Аждар қуш

Ўтган замонда бир катта тоғнинг камарида қўрқинчли ғор бор экан. Овлоқда яшашни ихтиёр қилган кишилар шу ғорни макон қилишар экан. Кунлардан бир куни ота-онаси ўлиб, ёшлигидан етим қолган бечора бир қиз ўша ваҳимали ғорни ўзига макон қилибди. Бу қизнинг бир шол-лунгидан бошқа кийишга кийими, ётишга кўрпа-тўшаги ҳам йўқ экан. Шундай бўлса ҳам қиз ўзининг ҳусн-жамоли, қадди-баркамоли билан тўлин ойни ҳам хира қилар экан. Ғор тепасидаги тешиклардан бургут, лочинлар чангалидан тушиб қолган кичик гўшт парчалари қизнинг кундалик овқати учун кифоя қилар экан. Ўткинчиларнинг шу ғор ёнидан гузари тушиб қолса, ғордаги қизни кўриб, бу ғорни бир паризод макон қилибди, деб кетар эканлар. Кундан кунга эл-юрт орасида бу гап тарқала бошлабди. Кичик болалар ғор яқинига йўлай олмай “паризод бор” деб қўрқиб қочар эканлар. Шу ғор яқинидаги бир дарахтда кексайиб қолган аждар қуш ҳам яшар экан. Бир куни аждар қуш қизни кўриб ошиқ бўлибди. У шу ваҳимали ғордаги қиз ёнига келиб, қизнинг жамолига тикилиб томоша қилар экан. Шундай қилиб, аждар қуш ҳам ғорни ўзига макон қилибди. Ўзи кетганда қизни ғор ичида қолдириб, ғорнинг оғзига катта тош қўйиб, тилла шохи билан тилсимлаб кетар экан. Қайтиб келиб тилсимли тилла шохи билан ғор оғзидан тошни олиб, яна қизнинг жамолига тикилиб ётар экан. Ҳар куни оқшом бўлганда ғордан чиқиб, думини биланглатиб қишлоқлар устида учиб юрар, ўшқириб одамларни дамига тортар экан. Учганда қуйруқли юлдузнинг қуйруғидай кўринганидан одамлар жуда қўрқар эканлар. Ойдан ой ўтибди, йилдан йил ўтибди. Бу гап подшонинг қулоғига етибди.
Подшонинг қизи “Кимки шу аждар қушни ўлдирса, шу одамга тегаман”, деб жар солдирибди. Ҳеч ким юрак ботиниб, аждар қушни ўлдириш учун бел боғлаб чиқмабди. Аждар қуш оқшомда шаҳар устигача келадиган бўлибди.
Шу шаҳар яқинида бир ботир йигит бор экан. У ўз ғайратига чидай олмай, ҳар куни оғзи кўпириб маст бўлгандан, тоғларга чиқиб тошни тошга уриштириб, арслон овлаб юрар экан.
Бир куни подшо “Тоғлар орасида тошни тошга уриштириб юрган йўлбарс билакли, арслон юракли полвон йигит бор эмиш”, деб эшитибди-да, ўз одамларини юбориб, йигитни чақиртириб келибди. Подшонинг қизи йигитни ёнига чақириб, аждар қушни ўлдиришга буюрибди-да, “Аждарни ўлдирсанг, сенга тегаман”, дебди.
Йигит рози бўлиб аждар қуш яшаган ғор томонга йўл олибди. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб аждар қуш яшаган тоғга етибди. Тоғнинг паст томонга энгашиб турган чўққиларига қараб, аждар қушнинг уяси қайси эканини билмай ўтирган экан, кун ботиб, олам қоронғилашганда аждар қуш уясидан думини биланглатиб, тошларни думалатиб, чангалларни илдизи билан ағдариб чиқиб кела берибди. Полвон шундай қараса, аждар қуш келаётибди, икки ёнида роса тўрт қулочдан саккиз қулоч қаноти бор. Баданидаги нуқталаридан ялт-ялт этиб олов шуъласи чиқиб турибди. Ҳайбатидан улуғ дарахтлар йиқилиб кетаётган эмиш. Полвон ҳам уни кўриб довдираб, оёқлари унда-бунда бўлиб, кейин ўзини тиклаб олибди. Полвоннинг каркидон шохидан қилинган ўқ-ёйи бор экан. Ерга оёғини тираб, Аллоҳдан мадад тилаб, аждар қушнинг қоқ манглайидан кўзлаб отибди. Ўқ бориб аждар қушнинг манглайига тўрт қарич ботибди, аждар қуш учмоқчи бўлган экан, учолмабди, бирдан ерга ағдарилиб тушиб ўлибди. Полвон аждар қушнинг тилла шохини чўнтагига солиб қўйибди. Сўнгра бироз дамини олиб, кўнгли тиниб тоғ чўққисига чиқиб ўтирибди. Полвон яна илгаригидек тоғдаги тошларни бир-бирига тўқнаштириш билан машғул бўлиб, подшо қизи билан қилган шартини ҳам эсидан чиқариб юборибди.
