Қорасочхон

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда бир подшонинг қизи бор экан. У вазирнинг Қорасочхон деган гўзал қизи билан бирга мактабда ўқир экан. Подшонинг қизи унча чиройли эмас экан. Кунлардан бир куни ўртоқлари ўртасида “Подшонинг қизи чиройлими ёки вазирнинг қизими”, деган тортишув бўлибди, охирида “Вазирнинг қизи чиройли”, деган натижага келиб-дилар. Буни эшитган подшонинг қизи уйига қайтганда отасига йиғлаб:
— Ўртоқларим мени “Сен Қорасочхондан хунуксан”, деб уялтирдилар, — дебди. Подшо ғазабга келиб, Қорасочхоннинг отасини чақиртирибди:
— Қизинг менинг қизимни ўртоқларининг олдида уялтирибди, энди қизингни жаллодга топшир! — дебди. Вазир:
— Эй, подшоҳи олам, битта-ю битта қизимни ўлдирмаслигингизни сўрайман. Агар сиз уни менга топширсангиз, бу ердан жўнатиб юбораман, ёш нарса бекорга нобуд бўлмасин, — деб подшонинг оёғига бош уриб йиғлаб илтимос қилибди. Вазир ялиниб илтимос қилгандан кейин подшо Қорасочхонни мамлакатдан чиқариб юборишга рухсат берибди.
Вазир бир ойга етадиган овқат билан қизини сандиққа солибди. Шу билан бирга, сандиқнинг ичини тилла ва турли қимматбаҳо тошлар билан тўлатибди.
Вазир сандиқни халқ тўпланган жойга — бозорга олиб чиқиб:
— Ким шу сандиқни юз тиллага сотиб олади? — дебди.
Ҳеч ким сандиқ ичида нима борлигини билмабди.
Баъзилар қимматбаҳо мол бордир деб, бошқалари ҳеч нарса йўқ, фақат тош тўлдириб келгандир, деб ўйлабдилар.
Савдогарлар ўйлаб сандиққа харидор бўлибдилар. Ахири тўпланган халқ ичидан оёқяланг, сочлари ўсиб қошига тушган, чурик кийим кийган бир киши чиқиб:
— Мен ўн йилдан бери сувчилик қилиб, шу ҳунарим орқасидан топган пулим юз тилла эди, шунга сандиқни ола қолай. Майли, таваккал, — дебди. Бунга ҳеч ким ишонмабди. “Бу жинни бўлиб қолган кишига ўхшайди”, деб сувчини итариб ташлаб, сандиқ олдига йўлатмабдилар. Лекин сувчи сандиқ эгасига юз тилла санаб бериб, сандиқни олиб чиқиб кетибди.
Сувчи ўзининг турадиган жойига бориб сандиқни очиб қараса, унда бир хушсурат қизни кўрибди, севиниб, у билан уч-тўрт кун яшабди, яна уни сандиққа солиб, Бағдод шаҳрига, онасига юборибди.
Сувчининг онаси Бағдод шаҳрида ўғли юборган совғалар билан ҳаёт кечирар экан. Она ўғлидан кўпдан бери дарак йўқлигига ва ҳеч нарса келмаганлигига жуда хафа бўлиб юрган вақтида бир одам ўғлидан сандиқни совға қилиб олиб келибди. Сандиқ ичидан Қорасочхон чиқиб, кампирга қуллуқ қилибди. Кампир унинг кимлигини сўрабди. Қиз бўлган воқеани айтиб, унга келин бўлганини билдирибди.
Кампир севиниб, Қорасочхонни яхши кутиб олибди.
Қорасочхон бир неча вақт ўз қайнонаси билан умр кечирибди. Ўзи бирга олиб келган қимматбаҳо тошларни ва тиллаларни сарфлабди. Аввал у кампирнинг йиқилиб кетай деб турган уйлари ўрнига тўрт қаватли арк солдирибди. Бу аркни қуришда баъзан ўзи лойга тушиб, бинокорларга ёрдам берибди. Арк тез кунда битибди. Аркни қуриш вақтида усталардан Уста Олим деган киши Қорасочхонни ёқтириб қолибди.
Арк битгач, Қорасочхон уста ва мардикорларга пул берганда Уста Олим пул олмай кетибди ва бир неча кундан кейин Қорасочхонга совчи юборибди. Қорасочхон совчиларга эри борлигини айтибди ва Уста Олимга тегмабди.
Қорасочхонга қасд бўлиб қолган Уста Олим Бағдод шаҳридан сувчининг олдига бориб:
— Сен қандай юзсиз инсонсан! Сенинг онангга юборган совғанг бир бузуқ хотин экан. У Бағдод шаҳридаги кишиларга иснод келтирди. Ёмонлик билан ном чиқарди. У бузуқликдан топган пулига тўрт қаватли арк солдирди ва ўзи шу аркда Бағдоднинг йигитлари билан айш-ишрат қилмоқда, — дебди.
