Зулм ва қасос

Бор экан, йўқ экан, бир подшо бор экан. Унинг битта-ю битта қизи бор экан. Кунларнинг бирида подшонинг хотини вафот этибди. Ундан битта тилла кавуш қолибди. Подшо мамлакатга жар солдирибди: «Ушбу тилла кавуш кимга тўғри келса, подшо ўшани хотинликка олади», дебди.
Совчи аёллар тилла кавушни кўтариб эшикма-ешик юриб, бутун мамлакатдаги қизларга кийгизиб чиқибди, кавуш ҳеч кимнинг оёғига тўғри келмабди.
Совчилар подшо ҳузурига келиб: «Ҳурматли подшоҳим! Биз кирмаган эшик, у кавушни киймаган қиз қолмади, энди нима қиламиз», дебдилар. Шунда подшо:
— Рост айтинглар, ҳеч ким қолмадими? Наҳотки менинг мамла¬катимда шу кавуш тўғри келадиган қиз топилмаса,— дебди.
Совчи хотинлардан бири:
— Ҳурматли подшоҳим! Фақат ўзингизнинг қизингиз қолди, холос, — дебди.
Подшо:
— Боринглар, кавушни қизимга кийдириб кўринглар, агар оёғига тўғри келса, қизим бўлса ҳам оламан, — дебди.
Хотинлар саройга кириб, кавушни қизга кийдирибдилар. Кавуш қизга тўғри келибди. Шундан кейин подшо ўз қизини олиш учун қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй қилишга буйруқ берибди. Подшо тўй-томошада кайф-сафо суриб турсин. Энди гапни қиз бечорадан эшитинг:
Қиз нима қилишини билмай кеча-кундуз йиғлабди. Охири ўзича бир фикрга келибди. Қиз турган саройга яқин жойда кигиз босувчи уста бор экан. Қиз отасининг хазинасига кириб, икки енгига тилла тўлдириб чиқибди ва кигизчи кишининг уйига борибди. Унга бошидан ўтган воқеани йиғлаб айтибди. Кейин у кишидан: «Менга битта одам қиёфасида кигиз тўқиб беринг. Мен уни кийиб шаҳардан ташқарига чиқиб кетаман. Бу ишни фақат сиз билинг-у, мен билай. Кигиз қирқ кунгача битсин», деб илтимос қилиб, икки енгидаги тиллани уста олдига тўкибди. Уста ҳам қизнинг кўз ёшларига раҳм қилиб, рози бўлибди.
Кунлардан кун ўтиб, бир кам қирқ кунда кигиз тайёр бўлибди. Қиз кигизни кийгач, одамга ҳам, махлуққа ҳам ўхшамай қолибди. Қиз кечаси ҳеч кимга билдирмай кигизни кийиб, шаҳардан чиқиб кетибди. Бечора қиз чўл кезиб, тоғлар ошиб, дарёлар кечиб, узоқ тун ва кунлар ҳориб-чарчаб йўл юрибди. Йўл юрса ҳам мўл юриб, бошқа бир мамлакатга кириб борибди. У мамлакатнинг бир ёш шаҳзодаси бўлар экан. У қуш учириб, шу қуш кимнинг бошига қўнса, шуни оламан, деган экан. Кигиз кийган қиз бир қишлоққа яқин ерда чарчаб дам олиб ўтирган экан. Шу пайт шаҳзоданинг қуши келиб кигиз устига қўнибди. Шаҳзода бир неча йигитлар билан қушнинг орқасидан қувиб келса, қуш бир нарса устига қўниб турган эмиш. У на одамга, на махлуққа ўхшар эмиш. Шаҳзода ҳайрон бўлиб, аччиқланиб, қушни бошқатдан учирибди, қуш яна келиб кигиз устига қўнибди. Йигит қушни яна бошқатдан учирибди. Қуш айланиб яна ўша кигиз устига қўнибди. Охири шаҳзода кигизга: «Eй, сен кимсан? Одам десам ҳамма жойинг юнг, ҳайвон десам одам шаклидасан, инс-жинс десам ғойиб бўлмайсан? Ўзинг нимасан?» деб сўрабди. Шунда кигиз: «Худо мени шундай тусда яратган, мен шундай қўрқинчли бўлганим билан кишига зарар етказмайман. Агар иложи бўлса мени ҳовлингизга олиб кетсангиз, хизматингизни қилиб юраман», дебди.
