобан: ”Менинг ортимда элим, муридларим турибди, уларни ташлаб кетмайман!” дейди. Ва у, ўзингиз билганингиздек, юртдошлари билан бирга Чингизхонга қарши жангда қурбон бўлади. Албатта, Кубронинг жасорати ҳам асл ватанпарварликнинг айнан ўзидир. Биз эса, бундай ҳолатларни асарларимизда тасвирлаганимизда, қаҳрамонга узун монолог ўқитамиз, ватанни севиш хусусида амру маъруф қилдирамиз.
Мақсуд Шайхзода бир суҳбатда шундоқ дегани эсимда: “Шекспирнинг драмаларида одам бирданига ўлиб кетавермайди, жон бергунича ҳам кўп воқеалар юз беради. Фалончининг асарларида эса қаҳрамони тез ўлиб қолади-да… Баъзан эса ҳалок бўлган кимсанинг иягини боғлаш ўрнига бир балоларни декламация қилиб гапиришади. Китобхон шунга ишонадими?..”
“Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” деган шеъримда “Юртим, сени фақат бойликларинг-чун, Севган фарзанд бўлса кечирма асло!” деган мисралар бор. Таассуфки, биз азиз билган шу Ватанни фақат моддий бойлик манбаи деб қаровчилар ҳам талайгина.
Ватанни севиш таъқиб қилинганмиди, деган саволингизга келсак, менинг жавобим бундоқ: Ўзбекистонни эмас, бепоён СССРни ватан деб куйлаш наинки лозим, балки шарт эди. Ўзбекистонни ундан алоҳида куйлаш миллатчилик ва айирмачиликка кирарди. Шу боисдан Ватанни жўнгина “Юртим”, деб қўя қолардик.
– Саксонинчи йилларнинг ўрталарига келганда – у пайт биз талаба ёхуд битирув арафасида эдик – баъзилар Сизни китобий тилда айтганда замонасозликда айблай бошлаганлари эсимга тушяпти. Лекин Сиз уларга жавоб қилмадингиз. ”Замон ўзгарди, дунё адабиёти ҳам бошқа йўсинга ўтди, адабиёт буёғига бизники”, деганларни ҳам кўрдик. Сиз эса, ўзингизнинг муҳташам шеърий кошонангизни тиклаш билан банд бўлавердингиз.
Кейинчалик замон биз ўйлагандан кўра шиддатли тус олди. Мустақил бўлдик. Мана, Улуғ Истиқлолга эришганимизга 20 йил бўлаётир. Сиз эса услубингизга содиқ қолдингиз, шеърий шаклда ҳам ўзгариш ясамадингиз.
Яқинда юбилей қилишга тараддуд кўраётган бир шоир қулоғимга шивирлагандай қилиб айтди: “Собир, адабиётда истеъдодлар жуда кўп бўлар экан, лекин даҳо битта бўларкан!..”
– Ёв қочса ботир кўпаяди, деган бор гап. Лекин ҳамма жойда ҳаёт мавжуд. Ҳатто ўша қамоқхоналарда ҳам.
Бетгачопарлик жасорат саналмайди. Менга ёқмади, деб тўйни бузиш марднинг иши эмас. Ўтган замонларда ўзини сиёсий тазйиққа учраганман деганларнинг баъзилари аслида киссавур, от ўғриси бўлганлар. Астағфурилло!
Ҳазрат Навоий “Айтар сўзни айт, айтмас сўздан қайт”, дея ўгит берган эдилар. Рост гапни ҳам ўз ўрнида айтмоқ лозимлигини уқтирганлар.
Навоий одоб билан салафларини эътироф этади, уларнинг изидан бораётганини таъкидлайди, сўнг эса шоирнинг ўзи салафларидан ҳам ўтказиб ёзиб қўя қолади…
– Адабиётда истеъдодлар доим ҳам бўлган. Навоий ҳазратлари ўз муҳитидаги юзлаб шоирлар ҳақида маълумот беради. Давр ҳукми шекилли, биз уларнинг камгинасини биламиз.
Шўро даврида адабиёт борасида катта танловлар бўлганини эслаш қийин. Мустақилликдан сўнг бизда айниқса ёшлар учун жуда кўп танлов, мукофотлар жорий этилди. 25 ёшгача бўлган қизлар учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилганига анча йил бўлди. Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги “Ижод” жамоат фондининг ташкил этилиши эса давлат раҳбари И.Каримовнинг тағин адабиёт аҳли, жумладан, ёшларга кўрсатган алоҳида марҳамати бўлди. Ҳозир бир қатор ёшларнинг китоблари давлат ҳомийлигида кўп минг нусхада чоп этилиб, барча ўқув даргоҳларига етказиб берилди.