Бу шум хабарни эшитган сувчи ҳаддан ташқари ғазабланиб, Бағдодга боришга ва Қорасочхонни ўлдиришга шошилибди. Бағдодга келган сувчи ўз ҳовлисида қурилган катта бир аркни кўриб, ўзи эшитган хабарнинг рост эканлигига ишонибди ва ҳеч кимдан суриштирмай, ҳатто онасига ҳам учрамай аркка бориб, Қорасочхонни арк тепасидан тепиб юборибди.
Аркдан думалаб тушган ва беҳуш ётган Қорасочхонни бир киши келиб, кўтариб аравага солиб олиб кетибди. Бу киши Бағдоднинг машҳур табибларидан бири экан. У Қорасочхонни ўз уйига олиб бориб даволабди. У тез кунда тузалибди.
Қорасочхон тузалгандан кейин табибнинг уйида бир неча ой яшабди. Кунлардан бир кун табиб Қорасочхондан ўзига тегишни талаб қилибди. Қорасочхон унамабди. Табиб: “Сени олмасдан қўймайман”, дебди. Қорасочхон: “Мен шу қари чолга тегармидим, ундан кўра ўлганим яхши”, деб қочмоққа жазм қилибди.
Қорасочхон бошқа илож тополмай табибнинг боғи ёнида оқаётган дарёга ўзини ташлабди. Дарё тўлқинлари ўз бағрига ташланган Қорасочхонга раҳм қилгандай уни аста-секин сув юзида олиб борар, Қорасочхон эса тинмай сузишда давом этар экан. Қорасочхон сузавериб, сузавериб чарчабди. Шу вақтда кемада бораётган уч киши сувда оқиб бораётган бир қизни кўришибди.
Улардан бири сувга ўзини ташлаб, қизни ҳалокатдан қутқарибди ва қирғоққа олиб чиқишибди.
Бу йўловчилар уч ака-ука экан. Улар қизнинг гўзаллигини кўриб, бир-бирлари билан талаша бошлабдилар. Бу талашув устига ўша шаҳарнинг бир сироҳи отда келиб қолибди ва уларнинг нима учун жанжаллашаётганликларини суриштирибди. Сабабини билган сироҳи уч ака-укага қараб:
— Мен қўлимдаги ўқ-ёйимни отаман! Кимки ўша ўқ-ёйни олдин олиб келиб менга топширса, қиз ўшаники, — дебди.
Бунга кўнган йигитлар ўқ-ёй отилиши билан чопиб кетибдилар. Бундан фойдаланган сироҳи ўз кийимларини қизга кийдириб, қизни олиб қочибди. Сироҳи шаҳарга яқинлашгач, отдан тушиб, қизга ўз уйининг тайинини айтиб, тўппа-тўғри боришни буюрибди. Қиз бўлса от миниб эркакча кийингани ҳолда сироҳининг уйига бормай, тўппа-тўғри шаҳарнинг гавжум ерига қараб жўнабди.
Бу мамлакат халқи подшо ўлса, “Бахт қуши” деган қушни учириб, шу қуш кимнинг бошига қўнса, ўша кишини подшо қилиб қўяр экан. Эркакча кийим кийган қизнинг шаҳарга кириш вақти “Бахт қуши”ни учириш вақтига тўғри келган экан. Қиз ҳам ўша мамлакатнинг халқи каби, отдан тушиб бир ерда турибди, учирилган “Бахт қуши” тўғри қизнинг бошига келиб қўнибди. Лекин амалдорлар қушнинг мусофир “йигит” бошига қўнишига қаршилик кўрсатиб, қушни учириб юборибдилар. Аммо “Бахт қуши” уч марта учирилса ҳам ҳеч кимга қўнмай, мусофир “йигит”нинг бошига келиб қўнибди. Қиз ўша мамлакатнинг подшоси бўлиб қолибди.
Қиз подшо бўлгандан кейин ҳам ўзининг кимлигини ҳеч кимга билдирмай, доим қалпоқ ва эркакча кийим кийиб юрибди.
У подшо бўлгач, мамлакатда катта ўзгариш қилибди. Ўз қўли остидаги қулларни озод қилибди ва маҳбусларни қамоқдан бўшатибди. У мамлакатнинг ободончилиги учун ишга киришибди ва катта-катта бинолар, боғлар барпо қилибди. Тахт тагига ҳам катта гулбоғ қилдириб, унинг ўртасига ҳовуз қаздирибди.
Кунлардан бир кун қиз бир суратчини ўз ёнига чақириб, подшолик кийимини ечиб, ўз суратини бўй баробар қилиб солдирибди ва суратчига:
— Бу суратни битказиб, подшога топширасан, — дебди, суратчи ҳам қизнинг расмини тайёрлаб, подшога тақдим этибди. Подшо бу суратни энг қимматбаҳо тошлар билан безатиб, ўзи ясатган ҳовузнинг ўртасига ўрнаштирибди ва ҳовуз ўртасига қоровул қўйибди. Подшо:
— Агар кимки ҳовуздан сув ичиб туриб, қизнинг суратига кўп тикилиб қараса, дарров у зиндонга солинсин, — деб буйруқ берибди.