Шаҳзода уйига келиб бўлган воқеани онасига айтибди. Онаси:
— Майли, болам, у ҳам худонинг махлуқи, олиб келақол; сув ташиб, ўтин ёриб юрар, — дебди. Шаҳзода кигиз қизни уйга олиб келибди.
Қиз бечора кечгача тинмай хизмат қилиб юра берибди. Уни ҳеч ким назар-писанд қилмабди, у ҳам кўпчиликка аралаша олмабди, уни кўрган одам қўрқар экан. Агар шаҳзоданинг уйига бирор одам келса ё қўшнилардан бири чиқиб қолса, «кигизларингни ушлаб туринглар», дер экан.
Шаҳзода: «Мен қуш учирсам-у, кигизга қўнса, демак, менинг бахтим йўқ экан. Мен энди дунёдан шундай ўтаман», деб ўз подшолигини қила берибди.
Кунларнинг бирида бошқа бир мамлакатнинг подшоси шаҳзодани тўйга таклиф қилибди. Шаҳзода кигиз қизга уй пойлатиб, онаси ва укалари билан тўйга кетибди. Улар жўнагандан кейин, қиз ҳам дарров кигизни ечиб, улар орқасидан ўзини кўрсатмай кета берибди. Тўйхонада шаҳзодани жуда иззат-ҳурмат билан кутиб олишибди. Уларнинг орқасидан қиз ҳам кириб борибди.
Қизни шаҳзодадан ҳам ортиқ ҳурмат билан кутиб олишибди. Тўйда ўтирган йигитлар қизнинг қайси мамлакатдан келганини билишга шо¬шилибдилар. Қизни олиб кириб энг юқори жойга ўтқазибдилар. Унинг олдига турли хил ноз-неъматлар ва таомлар қўйибдилар. Бутун уй ичидагиларнинг кўзи қизда бўлибди. Қиз ўтирган уйда шаҳзода ва унинг онаси ҳам ўтирган эканлар. Лекин улар қизни танимабдилар. Шаҳзода эса қизни севиб қолибди. Қиз билан сўзлашиб, унга битта узугини берибди. Тўй тугамай туриб, қиз кетишга рухсат сўрабди. Лекин унга жавоб беришмабди. Қиз: «Вақтли кетмасам бўлмайди», деб туриб олибди. Улар: «Биронтамиз олиб бориб қўяйлик», десалар ҳам кўнмабди. Ниҳоят, қиз ўрнидан туриб, тўйдагилар билан хайрлашиб уйга қайтибди. Қизнинг чиқиб кетиши биланоқ, «Гўзал қиздан ортиб қолган таомлар табаррук» деб, бир уй хотин дастурхондаги таом ва меваларни бўлишиб олибди. Қиз уйга келиб дарров кигизни кийиб олиб, ҳеч нарса кўрмагандай уй ишлари билан шуғулланиб ўтирибди. Кеч бўлгач, шаҳзода билан онаси ҳам тўйдан қайтишибди. Шаҳзода билан онаси тўйхонада кўрган гўзал қизни бир-бирига мақташибди. Шаҳзода: «Мен ўша қизни қаердан бўлса ҳам топиб келаман», деган қарорга келибди. Шаҳзоданинг онаси:
— Кигиз, мана бу дастурхон ичида сенга ҳар хил таомлар олиб келдим. Тўйга бир чиройли қиз келдики, унинг гўзаллиги ҳеч кимда йўқ. Қани ўшандай келиним бўлса. Ундан қолган овқатлар сенга табаррук, деб олиб келдим, дастурхонни очиб, олиб егин, — дебди.
Эртасига эрталаб шаҳзода қизни ахтариб кетмоқчи бўлиб, йўл учун нон буюрибди. Шаҳзоданинг онаси нон ясаётганда, кигиз:
— Жон буви, мен ҳам нон ясай, — дебди. Шунда бувиси:
— Қўй, сен нон ясама! Сенинг қўлингда ясалган нонни ким ейди! — дебди. Кигиз кўнмабди: «Ҳеч ким емаса, майли, ўзим ейман», дебди-да, битта нон ясаб, унинг ичига қўлидаги узугини солиб қўйибди. Шаҳзода сафарга тайёрланибди. Унинг жўнаши олдидан кигиз:
— Ака! Ноннинг ичида битта мен ясаган нон бор, ўшани емасдан тенг иккига бўлиб сувга ташланг, — дебди.
