Бор эди-ю, йўқ эди, оч эди-ю тўқ эди. Қадимги замонда қари бир серкабобо бор эди. Унинг ўғил-қизлари, невара-чеваралари мингдан ошиқ эди. У тоғ этагидаги кенг яйловда ўйнаб-кулиб, тинчгина яшар эдилар.
Кунлардан бир куни бир оч бўри буларнинг дарагини эшитиб, келди. Бўри секин тоққа чиқиб, тошларнинг орқасидан мўралаб қарабди.
— Бай-бай-бай, ҳаммаси ҳам бир-биридан семиз. — Бўри оғзининг сувини оқизиб, қорни очиб, нафси ҳакалак отиб турган бўлса ҳам зўрға ўзини тўхтатиб, айтибди:
— Шошилиш керак эмас. Ҳозир бирортасини тутиб олсам, бошқалари қочиб кетади. Яхшиси, аввал панароқ жойдан бир уй топай: кундузи уйдан чиқмай, бекиниб ётай, кечалари овга чиқай, шундай қилиб, бу аҳмоқ эчкиларни еб юрай.
Орадан бир ҳафта ўтмай, бўрининг ҳийласи билиниб қолди. Эчкилар серкабобонинг уйига йиғилиб, мажлис қилдилар. Бўрининг устидан арслонга арз қилиб, ёрдам сўрамоқчи бўлдилар. Бу вазифани бажариш учун серкабобо ва яна бир эчкини вакил қилиб сайладилар. Мажлис ёпилиши билан вакиллар арслоннинг уйига қараб йўл солдилар. Улар кечгача юриб, кун ботганда етиб бордилар. Ҳайбатли арслон мўйловини бураб, уйида ёлғиз ўтирган эди. Вакиллар қўл қовуштириб, салом бериб кирдилар.
— Нима иш билан келдингиз? — деб, асрлон қовоғини солиб сўради. Серкабобо йиғламсираган товуш билан арз қилди:
— Мен бир мўйсафид, дуогўйингизман, ёшим етмишдан ўтди. Сиз подшоҳимиз давлатингиз соясида мана шу тоғ этагидаги яйловда бола-чақаларим билан тинчгина яшар эдим. Яқиндан бери бир золим бўри пайдо бўлиб, ҳар кеча болаларимни ўғирлаб кетади. Сиз подшоҳимиз шу ўғрининг жазосини берасиз, деб арз қилиб келдик.
Арслоннинг жаҳли чиқиб, сочлари тик бўлди:
— Қайси довюрак мендан қўрқмай фуқароларимга зулм қилар экан? Юринглар, ҳозир бориб жазосини бераман, — деб ирғиб турди. Вакиллар арслон билан бирга яйловга қараб йўл солдилар. Кеча ойдин эди. Тоғдан ўтганда, эчкиларга қараб кетаётган бўрини кўрдилар. Арслон бир югуриб, бўрига етди-да, қорнини ёриб ташлади. Серкабобо ўз ҳамроҳи билан хурсанд бўлиб, бу яхши хабарни болаларига етказишга шошилди. Эртаси, тонг отиб, ҳали кун чиқмаган эди. Арслон келиб, ҳамма эчкиларни бир жойга тўплаб айтди:
— Мен кеча бўрини ўлдириб сизларни оиимдан қутқардим. Шу катта хизматимнинг эвазига ҳар кун эрталаб бир эчкини нонуштам учун уйимга юбориб туринглар. Агарда бўйин товлаб юбормасангиз, бир кечада ҳаммангизни ўлдираман.
Эчкилар нима жавоб қилишни билмай бир-бирларига қараб, ҳайрон бўлиб қолдилар. Ўртадан Серкабобо туриб, “хўп”, деди ва ҳар куни бир эчкини етказиб беришга ваъда берди. Арслон “хамир учидан патир”, деб бир семиз эчкини ҳайдаб кетди.
Эчкилар яна тўпланиб, маслаҳат қилдилар. Арслонни йўқотиш учун ҳеч қандай чора тополмай, кечалаб узоқ бир жойга қочиб кетишга қарор қилдилар. Серкабобо оппоқ, узун соқолини тутамлаб узоқ ўйлагач, болаларига айтди. Бу кеча ҳам сабр қилинглар, иложини топмасак, эртага қочиб кетамиз. Эчкилар туни билан қолиб, бутун кечани қайғу билан ўтказдилар. Серкабобо эрталаб туриб, арслоннинг уйига жўнади. Йўлда бир-икки соат дам олиб, кечроқ етиб борди. Арслон нонуштага эчкининг кеч қолишидан ғазабланиб ўтирган эди.
У Серкабобони кўргач, бақириб юборди:
— Нимага кеч келдинг?
Серкабобо шошилиб жавоб берди:
— Мен эрталаб бир семиз эчкини олиб келаётган эдим. Сизга ўхшаш бир катта арслон йўлимизни тўсиб, қаерга боришимизни сўради. Мен сизга берган ваъдамни, ҳам шу ваъдага асосан ҳалиги эчкини олиб келаётганимни айтдим. Бу сўздан унинг аччиғи келиб:
«Бу ерда мендан бошқа подшоҳ йўқ. Ҳар куни эрталаб нонушталик эчкини менинг уйимга олиб бор”, — деб бизни ҳайдаб кетди. У уйини кўрсатиб менга жавоб берди. Сизга олиб келаётган шеригимни олиб қолди. Шунинг учун хизматингизга кеч қолдим. — Арслон бу сўзни эшитгач, ўтдек ёнди, кўзлари қонга тўлди:
— Юр, уйини менга кўрсат, подшоҳлигини кўрсатиб қўяман, — деб Серкабобо билан йўлга чиқди. Йўл бўйида жуда чуқур қудуқ бўлиб, Серкабобо арслонни ҳалиги қудуқ бошига олиб бориб, “Душманингиз мана шу ерда”, деб кўрсатди. Икковлари қудуқ ичига қарадилар. Арслон ўзининг ҳам, Серкабобонинг сувратини сувда кўриб, эчкини олиб қўйган арслон деб ўйлади ва ўзини қудуққа ташлаб юборди. Сўнгра, Серкабобо:
— Қалайсиз, подшоҳим? Эчкининг гўшти ширинми? — деб қаттиқ кулиб юборди-да, болаларининг олдига қайтиб кетди ва тинч яшай бошладилар.