Таниқли журналист, шоир ва таржимон Карим Баҳриев 1962 йил 15 июлда Самарқанд вилояти Ургут туманининг Ғўс қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетини ва Москва давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган (1985).
Карим Баҳриев 1990 йилдан 1995 йилгача Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг 12-чақириқ депутати бўлган. Ўзбекистон Олий судининг “Хўжалик ва ҳуқуқ” ва “Миграция ва хавфсизлик” журналларининг бош муҳаррири, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармасининг “Мерос-ньюс” ахборот хизмати раҳбари, Журналистлар уюшмаси жамоатчилик кенгаши раиси лавозимларида ишлаган. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Маърифат” газеталарида, “Жаҳон адабиёти” ва бошқа босма нашрларда фаолият юритган. 90-йилларнинг бошларида “Ҳуррият” газетасининг бош муҳаррири сифатида ҳам меҳнат қилган.
Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси бўлган. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида медиа ҳуқуқи ва этикаси кафедраси ўқитувчиси бўлган.
Карим Баҳриев “Сабр косасининг синиқлари”, “Томчидил”, “Тоқат” шеърий китоблари, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари”, “Журналистнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулияти”, “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари”, “Ҳақиқат талабгоримиз” номли ўзбек тилидаги илмий-оммабоп китоблари, “ОАВ ва сайловлар” ҳамда “СМИ и выборы” номли ўзбек ва рус тилидаги қўлланма, “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” номли ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги сиёсий-ижтимоий китоб, “Медиа ҳуқуқи” дарслиги, “ОАВ қонунчилигидан 100 саволга 100 жавоб” қўлланмаси муаллифи. “Бетоқат” китобида иқтисодиёт, адабиёт ва журналистика, жамият, маданият мавзуларида турфа мақолаларни ўқиш мумкин. Муаллиф миллий мафкура ва умуминсоний қадриятлар, рақамли иқтисодиёт, коррупция каби кўплаб мавзуларда бонг уради. Сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари, тил сиёсати масалаларига ҳам тўхталиб ўтади.
У Сенека, Платон, Вольтер, Монтен, Паскал, Вовенарг, Ла Рошфуко, Ла Брюернинг фалсафий асарларини ўзбек тилига таржима қилган; Генри Форднинг «Менинг ҳаётим», Жорж Оруэллнинг «1984» ва «Молхона», Малколм Гладвеллнинг «Зукколар ва ландовурлар», Светлана Алексиевичнинг «Чернобил таваллоси» ва Абдураҳмон Авторхановнинг «Кремл қироллиги» китоблари; Чингиз Айтматов, Дино Буццати, Жованни Папини, Коррадо Алваро ва Марсело Вентури асарлари; уйғур шоири Темур Давоматнинг шеърлар тўпламлари ҳамда Рамиз Ровшаннинг шеър ва достонларини ўзбек тилига ўгирган. Унинг уч жилдлик “Дунё шеърияти” антологиясида 144 мамлакат шеъриятидан қарийб 500 шоирнинг шеърлари жамланган. Таржималари “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлигининг бешта жилдида, “Рус адабиёти дурдоналари” 100 жилдлигининг учта жилдида чоп этилган.
2026 йил 29 март куни Тошкент шаҳрида вафот этган. Чиғатой қабристонига дафн қилинган.
Карим Баҳриевнинг мақолалари:
Карим Баҳриев. Уйғонаётган фикр (1989)
Карим Баҳриев. Ошкоралик машаққати (1990)

