Шониёз Мелибоев. Нон сотувчи (ҳикоя)

Ишхонадан чиққанимда қор учқунлай бошлаганди. Шаҳарга аллақачон тун чӯккан. Ҳаво совуқ. Шу қадар совуқки, бир жойда туриб бӯлмайди. Мен ижарада яшайдиган уй унча олисда эмас, яёв юрсам, нари борса ӯн дақиқада етаман. Курткамнинг ёқасини кӯтариб, оғзимни ниқоб билан ёпиб йӯлга тушдим. Йӯлакларда одам сийрак, катта йӯл эса машинага тӯла. Темир устунларга ӯрнатилган чироқлар ой сингари кумуш ёғду сочади, дӯкону дорихоналар, ресторан ва кафелар пештоқидаги ёзувлар турли рангда товланади, светафорнинг қизил, сариқ ҳамда яшил «кӯз»лари кундузгидан ӯн чандон ёрқин кӯринади. Қисқаси, атроф тӯла чироқ, мен илдам қадам ташлаб, қизғиш плита ётқизилган йӯлакда ҳув нарида кӯриниб турган баланд иморат сари кетиб бораяпман. Баланд ва муҳташам иморатдан ӯтгач, ӯнгга қараб энсиз, камқатнов йӯл бошланади, йӯлнинг ҳар икки четида кӯпқаватли ӯйлар қад ростлаган. Мен икки кун олдин кӯчиб кирган хонадон қатордаги учинчи уйнинг тӯртинчи қаватида жойлашган. Бу даҳада янги бӯлганим учун қаерда нима сотилишини билмайман, шунинг учун ҳам кӯпқаватли уйлар пойига етгач, атрофга аланглаб, нон сотиладиган жой қидирдим. Кӯзим бирорта новвойхонага тушмади, лекин йӯлнинг нариги тарафида турган коляска эътиборимни ӯзига тортди. Колясканинг олд қисмига осиб қӯйилган картонга «НОН 4000 сӯм» деб ёзилган эди. Ёнини қӯятуринг, яқин атрофда бирор зоғ кӯринмайди.
Йӯлни кесиб ӯтиб, коляскага яқинлашдим. Димоғимга ноннинг хушбӯй ҳиди урилди, адёлнинг бир четини кӯтарганимда нон тафтини сездим. Колясканинг ичида мен яхши кӯрадиган ӯн бештача чапчак нон ва бир қанча, турли қийматдаги пуллар бор эди.Нон ёнида қолдирилган пул менга ҳеч нимани англатмади, жайдаричасига айтсам, миямга ҳеч нима тепмади. Сотувчи нон олиб келишга кетгандир-да, деб уни кута бошладим. Орадан кӯп ӯтмай йӯлакда бир йигит кӯринди.
— Нон керак бӯлса олаверинг, — деди у сал нарида тӯхтаб. — Пулни адёл ичига қӯясиз, бу шундай сотилади.
— Йӯғ-ей!
Йигит индамай йӯлида давом этди. Новвойнинг бу ишидан гоҳ ҳайрон бӯлиб, гоҳ ҳайратланиб эҳтиёжимга иккита нон етса ҳам коляска ичидан ӯнта нон олдим. Сӯнг нон пулига эллик минг қӯшиб , новвойга ёрдам бӯлсин дедим-да, адёл ичига солдим. Шунақа одатим бор, кимнинг меҳнатини қадрласам, арзимас бӯлса ҳам ошиғи билан пул тӯлайман. Сотувчи нега йӯқ — уйга боргунча шуни ӯйладим. Тӯртинчи қават деразасидан коляска кӯриниб турарди, эгаси келдимикан, деб дам-бадам ӯша тарафга қарадим. Афсуски, ҳеч ким кӯринмади.
Бошига телпакни бостириб кийиб олган ӯспирин йигитча коляска ёнида пайдо бӯлганида қор бироз кучайган эди. Мен шаҳарнинг тунги гӯзаллигидан баҳраманд бӯлиш учун дераза қаршисига боргандим, нагоҳ унга кӯзим тушиб кетди. Чамаси ӯн бешларга кирган йигитча ер депсиб турар, ёғаётган қордан телпаги билан елкаси оқара бошлаганди. Чироқлар тагида ғужғон ӯйнаётган қор парчалари оқ капалакчаларга ӯхшайди. Нақадар ажиб! Бу гӯзаллик менга ӯхшаб иссиққина уй ичида туриб ташқарини кузатаётганларга завқ улашаётган бӯлса, кӯчада юрганларга, айниқса, анави ӯспиринга азоб эди. Унга тикилиб ӯтиришга юрагим бетламади. Табиатан раҳмдилман. Деразадан узоқлашдим. Диванга ястаниб ӯтириб, журнал варақлашга тушдим. Тахминан чорак соат журнал билан андармон бӯлдим. Кейин қаҳва тайёрлаш учун ӯрнимдан турганимда оёқларим мени ошхона қолиб, дераза томон етаклади. Нон сотувчи йигит уйига кетган бӯлса керак, деб пастга қарадим, аммо у жойида эди, баданини қизитиш учун қӯлларини силкитиб, коляска атрофида айланарди. Унга раҳмим келди. Қачонки нони тугайди, уйга кетади.
Қолган нонини ҳаммасини сотиб оламан, деган хаёл билан уйдан чиқдим. Ҳовли ва одам оёғи узилган йӯлак оқариб қолганди.
— Нон борми? — деб сӯрадим елкасидаги қорни кафти билан сидираётган йигитчага яқинлашиб.
— Йӯқ,- деди у титроқ овозда.
— Йӯқ?.. Мен боя нон олгандим, пулини адёл ичидаги пулларга қӯшиб қӯйдим. Ноннинг эгаси сен бӯлсанг, нимага жойингда турмайсан?
Совуқдан унинг юзи кӯкариб кетганди.
— Новвойхонада акам икков ишлаймиз, сотишга вақт йӯқ. Бирорта сотувчи олайлик десак, пул етмайди. Коляскани ҳар куни шу ерга қӯйиб кетаман, одамлар нон олиб, пулини ичига ташлаб кетишади.
— Пулни ташлаб кетишмаса-чи?
— Ака, сиз одамларга ишонмайсизми? — деди у мийиғида жилмайиб. — Одамларга ишониш керак. Бирор пайти пулимиз кам чиқмаган. Ишончингиз мустаҳкам бӯлмаса, ишингизда барака бӯлмайди.
Мен унга синчиков назар ташладим. Фикрлашини қаранг-а! Одамларга ишониш керак! Албатта, ишониш керак! Шу гапи учун уни бағримга маҳкам босгим келди, аммо андиша қилдим. Уялдим. Ӯз-ӯзимдан уялдим. Бир томондан кӯнглим тоғдай кӯтарилди; орамизда инсофли ва диёнатли одамлар кӯп экан!
— Раҳмат, ука, — дедим қӯлини маҳкам сиқиб. — Сен билан фахрлансак арзийди. Нонинг тугаган бӯлса, нима қип ӯтирибсан?
У адёлни колясканинг ичига яхшилаб жойлади. Совуқ жон-танидан роса ӯтган шекилли, бутун бадани титрарди.
— Нон аллақачон тугаган, ака, — деди у. — Пулни санадим, эллик минг сӯм зиёд чиқди. Кимдир адашиб ташлаб кетган бӯлса қайтиб келади, пулини бераман деб кутиб ӯтирибман.
Бу гал чидаб туролмадим. Аниқроғи уялмадим. Уни қучоғимга маҳкам босдим.