Насимхон Раҳмонов 1952 йилда Фарғона вилояти Бувайда тумани Жов қишлоғида туғилган. Фарғона давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугатган (1974). Ўрта мактабда ўқитувчи (1974—1977), Ўқитувчи нашриётида муҳаррир (1976—1979), Ўзбекистон Фанлар академияси Ҳ.Сулаймонов номли Қўлёзмалар институтида муҳаррир, музей бўлими мудири, кичик, катта ва бош илмий ходим, директор ўринбосари, директор (1979-1998), Тил ва адабиёт институти (1998—1999) ва Шарқшунослик институтида етакчи илмий ходим (1999—2000), Ўзбекистон Миллий университети ўзбек мумтоз адабиёти кафедраси профессори (2000-2025), Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети декани (2010-2025) ишлаган.
Насимхон Раҳмонов 1984 йили «Култегин ёдномаси (VIII аср) поэтикаси» номли мавзуда номзодлик, 1991 йили «Ўрхун-Енисей ёзма ёдгорликлари ва туркий эпослар муносабати» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Олим 1993 йилда профессор илмий унвонини олган. Насимхон Раҳмонов, шунингдек, икки китобдан иборат «Олтун ёруғ» асарини ўзбек тилига табдил қилиб, чоп эттирган.
Насимхон Раҳмонов Туркиянинг Янги Туркия стратегик тадқиқотлар институти мукофоти (2017), Остона шаҳрида жойлашган Халқаро Туркий Академиянинг кумуш медали (2018) ҳамда Қозоғистон халқлари Ассамблеясининг Олтин медали (2020) билан тақдирланган.
Унинг «Ўлмас обидалар» (1987), «Битиклар оламида» (1990), «Туркий хоқонликлар» (1993), «Қадимий ҳикмат» (1987), «Руҳиятдаги нур муроди» (2000), «Ўзбек адабиёти тарихи намуналари» (1, 2-жилд 2006, 2007), «Олтин ёруғ» (1-китоб, 2009; 2-китоб 2013), «Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи» (2014), «Ўзбек адабиётини даврлаштириш масалалари» (2016) ва бошқа кўплаб китоблари чоп этилган.
Насимхон Раҳмонов 2025 йил 10 ноябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Насимхон Раҳмонов мақолаларидан:
Насимхон Раҳмон. Тўғри матн яратиш маcъулияти (2011)
Насимхон Раҳмон. Адабиёт – даврнинг акс-садоси (2016)
Насимхон Раҳмон. “Минг йиллик, туман кунлик ёзувим” (2018)
Насимхон Раҳмон. Ерда ел бўлиб гувлаган шоир (2018)

