Ўғри ва подшоҳ

Бор экан, йўқ экан, аввалги замонда бир подшо бўлган экан. Подшонинг хазинасига бир ўғри кирибди ва қўлга тушиб қолибди. Подшо ўғрини шаҳар чеккасидаги бир дарё бўйига олиб бориб, қопга солиб, аввал тоза уришни, сўнг дарёга ташлаб юборишни буюрибди. Подшонинг буйруғига биноан, ўғрини дарё бўйига олиб боришибди. Лекин уни ургани калтак топиша олмабди. Қопнинг оғзини бўғиб қўйиб, калтак қидириб кетишибди.
Шу вақтда иккинчи бир шаҳарнинг подшоси ўзининг вазирлари билан овга чиқиб қайтаётган экан, дарё бўйидаги қопнинг ичида бировнинг ҳадеб: «Мен денгизлар подшоси бўлмайман», деган овозини эшитиб қолибди. Буни эшитган подшо яқин келиб, воқеани аниқламоқчи бўлибди ва қопдаги одамдан нима учун уни қопга солганларини сўрабди. Ўғри: «Мени денгизлар подшоси бўласан, деган эдилар, унамадим, шундан сўнг мени қопга солиб, дарёга ташлаймиз, деб бу ерга олиб келдилар», дебди. Подшо:
— Бўлмаса сен қопдан чиққин, мен сенинг ўрнингга қопга тушай, ер юзида подшо бўлдим, энди денгизга ҳам ўзим подшо бўлай, — дебди. Подшо вазирларини шаҳарга жўнатиб, ўзи қолиб қопга тушибди. Ўғри қутулганига хурсанд бўлиб, қоча бошлабди.
Калтак қидириб кетган одамлар келиб, қопдаги подшони уриб-уриб, денгизга ташлабдилар.
Ўғри қочиб кетаётиб жуда кўп қўй боқиб юрган чўпонга дуч келибди. Чўпонлар қўйларни боқиш учун яна бир одам истаб юрган эканлар. Ўғри шунга тўғри келибди ва чўпон бўлиб, улар билан қўй боқа бошлабди. Бир неча кун ўтибди. Бир кун саҳар пайтида, ҳамма ухлаётган вақтда бир ўзи қўйларни ҳайдаб шаҳарга кириб борибди. Буни кўрган вазир ҳайрон қолиб, ундан:
— Сени подшо ўлимга буюрган эди. Сен бўлсанг шунча қўйли бўлиб қолибсан, бу иш қандай бўлди? — деб сўрабдилар. Ўғри:
— Мени қопга солиб дарёга ташлаган эдилар, дарё тагига тушсам жуда кўп қўйлар юрган экан, зўрға шуларни ҳайдаб чиқардим, қолганлари эса, дарё ичида қолди, — дебди.
Қолган қўйларни олиб чиқиш мақсадида подшо билан вазир ўзларини дарёга ташлабдилар.