Пиримқул Қодиров (1928.25.10. Тожикистон Республикаси Шаҳристон тумани Кенгкўл қишлоғи – 2010) — ёзувчи, адабиётшунос олим. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1988). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1978).
Ўрта Осиё университетининг шарқшунослик факултетини (1951) тугатган. СССР Ёзувчилар уюшмасида ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчи (1954—63), Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим (1963—83), Ўзбекистон Республикаси Адабиёт, санъат ва меъморлик соҳасидаги Давлат мукофотлари қўмитаси раиси (1989—94), Ўзбекистон Олий Кенгаши (Маданият ва маданий мерос қўмитаси раиси; 1991—95), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси (Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари; 1997— 2000) депутати бўлиб ишлаган.
Дастлабки ҳикояси — «Студентлар» (1951). Шундан кейин Пиримқул Қодиров ёшлар ҳаёти ҳақидаги «Уч илдиз» (1958, роман), мустабид тузум шароитида ички эркини йўқотган, мутелик дардига гирифтор бўлган қаҳрамонлар ҳаёти акс этган «Қадрим» (1961) ва «Эрк» (1968) қиссаларини ёзган. Замонавий мавзуларга бағишланган бу ва бошқа асарларида Пиримқул Қодиров 2-жаҳон уруши йилларида кечган машаққатли ҳаёти фактлари ҳамда шу давр ҳақидаги таассурот ва мушоҳадаларидан самарали фойдаланган. Замонавий мавзуларга бағишланган «Қора кўзлар» (1966) ва «Олмос камар» (1976) романларида Пиримқул Қодиров маънавий-ахлоқий масалалар билан бирга воқеликда, хусусан, қишлоқ ҳаётида мавжуд бўлган жиддий муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратган.
Шўро мафкураси 70-йилларда тарихий мавзунинг ёритилишига қаттиқ қаршилик кўрсатганига қарамай, Пиримқул Қодиров Абдулла Қодирий, Ойбек, Шайхзода, Миркарим Осим анъаналарини давом эттириб, «Юлдузли тунлар» (1979) романини ёзди. Ёзувчи бу асарида ўзбек халқи тарихининг муҳим саҳифаларилан бири – буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосига мурожаат этиб, унинг мураккаб ва машаққатли ҳаёт йўлини тарихан ҳаққоний гавдалантириб берди. Кейинчалик ушбу асарнинг давоми — «Авлодлар довони» (1989) романини нашр этди.
Пиримқул Қодиров «Юлдузли тунлар» («Бобур») ва «Авлодлар довони» романларида Бобур, Ҳумоюн ва Акбарнинг ҳаёт йўлини кузатиш орқали Бобурийлар салтанатининг вужудга келиши ва равнақ топишини ёрқин тасвирлашга эришган. У узоқ ўтмишда ва ўзга мамлакатда рўй берган воқеаларни тасвирлашда ўз фантазиясига эмас, балки ўзи эътироф этганидек, «тарих фантазияси»га, яъни чиндан содир бўлган воқеаларга кўпроқ асосланган ҳар иккала асар ҳам кенг китобхонлар тарафидан самимий кутиб олинганига қарамасдан, шўро мафкураси томонидан кескин танқид қилиниб, муаллиф ўтмишни идеаллаштиришда айбланди.
Пахта яккаҳокимлиги даврида ўзбек халқи бошига тушган жабру жафолар ўзбек адабиётида илк бор «Мерос» (1974) қиссасида ўз ифодасини топди. Пиримқул Қодиров шу даврда қисса жанрида самарали ижод қилиб, болалар ва ёшлар ҳаётидан олинган «Акрамнинг саргузаштлари» (1974), «Яйра институтга кирмоқчи» (1979), шунингдек, маънавий-ахлоқий масалаларга бағишланган «Нажот» («Бахиллар ва ботирлар», 1980) қиссаларини ҳам эълон қилди. «Она лочин нидоси» (2000) романида 15-асрдаги Мовароуннаҳрнинг ижтимоий-маданий ва маънавий ҳаёти кенг акс эттирилган. Ёзувчи сўнгги йилларда «Қалб кўзлари (бадиалар, ўйлар, эсдаликлар)» (2001) китобини чоп этиб, шу йўналишдаги янги бадиа(эссе)лар устида иш олиб бормоқда.
Пиримқул Қодиров адабиётшунос олим сифатида ўзбек тили ва адабиётининг илмий-назарий масалалари билан шуғулланиб, «Тил ва дил» (1972), «Халқ тили ва реалистик проза» (1973), «Тил ва эл» (2005) рисолаларини ҳамда 2 жилдли «Адабиёт назарияси» учун «Адабий асарнинг тили» ва «Адабий жараён» бобларини ёзди.
Пиримқул Қодировнинг «Қадрим» қиссаси асосида «Сенинг изларинг» (режиссёр Р.Ботиров) бадиий фильми, «Юлдузли тунлар» романи ва «Жон ширин» ҳикояси асосида кўп серияли видеофильмлар (режиссёр М.Юсупов) суратга олинган. Унинг «Бобур» пьесаси (режиссёр Б. Йўлдошев) узоқ йиллар мобайнида ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрида, «Инсоф» пьесаси эса вилоят театрлари саҳналарида қўйилган. Асарлари рус, украин, ҳинд, урду, турк, уйғур, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида нашр этилган.
Ҳамза номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати (1981), «Шуҳрат» медали (1994) ва «Эл-юрт ҳурмати» (1998) ордени билан мукофотланган.
Наим Каримов.