Шайх Абдулазиз Мансур: “Мактаб давридан армонларим бор…” (2025)

Суҳбатдошимиз – нафақат Ўзбекистонда, балки Ислом оламида танилган олим Шайх Абдулазиз Мансур. Ҳазрат 1944 йили Фарғонанинг Миндон қишлоғида туғилган. 1975–1979 йиллари Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида, 1980–1981 йиллари Судан Республикаси Ислом университетида таҳсил олади. 1982–2006 йилларда Дин ишлари бўйича қўмитада диний ташкилотлар билан ишлаш бўлими мудири, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Дин ишлари бўйича маслаҳатчиси, Тошкент Ислом университети проректори ва ўқитувчиси каби турли масъул лавозимларда хизмат қилган. Бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида катта илмий ходим ва Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида Фахрийлар Кенгашининг раиси сифатида фаолият юритиб келмоқда. Шайх Абдулазиз Мансур ўзбек ва рус тилидаги Қуръони карим маънолари таржимаси ҳамда кўплаб рисола ва қўлланмалар муаллифидир.

– Менинг болалигим Фарғона туманидаги Миндон қишлоғида кечган. Ҳазрат Ҳувайдо: «Бир донинг минг дон бўлсин», деб қишлоққа шундай ном берган эканлар. Рости, Миндонимиз дунёнинг бир чеккасида, Помир-Олой тоғлари остида жойлашган. Кўпгина халқлар бу қишлоқ номини билишмаса ҳам мен унинг бир фарзанди эканлигим билан фахрланаман. Зеро, бу қишлоғим халқи соддадил, ихлосли, эътиқодли, меҳнаткаш, сабр-тоқатли, андишали, меҳр-оқибатли, меҳнаткаш халқ бўлгани учунми, шу ерда олган таълим-тарбиямиз бизларга бир умр асқотиб келади. Розилик берсангиз, энг аввало, ота-онам ҳақида бир-икки оғиз гапириб ўтсам. Отам Дадажон Мансуров 1903 йилда туғилиб, тракторчилик қилган. Моҳир деҳқон, қўли ширин ошпаз, хуш табиат инсон бўлган. У 1978 йилда вафот этган. Онам – Қундузхон ҳожи она қўлигул чевар, тарбиячи, болалар табиби бўлган. У 2009 йилда 92 ёшида оламдан ўтган. Илоҳим, уларни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Онам кўп такрорлар эдилар, ўша пайтларда Эргашбой дўстим иккаламизга битта беланчак бўлган экан. Дала шийпонидаги ҳолат-да. У ухласа, мен ўйнаб, кутиб турар эканман, мен ухласам, у кутиб тураркан… Беланчакни алоҳида қилишга қурбилари етмаган. Ҳозирги ёшлар бунга ишонмаслиги ҳам мумкин. Замон зайли, давр ҳозир қанчалар ривожланиб кетди.

Ота-онам саводсиз, аммо китобга, илмга меҳр-муҳаббати жуда юқори одамлар эди. Улар менинг бошимни силаб, бағрига олиб: «Ўқинглар, ўқинглар, бизга ўхшаб «очиқ кўр» бўлиб қолманглар», дер эдилар. Отам қаерга бормасин, уйга китобсиз келмасди. Саводим чиққач эса ота-онамга китоб ўқиб берадиган бўлдим. Халқ достонларини мазза қилиб, завқ билан тинглашарди. Кўзлари ёшланиб, севинишарди. «Гўрўғли», «Равшан», «Авазхон» достонларини қайта-қайта ўқиб берардим. Достонлар охирига етиб: «Шундай қилиб, улар мурод-мақсадларига етибди», деб тугатишим билан менга ёшли кўзлари билан термилиб турган ота-онамга кўзим тушарди. Кейин бирин-кетин дуо қилишарди. Мен ота-онамнинг дуосини олган фарзандман.

