Фитрат (тахаллуси; асл исм-шарифи Абдурауф Абдураҳим ўғли) (1886, Бухоро — 1938,4,10, Тошкент) — ёзувчи, тарихчи, адабиётшунос, тилшунос, санъатшунос ва сиёсатшунос олим, давлат ва жамоат арбоби. Биринчи ўзбек профессори (1926).
Мир Араб мадрасасида таҳсил кўрган. 1902—03 йилларда ҳаж сафари муносабати билан Туркия, Ҳиндистон ва Арабистон мамлакатларида, тахминан 1906—08 йилларда эса Марказий Россиянинг Москва, Петерберг сингари шаҳарларида бўлган. Шундан кейин Фитрат ўқишни давом эттириш истагида Туркияга бориб, 1909—13 йилларда Истанбулда яшаган. Фитрат ўша вактда Туркияда кучайган Ёш турклар ҳаракати таъсирида Туркиядаги бухоролик ёшлар ёрдамида «Бухоро таълими маориф жамияти»ни тузади. Жамият Бухоро ва Туркистон маорифининг олға силжишига доир муҳим ишларни амалга оширади.
Фитрат Туркияда таҳсил олиш, маърузалар ўқиш билан бирга самарали ижод ҳам қилган. 1909 йили Истанбулда унинг форс тилида ёзган «Мунозара», «Сайҳа» («Наъра») шеърий мажмуаси, 1912 йили эса «Сайёҳи ҳинди» («Баёноти сайёҳи ҳинди») асарлари нашр этилган. Кейинчалик Фитратнинг миллатчи, туркпараст ва исломпараст ёзувчи сифатида қораланишига сабабчи бўлган бу асарлар 20-аср бошларида Туркистондаги миллий уйғониш ҳаракатининг норасмий дастури бўлиб хизмат қилган. Айниқса, «Мунозара» ва «Сайёҳи ҳинди» асарлари ёшлар дунёқарашининг кескин ўзгариши ва уларнинг жадидлар сафига келиб қўшилишига сабабчи бўлган.
Фитрат ватанига қайтгач, Бухоронинг турли туманларида ўқитувчилик қилиб, жадидчилик ғояларини кенг тарғиб этди. Ёш бухороликлар ҳаракатининг мафкурачиси ва ғоявий раҳбарларидан бирига айланди. 1915 йилдан эса Ёш бухороликлар ҳаракатининг сўл қанотига бошчилик қилди. 1917 йил февраль воқеаларидан кейин жадидларнинг Бухоро амирлигидаги аҳволи мураккаблашгач, Фитрат Самарқандга кўчиб бориб, «Ҳуррият» газетасида муҳаррир бўлиб ишлади (1917—18). Айрим маълумотларга қараганда, Фитрат шу йилларда «Иттиходи тараққий» ташкилоти Эски Бухоро бўлимининг раиси ҳам бўлган. Колесов воқеаси (1918 йил, март)дан кейин эса Тошкентга кўчиб келган. 1919—20 йилларда Афғонистоннинг Тошкентдаги ваколатхонасида таржимонлик қилган, «Чиғатой гурунги» маърифий-адабий уюшмасини, шунингдек, «Тонг» журналини ташкил этиб, ёш зиёлилар авлодини миллатпарварлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга киришган. «Тонг» журналининг шиори бўлган: «Мия ўзгармагунча бошқа ўзгаришлар негиз тутмас!» сўзлари Фитратнинг шу йилларда олиб борган фаолиятининг мақсад-моҳиятини тўла ифодалайди.
