Умарали Норматов (1931.3.1, Бешариқ тумани – 2022.1.29, Тошкент) — адабиётшунос олим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1981), филология фанлари доктори (1978), профессор (1979). Тошкент университетининг филология факултетини тугатган (1957).
1962 йилдан ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) филология факултетининг ўзбек абадиёти кафедрасида катта ўқитувчи, доцент; кафедра мудири (1974—2000), кафедра профессори (2001 йилдан).
1957 йилдан адабий-танқидий ва илмий мақолалари билан адабий жараёнда иштирок этиб келади. Умарали Норматовнинг илмий, адабий-танқидий тадқиқотлари янги ўзбек адабиёти тарихи, тараққиёти масалаларига, унинг ўзига хос анъаналари ва новаторлик хусусиятларини аниқлашга қаратилган.
Илмий фаолиятида реализм масалалари, 20-аср ўзбек адабиёти, адабий жараён ҳамда адабий танқидчилигининг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, Қодирий, Ш. Холмирзаев, П. Қодиров, Ў. Ҳошимов ва бошқа ижодкорларнинг асарлари билан боғлиқ масалалар муҳим ўрин эгаллайди.
Умарали Норматов умумтаълим мактабларининг 5-, 9-, 11-синфлари учун «Ўзбек адабиёти» дарслик ва мажмуалари, олий ўқув юртлари учун «20-аср ўзбек адабиёти тарихи» (1999) дарслиги муаллифларидан бири. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989).
“Насримиз уфқлари” (1978) “Қалб инқилоби” (1986), “Қодирий боғи” (1996), “Умумбахш тамойиллар” (2000), “Қаҳҳорни англаш машаққати” (2000), каби китоблар муаллифи.