Бир кун ҳовуздан сув ичаётганлардан бири қизнинг суратига кўпроқ тикилиб қолибди. Ўша заҳотиёқ қоровул бу кишини ушлаб, зиндонга солибди. Бундан беш кун ўтгач, яна бир киши суратга тикилиб қолибди, қоровул уни ҳам зиндонга ташлабди. Шу ҳолда бир ойнинг ичида қизнинг суратига тикилиб, зиндонга тушганлар олти киши бўлибди.
Бундан кейин подшо ҳовуз четига қоровул қўймасликни ва ҳеч кимни зиндонга солмасликни буюрибди. Кейин зиндондагиларни бирма-бир чақиртириб, сўрай бошлабди. Биринчи галда фақат бир кишини олиб чиқиб сўрабди:
— Нега сени зиндонга солдилар?
— Жаноб подшо, бир мамлакатда табибчилик қилар эдим. Бу шаҳарга саёҳатга келган эдим. Фақат менинг айбим, сизнинг ҳовузингиздан сув ичганим бўлди, — дебди қалтираб у киши. Подшо:
— Ҳовуз ўртасига ўрнатилган суратдаги қизни танийсанми? — дебди.
— Йўқ-йўқ, умримда бундай одамни кўрган эмасман. Мени қутқаришингизни илтмос қиламан, — дебди йиғлаб табиб.
Шунга ўхшаш бир неча савол-жавоблардан кейин подшо табибни эшикка чиқиб туришга буюрибди. Подшо ўз-ўзига: “Мени бу табиб ўлимдан қутқазган эди”, дебди ва вазирни чақириб, табибга бош-оёқ сарпо қилиб, зиндондан бўшатиб юборишни буюрибди.
Иккинчисида уч кишини чақириб:
— Нега сизлар зиндонга тушдингиз? — дебди подшо.
— Эй, подшо, — дебди энг каттаси, — биз уч оға-ини дарёда балиқ тутамиз. Бу ердаги ҳовузнинг таърифини эшитиб, сув ичгани келган эдик, нима учундир бизни зиндонга солдилар, — дебди зор йиғлаб.
Подшо:
— Ҳовуз ўртасига ўрнатилган суратдаги қизни танийсизларми? — деб сўрабди.
— Йўқ-йўқ, умримизда бундай кишини ва суратни кўрган эмасмиз, — дебди уч оға-ини.
Подшо ўз-ўзига: “Бу уч оға-ини ҳам мени ўлимдан қутқарган эдилар”, деб уларга ҳам бош-оёқ сарпо кийгизиб, чиқариб юборибди. Учинчисида яна бир кишини чақириб:
— Нега сени зиндонга солдилар? — дебди подшо.
— Жаноб подшо, мен қўл остингизда сироҳигарчилик қиламан.
Менинг айбим ҳовуздан сув ичганим бўлди. Бошқа жиноятим йўқ, мени қутқаришингизни илтимос қиламан, — дебди. Подшо:
— Ҳовуз ўртасига ўрнатилган суратдаги қизни танийсанми? — дебди.
— Йўқ-йўқ, умримда бундай одамни кўрмаганман ҳам, — дебди сироҳи тиз чўкиб. Подшо сироҳини ҳам бўшатиб юборишга буйруқ берибди.
Тўртинчисида яна бир кишини чақиртириб, ғазаб билан:
— Нима қилиб юрибсан бу ерда? — дебди подшо.
— Мен бағдодлик сувчи бўламан. Бу ерга ўз ёримни қидириб келдим, — дебди.
— Ҳовуз ўртасига ўрнатилган расмдаги қизни танийсанми?
— Албатта, танийман, у менинг ўн йил меҳнат қилиб эришган хотиним бўлади, уни мен ўлгунимча қидираман, — дебди дадиллик билан сувчи.
— Исми нима эди.
— Исми Қорасочхон эди?
Қорасочхон йигитнинг сўзларини эшитиб, уни таниб:
— Мана мен бўламан, сиз истаган Қорасочхон! — деб бошидаги тожини олибди. Ўз хотинини қидириб охирида топган сувчи севинчи ичига сиғмай: “Менинг Қорасочхоним”, деб унга ташланибди.
Қорасочхон бошидан кечирган саргузаштларини эрига айтиб берибди, сувчи ҳам ўз гуноҳини кечиришни хотинидан сўрабди. Бир неча кундан кейин қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб, Қорасочхон сувчига қўшилибди. Уста Олимни иғвогарлиги учун дорга осибдилар.
Қорасочхон подшолик тахтини ўз эри — сувчига берибди.
Шундай қилиб иккаласи мурод-мақсадига етибди.