Бир йигит далага ўтин тергани чиқибди. Бир дарахт ёнига келиб шу дарахтни йиқитмоқчи бўлибди. Бир шер келиб қолиб:
— Эй одам, нимага келдинг, бу ерда нима иш қиласан? — дебди. У йигит:
— Мана шу теракни қулатаман, — дебди.
Шер:
— Мен шундай кучим билан бу теракни қулата олмайман-ку, сен қандай қилиб қулатасан, — дебди.
Йигит:
— Эй, жўра, мен жуда зўрман, — дебди. Шер:
— Сен зўр бўлсанг, кел икковимиз курашиб кучимизни синаймиз, — дебди.
Йигит:
— Майли, курашамиз, — дебди. Иккови курашмоқчи бўлиб турганда йигит:
— Кучимнинг ярми уйда қолибди, бориб олиб келай, — дебди.
Шер:
— Ҳа, бориб кел, бўлмаса йиқилсанг кучим уйда қолган эди, деб тан бермай юрарсан, — дебди. Йигит кучини олиб келмоқчи бўлиб кетиб, бир жойда кўринмай бекиниб туриб, яна қайтиб келибди.
Шер:
— Олиб келдингми? — дебди.
— Олиб келдим, — дебди йигит.
— Ундай бўлса, қани курашайлик, — дебди шер. Яна иккови курашмоқчи бўлиб турганда йигит:
— Эй, шер жўра, кучимнинг тағин пичаси уйда қолибди. Олиб келай, — деб кетиб, йўлдан қайтиб келиб:
— Сен қочиб кетма, — дебди.
Шер:
— Йўқ, мен қочмайман, шернинг гапи бир, — дебди.
Йигит:
— Йўқ, сенга кўнглим ишонмайди. Сени боғлаб кетаман, — дебди.
Шер:
— Боғлай қол, — деб ўзини боғлатибди. Йигит шерни маҳкам боғлабди. Толдан яхши бир таёқ қилиб олиб келиб, гурсиллатиб шерни ура бошлабди.
Шернинг: «Жон одамзод, мени урманг, энди одамзодга йўлиқмайман», деб ялинганига ҳам қарамай, ураверибди. Шу пайт бир йўлбарс келиб қолибди. Йигит йўлбарсдан қўрқиб терак бошига чиқиб кетибди. ЙЎлбарс шернинг боғланиб ётганини кўриб:
— Эй, шер, шунча кучинг билан нимага ўзингни одамзодга урдирасан? — дебди.
Шер:
— Эсинг бўлса одамзодга йўлиқма. Қоч бу ердан. Сени ҳам ушлаб, боғлаб уради, — дебди. ЙЎлбарс шердан бу гапни эшитиши билан орқасига қарамай қочиб кетибди. Йигит терак устидан тушиб, шерни бўшатиб юборибди. Теракни қулатиб, арралаб уйига олиб бориб, мурод-мақсадига етибди.