Қадим замонда бир бечора камбағал эр-хотин яшар экан. Уларнинг экин экишга на ерлари, на ейишга овқатлари бор экан. Доим камбағалликларидан нолиб юрар эканлар.
Уларнинг бадавлат бир кўшниси бор экан. Қўшнисининг уларга раҳми келиб, юз тилла берибди ва “уйингни яхшилаб олгин” дебди. Камбағал хурсанд бўлиб, раҳмат айтибди.
У уйига кириб кетаётганида, бир қуш унинг бошида айланаверибди. У қўшниси берган тиллаларни салласига солиб қўйган экан. Қуш унинг салласини олиб қочиб кетибди. У қушни қувиб, ета олмабди. Кейин ўйлаб-ўйлаб, хотинига айтмасликка аҳд қилибди. Улар аввалгидек ночорликда яшайверишибди. Буни кўрган қўшниси, “ҳалиям рўзғорини тиклаб ололмабди-да”, деб бу сафар минг тилла берибди. У минг тилладан юз тилласига кийим-кечак, озиқ-овқат олибди. Қолган тўққиз юз тилласини уйида эски бир кўзаси бор экан шунга солиб яшириб қўйибди.
Бир куни у уйда йўқлигида, лўлилар “эски нарсалар борми”, деб сўраб келишибди. Камбағалнинг хотини “бу эски кўзанинг нима кераш бор”, деб лўлиларга бериб юборибди. Эри келганидан кейин эски кўзани лўлиларга бериб юборганини айтибди. Хотинининг гапларини эшитиб, роса хафа бўлибди ва унга кўзанинг ичида тўққиз юз тилла яшириб қўйганлигини, буларни қўшниси берганини айтибди.
Хотини, “нега менга айтмаган эдингиз?” деб хафа бўлибди. Шундай қилиб, бир оз вақт ўтмасдан, улар яна аввалгидек кун кечираверишибди. Қўшниси ҳайрон бўлибди, “минг тилла уйини яхшилаб олишга ҳам, озиқ-овқатларига, кийим-кечакларга ҳам етарди, ортиб ҳам қоларди-ку”, деб ўйлабди.
Бир куни у балиқ овлашга бормоқчи бўлибди ва биринчи илинган балиқни яна шу камбағал қўшнисига беришга аҳд қилибди.
Бир маҳал биринчи тутган балиғи шундай катта чиқибдики, уни зўрга тортиб олибди. Балиқнинг катталигини кўргач, қўшнисига бергиси келмай қолибди. Кейин яна ўз аҳдини бузишга уялиб, охири балиқни камбағалга берибди. Камбағал балиқни кўриб, роса хурсанд бўлибди. “Бу балиқни бир йил есам ҳам, тугамайди”, деб ўйлабди. Ниҳоят балиқнинг ўртасидан кесишибди.
Кесиб, ҳайрон бўлишибди, унинг ичидан бир ўғил бола билан калладек гавҳар чиқибди. Аввал қўрқишибди, кейин “майли бу ҳам яхши, фарзандимиз йўқ эди, энди ўзимиз ўғил қилиб оламиз” деб келишишибди. Шундай қилиб улар болани меҳр билан тарбиялай бошлашибди. Ҳалиги гавҳарни эса уйларига қўйиб қўйишибди. У чироқсиз ҳам уйни ёритиб турар экан.
Камбағалнинг уйида гавҳар борлигини эшитиб, бир бой ўз одамини уникига юборибди. Камбағал гавҳарнинг нималигини ҳам, қиммат туришини ҳам билмас экан. Бойнинг юборган кишиси гавҳарни уч минг тиллага олиб кетибди. Бу пул билан камбағал ўзини ўнглаб, бойиб, яхши яшайдиган бўлиб кетибди.
Кунлардан бир кун камбағал ўғли билан ўтирган экан, ўғлининг кўзи дарахтдаги қуш болаларига тушибди. Бола дарахтга чиқиб, қуш болаларини олмоқчи бўлибди. Дарахтга чиқиб, қуш уясидан болаларини олаётганида қараса, уяси салладан эмиш. Салланинг остида бир нарса ялтираб турган эмиш. Бола дадасини чақириб:
— Қушнинг уяси салладан экан, — дебди. Отаси ҳайрон бўлиб:
— Бу ёққа олиб туша қолгин, — дебди.
Бола саллани олиб тушибди. Камбағал қараса, ўша ўзининг салласи, орасида юз тилласи ҳам турган эмиш. У салла билан тиллаларни хотинининг ёнига олиб борибди ва бўлган воқеани айтиб берибди.
Эр-хотин билан ўғли жуда хурсанд бўлиб туришган экан, бирдан кўчадан лўлининг “ким эски кўза олади” деб юрганини эшитиб қолишибди. Камбағалнинг хотини чиқиб:
— Мен оламан, — дебди ва кўзалардан бирини ўн тиллага сотиб олибди.
Бир вақт кўзага яхшилаб қараса, ўзининг ўша эски кўзаси экан. Ичини қарашса, ўша бир пайтлар кўзага солиб қўйилган тўққиз юз тилла шундай турган эмиш. Кўзанинг кўриниши жуда эски бўлгани учун, ичида бирор тузукроқ нарса бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган экан.
Ҳаммалари роса қувонишибди. Қўшнисининг берган ёрдами туфайли камбағал ўзига тўқ, бой даражага кўтарилибди. Бутун ҳаёти давомида тинч-тотув, яхши ҳаёт кечиришибди!