Ҳали мактабга бормасдан туриб саводим чиққан. Тоғам бизнинг уйда туриб мактабга қатнарди. Тоғамнинг китоб ўқишига, дафтарнинг оппоқ қоғозига бир нималар ёзишига ҳавасим келарди. Ўзимча машқ қилиб, тоғамга ўхшатиб ёзаверардим. Ҳарфларнинг бири тепага, бир пастга қараб ёзилишига ҳавасим келарди. Менга ҳам ёзишни ўргатинг, деб қўймасдим. Лекин менга энг катта мададни ота-онам берган. Уларнинг ўзлари ўқиш, ёзишни билмасалар ҳам, мени ўқишга ундар, дарс қилдингизми, нега тез бўлдингиз, қани, бошқатдан китобни олиб, дарс қилинг, деб мени кўпроқ билим олишга ундарди. Мен ҳам дарсларимни тайёрлаб бўлган бўлсам ҳам, ота-онам хафа бўлмасин, деб дафтаримни олиб, бошқа нарсаларни кўчириб ўтирардим. Уларни хафа қилгим келмасди. Бир куни шунчалик китоб ўқишга қизиқиб кетибманки, алламаҳал бўлганини ҳам унутибман. Шунда дадам хавотирланиб чиқди, менга, ухла энди, деб чироқни ўчирди. Лекин хаёлим ўша китобдалиги учун ухлолмадим. Ахийри, фонусни олиб, кўрпанинг остида китобни ўқиб тугатганман. Ҳуснихатим аъло бўлишига сабаб, ёзувим чиройли чиқмагунча қайта-қайта машқ қилаверардим. Шу сабаб, адабиётга ҳам меҳр қўйганман. 4-5 синфда ўқирдим. Алишер Навоийнинг ижодига қизиқишим баланд эди. Бунга адабиёт фани устозимнинг таъсири катта бўлган. У киши Навоийни шунчалик меҳр билан, самимийлик билан тушунтирардики, устоз Навоий дейишлари билан кўзларимга ёш келарди. Кутубхонада Алишер Навоийнинг китоблари кўп эди.

Навоий асарларида арабча ва форсча сўзлар ҳам учрагани ҳамда ўша пайтларда бу тилларни билмаганим учун «Хамса»ни унча тушунмасам ҳам, ҳаммасини ўқиб чиқдим. Кейин ўша пайтларда «Муҳокамат ул-луғатайн» асари қўлимга тушди. Бу китоб орқали форс тилига, унинг жарангига қизиқиб кетдим. Ўша китобнинг ортида изоҳ учун кирилл алифбосига ҳамоҳанг араб алифбосини келтиришган экан. Қизиқишим баландлигидан араб алифбосини шу китобнинг ўзидан ўрганиб олдим. Шунда билганманки, иштиёқ, интилиш, қизиқиш бўлса, инсон кўп нарсани ўрганиши мумкин экан.

Бир нарсага меҳр қўйиб интилсангиз, зеҳнингизни ўзи очиб қўяркан. Мана, ўз тажрибамдан яна бир мисол. Мен 10-синфгача форс тилини мукаммал ўргандим. Қандай қилиб?! Ўша пайтларда «Қизил Ўзбекистон» газетаси ҳамда тожик тилида «Ўзбекистони сурх» деган газета чиқарди. Мақолалари бир хил, мен уларни таққослаб ўқиб, сўзларини ёдлаб, тожик-форс тилини ўрганиб олганман. Ҳозир форс тилини она тилим каби биламан. Тожик тили форс тили билан фақат оҳангдагина фарқ қилади. Эронликлар оҳанг билан гапиради, тожиклар эса сўзларни тез-тез талаффуз қилади. Бу тилларни ўрганишимда менга Навоий асарлари илҳом берган.

Мен радио туфайли араб тилини ҳам ўрганганман. Бунга ишониш қийиндир, лекин интилишим, қизиқишим бунга сабаб бўлган. Мен радиодан сухандонлардай тиниқ араб тилида сўзлашга ҳаракат қилардим. Мустақилликдан сўнг араб мамлакатларидан бирига қилган сафаримиз давомида қоҳиралик биродарлар билан танишиб қолдик. Улар менинг арабча гапиришимни кўриб: «Сиз Қоҳирада туғилганмисиз?», деб ҳайрат билан сўрашганди.

Аслида, ёшликда яхши ўқиш, яхши орзу-ниятлар қилиш керак экан. Келажак илм-у фан, маърифат билан бўлади. Ўтмишда ҳам одамлар олим, уламоларга суяниб яшашган. Ҳаётда илм-у фан, маърифат ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди. Кечирасиз-у, ҳозирги кунда баъзи бир ёшлар илмнинг қадрини билмай мажбурий ўқиб юришибди. Уларга ачинасан, киши.

