Бор эканда, йўқ экан, қадим замонда бир золим хон бор экан. У ўзининг золимлиги билан донг таратган экан. Хон ўз еридан одам ўтказмаслик учун чегарадаги дарё кўпригига жаллод қўйибди.
Кўприкдан ўтган кишидан жаллод:
— Йўл бўлсин? — деб сўрар экан. Агар йўловчи тўғри жавоб берса, хоннинг буйруғига кўра уни дарёга ғарқ қилиши керак экан, агар ёлғон гапирса, шу ердаги дорга осиши керак экан. Кўп кишилар келиб бегуноҳ қурбон бўлиб кетишар экан.
Кунлардан бир куни зийрак бир деҳқон:
— Шу кўприкдан ўтаман, — деб шериклари билан баҳслашибди. У ҳеч қўрқмай, дадил қадам ташлаб кўприкдан ўтаётганида жаллод тўхтатиб:
— Йўл бўлсин? — деб сўрабди. Шунда деҳқон:
— Мени дорга осгин, деб келдим, — дебди. Жаллод деҳқонни осай деса, у тўғри жавоб берган бўлиб чиқади. Хоннинг буйруғига мувофиқ бундай қишини сувга ғарқ қилиш керак. Сувга ғарқ қилай деса, ёлғон гапирган бўлиб чиқади, демак, деҳқонни дорга осиш керак.
Жаллоднинг бу жумбоқдан энсаси қотиб, деҳқонни бўшатиб юборибди.