Миён Бузрук Солиҳов (1891 — Тошкентнинг Қашқарча маҳалласи — 1938.4.10) — адабиётшунос, фольклоршунос ва санъатшунос олим. Истанбул университетини тугатган (1927). Ўзбекистонга қайтгач (1927), Ўрта Осиё университети шарқ факульетида ўзбек тили ва адабиётидан дарс берган (1927—31).
Тожикистон давлат маориф институтида ўқитувчи (1931—32), Ўзбекистон Маданий қурилиш илмий тадқиқот институти (1932—33) ва Ўзбекистон Фан қўмитаси қошидаги Тил ва адабиёт институтида (1934—35) илмий ходим, Тошкент педагогика институти, СамДУ (1936) ва Бухоро педагогика институтида (1936, апр.) ўқитувчилик қилган.
Миён Бузрук Солиҳов турли йилларда Иззат Султон, Ҳамид Сулаймон, Имомхон Ҳусанхўжаев. Мумтоз Муҳамедов, Шуҳрат каби ёшларга ўзбек ва Шарқ адабиёти тарихидан лекциялар ўқийди. Профессор Фитрат, Е. Д. Поливанов, Ғози Олим Юнусов, Абдулла Авлоний, илмий ходимлардан Қаюм Рамазон, Шорасул Зуннун, Улуғ Турсунов, таржимонлардан Л. Соцердотова ва бошқалар билан ҳамкорликда ишлайди, адабиёт, театримиз тарихи, фольклор ва этнография, ўзбек тили ва таржима муаммоларига бағишланган «Ўзбек», «Бедил» (1928 йил), «Меҳробдан чаён» ҳақида» (1929 йил), «Ўрта Осиё ва ўзбек адабиёти тарихига умумий қараш» (1930 йил), «Октябргача бўлган ўзбек фольклори», «Сўфизода ва унинг ижоди ҳақида» (1934 йил), «Ўзбек театри тарихи учун материаллар» (1935 йил) каби асарлар эълон қилган.
Ўзбекистон Фанла академияси архиви материаллари маълумотларига кўра, Миён Бузрук тожик совет адабиётининг асосчиси Садриддин Айний ижоди бўйича ҳам тадқиқот олиб борган, «Дохунда» романини тожик тилидан ўзбек тилига таржима қилган. Роман 1932 йил Тошкентда нашр этилган.
Миён Бузрук Солиҳов 1937 йил 7 августда ҳибсга олиниб, 1938 йил 4 октябрда «халқ душмани» сифатида отиб ташланган.
Мавзуга доир мақолалар:
Бурҳон Абдулхайров. Яна бир қатағон қурбони (Миён Бузрук ижодига чизгилар)