Абдулла ака, бу ёшлардан Сиз нималар кутасиз? Улар ичида айрича истеъдод соҳибларини кўряпсизми?
– Ёшларга эътибор жуда улуғ иш. Бу эътибор муҳтарам Юртбошимизнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!” деган даъватининг давомидир. Ёш ижодкорлар орасида истеъдодлилари кўп. Келгусида уларнинг ўнтасидан бири ёки юзтасидан ўнтаси яхши ижодкор бўлиб чиқиши, шубҳасиз! Ахир юзта ниҳол ўтқазсанг, ҳеч бўлмаса, учдан бири кўкариб дарахт бўлар-ку.
Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида ялпи адабий савия жуда паст эди. Бугунги ёшларнинг савияси эса анча баланд. Уларнинг яна ҳам юксалишларини, мумтоз адабиётимизнинг маъно ва мазмунини, маҳоратини янада пухтароқ ўзлаштиришларини хоҳлаймиз.
Адабиётда мавзу чекланмаган. Хоҳлаган мавзуда қаловини топиб ёзолсанг зўр асар вужудга келиши мумкин. Бировларга тақлид қилиш асло шарт эмас.
Истеъдодларни юзага чиқариш учун ҳар томонлама шарт-шароитлар муҳайё қилинди. Ёшлар бу имкониятдан унумли фойдалана билишлари зарур. Бизга дунё тилларини ўрганиш, ўзлаштириш насиб қилмади. Қани энди фарзандларимиз орасидан нафақат моҳир тилмочлар, балки зукко адабий таржимонлар ҳам чиқсаю асарларимизни дунёга кўз-кўз қилолса.
Бу йил мустақиллигимизнинг йигирма йиллигини нишонлаймиз. Адабиёт остонасида турган йигит-қизлар ҳам қарийб мустақиллигимизнинг тенгқурларидир. Биз бу навқирон авлоддан кўп нарса кутишга ҳақлимиз.
Муҳтарам Президентимиз «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлашдириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш концепцияси» рисолаларида Ўзбекистонимизни юқори даражада тараққий этган давлатлар қаторига қўшиш принципларини аниқ белгилаб бердилар. Мамлакатимиз ўшандай даражага етишишида ёшлар байроқдор бўладилар, албатта.
– Эътибор берганмисиз, бизда библиография, мемуар ёзиш йўлга қўйилмаган. Бир-биримизни қисқа эътироф этишга ўрганиб қолдик. Саид Аҳмад домланинг Ғ.Ғулом, А.Қаҳҳор ҳақидаги эсдаликлари ғоят қадрли. Чунки улар жуда жонли тилда ёзилган ва табиийки, улуғ адибларимизнинг ҳаётда оддий инсон бўлганликларини, айни пайтда хос фазилатларини ҳам ёрқин англатади.
Демоқчи бўлганим: фурсати билан Сиз ҳам устозларингиз ёки сизга замондош бўлган тарихий шахслар ҳақида ёзсангиз, жуда мароқли китоб (ёки китоблар) бўлар эди. Ўрни билан айтай, Сиз ҳақингизда мемуар ёзмоқчи бўлиб юрганлар бор. Борлари, китоб ҳолида чиққанлари эса чала-ярим, узуқ-юлуқ тасаввур беради.
– Бировни яхши кўриш учун уни яхши билиш керак. Бировни ёмон кўриш учун эса ундан ҳам кўпроқ билиш лозим. Бир ижодкорни баҳолаш учун унинг айрим сатрларини талқин қилиш билан чегараланмаслик керак.
Умуман билмай баҳолаш ёмон иллат. Баъзи олимларимиз эса аннотация, тақриз, эътирофдан иборат акс-садоларни катта илм деб ҳисоблашади. Баъзан ўзим ҳақимда ёзилган айрим нарсаларни ўқиганда ҳам ҳайрон қоламан.
– Гарчанд одатий бўлса-да, бу саволни четлаб ўтолмас эканмиз: нималар ёзиш билан машғулсиз?
– Бир тўртлигим бор:
Коинот гултожи инсондир азал, Ундадир энг олий тафаккур, амал. Ҳатто у тубанлик ичра ҳам танҳо, Ё фалак, ижодинг бунча мукаммал!Бундан буён ҳам каттами, кичикми асар ёзар эканман, инсон қалбининг мураккаблигини тасвирлашга ҳаракат қиламан. Бу мураккаблик эса ниҳоятда теран, унинг туби кўринмайди.
Собир ЎНАР суҳбатлашди.
“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 3-сон.