Оммабоп журналимиз «Ёшлик» «Адиб хонадонида» рукнида ўз мулоҳазаларим, хотираларим, мушоҳадаларим билан иштирок этишга так-лиф қилганида, хийла тараддудланиб қолдим, анча вақт (насрда бўлгани учун) жавоб ёзишга журъат қилолмадим. Аслида мавзу таниш, аксарият суҳбатларимда бу борада имкон даражасида гапирганман ҳам. Янги гап айтиш қийин. Нимадан гап бошлаш керак?..
Онам ҳақида. Дарвоқе, бувим Қундузхон опа (Қувада онани буви дейишади), қорачадан келган, озғин, меҳнаткаш, чайир аёл бўлган. Ҳамиша далам, уй-жойим, болам, рўзғорим деб жон куйдиргувчи (кўп аёллар янглиғ) она бўлган. Жуда ёш бўлсам-да, эслайман: соғин сигиримиз қишда молхонасиз қолганда, бувим лой кечиб, молхона қурган ва ўшанда қаттиқ шамоллаб болаларим уйда ёлғиз қолади деб касалхонада ётмаган. Бувим эрта баҳорда ўпка шамоллаши оқибатида оламдан ўтган. Онадан олти фарзанд қолганмиз.
Дадам ўрта бўй, қирғиз қовоқ, қишлоқда «Ўрмон қирғиз», «Ўрмон карис», деб айтилган. Бу лақабларни хушламасдан баъзилар билан ёқалашиб қолганига ҳам болаликда гувоҳ бўлганман. Ҳаммага яхшилик қилиб юрадиган инсон бўлган. Табиатида меҳрибонлик, жонкуярлик юксак эди. Вақти одамларга яхшилик қилиш билан ўтиб, уй-жой ташвишларига фурсати қолмас эди ҳисоб. Умри асосан ишда, кўчада ўтган. Шеърлар машқ қилишимдан қаттиқ қувонган. Кўпчиликка мақтанган. Газеталарда чоп этилган шеърларимни қўйнига солиб, кўрган таниш-билишларга энтикиб ўқиб берган. Раҳматли дадамда мендан фахрланиш туйғуси баланд эди.
Эсимни танибманки, шеърият, адабиётга меҳр қўйганман. Ҳали бошланғич синфда шеърлар ёдлаб юриб, ўзим ҳам ёзишга қизиқиб, онамнинг ёрдамида шеър машқ қилганман. Илк шеърим иккинчи синфдалигимда “Ленин учқуни” (ҳозирги «Тонг юлдузи») газетасида чоп этилган. Ўша кун тун ярмида дадам уйқудан уйғотиб, газетани бутун оиламизга кўрсатган. Шеър ёзишим мактабда, қишлоқда шов-шув бўлган. Саккизинчи синфни битирганимдан сўнг дадам Тошкентга, Қишлоқ хўжалик техникумига ўқишга олиб келган. Бироқ, адабиётга қизиқишим устун келиб, бошқа соҳага меҳр уйғонмади.
Шаҳарда дадамнинг қишлоқдаги болалик ён қўшниси Асадулла тоғаникида яшаб, кундуз босмахонада ишлаб, ишдан кейин 2-сонли Ишчи ёшлар кечки мактабида ўқидим. Шеър машқ қилишни ташламадим. Машқларимни олиб «Гулистон» журнали бош муҳаррири, қувалик ёзувчи Иброҳим Раҳимнинг олдига бориб, яқиндан танишганман. Кейинчалик ота-боладек бўлиб кетдик. Кўп нон-тузини тотдим. Яхшиликларини кўрдим. Машқларим чоп этилишида ёрдами беқиёс бўлди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Иброҳим Раҳим хонадонида бир муддат яшаб, Комил Яшин, Ҳалима Носирова, рассомлар Раҳим Аҳмедов, Абдулҳақ Абдуллаев, шоир-ёзувчилар Ҳафиз Абдусаматов, Ҳамид Ғулом, Шуҳрат, Йўлдош Шамшаров, Асқад Мухтор, Рамз Бобожон, Абдулла Орипов ва бошқа кўплаб санъаткорлар, зиёлилар билан кўришиб, уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлганман. Тошкент Давлат университетига (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ўқишга киришимга ўша пайтлар машҳур адабиётшунос, профессор Лазиз Қаюмовнинг ёрдами теккан. Ҳали талабалик пайтимда дастлабки шеърий китобим «Зангори овоза», «Юракдаги ёзувлар» Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва Санъат нашриётида чоп этилган. Бугун у китобларимдан унчалик кўнглим тўлмайди.
