Нормурод Нарзуллаев (1934-2006)

Нормурод Нарзуллаев (тахаллуси Нарзий) (1934.7.7, Касби тумани – 2006) — Ўзбекистон халқ шоири (2000). Ўзбекистонда хизмат курсатган маданият ходими (1984).

Охунбобоев номидаги Қарши педагогика билим юрти (1948), Самарқанд педагогика институтининг тил ва адабиёт факултетини тугатган (1956). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари (1974), шу уюшмада котиб (1976—81), «Ёш гвардия» нашриётида бош муҳаррир (1981), «Камалак» нашриёт-матбаа бирлашмасининг бош муҳаррири (1991—96), шу нашриёт директори (1996—97), Ўзбекистон Республикаси ёшлари «Камолот» жамғармасининг «Янги аср авлоди» нашриёт-матбаа марказида бош муҳаррир (1997 йилдан) бўлиб ишлаган.

Ижодий фаолияти 1954 йилдан бошланган. Илк шеърий тўплами — «Суюнчи» (1965). Нормурод Нарзуллаев «Зарафшон зарлари» (1970), «Уфқларда кўзларим» (1973), «Лаҳза ва ларза» (1973), «Ёғду» (1974), «Нигоҳлар» (1976), «Севги сеҳри» (1981), «Яхшилик деб яшайман» (1987), «Аник вақт» (1989), «Қалбим қатралари» (1994), «Оқ фариштам, оппоқ фариштам» (1995) ва бошқа шеърий тўпламлар муаллифи. «Амир Темур ҳақида қўшиқ» асари тарихий мавзуга бағишланган.

Нормурод Нарзуллаевнинг болаларга атаб ёзган «Ватан сени эркалаб» (1966), «Шамол ушлаган бола» (1985), «Бош майдон» (1990) асарлари болалар дунёси, уларнинг беғубор олами ҳақида. Нормурод Нарзуллаев асарларида замон ва макон бирлиги, дунё ва давр тушунчаси улуғланади, юксак фуқаролик, самимият, бурчга садоқат, ватанга муҳаббат, жонажон ўлка табиатига мафтункорлик туйғулари етакчи ўринни эгаллайди. Нормурод Нарзуллаевнинг кўп шеърлари қўшиққа айланган. Дунё адабиётининг Г.Гейне, Е.Евтушенко, Қ.Қулиев, И.Юсупов сингари таниқли намояндалари асарларидан қилган таржималар қилган.

«Шуҳрат» медали билан мукофотланган (1998).