БХСР ташкил топиши билан Фитрат 1921 йилда маориф, 1922 йилда хорижия ташқи ишлар нозири, халқ хўжалиги кенгаши раиси, МИҚ ва Халқ нозирлари шўроси раисининг ўринбосари ва бошқа лавозимларда хизмат қилди. У шу даврда БХСР маблағи ҳисобига 70 нафар туркистонлик истиқболли ёшларнинг Германияга бориб ўқиши, Бухорода Шарқ мусиқа мактабининг ташкил этилиши, фан ва маданият тарихига доир халқ қўлида сочилиб ётган ноёб қўлёзмаларни тўплашда ташаббускор бўлди. Фитратнинг саъй-ҳаракати билан Бухоро жумҳуриятида турк (ўзбек) тили давлат тили деб эълон қилинди; давлат театри ташкил этилиб, бу театрда ишлаш учун Тошкентдан М. Уйғур ва Чўлпон, вақф ишларини бошқариш учун эса М. Абдурашидхонов таклиф этилди (1921). Аммо 1923 йил июнда Москвадан Я. Э. Рудзутак бошчилигида келган комиссия Фитратни ишдан олиб, уни Россияга «чақириб олинган», деб эълон қилди ва Фитрат 1923—26 йилларда Москвага бориб, Шарқшунослик илмий-текшириш институтида ишлади. 1926 йилнинг охири — 1927 йилнинг бошларида ватанига кайтган Фитрат 1937 йилда ҳибсга олингунига қадар Самарқанддаги Олий педагогика институти ҳамда Тошкентдаги Тил ва адабиёт институтида илмий фаолият олиб борди.
Фитрат ижодини шартли равишда 3 даврга бўлиш мумкин. Агар Фитрат 1909—16 йилларни ташкил этган 1-даврда жадид маърифатпарвари сифатида ижод қилган бўлса, 1917 йил Февраль инқилобидан кейин Москвага сургун қилингунига қадар бўлган 2-даврда ҳуррият ва мустақиллик ғоялари билан тўйинган асарлар ёзади (1917—23). Совет махфий хизматининг доимий назорати остида яшаган Фитрат ижодининг 3-даври (1923—37)да асосан илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланади.
Фитратнинг адабий мероси бой ва ранг-баранг. У ёзувчи сифатида бадиий ижоднинг барча турларида қалам тебратибгина қолмай, ўзбек адабиётининг янги жанр ва турлар билан бойиши, шеър тузилишининг ислоҳ этилиши, реализмнинг теранлашиши, давр, жамият ва халқ ҳаёти билан боғлиқ муҳим ижтимоий муаммоларнинг ўзбек адабиётида бадиий талқин этилишига улкан ҳисса қўшди.
Шеърий ижоди. Фитрат зуллисонайн ёзувчи бўлиб, адабий фаолиятининг дастлабки даврида асосан форс тилида ижод қилган («Сайҳа»). Фитратнинг бизга етиб келган ўзбек тилидаги шеърлари 1917 йил ва ундан кейинги даврга оид. Маълумки, Февраль инқилобидан кейин Туркистон халкдарининг мустақилликка эришишлари учун бирдан-бир тарихий имконият туғилган. Фитрат шу даврда халқни мустамлакачилик кишанларини парчалаб, истиклол учун курашга даъват этувчи шеърлар ёзишга киришган. Аммо анъанавий аруз вазни, унинг назарида, бундай замонавий ғояни ифодалаш, халкни оёққа қалқтириш ва сафарбар этиш кучига эга эмас эди. Шунинг учун ҳам Фитрат турк ва татар шеъриятларида шаклланган, ўзбек халқ оғзаки шеъриятида айрим унсурлари бўлган сочмани миллий адабиётимизга олиб кирди. Шоир «Юрт қайғуси» деб номланган бир шеър ва 4 та сочма ёзиб, уларда ҳуррият учун кураш ғоясини баралла куйлади. Фитрат мазкур сочмаларида Туркистонни хўрланган ва хорланган Она образида тасвирлаб, бу жабрдийда Онани зулм асоратидан халос этиш учун Амир Темур сингари жаҳонгирларга мурожаат этди, халқни эрк ва ҳуррият учун кураш майдонига даъват этди. У шу йилларда «Миррих юлдузига», «Шарқ», «Шоир» сингари шеърларини яратиб, уларда Туркистонни энди «қизил» мустамлакага айлантира бошлаган большевикларга ва улар барпо этаётган тузумга нафрат туйғусини ифодалади. Фитрат бармоқ вазнида ёзилган шу шеърлари билан халқ оғзаки шеъриятининг мулки бўлган бармоқни ислоҳ этиб, Чўлпон билан бирга уни ёзма адабиётга олиб кирди ва унга янги ҳаёт бағишлади. «Ўзбек ёш шоирлари» (1922) шеърий мажмуасининг тузувчиси ва асосий муаллифи. Афсуски, Фитрат бу шеърларидан кейин шеърият соҳасида қарийб ижод қилмади.
