Ўзбек халқининг тараққийпарвар сиймоларидан, Хива жадидлари ва “Ёш хиваликлар” партиясининг раҳбарларидан бири Полвонниёз ҳожи Юсупов 1861 йили Хива шаҳрида савдогар оиласида туғилган. 1871 йилга қадар ота-онасининг, улар вафотидан кейин эса амакиси Юсуфбойнинг қўлида тарбияланган. 13 ёшида эски мактабда ўқиб, савод чиқарган. Мактабни биткизгач, савдо ишлари билан шуғулланган.
Полвонниёз 1877 йилда амакиси билан Москвада бўлади. Кейинчалик 1885 йилда жадид мактабини тугатади. У араб, форс ва рус тилларини яхши билган. 1904 йилда Туркия, Миср, Сурия мамлакатларида ва Макка шаҳрида бўлади. Полвонниёз 1917 йил 4 апрелда Хива хонига тақдим этилган давлат бошқарувида ислоҳотлар ўтказиш тўғрисидаги манифестнинг тузувчиларидан бири эди. Хива хонининг жадидларга қарши сиёсати натижасида у 1918—1920 йилларда Тошкентга ўтиб кетади ва у ерда муҳожирликда бўлиб, “Ёш хиваликлар” партиясини ташкил қилади ва унга раис этиб сайланади. Хива хонлиги тугатилгач, 1920 йил 30 апрелда Хоразм Халқ Совет Республикаси Нозирлар кенгаши раиси лавозимига тайинланади.
Полвонниёз Юсупов ХХСР ҳукумати раиси сифатида мустақил сиёсат юритиш ва Хоразм Республикасида демократик ислоҳотларни қарор топтириш учун интилган. Бироқ Туркистон комиссияси (Турккомиссия) ва Туркистон фронти қўмондонлиги Полвонниёз Юсуповнинг бу сиёсатига қарши чиқиб, Хивада янги ҳукумат тўнтаришини амалга оширишган. Полвонниёз Юсупов фаол сиёсий курашдан воз кечганлиги учун кейинчалик большевиклар томонидан афв қилинган ва ХХСРда турли лавозимларда хизмат қилган.
1926 йил 10 январдан Хоразм вилоят Ижроия қўмитаси раисининг хўжалик бўйича ўринбосари бўлиб ишлайди. Кейинчалик Ичанқалъа музcйида хизмат қилади.
Полвонниёз Юсупов 1936 йилда вафот этади.