Ёлғон

Қадим замонда бир ака-ука бор экан. Акаси подшо ҳузурида хизмат қилар экан, укаси эса уйда қолар экан. Акаси гапирганда жуда кўп ёлғон қўшар экан. Ёлғон гапларни ростдек қилиб гапиришга уста экан. Подшо унинг ҳамма ёлғон гапларига ишонар экан. Доим унга яхши-яхши совғалар ҳадя қилар экан. Бир куни укаси акасига:
— Сен доим ёлғон-яшиқ гапларни айтиб рўзғорни тебратасан. Бунинг устига яна тез-тез подшодан совғалар ҳам олиб турасан. Мен ҳам битта-яримта ёлғон гап тўқиб, подшодан совға олмоқчиман, — дебди укаси.
— Мен айтган гаплар подшога ёқади. Шунинг учун ҳам сенга ҳар хил совғалар олиб келаман. Мен борлигим туфайли, сен ҳеч қандай ташвишсиз яшаяпсан. Ундан кўра, уйда ўтириб уй ишларини қилавер. Мен топишимни сенга миннат қилаётганим йўқ-ку! — дебди. Лекин укаси унинг маслаҳатига кирмай, подшо ҳузурига борибди ва гапи борлигини айтибди:
— Мен осмонда итнинг акиллаганини эшитдим, — дебди подшога. Шунда подшонинг жаҳли чиқиб кетибди ва:
— Шундай ёлғон гапиришга қандай журъат этдинг. Менга ёлғон гапирганинг учун сени ўлимга буюраман, — дебди. Шу пайт унинг акаси келиб қолибди. Подшога:
— Шоҳим, бу йигит менинг укам бўлади, ўзи подачи, сал эси пастроқ, овсарроқ. Лекин, эҳтимол, гапида бирор ҳақиқат бўлиши ҳам мумкин. Агар бирорта бургут кучук боласини чангаллаб кўкка парвоз этган бўлса, укам ўша кучук боласини акиллаганини эшитиб, овсарроқ бўлгани учун, бунга ақли яхши етмай, бу ерга келиб, сизга “мен осмонда итнинг акиллаганини эшитдим” деб айтган бўлса керак, — дебди.
Бу гап подшога маъқул тушиб, йигитни авф этибди ва унга кийим-бош ҳадя этибди. Уйга қайтгач, акаси укасини роса уришибди.
— Мен сени бир ўлимдан сақлаб қолдим. Энди сен уйда ўтиргин. Подшо билан гаплашишни сен билмайсан, — дебди укасига.
Аммо укаси унинг гапига қулоқ солмабди. У совға қилинган кийим-бошларни кийгач, ёлғонни дўндириб, каттароқ совға олмоқчи бўлибди. Подшонинг ёнига бориб, шундай дебди:
— Мен камондан бир ўқ узган эдим, бориб бир кийикнинг қулоғидан кириб, оёғидан чиқибди. Шундан кейин кийик йиқилиб тушди, ўз-ўзидан нордон қайла билан қовурилиб пишди. Мен уни пок-покиза туширдим.
Унинг бундай бемаъни гапи подшога жуда қаттиқ тегибди ва подшо уни ўлимга буюрибди. Буни эшитган акасининг раҳми келиб яна подшо ҳузурига келиб:
— Шоҳим, мен бу ҳақда аввал ҳам айтиб ўтган эдим. Укам ўзи шунақа сал эси пастроқ, нодон, ҳатто гапини ҳам эплаб гапира олмайди. Лекин ўзи жуда яхши мерган. Балки укам кийикни отаётганида кийик оёғи билан қулоғини қашиётган бўлса, ўқ кийикнинг ҳам қулоғига. ҳам оёғига теккан бўлса керак. Кийик қулаб тушган. Ўқ ёйнинг учи пўлатдан бўлгани учун ўқ бориб чақмоқтошга тегиб учқун чиқарган, учқун шу ердаги қуруқ ўтларни ёндириб, ўлган кийикни кабоб қилган бўлса керак. Бундан ташқари, кийик бир туп зира устига ағанаб тушган, унинг меваси эзилиб, худди нордон қайлага ўхшаб кўринган. Укам кийик гўштини еганда, унга нордон қайла бордай туюлган.
Бу жавобдан қониққан подшо унинг укасини озод қилиб юборибди.
Шундай қилиб, ёлғон гап билан у нодон укасини ўлимдан қутқариб қолган экан.