Эркин Самандар (1935)

Эркин Самандар (асл номи Самандаров Эркин) (1935.22.3, Хива тумани) — ёзувчи, драматург. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (1989). Хоразм педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факултетини тугатган (1957).

Хоразм вилоят радиоэшиттириш қўмитаси ўзбек эшиттиришлари таҳририяти муҳаррири (1959-61), Ўзбекистон КП Хоразм вилоят қўмитасида ишлаган (1963-67; 1990). Ўзбекистон телевидениеси «Ёшлик» студияси бош муҳаррири (1967—69), Дастурлар директори (1969—75), адабий драматик эшиттиришлар бош муҳаррири (1975—77), «Хоразм ҳақиқати» газетасида бўлим мудири, бош муҳаррир (1961—63; 1977—90). Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари (1990-93) бўлиб хизмат қилган.

Биринчи шеърий китоби — «Аму жилолари» (1966). Сўнгра «Осмон тўла нур», «Дунёнинг ёшлиги» (1970), «Вафо деган гавҳар» (1975), «Севги фасллари» (1973), «Менинг йигит вақтим» (1979), «Қабул соатлари» (1980), «Соҳилдаги болалар» (1982), «Сайланма», «Юракка йўл» каби ўндан ортиқ шеърий мажмуаларини эълон қилган. Мазкур тўпламларга кирган деярли барча асарларда яхши одамлар, гўзал табиат, инсоний муҳаббат, севги ва вафо, меҳнат ва ҳаёт ташвишлари, армонлару гумонлар, қисқаси, чуқур маънавият илдизларини очишга интилиш сезилади. У яратган юздан ортиқ қўшиқлар тингловчилар қалбида ҳам муҳрланиб қолган. Унинг «Франция дафтари», «Тўқсон дақиқа» (саккизликлар), «Шом қўшиқлари» каби туркум шеърларида жаҳонгашта шоирнинг ҳаёт ва одамлар ҳақидаги фалсафий хулосалари бадиий инъикосини топган.

Эркин Самандар, шунингдек, «Осмоннинг тош тулпори», «Олтин сандиқ», «Эрк садолари», «Ишқий мактублар» каби достонлар муаллифи.

Тарихий мавзуларда бир қанча саҳна асарлари ҳам яратган («Жавоҳир», 1980; «Аждодлар қиличи», 1985; «Башорат», 1994; «Жалолиддин Мангуберди», 1999; «Арабмуҳаммад Баҳодирхон», 2002). «Паҳлавон Маҳмуд Пирёрвалий» (1995), «Суянч» (1996), «Минг отлилар диёри» (2003) сингари қисса ва бадиалари ҳам бор. «Дарёсини йўқотган қирғоқ» (1988), «Тангри қудуғи» (1994) ва бошқалар романлари замонавий ўзбек романчилиги ривожида ўзига хос ўрин тутади.