Омон Матжон (тахаллуси; асл исм-шарифи Матчонов Омон) (1943.14.2, Хоразм вилояти Янгибозор тумани – 2020.29.10, Тошкент) — Ўзбекистон халқ шоири (1993). Самарқанд давлат университетининг филология факултетини тугатган (1969). Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим мудири (1969-85), «Ёшлик» журналида бош муҳаррир (1985-91), Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида масъул ходим (1991-94), Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитасида раис ўринбосари (1994-99), «Чўлпон» нашриётида директор (1999-2001), 2001 йилдан «Гулхан» журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган.
Шеърлари 1965 йилдан бошлаб эълон қилина бошлаган. Шоирнинг «Карвон қўнғироғи» (1973), «Қуёш соати» (1974), «Ёнаётган дарахт» (1976), «Ярадор чақмоқ» (1977), «Сени яхши кўраман» (1981), «Дарахтлар ва гиёҳлар» (1984), «Ўртамизда биргина олма» (1990), «Одамнинг сояси қуёшга тушди» (1991), «Қуш йўли» (1993), «Иймон ёғдуси» (1994), «Ардахива» (2000), «Хожа Аҳрор зиёратлари» (2002) ва бошқа шеърий асарларида воқеликни нозик ҳис этган ҳолда бадиий ифодалаш, муайян ҳодисадан фавқулодда фалсафий хулосалар чиқариш, ўзи туғилиб ўсган муҳит колоритига мос ифодалар топиш тамойили устуворлик қилади.
Омон Матжон лирик шеърлар билан бирга лирик қисса ва драматик достон жанрларида ҳам ижод қилиб, Хоразм халқ афсоналарининг ўзига хос бадиий талқини — «Ҳаққуш қичқириғи» (40 афсона, 1979) шеърлар китобини, истиқлол арафасидаги шўролар мамлакати ҳаётининг зиддиятли манзаралари ва жароҳатлари тасвирига бағишланган «Гаплашадиган вақтлар» (1986) қиссасини, шунингдек, ўзбек халқининг Хоразмдан чиққан буюк сиймолари ҳақидаги драматик достонлари («Паҳлавон Маҳмуд», 1975; «Беруний», 1977 ва б.) ни яратган.
«Минг бир ёғду» (1982) асари Навоий «Хамса»си таъсирида ёзилган. Омон Матжон бу асарларида ўтмишда яшаб ижод қилган ўлмас сиймолар ҳаёти ва ҳозирги давр муаммоларини тасвирлашда лиро-эпик шеърият имкониятларидан маҳорат билан фойдаланган. Ўзбек шеъриятига Хоразм шевасига хос лексик унсурлар ва мусиқий оҳангларни олиб кирган, лирик шеъриятни эпик шеърият унсурлари билан бойитган.
Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989).