Мамарасул Бобоев (1911-1969)

Истеъдодли шоир Мамарасул Бобоев ўз асарларида аниқ воқеликни, инсон гўзаллигини куйлаб, кишиларнинг ёрқин образини яратишга интилди. Мамарасул Бобоев Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида 1911 йил 3 апрель куни туғилди. У дастлабки маълумотни Навоий номли мактабда олди. Шоир 1927 йилнинг кузида Бухородаги қишлоқ хўжалик техникумига ўқишга кирди.

1934—1938 йилларда Мамарасул Бобоев Тошкент Давлат педагогика институти тил ва адабиёт факультетининг сиртқи бўлимини тамомлади. 1939 йили «Гулистон» журналида унинг «Улуғбек» тарихий достони босилиб чиқди. У 1941 —1946 йилларда Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, Эронда хизмат қилди.

Мамарасул Бобоев «Ватан шаънига» (1939), «Шодиёна» (1950), «Қуёш йўли» (1951), «Севган қўшиқларим» (1956), «Ота қувончи» (1959), «Янгра, рубоб» (1961), «Айни ёз» (1961), «Юрагимнинг айтганлари» (1963) сингари қатор шеърий тўпламларнинг муаллифидир.

Лермонтов, Некрасов, Симонов, Вурғун, Қулиев, Муса Жалил, Туманян, Расул Ҳамзатов каби шоирларнинг асарлари Мамарасул Бобоев таржимасида ўзбек китобхонларига бориб етди. Унинг «Эрон осмони остида» туркум шеърлари хорижий Шарқ мавзуидаги яхши асарлар сирасига киради.

У 1969 йил 23 июль куни Тошкентда вафот этган.