Насрий ижоди. Ўтган асрнинг 10-йилларида саҳна асари сифатида намойиш этилган «Мунозара» Фитратнинг насрдаги илк асаридир. «Мунозара» ҳам, «Сайёҳи ҳинди» ҳам Фитрат публицистикасининг ёрқин намуналаридан. Фитрат кейинчалик ҳам ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий ҳамда эстетик қарашларини ифодалашда публицистикадан самарали фойдаланди. Фақат 20-йилларнинг ўрталарига келибгина у «соф» насрий асарларни ярата бошлади («Қиёмат», «Меърож», «Оқ мозор», «Зайд ва Зайнаб», «Заҳронинг имони» ва б.). «Мунозара» ва «Сайёҳи ҳинди» асарларида кўтарилган миллий қолоқлик, диний фанатизм мавзуси 20-йиллар учун ҳам долзарб аҳамиятга эга эди. Фитрат бу ҳикояларида диний сюжетлардан жаҳолат таъсирига қарши курашда фойдаланди. Бу асарлар, айниқса, 1930 йилда қайта ишлаган «Қиёмат» хаёлий ҳикояси ҳозирги ўзбек адабиётида фантастиканинг туғилиши ва шаклланишида миллий манба бўлиб хизмат этди.
Драматургияси. Фитрат 1916 йилдан бошлаб театр учун кўплаб асарлар яратди. Аммо унинг нафақат 1916—18 йилларда ёзган «Бегижон», «Қон», «Або Муслим», «Темур сағанаси», «Ўғизхон» сингари пьесалари, ҳатто 30-йилларда ёзган «Тўлқин» опера либреттоси (1934) ҳам бизга етиб келмаган. Маълумки, Фитратнинг 5 пардали «Бегижон» пьесасида деҳқонларнинг хон зулмига қарши кўтарган исёнлари тасвир этилган, «Темур сағанаси» пьесасида эса муаллифнинг «Юрт қайғуси (Темур олдинда)» сочмасидаги истиқлол учун кураш ғояси ўзининг бадиий тажассумини топган. Фитрат шу йилларда ёзган бошқа саҳна асарларида ҳам тарихий ўтмишга мурожаат этганига қарамай, большевикларнинг Туркистонда олиб борган ғайримиллий сиёсатига фаол муносабат билдириб, зулм ва зўравонликка асосланган «янги тузум»ни кескин қоралаган. Фитрат ижодининг шу даврдаги етакчи мотиви — большевизмга қарши истиқлол учун кураш ғояси «Чин севиш» (1920) ва «Ҳинд ихтилолчилари» (1923) пьесаларида, айниқса, ёрқин ифодаланган. Драматург Туркистонда Совет ҳокимияти йилларида содир бўлаётган фожиали воқеаларни Англиянинг мустамлакаси бўлган Ҳиндистонга кўчириб, инглиз мустамлакачиларига қарши курашаётган ҳинд ихтилолчи (истиқлолчи)лари сиймосида, маълум маънода, ўз ватандошлари образини яратди. Ж. Нерунинг эътироф этишига кўра, Фитратнинг бу асарлари ҳинд халқининг мустамлакачиликка қарши олиб борган курашига куч ва мадад берган.
Фитрат Москвадалик пайтида «Абулфайзхон» ва «Шайтоннинг тангрига исёни» (1924), она юртига қайтганидан кейин эса «Арслон» (1926), «Шўриши Восе» («Восе қўзғолони», 1927), «Тўлқин» пьесаларини ёзди. Бу асарлар орасида «Абулфайзхон» ўзининг шекспирона эпик кўлами билан алоҳида ажралиб туради. Мазкур пьеса асосида аштархонийлар сулоласининг сўнгги вакили Абулфайзхон салтанатининг таназзули (18-аср) натижасида Бухорода манғит амирларининг ҳокимият тепасига келишлари билан боғлиқ тарихий воқеалар ётади. Фитратнинг олис тарихий даврга назар ташлашдан мақсади «Подшолик қон билан суғорилган бир оғочдир, Қон оқиб турмаган ерда бу дарахтнинг қуриб қолиши аниқдир» деган «фалсафа» билан яшаган ва ўзи ҳам шу ғайриинсоний «фалсафа»нинг қурбони бўлган Абулфайзхон сингари қонхўр подшоларни тарих қаъридан олиб чиқиб, халққа кўрсатишдир. Фитрат бу асари билан большевиклар тузуми 20-асрнинг Абулфайзхони — Сталинни яратиши ва унинг бепоён мамлакатни қонга ботиришини башорат этди. Шу маънода мазкур трагедия Фитрат закоси билан яратилган халқни огоҳлантирувчи асардир.
