Бир бор экан, бир йўқ экан, бир подшо бор экан. Бир хотинини подшо қўйиб юборган экан.
Кунлардан бир куни подшо ўзини танитмай, шу хотинининг уйига кириб борибди ва:
— Тангри меҳмон олинг, — дебди. Хотин эшикни очиб:
— Тангри меҳмонга эшигимиз очиқ, — деб подшони кутиб олибди. Подшо хотинидан:
— Бу уйда ёлғиз яшайсизми? — деб сўрабди. Хотин:
— Ёлғиз эмасман, эрим ўтинга кетган, келиб қолар, — дебди. Шунда подшо:
—Шундай гўзал аёл ўтинчига хотин бўлиб яшайсизми? Топилмадими бир бойроқ одам? — дебди.
— Бойроқни бошимга урайми, подшонинг ҳам хотини бўлиб кўрганман, минг подшодан бир қул, минг олтиндан бир пул яхши, — дебди хотин.
Подшо таажжубланиб яна сўрабди:
— Нима, подшонинг хотини бўлиш ёмонми?
— Агар подшонинг хотини бўлсанг, қирқ кунда бир куласан-у, кунда минг ўлиб тириласан. Эримга ўхшаган ғариблар эса хотинларини кунда минг кулдириб, оёғингга тикон кирса тили билан суғириб олишга ҳам рози бўлади, — дебди хотин.
Подшо, “Хотиним мендан айрилганидан хурсанд экан” деб, ўтинчи келмасданоқ чиқиб кетибди.
Шундан кейин подшо эртаси куни бир хотини билан қолиб, бошқа хотинларини мол-дунёси билан айириб юборибди. Унинг эртасига эса элатга жар урдирибди: “Кимда ким икки хотинли бўлса, бир хотини билан қолиб, иккинчисини рози қилиб айириб юборсин, фармон бажарилмаса, моли подшолик, боши қазолик!” Бу фармонни эшитган бойлар, вазир-у вузаролар, мулла—эшонлар, савдогар-у бойваччалар, қўйингки, ким икки хотинли бўлса, бирисини қози-калонлар иштирокида талоқ қилиб, севган хотинлари билан қолишибди.