Кунлардан бир кун йигит юриб-юриб яна аждар қуш яшаган ғорга бориб қолибди. Ғор оғзида аждар қушнинг излари ҳали ҳам турган эмиш. Полвон йигит “Аждар қушнинг ғори шу экан”, деб ғор ичига кирибди. У ғорнинг тўрида катта бир тош турганини кўрибди. Тошни оёғи билан итариб кўрибди, тош қимирламабди. Йигит ҳайрон бўлиб тошнинг у ёқ-бу ёғига қарабди. Қараса, тошнинг четида “Мен тилсимли тошдирман, юз минг полвон кўтарса ҳам очилмайман. Менинг калитим аждар қушнинг шохи”, деб ёзилган хати бор эмиш, полвон унинг тилсимли тош эканини билиб, дарров чўнтагидан аждар қушнинг шохини олиб тошга теккизибди. Тош бирдан шарақлаб ағдарилиб кетибди. Полвон йигит ичкарига кириб қараса, бир чиройли қиз ўтирган эмиш. Қиз ҳам рўпарасида турган йигитни кўрибди. Йигит қизнинг қадди-қоматига, чиройига боқиб, унинг ҳуснини кўриб, унга меҳр қўйибди. Шундай қилиб, полвон билан қиз бир-бирларига муҳаббат қўйиб, бирга яшай бошлашибди.
Полвон ҳар куни тоғларга чиқиб ов овлаб, кийик ва турли жониворларни тутиб келар экан. Йигит қиз билан ғорда ватан-рўзғор қилиб яшай берибдилар.
Аждар қуш ўлгандан кейин халқнинг кўнгли тинибди. Подшонинг қизи эса аждар қушни ўлдирган полвон йигит келмагандан кейин, бирор жойда ўлиб қолган бўлса керак, деб вазирнинг ўғлига тегибди.
Кунлардан бир куни подшо “Полвон йигитнинг зарбидан аждар қуш ўлган эмиш, ғорда яшовчи қизни олган эмиш, шунинг учун келмай қолган эмиш” деб эшитибди. Подшо ғордаги паризодга ғойибона ошиқ бўлибди. У бир қанча аскарларини олиб шу ғор томонга йўл олибди. Йўл юрса ҳам мўл юриб, уч кун деганда ғорга етибди. Тоғнинг чўққиларига қаратиб тўпларни ота берибди. Ғорнинг атрофини аскар тутибди. Йигит тоғ чўққисидан туриб бир катта тошни думалатиб юборибди. Думалаган тош бошқа тошларга урилиб ўзи билан бир қанча тошларни думалатиб тушибди. Душманнинг кўп аскарлари тоғ тагида янчилибди, қолганлари қочиб кетибди. Полвон йигит ғорга қайтиб келиб, хотини билан даврни сураверибди. Одамлар бу воқеани эшитиб, полвонга ихлос қўйишибди. Унинг хизматига кела бошлашибди.
Подшодан халқнинг ихлоси кундан-кунга сусая берибди. Полвон яшаган ғорга ҳар куни юзлаб, минглаб меҳмонлар келар экан. Лекин уларни меҳмон қилиш учун полвон ҳеч нарсаси бўлмаганидан хафа бўлар экан. Кунлардан бир куни полвон йигит уйқусидан уйғониб кўзини очиб қараса, қоронғи ғорнинг тўрида нинанинг кўзидай ёруғлик шуъласини кўрибди. Бориб тешикни каттароқ ўйиб қараса, у томонда катта боғ, ўртада чиройли қасрлар, саройлар олдида турли-туман дарахтлар мевалари пишган, пишиб тагига тушган эмиш.
Шиша ҳовузлар атрофи гулзор, мармар супалар, жоду кўзли, ширин сўзли қизлар овқатлар тайёрлаб юрган эмиш. Полвон йигит тешик ёнидаги катта тошни ағдариб ташлаб қиз билан ўша боғга ўтишибди. Қизлар уларни ҳурмат билан кутиб олишибди. Шу боғни қиз билан йигит ўзларига макон қилиб, тинч яшай бошлашибди. Шу боғ-саройларда ҳар куни юзлаб ва минглаб меҳмонларни кутадиган бўлишибди. Бу боғи чорбоғ қизнинг азоб чеккан кунларида кўзидан оққан ёшидан пайдо бўлган экан.