«Абулфайзхон»нинг бадиий қиммати шундаки, Фитрат асарда шекспирона қабартма тип ва характерларни яратди, зулмга асосланган салтанат тожининг отадан болага ўтиб келиши натижасида пайдо бўлувчи қонли оқибатларни ҳаққоний тасвирлади. Фитрат бу асари билан ўзбек адабиётида трагедия жанрига асос солиб, мазкур жанрнинг асосий тамойилларини белгилаб берди.
Ижтимоий ҳуқуқий, диний ва маърифий асарлари. Фитрат илм-фан ва маърифатнинг турли соҳаларида ҳам теран из қолдирди. У 1914—16 йиллардаёқ «Раҳбари нажот» («Нажот йўли»), «Оила» ва «Мавлуди шариф ёки Муръоти хайр ул-башар», 1917—20 йилларда «Ўқу» («Ўқув»), «Шарқ сиёсати» ва «Йиғла, Ислом», 1925 йилда эса «Мухтасар ислом тарихи» сингари асарларини эълон қилди. Фитрат мазкур асарларида, бир томондан, шу йилларда рўй берган сиёсий-ижтимоий масалаларга муносабатини ифодалаган бўлса, иккинчи томондан, мусулмон олами учун ўз аҳамиятини йўқотмайдиган ёки муайян тарихий даврда сақланиб қоладиган маънавий ва маърифий қадриятларни тушунтириб берди. Фитрат бу асарларида миллатнинг нафакат сиёсий-ижтимоий, балки диний-маърифий масалаларда ҳам етарли даражада билимга эга бўлмаганини эътиборга олиб, ҳар бир мусулмоннинг билиши лозим бўлган бир қатор масалаларга ёрқинлик бағишлади. Форс тилида ёзилган «Раҳбари нажот» рисоласида тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом илмлари, шунингдек, лисоний, фалсафий, дунёвий илмлар тўғрисида аниқ тасаввур берди; авлод, бадан, фикр, ахлоқ тарбиясига оид фалсафий-этик қарашларини олға сурди. Фитратнинг «Оила» рисоласида эса оиланинг жамият ва инсон ҳаётидаги ролини оширишга, оила аъзоларининг ҳуқуқий меъёрларини белгилашга қаратилган фикр ва мулоҳазалари янада ривожлантирилди.
Фитратнинг мактаб ўқувчиларига мўлжалланган «Ўқу» («Ўқув» 1917 йил, Боку) қўлланмаси ватан, дунё, табииёт, тиббиёт ва гигиена сингари масалалар, шунингдек, ўтмишда яшаган алломалар ҳақида тасаввур беради (номаълум сабабларга кўра, ушбу қўлланманинг 2-қисми ёзилмаган).
Фитрат ҳуқуқий давлат қуриш ва унинг ривожини таъминлаш мақсадида 1918 йилда Ёш бухороликлар партиясининг 13 бобдан иборат дастурини ёзиб берди. Бу дастурда олимнинг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари ўзининг чуқур ифодасини топди.
Тилшунослик ва адабиётшуносликка оид асарлари. Фитрат ўзбек тилининг грамматикасини ўрганиш ишини бошлаб берган ва шу соҳа ривожига катта ҳисса қўшган. У 1918 йилда Қ. Рамазон ва Ш. Раҳимий билан ҳамкорликда «Она тили» дарслигини яратди. 1921 йилда Тошкентда бўлиб ўтган Тил ва имло қурултойида Фитрат ўзбек тилининг софлигини таъминлаш ва ривожлантиришга қаратилган бир қанча таклифларни ўртага ташлади. У 20-йилларда ўзбек тили табиатини ўрганишда давом этиб, «Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба: Сарф» (1925), «Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба: Наҳв» (1926) дарсликларини яратди ва бу дарсликлар 1930 йилга қадар бир неча марта нашр этилди. Олим ўзбек тили морфологияси ва синтаксисига бағишланган бу асарлари билан ўзбек тили грамматикасини илмий асосда ўрганиш ишига тамал тошини қўйди. Фитратнинг тилшунослик соҳасидаги катта хизматларидан яна бири унинг 20-йилларда қадимий туркий тил, жонли халқ тили ва шеваларга таянган ҳолда, илмий-маданий муомалага кириб келаётган янги тушунча ҳамда ҳодисаларни ифодалаш учун ўзбек тилининг луғат фондига янги сўзлар ва атамаларни кўплаб олиб кирганлигидадир.