Мен барча болалар қатори ўқувчилик давримни ўзгача бир ҳавас билан эслайман. 1951 йили 7 ёшимда қишлоғимиздаги 22-мактабга ўқишга бордим. Ҳеч эсимдан чиқмайди, жилди сарғайган, йиртилиб кетган 1-2 та китоб-дафтар, матодан тикилган халта… У пайтда «Президент сумкаси» деган гапнинг ўзи йўқ. Сиёҳли ручка, расм қалам, ҳаммага етарли китоблар бир орзу эди. Бу йил, яъни 2025 йили мактабни битирганимизга роппа-роса 65 йил бўляпти. Чунончи, ўша мактаб, қадрдон масканим ва суюкли қишлоғим соғинчи мен каби барча синфдошларим қалбини, юрагини ларзага солади, энтиктиради. Ҳар беш-ўн йилда бир йиғиламиз. Зеро, мактабни 1961 йил битирувчилари 32 нафар бўлсак, ҳозир 21 нафари ҳаёт экан. Қолганлари боқий дунёга рихлат қилишган. Уларни эслаш, хотирлаш, ошнаоғайни, бир партада ўтириб, талашиб-тортишиб катта бўлган энг яқинларингни йўқотиш бир армон бўлиб қолар экан. Кўнгил ололмай, ҳол-аҳвол сўролмай, дардлашолмай қолганинг бир армон бўлиб қоларкан-да.

Биз мактабда ўқиб юрган давримиздаёқ ёш бўлсак-да, меҳнат қилишни ўргандик. Устозларимиз илм-фан олишни ўргатган бўлса, халқимиз меҳнатсеварликни ўргатди. Иқрор этаманки, озгина диний билим даражасига етган бўлсам-да, бу ота-онам ва мана шу мактабда олган билимим самараси, бу устозларимнинг юрак қўри, қалб гавҳари, кўз нури, деб такрор-такрор айтишдан чарчамайман. Кўп жойларда ёшларга насиҳат қиламан нимани, биласизларми? Бу инсоннинг камол топиши, келажакдаги бутун бахт-саодати, қўлга киритадиган ютуқлари, касб-у ҳунари, одамийлиги мана шулар мактабдан бошланади. Ҳа, ҳа, мактабдан, биринчи синф ўқитувчингизни алифбо ўргатишидан бошланади. Шу лаҳзада, шу даврдан бошлаб, инсон камолотга қадам қўяди. Хулоса шуки, мактабда яхши ўқиш керак, пухта билим олиш лозим. Мактабни битириб олий ўқув юртларида ўқиб юрганингизда ҳам, ижод қилиб юрганингизда ҳам мана шу масканнинг, ўқитувчиларнинг қадрини билар экансиз.

Бир армоним бор… Мактабда ўқиб юрганимизда, ўқитувчиларимизни ўтаётган дарсларини қадрига унчалик етмас эканмиз. Ёшлик, ўқувчилик, ўт-олов, ғўрлик даври жудаям тез ўтиб кетаркан-да. Тажриба шуни кўрсатяптики, ёшлик, шўхлик, тўпорилик асриданми, хаёлимизда тезроқ дарс тугаса-ю, тўйиб ўйин ўйнасак. Иложи бўлса, шу ўқитувчи бугун келмаса, дарс бўлмаса, ўқимасак… Ёшликда шунақа ўй-хаёллар кўп бўларкан. Аслида-чи, мактабдаги ўқишга, илм-фанга шундай қизиқишимиз керакки, агар бирор соат дарсимиз қолиб кетса, ўша куни ухламасдан бўлса ҳам ўтилмаган дарсларни ўзимиз мустақил ўзлаштириб, билиб олайлик. Аълочи, ўқувчидан қолдирилган тўртта дарсни қайси фан бўлишидан қатъий назар, суриштириб билиб, ўрганиб олсак бўлади. Айниқса, рус ва инглиз тилини, математика, тарих, физика бўладими, ҳаммаси керак. Ёшликда буларни билмаган эканмиз.

