Эркин Воҳидов. Шарқ юлдузи (1984)

1954 йил. Сира ёдимдан чиқмайди. Ўшанда тўққизинчи синф ўқувчиси эдим. Менинг илк шеърий машқларимдан бири «МГУга» номи билан «Шарқ юлдузи»да босилиб чиқди. Ўша кунлардаги қувончимни таърифлашга сўз камлик қилади. Синфдошларим, тўгаракдошларим олдида гердайиб юрганларим, журнал сотилаётган дўконлар олдидан кетолмай турганларим, мен билан сўрашган ҳар бир кагта-кичикнинг оғзини пойлаганим, «шеърингни ўқидим», деган сўзини эшитганда ич-ичимдан яйраганимни эсдан чиқаролмайман. Хаёлимда ўша кунларда ҳамма менинг шеъримни ўқир, у билан яшар эди.

Минглаб шогирдларин севиб, ардоқлаб,
Фан қўйнига чорлаб, кенг очиб бағрин,
Ленинские Горида азамат тоғдай
МГУ булутларга бўй чўзмиш мағрур.

Ҳозир ўйласам, бу андак ибтидоий, андак баландпарвоз, лекин ёш юракнинг содда ва самимий хаёлларини ифода қилган шеър менинг адабиётга қўйган биринчи қадамим экан.

Менга мактаб миқёсидаги шуҳрат билан бирга қалам ҳақи ҳисобидан «Комсомолец» фотоаппарати, «қурбақа» пероли авторучка ҳадя этган илк қадам — «Шарқ юлдузи» билан илк авторлик танишувим шундай бўлган.

1960 йил. Тошкент Давлат университетининг сўнгги курсида ўқиб турган вақтимда «Шарқ юлдузи»да «Буюк ҳаёт тонги» номли достоним босилди.

Бу ҳодиса ҳаётимда унутилмас янги саҳифа очди. Ўша кунларда «Совет Ўзбекистони»да шоир Туроб Тўланинг «Шарқ юлдузи»ни варақлаб» мақоласи босилди. Номдор шоир бир студент боланинг илк достонига катта қалб эгасига хос тантилик билан юксак баҳо берди.

Мана бугун орадан кўп йиллар ўтиб хаёл қилсам, «Шарқ юлдузи» — мен учун ҳам бешик, ҳам дорилфунун бўлибди. Шу азиз ва қадрдон журнал саҳифаларида Ғафур Ғуломдан тортиб то Абдулла Ориповгача, Ойбекдан тортиб Ўткир Ҳошимовгача, устозларим, дўстларим ижодидан баҳраманд бўлдим, шу муборак саҳифалар неча авлод ўзбек ижодкорлари қатори менинг тенгдошларим учун ҳам мушоира, мубоҳаса майдони бўлди.

Бугунда «Шарқ юлдузи» «Ёшлик» журнали тимсолида ўзининг — «укасига» эга. Барча ёшларнинг умиди шуки «ука» ҳам «ака»га муносиб, элга севимли журнал бўлади.

Қадрдон журналимиз қутлуғ ёшга тўлган кунда шогирдлик таъзими ва миннатдорлиги билан шундай дегим келади:

— «Шарқ юлдузи» — сен бизнинг кўз тиккан юлдузимизсан. Доимо баланд бўл, доимо ёруғ бўл. Ижод уфқида ҳамиша балқиб тур. Лекин ёш шоир, ёзувчиларга юлдуз қадар йироқ бўлма. Узинг юлдуз бўлсанг ҳам, бағринг осмон, меҳринг офтоб бўлсин.

1984