Абдуллаев Ҳабиб Муҳамедович (1912.31.8, Ўш шаҳри — 1962.20.6, Тошкент) — геолог олим, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1947), геология-минералогия фанлари доктори (1946).
Ўрта Осиё индустрия институтининг кончилик факултетини тугатгач (1935), геология-разведка партияси бошлиғи бўлди, кейинроқ Ўзбекистондаги Лангар вольфрам-молибден конининг геологик тузилиши, минерал таркиби ва ҳосил бўлишини тадқиқ қилди. 1940 йилдан Ўрта Осиё индустрия институтининг фойдали қазилмалар кафедрасида доцент, сўнгра шу институтда директор, 1942 йилдан Ўзбекистон ҳукумати раисининг ўринбосари, 1944 йилдан айни вақтда Давлат план комиссияси раиси бўлиб ишлади. 1946 йил «Ўрта Осиёнинг шеелитли скарнлари геологияси» мавзуида докторлик диссертациясини ёқлади ва бу асар 1947 йилда нашр этилди.
Ҳабиб Абдуллаев 1947 йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти. Айни вақтда Геология институти директори ҳамда унинг Петрология ва металлогения бўлими раҳбари. Ҳабиб Абдуллаев 1952—55 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси техника ва геология-кимё фанлари бўлимининг раиси, 1955—56 йилларда Ўзбекистон ҳукумати раисининг ўринбосари ва 1956 йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси президенти.
Ҳабиб Абдуллаев 1959 йилда руда пайдо бўлишининг гранитоид интрузиялар билан генетик боғлиқлиги соҳасидаги илмий иши учун юксак мукофот билан тақдирланган. У эндоген руда ҳосил бўлиши назариясини ривожлантирди. 130 дан ортиқ илмий асар (жумладан, 7 монография) ёзган. Ҳабиб Абдуллаев Тошкент ва Москвада нашр этилган кўпгина мўътабар илмий журналлар, тўпламлар, илмий-оммабоп нашрларнинг масъул муҳаррири, таҳрир ҳайъати аъзоси эди, жумладан Ўрта Осиёда биринчи — «Ўзбекистон геология журнали»ни ташкил қилди ва унинг масъул муҳаррири бўлди.
Ҳабиб Абдуллаев вольфрам, қалай, рангли ва қора металлар руда конларининг турли йўллар билан ҳосил бўлганлигини кўрсатиб берди. Руда пайдо бўлиш жараёнларини магматизм ҳамда бу жараёнлар рўй берадиган геологик муҳит таъсири билан чамбарчас боғлиқ эканлигини аниқлади. Унинг бевосита иштироки ва раҳбарлигида «Чотқол-Қурама тоғлари магматизми ва металлогениясининг асосий хусусиятлари» монографияси яратилди (1957), «Ўрта Осиё магматизми ва рудаланиш жараёни» асари нашр этилди (1960).
Ҳабиб Абдуллаевнинг сўнгги туркум ишларидан бири «Рудапетрография провинциялари ва уларни таснифлаш масалалари» (1961) бўлди. Жаҳондаги барча йирик руда конлари шаклланиш хусусиятларига бағишланган «Металлогения — фойдали қазилма конларини қидириб топишнинг геологик асоси» монографияси учун 1970 йилда (вафотидан кейин) Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти берилган.
Ҳабиб Абдуллаевнинг геологияга оид назарий фикрлари амалиётда тасдиқланди. У биринчи бўлиб Ўрта Осиёни алоҳида металлогеник махсус провинция сифатида ажратди. Скарнлар тузилиши, руда учрайдиган ва руда ҳосил бўладиган скарнлар мавжудлиги қайд этилди. Ҳабиб Абдуллаевнинг рудаларнинг гранитоид интрузиялар билан боғлиқ равишда ҳосил бўлишига доир асарлари илмий мунозарага сабаб бўлди. Асарларда конларнинг интрузиялардан узоқ-яқинлигига қараб таснифланганлиги Элшонснинг мавҳум батолит концепциясидан тубдан фарқ қилади.
Ҳабиб Абдуллаев Ўрта Осиёга доир тадқиқотларини таҳлил қилиб, кичик интрузиялар ўчоғи билан рудали жинсларнинг умумийлигини ҳамда магматизм босқичлари билан боғлиқ бўлган руда ҳосил бўлиш жараёнларининг такрорланиб туришини кўрсатиб берди. Ҳабиб Абдуллаевнинг сўнгги асарларида айрим жойларда муайян типдаги магматизм ҳодисалари рўй бериши ва рудалар ҳосил бўлиши муаммолари ўрганилган.