…Жамолиддин ота Қодиров, Абдухалил ота Бобораҳимов, Абдураҳмон ота Отабоев сингари устозларимизни кўп эслайман. Улар бизга мактабда қанчалик заҳмат, машаққатлар билан дарс беришган, ўқитишган. Ўша сабоқлари, эринмай, чарчамай изланишлари, чеккан машаққатлари биз ўқувчиларнинг инжиқликларига, тўс-тўполонларига чидаб, кетказган асаб, соғлиқлари, энди жиддий ўйлаб кўрсам, булар бизга энди армон экан, ёшликда унчалик қадр-қимматларини билмаган эканмиз. Мактабда бизга дарс берган Умарали ака Аҳмедов, Давлатбой ака Қозоқов, Усмонали ака Эсонов, Тўрабой ака Жўраев каби фидойи, жонкуяр устозларимизга Худойим икки дунё саодатини муяссар қилган бўлсин. Илм-у фан йўлида бизларга бир умр фидойи бўлган, ҳарф ўргатган ардоқли ва камтарин устозларимиздан ўтганларини Аллоҳ ўз раҳматига олсин, барҳаёт юрганларига кексалик гаштини суриб, дуогўй бўлиб юришларини насиб этсин!

Болалигимдаёқ, Худо хоҳласа, бутун умримни илму фанга бағишлайман, диний билимни ҳам пухта эгаллайман, деб қатъий азму қарор қилганман. Кейинчалик шу ижод асносида китоблар тарғиб қилиб ёзган вақтимда мен ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ сездимки ва иқрор бўлдимки, Қуръони каримдаги бир оятни мукаммал тафсир қилиш учун ёки бир ҳадиси шарифни атрофлича, тўлақонли шарҳлаб бериш учун фақат диний билимнинг ўзи кифоя қилмас экан. Масалан, Қуръони каримда астрономия фани тўғрисида кўп оятлар бор. Фалакиёт, осмону юлдузларни, ернинг релефини гапиради, турли мавжудот ва ҳайвонотларни мисол қилиб келтирилади… Шу сўзларимни, фикрларимни ёшлар эшитишар, ўқиб билиб олишар, деган мақсадда айтяпман. Токи ёшларимиз, фарзандларимиз, дилбандларимиз шу дарсларга, айниқса, маънавий дарсларга, дунёвий дарсларга, аниқ фанларга ҳам меҳр билан, ихлос билан қизиқсалар дейман, пухта ўргансалар дейман. Кўп ёшларимиз ўқишдан, илмдан бошқа нарсаларга қизиқиб кетишяпти. Ҳозирги айрим болалар ўйинқароқлик қилишиб, гулдек умрини беҳуда ўтказиб қўйишяпти. Ёшлик, умр тез ўтиб кетади. Бошқа нарсалар деганим – компьютер асири, кафе, бар, дискотека, кўчада санғиш… Буларнинг ўзи катта бир мавзу. Болаларимиз қўлига китоб олмайди, телефон-телевизор, кўп вақтларини экран олдида ўтказадилар. Биз шуларни тартибга солиб туришимиз, назорат қилишимиз керак. Фарзандимиз қаерда, ким билан, нима билан машғул? Тўғри, фарзанддан ширини йўқ, аммо кези келганда раҳмдилликни йиғиштириб, танбеҳ беринг, қаттиққўллик ҳам қилиб туринг, демоқчиман. Бола оилада кимдандир қўрқиши, жиловланиб туриши ҳам керак-ку! Боз устига, бир кун отаси, бир кун онаси фарзандига: «Қани, китобингни оч, дарсингни қилдингми?», деб назорат қилиб боргани яхши. У дарс тайёрлаяптими, йўқми, билиб туриш керак, ёдлаган шеърини ўқиб берсин, тўқиган, ясаган нарсасини кўрсатсин, ўз севган касб-у ҳунари томон дадил қадам ташласин.

Тилакларимга келсак, энг аввало, тинчлик бўлсин. Осмонимиз мусаффо бўлсин. Ўзбекистонимиз бундан-да гуллаб, яшнасин. Фарзандларимиз, дилбандларимиз камолотини, роҳатини кўриш барчага насиб этсин. Ёшлардан умидимиз, ишончимиз жуда катта.

Азизбек Абдумалик суҳбатлашди.

«Тонг юлдузи» газетасининг 2025 йил 27-сонидан