Бир куни хўроз тулки билан учрашиб қолибди. Улар дўст бўлибдилар. Улар бир уйга келиб, ош қилмоқчи бўлиб турганларида уйга эчки кириб келибди. Улар ош қилишибди. Шу вақт бир нарса дукуллаб қолибди. Хўроз чиқиб қараса, йўлбарс эмиш. Йўлбарс тўппа-тўғри уйга кириб келибди. Тулки ўрнидан туриб:
— Келинг, тақсир, — дебди. Эчки чилдирмани қиздириб йўлбарсга берибди. Йўлбарс ашула айтибди:
— Чилдирмани чаламан,
Бўлиб хушвақт ўргулай.
Эчки, хўроз, тулкилар
Бўлгай овқат ўргилай.
Кейин навбат тулкига келибди:
— Йўлбарсдек меҳмонимиз
Ўткир товуш ўргулай.
Териси Болтабойга
Бўлар ковуш ўргулай.
Йўлбарс қўрққанидан секин чиқиб қочиб кетибди. Шунда тулки ашулани давом эттирибди:
— Йўлбарсдек меҳмонимиз
Қилди “арз” ўргилай.
Орқасидан қичқириб,
Қолди хўроз ўргилай.
Улар ҳозир ҳам ашула айтаётган эмиш.