Уй-жой ва унга тегишли жиҳозлар

Опон-опонни кўрдим,
Эски чопонни кўрдим.
Қобирғаси қалашган,
Одам ютганни кўрдим.
(Қора уй)

Қобирғаси тарим-тарим,
Асли унинг жони йўқ.
Терисини сийириб олсам,
Ерга томар қони йўқ.
(Қора уй)

Ҳачча,
Даччанинг устида бачча.
Баччанинг устида қалпоқ,
Қалпоқнинг устида телпак.
(Қора уй)

Бир тепада олти қўчқорнинг
шохи алмашиб ётир, –
Етти қўчқорнинг шохи ялмашиб ётир.
(Қора уй)

Қирқ чиноқ қирқ қудуқдан сув ичар.
(Қора уйнинг увиғи)

Оғил тўла чиноқ қўй.
(Қора уйнинг увиғи)

Бизнинг уйда қирқ қиз,
Ҳаммаси сочпопукли.
(Увиқ ва боғи)

Жинди қиз, жинди қиз,
Жин тепага чиқди қиз.
Болаларини эргаштириб,
Ҳаранг-даранг бўлди қиз.
(Қора уйнинг чанғароғи)

Гум-гумбаз, Қирқ чаноқ.
(Қора уйнинг чанғароғи)

Кўккина қўзим уй айланар.
(Қора уйнинг белдови)

Кичкинагина қуёнчам жар айланиб қочади.
(Қора уйнинг белдови)

Бир тўбада тўрт илон.
(Қора уйнинг туйнук боғи)

Бир тўбанинг устида тўрт шибоқ.
(Қора уйнинғ туйнук боғи)

Чин қушим, чинни қушим,
Чин тепага қўнди қушим.
Қанотини ёйди қушим.
Танобини тортди қушим.
(Чодир)

Хитой қуш қанотларини ёйиб, оёғини букиб, тоғда ўлтирибди.
(Чодир)

Амаким ичкарида,
Қулоқлари ташқарида.
(Уйнинг тўсини)

Онаси еттита,
Боласи бир нечта.
(Тўсин, васса)

Онаси қорнида боласи кўндаланг ётибди.
(Тўсин, васса)

Кундузи ташқари,
Кечаси ичкари.
(Эшик)

Икки опамнинг бўйи тенг.
(Эшик)

Деволга қўнган қушим,
Баъзилари бир қанот,
Баъзилари қўш қанот.
(Эшик)

Олти кўзли, суякли,
Ҳамма уйга керакли.
(Дераза роми)

Кечаси осмонга қарайди,
Кундузи ерга қарайди.
(Эшик занжири)

Кечаси юқори,
Кундузи қуйи.
(Эшик занжири)

Кечаси туради,
Кундузи ётади.
(Эшик занжири)

Қоравой бувам эшик қўрир.
(Қулф)

Қора қулим уй қўрир.
(Қулф)

Кичкинадир, минадир,
Унга одам ишонадир.
(Қулф)

Кичкина итча ҳурмайди,
Тишламайди, уйга қўймайди.
(Қулф)

Бир шаҳарни бир қора ҳакка қўриқлайди.
(Қулф)

Қорагина зоғча,
Қанотидан осилган.
(Қулф)

Жарда янтоқ осилган.
(Қулф)

Катта хотин уй пойлайди,
Кичкина хотин йўқловга кетади.
(Қулф, калит)

Акаси уй пойлайди,
Укаси ўйнаб юради.
(Қулф, калит)

Акасини укаси қитиқлайди.
(Қулф, калит)

Олисдан жангир-жунгир,
Яқиндан оддий темир.
(Қулф, калит)

Чумчуғим чиқ этди,
Уясига кириб кетди.
(Қулф, калит)

Узун бўйли,
Қора тўнли.
(Мўри)

Амаким ариқ,
Қорни ёриқ.
(Мўри)

Бир уйга кирсам,
Қорни ёриқ айиқ турибди.
(Мўри)

Ўзи битта,
Кўзи тўртта.
(Танча)

Тўрт оғайнининг бошида бир қалпоқ.
(Танча)

Шайтоннинг уйи тахтавонлик, ичи тўла хода.
(Танча)

Оғзи пулдай,
Ичи хумдай.
(Обриз)

Тепаси айвон,
Ўртаси хумдон,
Таги зиндон.
(Обриз)

Йўнса йўғон бўлар.
(Ўра)

Чиргидай ерга кун тегмас.
(Қудуқ)

Осмондан осилган,
Ердан қазилган.
(Қудуқ)

Ўра қаздим,
Тупроғи йўқ.
(Қозиқ ўрни)

Қудуқ қаздим бетупроқ.
(Қозиқ ўрни)

Отаси бор, энаси бор,
Ўн иккита боласи бор.
(Нарвон)

Тепдим, тепдим,
Теракка чиқдим.
(Нарвон)

Элибой акам киссасини,
Эл йиғилиб тиколмас.
(Девол ёриғи)

Ўзи катта,
Сарпўши йўқ.
(Ҳовуз)

Берсанг, тўяди,
Бермасанг, туради,
Ҳамма хизматин кўради.
(Сандиқ)

Бир эшагим бор,
Тўрт оёқли.
Тўбаласам юрмайди.
(Сандиқ)

Тўрт оёғи бор,
Бурнида авараки.
(Сандиқ, калит)

Кичкина филди,
Менга қараб кулди.
(Ойна)

Топ-тобоноқ, тобоноқ,
Тобони йўқ қуёноқ,
Қуёноғи кумушдан,
Кулиб турган бувишдан.
(Ойна)

Бир дўстим бор ажойиб,
Агар ким унга боқса,
Кулиб боқар илжайиб.
(Ойна)

Толнинг тагида тиниқ сув.
(Ойна)

Куну тун юради,
Доим бир жойда туради.
(Соат)

Оёғи йўқ, юради,
Оғзи йўқ, гапиради.
(Соат)

Ўзи минг хил,
Гапи бир хил.
(Соат)

Оқ товоқда сариқ қайчи.
(Соат)

Усти ётинқи,
Тўрт оёқли.
(Сўри)

Юраверади, юраверади.
Йўли кўпаймайди.
(Бешик)

Тўрт оёғи бор,
Остида тоши бор,
Топ-чи!
(Бешик)

Кундузи йиғилади,
Кечаси ёйилади.
(Кўрпа)

Кундузи ҳур бўлади,
Кечаси қул бўлади.
(Кўрпа)

Кечаси бўғоз,
Кундузи қисир.
(Кўрпа)

Қўлсиз, оёқсиз кўйлак кияр.
(Ёстиқ)

Ўзи битта,
Оғзи иккита.
(Лўлаболиш)

Турса туядай,
Йиғилса кичкинтой.
(Пашшахона)