Олим «Энг эски турк адабиёти намуналари» (1927), «Ўзбек адабиёти намуналари» (1-жилд, 1928) тазкираларини тузиб, миллий адабий меросимизнинг энг қадимий даврдан сўнгги даврларга қадар яратилган намуналарини тўплаб, муайян тизимга солди («Намуналар»нинг 2-жилди эълон қилинмай қолган), «Қутадғу билиг» сингари ўзбек ёзма адабиётининг халқ орасида сочилиб ётган ноёб ёдгорликларини қўлга киритиш, ўрганиш ва чоп этишга интилди. Ўзбек адабиёти йирик намояндалари ижодини илк бор ўрганиб, «Бедил» (Бир мажлисда)» (1923), «Навоийнинг форсий шоирлиги ва унинг форсий девони тўғрисида», «Қутадғу билиг» (1925), «Аҳмад Яссавий» (1927), «Яссавий мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар», «Ҳиббат ул-ҳақойиқ», «Ўзбек шоири Турди» (1928), «XVI асрдан сўнгра ўзбек адабиётига умумий бир қараш», «Муҳаммад Солиҳ», «Форс шоири Умар Хайём» (1929), «Машраб», «Фарҳоду Ширин» достони тўғрисида» (1930) каби катта илмий қимматга эга рисола ва мақолалар яратди. Фитрат бу тадқиқотлари билан ўзбек адабиётшунослик фанига пойдевор қўйди. «Шеър ва шоирлик» (1919), «Адабиёт қоидалари» (1926), «Санъатнинг маншаи» (1927), «Аруз ҳақида» (1936) сингари мақола ва рисолалари билан адабиёт назарияси фанига асос солди.
Бундан ташқари, Фитрат тарихшунослик ва шарқшунослик соҳаларига оид форс тилида мақола ва рисолалар ҳам ёзди («Амир Олимхоннинг кечмиши», 1930). 1921 йил Б. Солиев ва Б. С. Сергеев билан биргаликда амирга қарашли нодир қўлёзмалар, вақф ҳужжатларини йиғиш, уларга тартиб ва тавсиф беришда иштирок этди. Б. С. Сергеев билан биргаликда В. Л. Вяткин архивида сақланган крзиларга оид ҳужжатларни ўрганиб, рус тилида «Казийские документы XVI века» (1937) китобини нашр этди.
Санъатшуносликка оид хизматлари. Фитрат 1921 йилда Шарқ мусиқа мактабини ташкил этиб, унинг биринчи директори бўлган. Мактабга мумтоз мусиқа билимдонлари (созанда ва хонандалар) билан бирга В. А. Успенский сингари мусиқашуносларни ҳам таклиф этди. У шу вақтдан бошлаб «Шашмақом» куйларини тўплаш ва нотага ёзиб олиш ишларига раҳбарлик қилди. Фитрат ташаббуси билан Ота Жалол ва ота Ғиёсдан Бухоро Шашмақоми В. Успенский томонидан илк бор нотага олиниб нашр этилди [Шесть музыкальных поэм (маком), Бухара М., 1924]. Фитрат «Шашмақом», «Ўзбек мусиқаси туғрисида» мақолалари ва «Ўзбек классик мусиқаси ҳам унинг тарихи» (1927) рисоласи билан 20-аср ўзбек мусиқашунослик фанини бошлаб берди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1991 йил 25 сентябрда Фитратга (вафотидан кейин) Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти берилди. Бухоро шаҳрида Фитрат боғи ва уй-музейи ташкил этилди. Бухорода Фитрат ҳайкали урнатилган. Республикадаги бир неча мактаб, кўча ва хўжаликлар Фитрат номи билан аталди.
