Истеъдодли шоир Султон Жўра адабиётимизга 30-йилларда Амин Умарий, Усмон Носир, Ойдин, Зулфия, Зафар Диёр, Қуддус Муҳаммадий каби адиблар билан бирга кириб келган. У бор-йўғи ўттиз уч йил умр кўрди, шундан ўн уч йилини адабиётга, шеъриятга бахшида этди. Султон Жўра 1910 йил 15 январда Бухоронинг Шофиркон туманидаги Қоғолтом қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди. Уч-тўрт ёшлигидаёқ ота-онасидан жудо бўлиб, қариндош-уруғлари тарбиясида бўлди. Сўнгра бошланғич таълимни олгач, Бухоро Эрлар билим юртига ўқишга кириб, уни 1930 йилда тугатади. Мактабларда, билим юртларида, шунингдек, Андижон Давлат педагогика институтида адабиётдан дарс беради. Ижоди ҳам шу йиллардан бошланган бўлиб, унинг биринчи шеъри 1927 йилда «Меҳнат қўйнида» номи билан «Янги йўл» журналида чоп этилади. Сўнгра, унинг «Шеърлар» (1933), «Фидокор» (1939), «Москва» (1941) каби тўпламлари, «Кулги» (1936), «Шодлигим» (1939), «Очиқ чеҳралар» (1939) каби туркум шеърлари пайдо бўлади.
Шеърлар ва тўпламларнинг номидан кўриниб турганидек, уларда шоир замондошлари дарди, қувончи, шодлигидан ҳикоя қилади.
Султон Жўра қатор лиро-эпик достонлар, эртаклар муаллифи сифатида ҳам китобхонга таниш. Унинг «Қалдирғоч», «Жаннат» каби эртак-достонларида ёш китобхоннинг романтик олами ифодаланади. Шоир «Зангори гилам» шеърий эртагида фольклор мотивларидан кенг фойдаланиш орқали ёшларнинг ички оламини, сир-асрорини очиб беради. «Карим ва Қундуз» достонида меҳнат ва унинг гашти, роҳати ҳақида сўзлайди.
Шоирнинг «Бруно» достони унинг ижодида муҳим босқичдир. Унда Жордано Брунонинг ўлмас образи гавдалантирилган.
Султон Жўра болалар учун бир талай асарлар яратган. «Ҳарфлар паради», «Тиниш белгиларининг мажлиси», «Ёлғончи», «Чўнтак», «Ой нечта», «Соғинчли салом» каби асарлари болалар адабиётининг энг яхши намуналаридир.
Уруш йилларида Султон Жўра ижоди янги босқичга кўтарилди. У ўзининг «Пулемётчи овози», «Тўпчи Муҳаммад», «Найзамиз» ва «Чавандоз» каби қатор шеърларида ватанпарварлик ғояларини баралла куйлади.
Шоир бу йилларда уруш мавзуида ўзининг «Ирода» драмасини ҳам яратди. Унинг уруш мавзуида яратилган асарлари орасида «Соғинчли салом» шеъри алоҳида аҳамиятга молик. Унда ота-она, ёр ва биродар, йигит ва қиз, қавм-қариндош фироқига сабаб бўлган урушга лаънатлар ёғдиради.
Султон Жўра Иккинчи жаҳон уруши фронтида 1943 йилнинг 10 ноябрида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.