Шундан кейин шаҳзода она ва укалари билан хайрлашиб сафарга жўнабди. У йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, етти кун деганда бир тоғга етиб борибди. Ниҳоятда чарчаб, қорни очган экан. Бир ерга ўлтириб, бироз овқатлангиси келибди. Хуржунидан нон олмоқчи бўлиб қўлини солган экан, қўлига юнг аралашган нон чиқиб қолибди. Шаҳзода нонни тенг иккига бўлса, ўртасидан узук чиқибди. Шаҳзода узукни танибди. Севиниб орқасига қайтибди. Етти кун деганда уйига қайтиб келибди. Сафардан тез қайтган шаҳзодани кўрган онаси ҳайрон бўлибди. Сафардан тез қайтиш сабабини онаси сўрамабди. Шаҳзода ҳам сирни онасига айтмабди. Эртасига эрталаб тахтга чиқиш олдидан:
— Она, мастава қилинг-да, кигиз қиздан чиқариб юборинг, — дебди.
— Вой, болам, унинг қўлидан қандай овқат ичасан, ўзим олиб чиқиб бераман ёки ўз уканг олиб чиқиб берар, — дебди. Шаҳ¬зода:
— Йўқ, она, айтганимни қилинг, — дебди-да, тахтга чиқиб ке¬тибди.
Шаҳзоданинг онаси маставани тайёрлаб, косага қуйиб, кигизга олиб чиқиб беришни буюрибди, кигиз кўнмабди. Онаси: «Мен айтгандан кейин олиб чиқиб бер!» дебди. Охирида қиз шаҳзодага овқат олиб чиқишга мажбур бўлибди. Зинадан чиқаётганида атайлаб ошни тўкиб юборибди ва уйга қайтиб кирибди. Кампир косага яна ош қуйиб берибди. Кигиз қиз бу сафар овқатни тўкмай тахтга олиб чиқиб шаҳзодага берибди. Шаҳзода қиздан кигизни ечишни сўрабди. Қиз кўнмабди. Шаҳзода яна қайта-қайта илтимос қилибди. Охири қиз ечинишга мажбур бўлибди. Шунда шаҳзода кўрса, тўйда кўришган ўша чиройли қиз. Шунда севиниб кетибди. Ўз бахтидан хурсанд бўлиб, қиз билан анча вақтгача суҳбат¬лашиб ўтирибди. Кигизнинг кечикканидан хавотирланган она кичик ўғлини унинг орқасидан чиқарибди. Бола эшик тирқишидан қараса, акаси тўйда бўлган чиройли қиз билан мастава ичиб ўтирган эмиш. Бола дарров орқасига қайтиб, онасига хабар берибди. Буни эшитган она қувониб ташқарига чиқиб, тахтга қараса, ўша чиройли қизни кўрибди. Она қиз билан қучоқлашиб кўришибди. Қиз бошидан ўтган воқеаларни аввалидан охиригача сўзлаб берибди. Шаҳзода қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй қилиб, қизга уйланибди.
Шундай қилиб, улар шод-хуррам ҳаёт кечириб турсинлар, энди икки оғиз гапни қизнинг отаси — подшодан эшитинг.
Қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томошадан кейин подшо қараса, қиз йўқ. Бутун шаҳарга жар солдириб, қизни қидиртириб, уни ҳеч қаердан тополмабди.
Қизни қидириб, қирқ йигити билан шаҳардан чиқиб кетибди. Улар йўл юрса ҳам мўл юриб, кунларнинг бирида, озиқ-овқатлари тугаб, ўзлари ниҳоятда чарчаб қолибдилар. Подшо қирқ йигити билан қирқ ўғрига дучор бўлибди. Подшо йигитлари ўғрилар билан уриша бошлабди. Шунда подшо қочиб қолибди. Ўғрилар эса подшонинг йигитларини қириб ташлабди.
Подшо қаландар сифатида шаҳарма-шаҳар кезиб, кунлардан бир кун қизининг шаҳрига бориб қолибди. У шаҳарда қаландарлик нақшини айтиб юра берибди. Бир кун қиз қаландарнинг донғини эшитибди. Шаҳзодадан қаландарни ўз саройига келтиришни илтимос қилибди. Шаҳзода қаландарни чақиртирибди. Қиз қаландарни кўриши биланоқ ўз отаси эканини билибди-да, дарҳол жазолашни буюрибди. Шаҳзода кўнмабди. Лекин қиз отасининг ўз қизига қаттиқ зулм қилганини яна қайта гапириб берибди-да, уни жазолашга буюрибди.
Шундай қилиб, қиз шаҳзода билан умр кечириб, мурод-мақсадига етибди.