Наим Каримов
Абдурауф Фитрат ҳақида мақолалар
Ўзбек шеърияти: Абдурауф Фитрат (1886-1938)
Маънавият юлдузлари: Абдурауф Фитрат (1886-1938)
Биография: Абдурауф Фитрат (на русском языке)
Biography: Abdurauf Fitrat (in English)
Сирожиддин Аҳмад. Фитрат ва Муродий (2009)
Бегали Қосимов. Абдурауф Фитрат (1886-1938)
Озод Шарафиддинов. Абдурауф Фитрат
Рауф Парфи. Фитрат шeърияти
Тоҳир Малик. Фитрат
Мутаваккил Бурҳонов. Нурли сиймолар (1991)
Абдулҳамид Чўлпон. «Чин севиш» (1920)
Вадуд Маҳмуд. «Чин севиш» (1921)
Вадуд Маҳмуд. «Ҳинд ихтилолчилари» (1923)
Абдурауф Фитрат мақолалари
Абдурауф Фитрат. Бухоро вазири Насруллоҳбей парвоначига очиқ мактуб (1910)
Абдурауф Фитрат. Жоҳилона таассубға мисол (1917)
Абдурауф Фитрат. Мухторият (1917)
Абдурауф Фитрат. Сиёсий ҳоллар (1917)
Абдурауф Фитрат. Бухоро уламоси (1917)
Абдурауф Фитрат. «Шўройи исломия»нинг хатоси (1917)
Абдурауф Фитрат. Мусулмонлар, ғофил қолманг! (1917)
Абдурауф Фитрат. Бухорода инқилоб (1918)
Абдурауф Фитрат. Англиз ва Туркистон (1918)
Абдурауф Фитрат. Туркистонда руслар (1918)
Абдурауф Фитрат. Бухоронинг ҳоли (1918)
Абдурауф Фитрат. Ёпишмаган гажжаклар (1919)
Абдурауф Фитрат. Шарқ сиёсати (1919)
Абдурауф Фитрат. Тилимиз (1919)
Абдурауф Фитрат асарлари
Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 1-жилд: Шеърлар, насрий асарлар, драмалар. Тошкент, “Маънавият”, 2000
Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 2-жилд: Илмий асарлар. Тошкент, “Маънавият”, 2000
Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 3-жилд: Драмалар, мақолалар. Тошкент, “Маънавият”, 2003
Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 4-жилд: Дарслик ва ўқув қўлланмалари, илмий мақола ва тадқиқотлар. Тошкент, “Маънавият”, 2006
Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 5-жилд: Илмий рисолалар. Тошкент, “Маънавият”, 2010
Абдурауф Фитрат. Чин севиш. Шеърлар, драмалар, мақолалар. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1996
Абдурауф Фитрат. Оила ёки оила бошқариш тартиблари. Тошкент, “Маънавият”, 2000
Абдурауф Фитрат. Мухтасар Ислом тарихи. Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2004
Абдурауф Фитрат. Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи. Тошкент, “Фан”, 1993
Абдурауф Фитрат. Қиёмат. Тошкент, 1967
Абдурауф Фитрат. Амир Олимхоннинг ҳукмронлик даври, Тошкент, 1992
Абдурауф Фитрат. Бедил, Тошкент, 1996
Абдурауф Фитрат. Адабиёт қоидалари, Тошкент, 1995
Абдурауф Фитрат. Аруз ҳақида, Тошкент, 1997
Абдурауф Фитрат. Нажот йўли, Тошкент, 2001
Абдурауф Фитрат ҳақида китоблар
Ҳамидулла Болтабоев. Фитрат ва жадидчилик. Тошкент, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007
Ҳамидулла Болтабоев. Абдурауф Фитрат — адабиётшунос. Тошкент, “Ёзувчи” нашриёти, 1996
Бегали Қосимов. Маслакдошлар. Беҳбудий, Ажзий, Фитрат. Тошкент, “Шарқ” 1994
Бегали Қосимов. Миллий уйғониш, Тошкент, 2002
Алиев А., Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитрат. Тошкент, 1984
Фидойилар. Тошкент, 1990
Ғаниев И., Фитрат, эътиқод, ижод. Тошкент, 1994
Ғаниев И., Фитратшунослик. Бухоро, 1994
Болтабоев Ҳ., Фитратнинг илмий мероси. Тошкент, 1996
Қурбонова М., Фитрат — тилшунос. Тошкент, 1996
Эргашева М., Абдурауф Фитрат — буюк ҳуқуқшунос. Тошкент, 2001
“Абдурауф Фитрат” (ҳужжатли фильм)