Уй хўжалик асбоблари

Оғзи дўппидек,
Ичи қизил, хумдек.
(Тандир)

Шум кампир,
Шумалоқ кампир,
Икки бети юмалоқ кампир.
(Тандир)

Оғзи қора кўк тозим,
Кунига тўққиз кийик олади.
(Тандир)

Аломат-а, аломат,
Ичи қизил қиёмат.
Ҳўл урдим,
Қуруқ чиқди.
(Тандир, нон)

Ости лоп-лоп,
Усти лоп-лоп,
Ўртасида кумуш қоплаб.
(Рапида)

Ўзи битта,
Қулоғи тўртта.
(Қозон, тўрт қулоғи)

Қулоғи қорнида,
Боши йўқ.
(Қозон)

Қора товуқ,
Қорни тўқ.
(Қозон)

Қора сигир қараб турар,
Сариқ сигир ялаб турар.
(Қозон, олов)

Қора ҳўкизнинг путини,
Қизил ҳўкиз ялайди.
(Қозон, олов)

Бир том ичида учта бети қора.
(Ўчоқпоя)

Учи жамлашган,
Кучи бирлашган.
(Ўчоқпоя)

Қора ботир отдан тушди,
Аскарлари ўраб олишди.
(Қозон, товоқ, коса)

Қора дев йиқилди,
Болалари йиғилди.
(Қозон, товоқ, коса)

Лайлак уяда,
Думи зиёда.
(Чўмич)

Ҳакка уяда,
Қуйруғи зиёда.
(Қошиқ)

Бир хотин бор, болалари чоч-чоч,
Икки қўли доим бошида.
(Қошиқдон)

Ости иморат,
Усти иморат,
Ўртаси оташхона.
(Самовар)

Бозорда сариқ айғир кишнайди.
(Самовар)

Ичи қора кўмирдай,
Тиши сариқ испаракдай.
Ўлтириши мулладай,
Қичқириши тайлоқдай.
(Самовар)

Сув десам, сув эмас,
Шилдирайди бир нарса.
Ўт десам, ўт эмас,
Йилтирайди бир нарса.
Бошига бўркини олиб,
Бўркиллайди бир нарса.
(Самовар)

Умрдон-а умрдон,
Ёққан ўти кўмирдан.
Маккадан бир қуш кепти,
Жиғилдони темирдан.
(Самовар)

Ўзи катта,
Кичикка эгилади.
(Чойнак)

Ўзи турар жимгина,
Қулоғи бор биргина.
(Чойнак)

Рўпарада турибди,
Юзи думалоқ, лўппи.
Бир қулоғи бор, бир бурни,
Бошига кийган дўппи.
(Чойнак)

Оналари токчадан тушса,
Болалари югуриб келади.
(Чойнак, пиёла)

Ҳамма кишини кўрганда лабини ўпкай.
(Пиёла)

Лаби лабимга тегса, оғзим куяди.
(Пиёла)

Меҳмон келди,
Югуриб борди.
Қўлига чиқиб,
Лабини ўпди.
(Пиёла)

Қора туям бақирар.
(Чойдиш)

Бухородаи келган лўк,
Кулга бориб чўк.
(Офтоба)

Қорни қортоз,
Бурни буртоз.
Отга минмас,
Пиёда юрмас.
(Обдаста)

Бораётганда оч минар,
Келаётганда тўқ.
(Кўза)

Қорни қопдай,
Бўйни ипдай.
(Хум)

Шим кампир,
Шим-шим кампир.
(Қатиқ соладиган кади)

Узун терак,
Ичи ковак.
(Кува)

Ўттиз умуртқаси йўқ,
Қирқ қобирғаси йўқ.
Шилиқ-шилиқ этади,
Ўзи сира тўймайди.
(Меш)

Оқ эчким ичи йўқ,
Суяги йўқ, гўшти йўқ,
Ўзи шилиқ-шилиқ этади,
Юмалаб ерда ётади.
(Меш)

Оқ эчким қанотин ёзди,
Оғзин очсам ичидан бол чиқди.
(Меш)

Бўтали туя овул кезар.
(Кели)

Отаси оғзин очар,
Боласи уриб қочар.
(Кели)

Талтайиб туради,
Тарсиллатиб уради.
(Кели)

Тап-тап этади,
Тагидан карвон ўтади.
(Элак)

Так-так томдан қор ёғади.
(Элак)

Янги идиш,
Таги тешик.
(Элак)

Бир ўзи,
Минг кўзи.
(Элак)

Оққина туя кулга чўкар.
(Элак)

Калта момом лой тепар.
(Сақич)

Калтача бобом лой тепар.
(Сақич)

Кичкина митти,
Эчкини йиқитди.
(Пичоқ)

Ишини битирди,
Эшик тагига ўтирди.
(Супурги)

Эшик орқасида бели боғлиқ қул ётар.
(Супурги)

Бели боғлиқ қулбачча,
Томдан ўтин ташлайди.
(Супурги)

Белин боғлаб уй ўртасида ўйнар.
(Супурги)

Қўйган ерда туради,
Ош емайди, сув ичмайди.
(Супурги)

Қобирғаси бор, қони йўқ,
Оғзи бор, жони йўқ.
(Қоп)

Етса турмас,
Турса ётмас.
(Қоп)

Ғишим йўлда йўрғалар,
Юрган йўли оқарар.
(Совун)

Кичкина миср,
Бекларни отдан тушир.
(Чилим)

Бўйни биргина,
Қўли иккигина,
Чақириб келмайди,
Пиёда юрмайди.
(Чилим)

Устида ўт ёнади,
Тагида сув қайнайди.
(Чилим)

Сарвиноз, салласи катта, бўйни кир.
(Чилим)

Боради, боради,
Тангадай жойни олади.
(Ҳасса)

Кундузи топ-топ этар,
Кечаси бовурсоқдай ерда ётар.
(Ҳасса)

Кундузи юради-юради,
Оқшом тик туради.
(Ҳасса)

Узун терак туриб кетди,
Йўрға-йўрға юриб кетди.
(Ҳасса)

Эл олмаса, эллик йил ётади.
(Олтин)

Ерда чиримайди,
Элда йўқолмайди.
(Олтин)

Кичкинагина миннас,
Оламни кезиб тинмас.
(Танга пул)

Оппоққина, юмалоққина,
Ҳамманинг кўзига яхшигина.
(Танга пул)

Лойдан бўш,
Тошдан қаттиқ.
(Қўрғошин)

Бир оёғин осиб турар,
Бир оёғин босиб турар.
Чор бозорга боради,
Бўз бозорга бормайди.
(Тарози)

Икки оға-инини бир устунга боғладим.
(Тарози)

Икки сингил,
Оғир-енгил.
(Тарози)

Оқ саллали бобо том устидан янтоқ ташлайди.
(Устара)

Томдан похол ташлайди,
Ғалди пакана.
(Устара)

Минг қўйимни бир чивиқ билан ҳайдадим.
(Устара)

Тоқирчоқ тўбада той ўйнар.
(Устара)

Тепа устида букур сичқон ўйнайди.
(Устара)

Юмалоқ тепада қилич ўйнар.
(Устара)

Том устида олифта уста.
(Устара)

Суйри тўба устида —
Абжир този ўйнайди.
(Устара)