Бир бор экан, бир йўқ экан, катта ўрмонда ҳайвону жону жониворлар қатори майна ҳам арчага ин қўйиб, тухум қилиб, бола очиб, ана энди мен ҳам она бўлдим, бугун-эрта жўжаларим чиқади, деб қувониб юрибди.
Аммо майнанинг қувончи узоққа бормабди, заққумга айлана бошлабди. Бир куни эрталаб, оч қолган тулки арча остига келиб, дийдиёсини бошлабди:
— Ў, майнахон, дарахтимни эгаллаб ётаверасанми, менга деса, бола очмай хазон бўлгин. Мендан бошқа ҳамма деҳқончилигини бошлаб юборди, ерини ҳайдаб, уруғини экиб бўлай деди. Мен бўлсам, сенга қараб ўтириб на омочимни, на бўйинтуруғим, на тешам ва болтамни олиб келганим йўқ. Қачон бу майна жўжа очиб, болаларини учағон қилиб кетади-ю, мен арчани кесиб асбоб ясайман, деб хуноб бўлиб юрибман. Қани, бўлди энди, кўтар ашқал-дашқолингни, бола-бақрангни.
Тулкининг ҳийласига лаққа тушган майна кўзёши тўкиб, жаврай бошлабди: Жон тулкижон, мен онага, ҳали қанотлари чиқмаган жўжагиналаримга раҳм қил, пича сабр қилсанг, ҳаммаси яхши бўлади. Сени дуо қиламан.
Майнанинг қўрққанини сезган тулки яна ҳам дағдағани авжига олибди:
— Менга деса қирилиб кетмайсанларми болаларинг билан. Дуонгни пишириб ейманми, қани, уча қол!
Майна яна ялина бошлаган экан, тулки нима дебди денг:
— Ундоқ бўлса, жўжаларингдан бировини ташлаб юбор, нонушта қилиб олай, кейин у ёғини келишиб оламиз.
Ночор аҳволга тушиб қолган майна рози бўлибди-ю, аммо қайси бирини беришини билмабди. Ахир ҳаммаси ҳам боласи, қай бири аччиқ, ҳаммаси ҳам ширин. Жўжаларини силаб-силаб, оҳ-нола қилибди.
Тулки яна дўқ қилибди: — Бўл тезроқ, қорним оч, сўнг йиғингни қилаверасан!
Шу пайт қаердандир она қарға учиб келибди. Майнага жон кириб, воқеани қарғага баён қилибди. Буларнинг маслаҳатини эшитган тулки узун улибди-да:
— Эй, иғвогар қарға, нега орабузарлик қиляпсан. Майнага айт, берса, битта жўжасини беради, бермаса, сени ҳам қўшиб ғажиб ташлайман.
Қарға “қағ-қағ” деганча тулкига дебди:
— Дўқ қилма, майна ҳечёққа кетмайди, болалари норасида ҳали. Кессанг, кеса қол арчангни. Дарвоқе, нима билан кесасан? Арра-болтанг йўқ-ку?
Тулки керилиб, қуйруғини кўрсатиб:
— Мана менинг арра-болтам, — дебди.
Қарға: — Қағ-қағ, бу ишинг аҳмоқчилик-ку, — дебди.
Жаҳли чиққан тулки бошқа ҳийлага ўтибди: — Мен очимдан оламан, — дебди-ю, тепаликка чиқиб, чўзилиб ётибди. Анчадан сўнг ўлган бўлса, аввалига кўзларини ўйиб олайин, деб ўйлаган қарға учиб бориб, тулкининг бошига қўнибди. Қарғадан ўч олишга пайт пойлаган тулки қарғани ғиппа бўғиб олибди:
— Қўлга тушдингми, маҳмадона. Майна ўрнига энди сени суякларинггача ғажийман!
Типирчилаётган қарға бошқа бир тадбирни ўйлабди:
— Тулкибой, майли, есанг, ея қолгин. Аммо бобомни ўлдириб еганингдақа азоб бермагин. Эсингдадур, бечора бобомни ғилдиракнинг гупчагига боғлаб, пастга думалатгандинг.
— Эла-ҳа, эсимга тушди, сениям шунақа қилиб ўлдириб, сўнг ейман, — дебди тулки ва қаердандир бир ғилдиракни топиб, қарғани унинг гупчагига богиаб, баландликдан пастга думалатиб юборибди, қарға бўлса гупчакнинг бир томонидан иккинчи томонига ўтиб учиб кетибди. Тулки бўлса оғзининг сўлагини оқизиб қолибди.
Шундай қилиб, қарғанинг тадбиркорлиги билан ўзи ва майна билан болалари ўлимдан қутулиб қолибдилар ва ўрмонда аҳил бўлиб яшайверибдилар.