Абазин мақоллари (84 та)

• Ишёқмас полиз қўриқчисидан ҳам ёмон, полиз қўриқчиси ҳеч бўлмаса қўрқитади.
• Топилмаган гўштдан бўрининг тиши қамашади.
• Аччиқ овқат емаган асалнинг ширинлигини билмайди.
• Эшакдан йиқилган болани арғумоққа миндирма.
• Тухум товуққа ақл ўргатаркан.
• Эскини мақтаб, янгини ол.
• Ҳақиқатнинг йўли кенг.
• Ҳўкизнинг ўлими ― итларга базм.
• Билимни белга боғлаб юрмайдилар.
• Ҳамжиҳатлик оилани мустаҳкамлайди, биргаликда овқат доим ширин.
• Бирлашган куч қояни жилдиради.
• Қалбда яширингани юзда балқийди.
• Калга тароқ кўрсатма.
• Шамол уйни ҳам, чайлани ҳам учиради.
• Болтани қидириб, сопини ташлаб кетма.
• Қучоқ терган жойингда ғарамни қолдирма.
• Бир ғарам сомон ичидан игнани қидиради.
• Ёй ушлолмаганини ёл ҳам ушлолмайди.
• Бўладиган одам қамчи дастасичалигидан маълум.
• Экишни билмаган арпани шағалга экади.
• Она қизига ўргатса, қизи пашша санайди.
• Ёшга ўргатадилар, қарига ўргатиб бўлмайди.
• Камондан отишни билмаган, пистолетнинг учини ўйнаркан.
• Бадҳазм аёл бадҳазм бола туғади.
• Жуни юлинган сичқон яна тери ташлабди.
• Уловни бузилган жойида тўғрилайдилар.
• Хўжайиннинг инжиқлиги ― деҳқонга йиғи.
• Қари итга зардоб ҳам бермайдилар.
• Омадсизнинг гўшти ҳам пишмайди.
• Қурғоқчилик келтирган зарарни ёмғир ювади, ёмғир келтирган зарарни қурғоқчилик бартараф этолмайди.
• Оловсиз тутун чиқмайди.
• Катта ит ҳуриса, ортидан кичиклари ҳам ҳурийди.
• Тухум товуқдан ақлли.
• Оилада бола ҳаммадан катта.
• Ҳўкиз ва пашша бир-бирига уруш очди.
• Бўрини чўпон қилишди.
• Ташлаб юборилган кулни яна ўчоққа солмайдилар.
• Ишинг йўқ жойга бурнингни суқма.
• Момақалдироқ гулдиради, яшин урди, ёмғир қани?
• Яхшилик яхшиликни етаклайди, ёмонлик ― ёмонликни.
• Ёпишган жун қўзичоқни асрайди, тарқоқ жун буқани ҳам асролмайди.
• Бола кўр бўлса ҳам онасига кўзи ўткирдек туюлади.
• Агар битта қўй тошдан сакраса, бошқалари ҳам сакрайди.
• Отаси урушқоқ бўлса, боласи ҳам тўполончи бўлади.
• Сўзни кўп қайтарсанг, у ҳам аччиқ бўлади.
• Агар тортишув мушт билан тугаса, бегона одам зиён кўради.
• Отга яхши қара, ҳўкизни ҳам унутма.
• Ковланган чуқурнинг тупроғи билан ўша чуқурни кўмолмайсан.
• Бўш пиёладан сув тўкилмайди.
• Битта от куйласа, қолган юзтаси ҳам куйлайди.
• Эгари бор кетиб, оти бор қолди.
• Ҳанжарни икки марта қиндан чиқарма, сўзни икки марта қайтарма.
• Бўри қўйни олиб қочар экан, тамғасига қарамайди.
• Дарахт қариса қурт босиб кетади.
• Отлиқ пиёдага ўртоқ эмас.
• Яхшиликниям ёмонликниям билмаган ҳамма нарсани биламан деб ўйлайди.
• Бир марта ёлғон гапирганга иккинчи марта ишонма.
• Дарё қаёққа оқса, унинг тугаш жойи ҳам ўша ёқда.
• Ёш яшнайди, қари тўкилади.
• Кимнинг устидан кулсанг у ҳам устингдан кулади.
• Сен кўрган ҳамма қизил нарса ― гўшт эмас, оқ нарса ― ёғ эмас.
• Билмаслик хато қилишга олиб келади.
• Миёвламайдиган мушук миёвлайдиганидан хавфли.
• Бўри қўйнинг олдидан индамай ўтадими?
• Қўй эчки бўлиб, эчки қўй бўлиб қоладими?
• Оч билан тўқ бир-бирини тушунадими?
• Дарё эски ўзанига қайтади.
• Бир кунда туғилдим, бир кунда ўламан.
• Игна билан қудуқ қазийди.
• Қор жуда оқ ва чиройли бўлгани билан тез эриб кетади.
• Бадан ― суяклар учун ёпинчиқ, кўйлак ― бадан учун ёпинчиқ.
• Унинг қалбидаги ўзини ўлдиради, тилидан чиққани ― бизни.
• Бепушт хотиннинг боласи йиғламайди.
• Ҳаракатчаннинг қони ўйнайди, дангасаники ― тўғнайди.
• Битта ақл яхши, иккитаси ундан яхши.
• Яхши дўст ёмон акадан афзал.
• Илоннинг териси ўзгаргани билан юраги ўзгармайди.
• Унинг тиши оқ бўлгани билан юраги қора.
• Катталар гапирганини болалар қайтарадилар.
• Бир киши эплолмаганини икки киши бажаради.
• Мешга нима қуйсанг, шуни ичасан.
• Гўшт ачиб қолмасин деб тузлайдилар, туз ачиб қолса нима қиласан?
• Бегона ит келди ― бизникини ҳайдади.
• Кимни эсласанг, у остонада кўринади.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Абазинлар, абазалар — Россия Федерациясининг Қорачой-Черкас ва Адигей мухтор вилоятлари ҳамда Ставрополь ўлкасида яшайдиган халқ (37,9 минг киши (2002). Туркиянинг марказий ҳудудларида 10 мингга яқин абазинлар яшайди. Умумий сони 47 минг киши (2002). Кавказ тиллари гуруҳига мансуб абаза тилида гаплашади. Абазинлар ислом динининг сунний мазҳабида.