Ҳабиб Абдуллаевнинг «Ўрта Осиёнинг металлогеник очерки» (1949), «Рудаланишнинг гранитоид интрузиялар билан генетик боғлиқлиги» (1954 — 57), «Дайкалар ва рудаланиш» (1957), «Руда-петрографик провинциялари ва уларни таснифлаш масалалари» (1961) каби асарлари жаҳонга машҳур бўлди. «Рудаланишни гранитоид интрузивлар билан генетик боғлиқлиги» асари хорижий олимлар таклифи билан немис, инглиз ва хитой тилларига таржима қилинган.
Ҳабиб Абдуллаев регионал кенгашлар, Халқаро геология конгрессининг, бир неча сессияларнинг фаол ташкилотчиси, қатнашчиси, кенгаш тўпламларининг муҳар-рири бўлган. А. бир неча чет эл геол. жамиятлари аъзоси эди. Ўзбекистон Республикаси миқёсидаги кўпгина илмий ва илмий-техника жамиятларига, қўмиталарига бошчилик қилган. Асарлари ўзбек ва рус тилларида нашр этилган. Булар орасида Ўзбекистонда фан, илмий-техника, иқтисодиёт ва маданият равнақига бағишланганлари анчагина.
Ҳабиб Абдуллаев Ўзбекистондагина эмас, балки бутун Ўрта Осиёдаги геологик ишлаб чиқаришда, илмий муассасалар ва олий ўқув юртларида ишлайдиган катта жамоани бирлаштирган илмий мактабнинг ташкилотчиси ва раҳбари бўлди. Илмий мактаб олимлари Тяньшан тоғларидаги жинслар асосида петрология ва металлогения масалаларини ҳал қилиш соҳасида биргаликда иш олиб бордилар.
Ҳабиб Абдуллаев Ўзбекистонда иқтидорли ёшлардан фаннинг турли соҳаларида, жумладан геол. бўйича миллий кадрлар тайёрлашга катта ҳисса қўшди. Ҳабиб Абдуллаев раҳбарлигида 7 киши докторлик, 28 киши номзодлик диссертациясини ёқлади.
Ҳабиб Абдуллаев ТошПИ (ҳозирги ТошТУ) геология-разведка факультетида геология олий ўқув юртлари орасида биринчи бўлиб Петрология ва металлогения кафедрасини ташкил этди ва унга раҳбарлик қилди. Уруш даврида Ҳабиб Абдуллаев ҳукумат аъзоси ва геолог олим сифатида фронт ва фронт ичкарисини зарур ресурслар билан таъминлаш ва стратегик аҳамиятдаги қазилма бойликлар қидириш ва ишга солишда катта ишларни амалга оширди.
Ҳабиб Абдуллаев 1950 йилдан умрининг охиригача минералогия жамияти Ўзбекистон бўлимини бошқарди. 1960 йилдан Франция геология ва Буюк Британия Қироллик минералогия жамиятларининг аъзоси. Танланган асарларидан 7 жилди нашр этилган (1964 — 69).
Ҳабиб Абдуллаевнинг ҳаёти ва илмий ҳамда жамоатчилик фаолияти ҳақида бир қанча олимлар муаллифлигида “Эсдаликлар” чиқарилган. Ўзбекистон Фанлар академияси Геология ва геофизика институтига ва Тошкент шаҳридаги катта кўчалардан бирига, Учтепа туманидаги маҳаллага, Тошкент метроси станцияларидан бирига, 193-мактабга, Улуғбек шаҳарчасида кўча ва бошқа объектларга Ҳабиб Абдуллаев номи берилган.
Геология ва геофизика институти биносига, ТошТУ геология-разведка факултети биносига ёдгорлик тахтаси ўрнатилган. Ҳ. М. Абдуллаев номида «Олтин медаль» таъсис этилган (1992). Ўш шаҳридаги катта кўчалардан бири, Ҳабиб Абдуллаев туғилиб ўсган Аравондаги мактаб ва кўча ҳам Ҳабиб Абдуллаев номи билан аталган. Геология ва геофизика институти қошида Ҳабиб Абдуллаев ҳаёти ва ижодига бағишланган музей ташкил қилинган.
Ҳабиб Абдуллаев Тошкентдаги Чиғатой қабристонига дафн қилинган.
Тўлқин Шоёқубов.