Эндиликда қўлёзмани нашр этишда шошилмасликни, китоб мутолаасида танлаб-танлаб ўқишни, дунё адабиётини мутолаа қилиш заруратини тушуниб етдим. Жуда кеч. Ҳозиргача ўн битта китобим чоп этилган бўлса, фақат кейинги «Сокин ҳайқириқ», «Ой япроғи», «Гуллаётган юрак» номли китобларим нашридан қувонаман, холос. Гарчи шеърларимга устоз Абдулла Орипов «Оқ йўл» тилаган бўлса-да, кўпроқ Рауф Парфи шеърияти йўлидан бораётганимни ҳис этаман. Адабиётда кўп йўл-йўриқни айнан Рауф Парфи берганини ёдда тутаман. У мутолаа учун Жорж Байрон, Нозим Ҳикмат, Фозил Ҳусни Доғларжа, Гарсиа Лорка, Пабло Неруда, Александр Блок, Имант Зиедонис, Янис Рицис, Андрей Вознесенский сингари, инглиз, испан, турк, рус, хуллас, дунё шоирлари рўйхатини ёзиб берар эди. Уларни ўқишга даъват этарди. Балки, озми-кўпми, ўқиганларим туфайли баҳолиқудрат изланиб, янги йўналишлар қидирардим. Менимча, Рауф Парфи янгича изланишлар ва йўналишлар мактабидир.
Адабиётимиз ранг-баранг бўлишини хоҳлайман. Бекорга Чўлпон ҳам арузни ўқиб, бир хиллик, бир хиллик деб қайғурмаган. Қайғуларни амалда қўллаб, турк, рус, татар ва бошқа адабиётларни ўрганиш натижасида янгича шеъриятга асос солди (у бир ўзи эмасди). Қувончли ҳол: бугун адабиётимиз ранг-баранг тус олган. Аруз ҳам, бармоқ ҳам, сарбаст ҳам ривожланиб, модерн адабиёти ҳам авж олмоқда. Ахир, арузни Эркин Воҳидов, бармоқни Абдулла Орипов, сарбастни Рауф Парфи каби пешқадам шоирларимиз янгилаганидек, бугун ҳам шеъриятимиз янгиланиб бораётир. Нафақат шеъриятимиз, насримиз ҳам аллақачон янгича тус олган.
Бугунги адабиётимизга назар ташласак, менинг наздимда, ҳозир ёшлар насри юксалиб бораётир. Бу кузатишларимни «Ёшлик», «Шарқ юлдузи» журналларида кўраётирман. «Ёшлар китоби», «Олтин кўприк» китоблари, илк тўпламлар мутолаасида бунга гувоҳ бўлаётирман. Кейинги пайтларда Ватан мавзусига кўп урғу берилаётир. Бу – тўғри. Айни маҳалда ҳар бир ёзилган шеър ёки бошқа жанрдаги асар ўз-ўзидан ватан ва ватандаги воқеа, ҳодиса, одамлар, нарсалар ҳақида эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Асарлардаги манзаралар, жонзотлар, майсалар, дарахтлар, тоғлар, булоқлар, еру осмон, ҳамма-ҳаммаси ватанники бўлгач, каттами, кичикми, ҳар бир асар ватан ҳақида бўлади. Хуллас, яралган асар ватан тараннуми, ватан мадҳи эмасми? Зеро, Ватандаги ҳар бир нарса Ватандир.
