Эшмат билан Тошмат

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда икки дўст яшаган экан. Улардан бирининг исми — Эшмат, иккинчисиники Тошмат экан. Улар ўрталаридан қил ўтмас яқин дўст экан. Икковлари ҳам жуда камбағал экан.
Кунлардан бир кун улар Хизр ёнига илтимос билан бормоқчи бўлишибди. Эшмат билан Тошмат ўзаро маслаҳатлашишибди. Шунда Эшмат:
— Мен Хизрдан мол-дунё ва кўпгина улфатлар сўрайман, — дебди. Тошмат эса:
— Менга мол-дунё керак эмас. Мен ёшимни яшаб, уйланиб, бола-чақа орттирсам, дейман, —- дебди.
— Эй, ундан кўра, менга ўхшаб сен ҳам мол-дунё сўрасангчи? Агар бойлигинг бўлса, ҳамма иш ҳам юришиб кетаверади, — дебди Эшмат.
Тошмат эса ўз гапидан қайтмабди. Улар Хизрга бориб, ўз тилакларини айтишибди. Хизрнинг уларга раҳми келиб, сўраган нарсаларини берибди. Келгусидаги ҳаётлари ўзлари тилаб олганларидек бўлишини айтибди. Иккаласи ҳам хурсанд бўлиб қайтишибди ва катта бир чинор тагига келиб дам олишибди. Шу чинор тагида Эшмат билан Тошмат ажраб кетишлари керак экан. Улар хайрлашиб, уй-уйларига жўнашибди.
Орадан бир неча йиллар ўтибди. Эшмат жуда бой бўлиб кетибди, мол-у дунёси, ўртоқлари борган сари кўпайиб, қаерга борса меҳмондорчилик, айш-ишрат билан яшабди. У қирқта хотин олибди, лекин бирорта ҳам фарзанд кўрмабди.
Бир куни хуноб бўлиб ўтириб, дўсти Тошмат эсига тушибди. Эшмат дўстидан бир хабар олмоқчи бўлиб, бир қанча дўстлари билан Тошматникига жўнабди.
Тошмат меҳмонларни жуда яхши кутиб олибди. Тошмат камбағал яшар экан. Унинг эгнида эски чопон, оёғида эски калиш, битта носқовоқни осиб олган экан. Унинг жуда гўзал хотини, ўнта ўғли, саккизта қизи бор экан. Катта фарзандлари ёрдам берадиган бўлиб қолган экан. Тошмат топганини, борини дастурхонга қўйибди. Шунда Эшмат:
— Ўртоқ, ўшанда нимага сен менинг гапимга кириб мол-у дунё сўрамадинг? Яшашингни қара, бир аҳвол. Сенга фарзандларинг нима қилиб берарди? — дебди.
Бу гапдан Тошматнинг жаҳли чиқиб:
— Яшашимга нима бўлибди, мен ҳам бошқа одамлар сингари кунимни кўриб юрибман. Ҳаётимдан нолимайман, ёнимда бола-чақаларим бор, нима ғамим бор? Ўлсам, чироғимни ёқиб қоладиган ўғилларим бор. Қизларим эса ўлганимда тепамда отамлаб йиғлашади. Ном-нишонсиз кетмайман, — дебди.
Бу гаплардан Эшмат таъсирланиб, хафа бўлиб қолибди. Шу пайт Тошматнинг кичкина ўғли чопиб келган экан, отаси унга:
— Бор, ҳов анави ерда ётган носқовоғимни олиб келгин, бир чекай, — деб носқовоғини анча нарига отиб юборибди.
Ўғли отасининг айтганини қилиб, югуриб бориб носқовоғини кўтариб келибди.
— Кўрдингми, қани сен ҳам бирорта ўртоғингга буюр-чи, отиб юборган носқовоғингни олиб келиб берармикан? Ўз фарзандинг бўлганида беминнат қиларди. Уни уришсанг ҳам, сўксанг ҳам, эркаласанг ҳам ихтиёр ўзингда, ўз фарзандингга хаддинг сиғаверади. Қариганингда эса белингга қувват бўлади, — дебди.
Эшмат “ҳа, бойлик, айш-ишрат ўткинчи экан. Мен ҳам бир пайтлар Хизрдан фарзанд тиласам бўлар экан” деб, хафа бўлиб, дўстлари билан уйига қайтибди.