Бошқа бир кузатишим ҳозирги, катта адабиётга кириб келаётган ёшлар ҳақида. Улар миллий адабиётимизни, жаҳон адабиётини ҳам жуда кам ўқишаётир. Бу эртанги адабиётимиз учун катта нуқсон бўлиши мумкин. Адабиётимизнинг яна бир касали – кечагина қалам ушлаган ёшми, қарими борки, китоб чиқариш дардига йўлиққан. Ҳатто, уч-тўрт китоби билан элга танилиб-танилмай, сайланмалар, жилд-жилд китоблар чоп этишга киришиб кетадилар. Ўз ҳисоби ёки кимларнингдир ҳомийлигида, албатта. Менинг наз-димда ҳақиқий адабиётга ҳеч қандай ҳомий керак эмас, адабиёт ўз йўлини, ўқувчи қалбини ўзи топади. Назаримда, адабиётшуносларимиз, танқидчиларимиз адабиётнинг тўғони бўлишлари керак. Афсус… Ҳамма қаламкаш ҳам ижодкор бўла олмайди. Ижодкорни эл «ёзувчи», «шоир» деб тан олмаса, ёзганлари – елвизак бўлиб қолади.
Мавриди экан, ўзим ҳақимда давом этсам. Менинг руҳиятимда ҳаяжон кучли бўлса керак: манзара, ҳолатлардан ҳайратланишим чексиз.
Раҳмдилликни яхши кўраман.
Севги, муҳаббат, меҳр туйғуларини асрашга ҳаракат қиламан.
Гўзалликни, гулларни севаман. Ҳар бир гулнинг ўзига хос тоти, ифори бор. Улар менга илҳом бахш этади, уларга атаб ёниб шеърлар ёзаман.
Бева-бечораларга қайғураман, куйинаман.
Дарвеш, жунунвор одамлар билан тез дўстлашиб, чиқишиб кетаман. Имкониятим борича кўмак беришга уринаман. Жонкуяр аёлим “йўлга солиб” турмаганида, дарвешга айланиб қолган бўлардим, эҳтимол.
Иқтидорли кишиларга ҳурмат-эҳтиромим юксак.
Бошимда қилич турса-да, рост сўзлашни хоҳлайман.
Алданишдан ўксийман.
Мансабпараст, худбин одамларга яқин бўлишдан тийиламан.
Мақтовни жиним суймайди.
Танқид ўринли бўлса, тан оламан, суюнаман.
Адабиёт ва санъатда ранг-барангликни хуш кўраман.
Оила аъзоларимни, гарчи мақташга лойиқ бўлишса-да, мақташни ёқтирмайман.
Негадир туғилган кунимни нишонлашни, эслашни, табрикларни истамайман. Ҳатто, ўша кунни эсламасдан ўтказсам дейман.
ШОИР ҲАҚИДА
Турсун Али (Урманов) 1952 йилнинг 5 февралида Фарғона вилоятининг Қува туманидаги Тошйўли қишлоғида туғилган. 1968 йил 2-ўрта мактабнинг 8-синфини тамомлаб, 1971 йилда Тошкент шаҳридаги 2-кечки ишчи ёшлар мактабини тугаллаган. 1981 йили ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг филология бўлимини битирган.
Дастлаб у “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газетасида мусаҳҳиҳ, сўнгра Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, Чўлпон нашриётида, “Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятида ва “Адолат” нашриётларида турли лавозимларда ишлаган. Айни пайтда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи вазифасида меҳнат қилиб келмоқда.
2008 йили “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.
Турсун Алининг дастлабки шеърлари “Ёшлик баёзи”, “Ёшлик” альманахларида босилган. Шундан сўнг, “Зангори овоза” (1979), “Юракдаги сўзлар” (1983), “Ёруғ кунлар” (1986), “Изтироб остонаси” (1983), “Тун товуши” (1993), “Ёлғизим” (1995), “Уйғоқ сукунат” (1999), “Туйғулар ранги” (2001, “Сайланма”), “Сокин ҳайқириқ” (2005), “Ой япроғи” (2008), “Гуллаётган юрак” (2009) номли шеърий тўпламлари нашр қилинган. Шоирнинг “Смена” журналида туркум шеърлари, “Гранат” (рус тилида) альманахида, Озарбайжонда (озар тилида) тўпламлари чоп этилган. Шунингдек унинг шеърлари инглиз, тожик, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.
У таржимон сифатида ҳам фаолият кўрсатиб, хитой, япон, рус шеърияти намуналарини ўзбек тилига ўгирган.
Умр йўлдоши Мавлуда Урманова ҳисобчи. 3 нафар ўғли бор. Икки фарзанди олий маълумотли, уйланган. Кенжаси ўқувчи.
“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 3-сон.